Шартнома шартларига кўра корхонамиз норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган даромадидан солиқни ушлаб қолмайди. Ўз маблағларимиз ҳисобидан солиқ тўлаймиз ва корхона харажатларига киритамиз. Норезидент даромадлар тўланганидан кейин ўз мамлакатининг резидентлик сертификатини тақдим этган.
Корхонамиз даромадларни тўлашда норезидентнинг даромадларидан солиқни ушлаб қолмаслиги тўғри бўладими?
– Норезидентнинг Ўзбекистон Республикасидаги манбалардан олинган ва доимий муассаса билан боғлиқ бўлмаган даромадларидан олинадиган солиқ норезидентга даромад тўловчи солиқ агенти томонидан ҳисоблаб чиқарилади ва ушлаб қолинади. Солиқнинг ушлаб қолиниши солиқ тўловчининг даромадларидан бундай даромадларнинг ҳар бир тўлови пайтида амалга оширилади (СК 351-м. 1-қ.).
Солиқ суммаси норезидентга даромадни тўлаш санасидаги ЎзР МБ томонидан белгиланган курс бўйича миллий валютада, ҳисоблаб чиқарилади ва тўланади (СК 354-м. 3-қ.).
Ўзбекистон Республикаси халқаро шартнома тузган мамлакатнинг солиқ резиденти даромад олувчи ҳисобланса, солиқ агенти солиқ солишдан озод этиш ёки пасайтирилган ставкани мустақил равишда қўллашга ҳақли бўлади. Бунинг учун норезидент жорий йилда даромад тўланган санадан кечиктирмай резидентлик сертификатини тақдим этиши лозим.
Резидентлик сертификати мавжуд бўлмаганда даромад тўланадиган санада солиқ агентида халқаро шартномаларни қўллаш учун асос йўқ бўлади. У норезидентдан солиқ суммасини ушлаб қолиши шарт. Корхона норезидентдан солиқни ушлаб қолмасдан ўз маблағлари ҳисобидан тўлайдиган бўлса, бундай харажат солиқ базасини аниқлашда чегириб ташланмайдиган харажатлар жумласига киритилади (СК 317-м. 11-б.).