Президентнинг «Коронавирус пандемияси даврида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони билан жорий этилган тартибга мувофиқ 2020 йилда ходимга тўланадиган, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайдиган моддий ёрдам суммаси меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача оширилади (27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармоннинг 2-банди).
1-ВАЗИЯТ.
Моддий ёрдам олинганда имтиёзни ҳисобга олган ҳолда ЖШДС ҳисоб-китоби
Ходимнинг меҳнатига январь ойи учун 1 400 000 сўм, февраль-май ойларида эса 1 500 000 сўмдан ҳақ тўланган. Январь ойида унга фарзандли бўлганлиги муносабати билан 2 800 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган.
√ Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-бандига кўра бир йил давомида МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача миқдорда бериладиган қуйидаги моддий ёрдам суммаларига: вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар; ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар; бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар; қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловларга ЖШДС солинмайди.
Январь ойида қўлланилган имтиёз миқдорини ҳисоблаймиз:
(634 880 х 4,22) = 2 679 193,6 сўм.
Коронавирус пандемияси туфайли 2020 йилда ушбу сумма МҲЭКМнинг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача ошириладиган алоҳида тартиб белгиланган (27.04.2020 йилдаги ПФ-5986-сон Фармоннинг 2-банди).
Шу боис май ойида оширилган имтиёз миқдоридан келиб чиққан ҳолда қайта ҳисоб-китоб қиламиз:
679 330 х 7,5 = 5 094 975 сўм.
Сизнинг ҳолатда жами моддий ёрдам суммаси – 2 800 000 сўмга ЖШДС солинмайди.
Тегишинча, солиқ солинадиган даромад 7 400 000 сўмга (1 400 000 + 1 500 000 х 4)) тенг бўлади.
Январь-май ойлари учун солиқ 888 000 сўмни (7 400 000 х 12%) ташкил этади.
Январь-апрель ойларида 722 496,77 сўм ЖШДС ушлаб қолинган. Май ойида солиқ суммаси 165 503,23 сўмни (888 000 – 722 496,77) ташкил этади.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 7 400 сўмни (7 400 000 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-апрель ойларида ШЖБПҲга ажратмалар 6 020,81 сўмни, май ойида 1 379,19 сўмни (7 400 – 6 020,81) ташкил этади.
Май ойи учун бюджетга 164 124,04 сўм (165 503,23 – 1 379,19) ЖШДС ўтказилади.
Ходим 1 334 496,77 сўм (1 500 000 – 165 503,23) иш ҳақи олади.
2-ВАЗИЯТ.
Бир нечта имтиёзни ҳисобга олган ҳолда (ҳар ойда даромаддан МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг суммани чегириш, моддий ёрдам ва қимматбаҳо совға олинганда) ЖШДС ҳисоб-китоби
Солиқ кодексининг 380-моддасига кўра имтиёзга ҳақли бўлган ходимга январь ойида 1 500 000 сўм, февраль-май ойларида эса 1 600 000 сўм иш ҳақи тўланган. Январь ойида унга никоҳдан ўтиши муносабати билан 3 000 000 сўм моддий ёрдам кўрсатилган ва 2 000 000 сўмлик қийматга эга совға топширилган.
Қуйидагиларга мувофиқ:
√ Солиқ кодексининг 380-моддаси 1-қисмига мувофиқ имтиёз олиш ҳуқуқига эга бўлган ходимнинг солиқ солинадиган даромадидан ҳар ойда МҲЭКМнинг 1,41 бараварига тенг сумма ((634 880 х 1,41) + (679 330 х 1,41 х 4)) = 4 726 602 сўм) чиқариб ташланади;
√ Солиқ кодексининг 378-моддаси 1-бандига мувофиқ МҲЭКМнинг 4,22 бараваригача миқдорда бериладиган моддий ёрдам суммасига ЖШДС солинмайди. 2020 йилда сумма МҲЭКМнинг 4,22 бараваридан 7,5 бараваригача (679 330 х 7,5 = 5 094 975 сўм) оширилди (ПФ-5986-сон Фармоннинг 2-банди). Шу боис сизнинг ҳолатда жами моддий ёрдам суммаси – 3 000 000 сўмга имтиёз татбиқ этилади;
Солиқ кодексининг 378-моддаси 10-бандига кўра юридик шахслардан бир йил мобайнида МҲЭКМнинг 2,11 баравари (634 880 х 2,11 = 1 339 596,8 сўм) миқдоригача олинган совғаларнинг қийматига ЖШДС солинмайди.
Солиқ солинадиган даромадни аниқлаймиз:
7 900 000 – 4 726 602 + 2 000 000 – 1 339 596,8 = 3 833 801,2 сўм.
Январь-май ойлари учун солиқни ҳисоб-китоб қиламиз:
3 833 801,20 х 12% = 460 056,14 сўм.
Январь-апрель ойларида 421 495,55 сўм солиқ ушлаб қолинган. Май ойида ЖШДС суммаси 38 560,59 сўмни (460 056,14 – 421 495,55) ташкил этади.
ШЖБПҲга мажбурий бадаллар суммаси 3 833,8 сўмни (3 833 801,2 х 0,1%) ташкил этади.
Январь-апрель ойларида ШЖБПҲга ўтказиладиган ажратмалар 3 512,46 сўмни, май ойида 321,34 сўмни (3 833,8 – 3 512,46) ташкил этади.
Бюджетга 38 239,25 сўм (38 560,59 – 321,34) солиқ ўтказилади.
Ходим қўлига 1 561 439,41 сўм (1 600 000 – 38 560,59) олади.
Муҳиддин ЗАЙНУДДИНОВ,
экспертимиз.