Norma.uz
Газета СБХ / 2020 год / № 13 / Божхона

Инкотермс-2020 қоидалари: сўнгги ўзгаришлар

 

2020 йил 1 январдан Инкотермс-2020 халқаро савдо қоидаларининг янги таҳрири амал қила бошлади. Улар бозорнинг янги тамойилларига янада мослашган бўлиб, шу туфайли ҳам бизнес учун анча қулай ҳисобланади.

Кўплаб шартномалар уларни ўз ичига олмаса-да, лекин савдо учун Инкотермснинг аҳамияти катталиги шубҳасиздир. Ноаниқликлар ва низоларни четлаб ўтиш учун ТИФ иштирокчилари Инкотермс-2020 нинг янги қоидаларини билишлари ҳамда ўз шартномаларига зарур ўзгартиришларни киритишлари лозим.

Охирги ҳужжатга киритилган янгиликлар, хусусан, Инкотермс-2020 қоидаларини қандай қўллаш зарурлиги хусусида мухбиримизга Ўзбекистон Божхона брокерлари уюшмаси Экспертлар кенгашининг раиси Холида УСМОНОВА гапириб берди.

 

Инкотермс – товарларнинг халқаро, 2020 йилдан эса ҳатто миллий олди-сотди шартномасининг шартларидан бири бўлиб, у томонларнинг ўзаро мажбуриятлари тизимини акс эттиради.

Ташқи савдо шартномаларини тузиш анъанавий шартлари талқинининг илк тадқиқоти 1920 йилда Халқаро савдо палатаси (International Chamber of Commerce, ICC) томондан ўтказилган эди. Тижоратчиларни ташқи савдода кўпроқ қўлланиладиган савдо атамаларини талқин қилишнинг халқаро қоидалари билан таъминлаш зарурати муносабати билан 1936 йилда ICC Инкотермс қоидаларининг биринчи нашрини эълон қилади. Бундан кўзланган мақсад халқаро савдони янада самарали юритиш, шунингдек алоҳида мамлакатларнинг савдо амалиётидаги фарқликлар туфайли юзага келадиган хатоликларни бартараф этиш бўлган. Ҳужжатнинг биринчи версияси ўша даврда долзарб бўлган денгиз транспорти тури учун  товарларни етказиб беришнинг фақат 2 та  шарти – CIF, FOBни ўз ичига олган.

Кейинчалик савдо параметрларининг ўзгариши ва товарларни етказиб беришнинг турли усуллари кўпайиши билан халқаро қоидалар ҳам ўзгариб борди. Ўзгартириш ва тузатишлар 1953, 1967 ва 1976 йилларда киритилган. 1980 йилдан бошлаб эса Инкотермс ҳар 10 йилликда мунтазам тарзда қайта кўриб чиқиладиган бўлди ҳамда 1990, 2000 ва 2010 йилларда янгиланди.

ICC (Инкотермс қоидаларини ишлаб чиқувчи) Инкотермсни дунё иқтисодиётида ва савдони амалга ошириш усулларида содир бўлаётган ўзгаришларга мослаштириб боради. Масалан, БМТ томонидан Халқаро шартномаларда электрон хабарлардан фойдаланиш тўғрисидаги конвенция (БМТ Бош ассамблеясининг 23.11.2005 йилдаги Резолюцияси) қабул қилингандан сўнг унинг қоидалари Инкотермс-2010да ўз аксини топди.

 

– Холида Муҳсимовна, янги версиядаги Инкотермснинг савдо қоидаларида нималар ўзгарди?

– Инкотермснинг сўнгги версиясида халқаро савдонинг 11 та қоидаси белгиланган бўлиб, уларда олди-сотди шартномаси томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, шунингдек, хатарларнинг сотувчидан харидорга ўтиш палласи акс эттирилгандир.

Тузилмавий жиҳатдан янги версия олдингисидек кўринишда, яъни 11 та уч ҳарфдан иборат қисқартмаларга эга: EXW (Франкозавод)дан бошлаб, DDP (Божларини тўлаган ҳолда етказиб бериш)гача бўлиб, улар транспорт туридан келиб чиқиб аввалгидек 2 та тоифага ажратилади.

Инкотермс-2020 да товарни етказиб бериш базавий шартларининг 4 гуруҳ қоидаларини (E, F, C ва D) ажратиб кўрсатса бўлади. Мазкур таснифлашнинг асосида 2 та тамойил бор: етказиб берилаётган товарни ташишга нисбатан томонларнинг мажбуриятларини белгилаш ҳамда сотувчининг мажбуриятларини минималдан максимал даражагача етказиш. «Е» гуруҳи – EXWни етказиб бериш шарти бўлиб, унга кўра сотувчи фақатгина ўз биноларида товарни харидорнинг тасарруфига тақдим этади. Ундан кейин «F» гуруҳи келади – бу FCA, FAS ва FOB етказиб бериш шартлари бўлиб, уларга кўра сотувчи товарни харидор кўрсатган ташувчига тақдим этиши шарт бўлади. Шундан сўнг «С» гуруҳи – CFR, CIF, CPT ва CIP етказиб беришлари бўлиб, улардаги шартларга кўра сотувчи етказиб бериш шартномасини тузади, лекин айни пайтда товарлар юкланган ва жўнатилгандан кейин юз берган ҳодисалар оқибатида товар йўқотилиши ёки зарарланиши ёхуд қўшимча харажатлар учун жавобгарликни ўз зиммасига олмайди. Ва ниҳоят, «D» гуруҳи – бу DAP, DPU ва DDP етказиб бериш шартлари бўлиб, уларга кўра сотувчи товарни белгиланган нуқтасига етказиб бериш учун зарур бўлган барча харажатлар ва хатарларни ўз зиммасига олади.

2010 йилдан 2020 йилгача бўлган даврда жаҳон савдосида кескин ўзгаришлар юз бермаганлигини ҳисобга олиб, ICC Инкотермс-2020 нинг базавий асосида Инкотермс-2010 қоидаларини сақлаб қолди, фақатгина унга айрим «пардозбоп» (муаллифларнинг атамаси) қоидаларни киритди холос.

Шу тариқа, Инкотермс-2020 нинг янги қоидалари экспертлар қўмиталари – Таҳририят гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган Инкотермс-2010 қоидаларининг янгиланган версияси сифатида намоён бўлди. Таҳририят гуруҳига АҚШ, Буюк Британия, Франция, Туркия, Германиядан бўлган ҳуқуқшунослар, шунингдек, биринчи бор Хитой ва Австралиянинг вакиллари кирган. Таҳририят гуруҳининг Инкотермснинг амалдаги қоидаларини қайта кўриб чиқишда кўзлаган мақсади уларни иложи борича соддалаштириш, савдо атамаларидан фойдаланаётганда чалкашлик ва тушунмовчиликларни юзага келтириши мумкин бўлган етказиб беришларнинг ортиқча базисларини бекор қилиш ҳамда бутун дунё бўйича экспортчи ва импортчилар учун етказиб беришларнинг барча шартларини янада лўнда тушунтиришдан иборат бўлди.

 

– Етказиб бериш шартларида ТИФ иштирокчиларининг эътиборини қайси янгиликларга қаратиш лозим бўлди?

– Инкотермс-2020 унчалик кескин ўзгаришларга юз тутгани йўқ. Бирорта атама олиб ҳам ташланмади, бирорта атама янгидан қўшилмади ҳам, фақат етказиб бериш шартларидан бири қайта номланди. DAT шарти (Терминалда етказиб бериш) DPU шартига (Юклаб тушириш жойигача етказиб бериш) алмаштирилди.

Бундай ўзгаришларга сабаб 2 та. Биринчидан, DAT ва DAP (Белгиланган жойга етказиб бериш) атамалари ўртасидаги фарқланишларга нисбатан чалкашликлар юз берди. Мазкур шартлар ўртасидаги муҳим фарқ шундаки, DAT қоидасига кўра товарлар транспорт воситасидан юклаб туширилган ва кўрсатилган терминалда харидорга тақдим этилгандан кейин етказиб берилган ҳисобланади. DAP шартлари доирасида эса етказиб бериш товарлар юклаб туширилишига қадар – улар харидорга етиб келган транспорт воситаси юклаб туширишга тайёр бўлганда амалга оширилади. Иккинчидан, мақсад – товарни етказиб бериш жойини ва харидор товарни етказиб беришнинг фақатгина муайян терминалини эмас, балки исталган жойини келишиб олиши мумкин. DPU – сотувчига товарни юклаб туширишни буюрувчи ягона атамадир.

Шу билан бирга, CIP (Ташиш ва суғурта тўловлари олдиндан тўланган) етказиб бериш шартлари учун суғурта қопламасининг даражаси ўзгартирилди. Инкотермс-2020 даги СIF (Қиймат, суғурта ва фрахт) ва CIP етказиб бериш шартларининг 2 та қоидаси товарларнинг экспорти учун харидорнинг фойдасини кўзлайдиган суғуртани сотиб олишга сотувчини мажбурлайдиган шартлардир.

Янги таҳрирдаги версияда CIF етказиб бериш шартлари учун Инкотермс-2010 қоидаларида олдин ҳам бўлгани каби минимал суғурта қопламаси талаб қилинади. Томонларнинг хоҳишларига биноан шартномалада қопламаларнинг янада юқори даражалари келишиб олиниши ҳам мумкин.

CIP етказиб бериш шартлари учун эса эндиликда сотувчи товарни максимал суғурта қопламаси ва товар қийматининг камида 100%идаги суғурта суммаси билан суғурталаши шарт. Чунончи, шартномада, томонлар агар исташса, суғурта қопламасининг энг кам даражасига келишиб олишлари ҳам мумкин.

Мазкур тузатиш CIF етказиб бериш усули одатда кўплаб юкларни (хом ашё, минераллар ва ҳ. к.) денгизда ташиш учун қўлланилиши билан ўзини оқлайди.

Уларнинг бир килоси учун белгиланган қиймат жуда паст ҳисобланади, шунинг учун максимал даражадги қоплама билан суғурталаш талаби товарнинг якуний нархини ошириб юборган бўлур эди. CIP етказиб беришнинг шарти эса – мультимодал атама бўлиб, у аксарият ҳолларда юқори даражадаги суғурта қопламасини талаб қиладиган саноат товарларини етказиб бериш учун қўлланилади.

Етказиб беришнинг бошқа шартларига аниқлаштирувчи ўзгартиришлар киритилди холос.

 

– Инкотермс-2020 олдинги версиясидан яна нимаси билан фарқланади?

– Янги версияда товарларни ўз транспортида ташишни ташкил этиш имконияти ҳисобга олинган. Инкотермс-2010 қоидаларида товарларни сотувчидан харидорга ташишда улар сотувчи ёки харидор ёллаган ташқи ташувчи томонидан ташилиши тахмин қилинган ҳолда ишлаб чиқилган эди. Бу ўринда сотувчи ёки харидор товарни етказиб беришда ўз транспортидан фойдаланиши мумкин бўлган ҳолатлар ҳисобга олинмаган эди. Янги қоидаларда қуйидаги вазиятлар эътиборга олинган: эндиликда товарни етказиб бериш ёки етказиб бериш шартномасини тузиш учун ўз транспортидан фойдаланиш мумкиндир.

Шу билан бирга етказиб беришнинг ҳар бир шартлари учун хатарларни сотувчидан харидорга ўтказиш вақтлари аниқлаштирилган.

Олди-сотдининг турли жиҳатларига тааллуқли бўлган барча харажатлар, шу жумладан транспорт билан боғлиқ бўлган хавфсизликка харажатлар эндиликда ҳар бир етказиб бериш шартлари учун А9/B9-«Харажатларни тақсимлаш» моддаларида санаб ўтилган, шунингдек уларнинг тўланиши учун масъул бўлган томон белгиланган. Мазкур тузатишдан мақсад – сотувчи ва харидор уларнинг ҳар бири Инкотермс-2020 га мувофиқ жавобгар бўладиган харажатлар тўғрисида хабардор бўлиши учун фойдаланувчиларга харажатларнинг барча рўйхатини бир жойда тақдим этишдан иборатдир.

Транспортнинг хавфсизлиги янги норма бўлди (масалан, контейнерларни мажбурий текшириш). Эндиликда Инкотермс ҳар бир қоидасининг А4/В4-«Ташиш» моддаси қўллаш мумкин бўлган жойларда сотувчидан транспорт билан боғлиқ бўлган ҳар қандай хавфсизлик талабларига риоя этишни, ташишларни ташкиллаштириш учун харидорга зарур бўлган транспорт билан боғлиқ хавфсизлик талабларига тааллуқли ҳар қандай ахборотни етказиб бериш шохобчасигача ва (ёки) харидорга етказиб беришни талаб этади.

Транспорт билан боғлиқ хавфсизликни таъминлашга харажатлар ҳам Инкотермс ҳар бир қоидасининг А9/В9-моддаларига мувофиқ харажатлар бўйича мажбуриятларнинг алоҳида рўйхатида янада салмоқли бўлиб қолди. Инкотермс-2020 даги «хавфсизлик»ка ҳаволалар  умумий хусусиятга эга, бунда киберхавфсизлик ёки бошқа хавфсизлик шаклларига аниқ ҳаволалар мавжуд эмас.

 

– Инкотермс-2020 да божхона расмийлаштирувига тааллуқли бўлган янгиликлар ҳам борми?

– Инкотермс-2020 қоидаларида божхона расмийлаштируви ва чегарадаги божхона расмиятчиликларини бажарганлик учун қайси томон – сотувчими ёки харидор  жавобгар бўлиши, уларнинг қайси бирлари харажат ва хатарларни ўз зиммасига олиши аниқ-тиниқ тушунтирилган. Товарларнинг «йўлда» режими илк бор киритилган. Бу масалага келадиган бўлсак, жавобгарлик товарнинг етказиб бериш жойигача бўлган ташилиши учун жавобгарлик юклатиладиган қоидадан фойдаланилади. Шунинг учун ташиш хатари товар келиб чиққан мамлакатда (сотувчининг мамлакатида) бериладиган бўлса, транзитнинг божхона расмийлаштирувини харидор қабул қилади. Ва, аксинча, агар хатар товар етказиладиган жойда (харидорнинг мамлакатида) содир бўлса, жавобгарлик  сотувчи зиммасига юкланади.

Инкотермс ҳар бир қоидасининг А7/В7-«Экспорт/импорт божхона расмийлаштируви» моддаси, уни қўллаш мумкин бўлган жойларда эндиликда сотувчи экспортни расмийлаштираётганда хавфсизлик билан боғлиқ бўлган ҳар қандай расмиятчиликларни бажариши лозимлигини тўғридан-тўғри талаб қилади. Ва бу борада харидорга импорт ёки транзит билан боғлиқ бўлган божхона расмиятчиликларига риоя қилиш учун зарур бўлган ҳар қандай ҳужжатлар ёки ахборотни олишга ёрдам беради.

 

– Ташқи савдо операциялари иштирокчилари Инкотермс-2020 ҳақида яна нималарни билишлари лозим?

 – Ҳар бир қоидада эндиликда «Фойдаланувчилар учун тушунтирувчи шарҳлар» жойлаштирилган. Уларда муайян Инкотермс етказиб бериш шартлари расмлар билан биргаликда янада кенг маънога эга бўлган тушунтирувчи шарҳлар келтирилган. Хусусан, муайян қоида қачон қўлланилиши кераклиги, хатар қачон бошқага ўтиши, харажатлар қандай тақсимланиши кўрсатилган. Тушунтириш ёзувлари фойдаланувчиларга энг мақбул шартларни танлаш ва низолар юзага келган тақдирда уларни талқин қилиш бўйича ҳаракатларни бажаришда кўмак беради.

Шуни билиш муҳимки, Инкотермс қоидалари олди-сотди шартномасининг ўрнини босмайди, фақатгина уни қисқартириш имконини беради. Етказиб бериш шартлари эгалик ҳуқуқи товарга ўтишини белгиламайди, товар учун нархни ёки тўлов усулини ёхуд шартнома бузилиши оқибатларини кўрсатмайди. Инкотермс бор-йўғи сотувчи ва харидор ўртасидаги мажбуриятлар ва молиявий харажатлар (товарни ташиш, уни транспортга юклаб ортиш ва юклаб тушириш, божхона расмийлаштируви, солиқлар, божхона божлари ва йиғимларни тўлаш, суғурталаш, шунингдек товар йўқотилиши ва зарарланиши хатарларининг ўтиши сингари) тақсимланишини акс эттиради.

Бугунги кунда Инкотермс-2020 – халқаро савдо қоидалари жамланмасининг муҳим версияси ҳисобланади. Лекин бу ТИФ иштирокчилари етказиб беришнинг янада илгариги базислари – Инкотермс-2010 ва Инкотермс-2000 лардан фойдалана олмайдилар, дегани эмас, албатта.

ICCнинг тавсияларига биноан олдинги таҳрирдаги Инкотермснинг етказиб бериш шартларидан фойдаланиш учун ташқи савдо шартномасини тузаётганда етказиб бериш шартидан ташқари, халқаро қоидаларнинг версиясини ҳам кўрсатиш зарурдир.

Инкотермс қоидаларини яна қайта кўриб чиқиш 2029 йилга мўлжалланган. Ҳозир эса рақамли савдо билан боғлиқ бўлган воқеликларни акс эттирувчи технологик тузатишлар ҳамда Инкотермс-2020 да мавжуд бўлмаган интеллектуал мулкка шартномалардан янада кенг фойдаланишни кутиб қолиш мумкин.

 

«Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 

Прочитано: 5489 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика