Компания нотурар жой мулкдори ҳисобланади, олди-сотди шартномаси ва кадастр мавжуд. Бино спорт комплекси учун харид қилинган, ходимларнинг жамоа бўлиб боришлари учун мўлжалланган. ДСИ компанияга нисбатан икки баравар ставкада солиқ солинганлиги ҳақида хабарнома юборган. У бу ҳолат амалга оширилмаган инвестиция лойиҳаси ҳисобланишини асос қилиб келтирмоқда.
Компаниянинг фойдаланилмаган нотурар жой биноси ҳокимиятга ўтказилиши мумкинми?
Бу қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжат билан тартибга солинади?
– Йўқ, бундай бинонинг ҳокимият тасарруфига ўтказилиши назарда тутилмаган.
Фойдаланилмаётган объектлар мулкдорларига қуйидаги таъсир чоралари қўлланилади (ВМнинг 13.08.2019 йилдаги 666-сон қарори):
1) фойдаланилмаганлигига қарамай мол-мулк ва ер солиқлари тўланади:
♦ 3 ойга қадар – 2 баравар миқдорида;
♦ 3 ой ўтгандан сўнг – 5 баравар миқдорда;
♦ 6 ой ўтгандан сўнг – 10 баравар миқдорда;
* 12-ойдан бошлаб келгуси ҳар 12 ойда охирги ошириб қўлланилган миқдорнинг 2 баравари миқдорида;
2) объектнинг фойдаланилмаётган майдони 500 кв.м дан ортиқ бўлганда, ҳисобланган солиқ суммасига 1,5 баравар миқдордаги кўпайтирувчи коэффициент қўлланилади;
3) мол-мулк ва ер солиқлари бўйича қўлланиладиган солиқ имтиёзлари ва преференцияларининг амал қилишини тўхтатиш.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.