Norma.uz

Қонун қабул қилинди, лекин амалга киритилмади

 

«Кўп квартирали уйларни бошқариш тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди, лекин ҳали амалга киритилгани йўқ. Ҳужжат 2020 йилнинг 1 августидан кучга киради, унгача эса у Тошкент шаҳрининг Яккасарой туманида, Жиззах ва Марғилон шаҳарларида ушбу Қонун нормаларини апробация қилиш юзасидан ҳуқуқий экспериментдан ўтказилади. Бу қонун ҳужжатининг юқори даражада ижтимоий аҳамиятга эга эканлигидан далолат беради. Шунинг учун ҳужжатнинг апробацияси унинг қоидаларини амалиётдан ўтказиш, эҳтимолий «тескари таъсир»ларни юзага чиқариш, Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларида ишга туширишдан олдин уни янада такомиллаштириш бўйича таклифларни Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритишга қаратилган. Бу кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасини тартибга солувчи учинчи Қонун бўлди. «Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун 1999 йилда, «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонун эса 2006 йилда қабул қилинган эди. Ҳозирги қонун ҳужжати кўп квартирали уйларни бошқариш соҳасида юзага келган ҳамда ҳуқуқий тартибга солинишни талаб этаётган янги воқеликларни акс эттиради.

 

Умуман олганда янги Қонун – ўта жиддий ҳужжат бўлиб, уни ишлаб чиқишга парламент аъзолари, давлат органлари мутахассислари, жамоат ташкилотлари, миллий ва халқаро экспертлар жалб этилган. Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига қўйилди. Дастлаб «Уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририни тайёрлаш назарда тутилган эди. Уй-жойга оид қонун ҳужжатлари устида ишлаш давомида кўп квартирали уйларни профессионал бошқаришга қаратилган бугунги ислоҳотлар босқичида нафақат ширкатлар фаолиятини, балки кўп квартирали уйларни бошқаришнинг барча жиҳатларини тартибга солувчи ва бу билан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда олдин учраган бу борадаги камчиликларни бартараф этувчи янада универсал ҳужжатга зарурат борлиги маълум бўлиб қолди.

Қонунда қандай янгиликлар бор? Ҳужжатдаги айрим янгиликлар хусусида тўхталамиз.

 

Кўп квартирали уйларни бошқариш усуллари. Янгилик нималардан иборат?

Кўп квартирали уйларни бошқариш усулини танлашга ёндашув Қонунда эскилигича қолган. Ҳужжатда ҳар бир бошқарув усулининг имкониятлари деталлаштирилган ва бу имкониятларни кенгайтирувчи янги ҳуқуқий нормалар акс этган. Кўп квартирали уйларни бошқариш уч усулда амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган: бевосита жой мулкдорлари томонидан; юридик шахс – бошқарувчи ташкилот ёки жисмоний шахс (якка тартибдаги тадбиркор) – бошқарувчи томонидан шартнома асосида; уй-жой мулкдорларининг ширкатлари (кейинги ўринларда – бошқарув органлари) томонидан.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули жойлар мулкдорларининг умумий йиғилиши томонидан белгиланади (Қонуннинг 8-моддаси).

 

Бевосита бошқарув

Олдин кўп квартирали уйни жой мулкдорлари томонидан бевосита бошқариш усули қонун ҳужжатлари билан белгиланган эмас эди. Қарорлар қабул қилиш учун барча мулкдорлар розилигини олишнинг талаб этилиши бу борада энг катта тўсиқ бўлган. Бундай кворумни қўлга киритиш ҳам анча мураккаб бўлган. Қонунга бевосита бошқаришда муносабатларни тартибга соладиган ҳуқуқий нормаларни белгиловчи боб киритилди. Мазкур бобда қарорларни қабул қилиш, шартномаларни тузиш тартиби белгиланган, кўп квартирали уй кенгаши кўринишидаги янги жамоатчилик органи киритилган, унинг ваколатлари, кўп квартирали уй кенгашининг раисини сайлаш тартиби ва ваколатлари белгиланган (Қонуннинг 6-боби).

 

Бошқариш тизгини: бошқарувчи компаниями ёки бошқарувчи?

Қонунда профессионал бошқарувчи компания ёки бошқарувчиларнинг бажарилган ишлар ва хизматлар сифати учун роли, мақоми, жавобгарлигини оширувчи нормалар, шунингдек уларнинг профессионал даражасига талаблар белгиланган.

Бошқарувчи (жисмоний шахс) якка тартибдаги тадбиркор сифатида рўйхатдан ўтиши шарт ва малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши керак. Бошқарувчи ташкилот штатида кўп квартирали уйни бошқариш бўйича тегишли малака (аттестация) сертификатига эга бўлган камида икки нафар мутахассис бўлиши зарур.

Ўта муҳим ҳуқуқий янгилик: бошқарувчи ташкилот ёки бошқарувчи умумий мол-мулкни бошқариш, унга техник хизмат кўрсатиш ва уни таъмирлаш, шунингдек кўп квартирали уйга туташ ер участкасини ободонлаштириш бўйича хизматлар кўрсатилган ва ишлар бажарилган тақдирда, барча турдаги солиқларни тўлашдан озод этилади. Бу БК моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, уларни янада ривожлантириш, оқилона нарх сиёсатини шакллантириш учун қулай шароитлар яратиш билан боғлиқдир (Қонуннинг 7-боби).

 

Уй-жой мулкдорлари ширкати

Қонунда яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг ҳуқуқлари кенгайтирилди. Эндиликда улар ҳам ширкат аъзолари ҳисобланишади (Қонуннинг 30-моддаси).

Илгари аксарият яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдорларининг ёндашуви шундай бўлган: модомики улар ширкат аъзолари эмас экан, ХУМШ тўғрисидаги Қонун уларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ёндашув кўпинча тарафларнинг мунозарасига сабаб бўлган. Ҳужжат билан аъзолик масалаларида тенг ҳуқуқлиликнинг ўрнатилиши турар жой ва яшаш учун мўлжалланмаган жойлар мулкдори ўртасидаги баҳс-мунозараларга чек қўяди, деб умид қилиш мумкин.

Ҳужжат билан ширкат аъзолари умумий йиғилиши томонидан шу жумладан сўровнома ўтказиш орқали қарорлар қабул қилиш имкониятларини кенгайтирди (Қонуннинг 42-моддаси). ХУМШ аъзосининг вакили томонидан ишончнома асосида қарорлар қабул қилиш тартиби батафсил белгиланди, ишончномани тузишга қўшимча талаб қўйилди (Қонуннинг 39-моддаси).

Ширкат бошқаруви раисининг профессионал тайёргарлиги зарурлигига талаблар белгиланди. У малака (аттестация) сертификатига эга бўлиши ёхуд раис этиб сайлангандан кейин 30 кун ичида унга эга бўлиши лозим. Акс ҳолда ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши 10 ичида ширкатнинг бошқа аъзосини бошқарув раиси этиб сайлаши шарт (Қонуннинг 46-моддаси).

Кўпинча қоидабузарликлар билан ишлайдиган ширкат раислари ўз мавқеларини йўқотмасликни истайдилар. Қайта сайланганда улар муҳр, офис калитини, молиявий ҳужжатлар ва бошқаларни топширмайдилар, ҳужжат ва мол-мулкни қабул қилиш-топшириш жараёнини сунъий чўзадилар. Бунинг олдини олиш учун 46-моддада ХУМШ бошқаруви раисининг ваколатларини тугатишнинг янги тартибини белгилайдиган қўшимчалар киритилди. Раис ширкат аъзолари умумуий йиғилишининг қарори қабул қилинган санадан эътиборан 3 иш куни ичида кўп квартирали уйнинг техник ҳужжатларини, қолдиқ пул маблағларини, ширкат муҳрини ва ширкатни бошқариш билан боғлиқ бошқа ҳужжатларни, умумий мол-мулк таркибига кирувчи жойларнинг калитларини ҳамда кўп квартирали уйдан фойдаланиш учун зарур бўлган бошқа техник воситалар ва жиҳозларни ширкат бошқаруви раисининг мажбуриятларини ўз зиммасига олган шахсга ёки умумий йиғилишнинг қарорида кўрсатилган кўп квартирали уйдаги жой мулкдорига топшириши шарт.

ХУМШ тўғрисидаги Қонунда ширкат бошқаруви раисининг ваколатларининг бир қисмини шартнома бўйича бошқарувчи ёки бошқарувчи компанияга топшириш имкониятини белгиловчи норма мавжуд эди. Кўп ҳолларда бу қонунбузилиш ҳолатларига сабаб бўлар эди – бошқарувчи ўз зиммасига ортиқча ваколатларни олар ва пировардида ширкат бошқаруви раисининг роли билан тенглашиб қоларди. Мазкур норма чиқариб ташланди. Янги Қонун БК ёки бошқарувчига фақатгина шартнома асосида мажбуриятларни юклайди (Қонуннинг 46-моддаси).

 

Ер участкаси мулкдорларга бириктирилади

Кўп квартирали уйга туташ ер участкаларини мазкур уйдаги жойларнинг мулкдорларига мажбурий ҳужжатли бириктиришни белгиловчи норма киритилган. Участкалар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан жойларнинг мулкдорларига доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади. Мулкдорларнинг зиммасига мазкур ер участкасининг санитария ҳолати ва ободонлаштирилиши учун жавобгарлик юклатилади. Ҳар бир кўп квартирали уйнинг кадастр паспортида мазкур уйга туташ ер участкаси тўғрисида маълумотлар, шунингдек ер майдонининг кадастр режаси мажбурий тартибда бўлиши шарт. Ер участкаси бўлинмасдир ва мустақил ер участкаларига ажратилиши мумкин эмас. Ер участкаларини расмийлаштириш регламенти белгиланган. Уйни бошқариш органи ҳокимиятга мурожаат қилгандан кейин ҳокимият 30 кундан кечиктирилмаган муддатда кўп квартирали уйга туташ ер участкасининг чегаралари ва ўлчамларини белгилаши ҳамда мазкур уйни бошқариш органига ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқини белгиловчи зарур ҳужжатларни бериши шарт (Қонуннинг 7-моддаси).

Афсуски, ўта муҳим бир масала ечим топмаган: мулкдорлар ер участкасидан қандай фойдаланадилар – ҳақ эвазигами ёки бепулми? Агар бунинг учун ер солиғини тўлаш зарур бўлса, у ҳолда мажбурий бадал миқдори бир неча баробар кўтарилиши турган гап.

Яна бир жиҳат. Қонун ҳужжати лойиҳаси муҳокамаси доирасида иккиламчи турар жой объектларида ер участкаларини ажратишга ихтиёрий ёндашув бўлиши таклиф этилган эди. Яъни мулкдорлар бу ҳақда умумий йиғилишда қарор қабул қилиши керак эди. Ҳозирги нормага кўра мулкдорларга ер участкаси уларнинг ихтиёридан қатъи назар, мажбурий тарзда юклаб қўйилаётгандек туюлади. Бундан чиқди, ер участкасини сақлаб туриш машаққатини жой мулкдорлари зиммаларига олишади, мажбуриятлар эса ташқи шахслар – ХУМШ, бошқарувчи компания, бошқарувчи томонидан юклатилади. Бу фуқаролик (мулкий) муносабатларни ўрнатишнинг асосларидан бўлмиш ихтиёрийлик принципини йўққа чиқаради.

 

Давлат кўмаги: ҳокимиятларнинг аралашуви бартараф этилдими? УКХ вазирлигининг роли кучайтирилди

Янги Қонунда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг кўп квартирали уйларни бошқариш ишига аралашуви бартараф этилган, лекин УКХ вазирлиги тимсолида давлат вертикали кучайтирилди, мазкур Вазирлик кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириб боради. Қонунда УКХ вазирлиги қайси йўналишларда уларга кўмак бера олиши мумкинлиги батафсил белгиланган. Моҳиятан олганда, бу кўп квартирали уйларни бошқаришнинг барча нуқталарини ўз ичига олади. Кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятини назорат қилиш Уй-жой фонди инспекцияси (УКХ вазирлиги бўлинмаси) зиммасига юклатилган. Бундай кўмак ва назорат кўп квартирали уйларни бошқариш органларининг ишига аралашувга ўтиб кетмаса бўлгани.

Уй-жой фонди инспекциясига ижро этиш мажбурий бўлган кўрсатмаларни бериш ваколати берилди. Кўрсатмалар бошқарув органлари ёки жой мулкдорларига кўп квартирали уйларни сақлаш ва техник фойдаланиш қоидаларини, кўп квартирали уйга туташ ер участкаларини сақлаш бўйича талабларни бузишни бартараф этиш, шунингдек, уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш ташкилотларига – улар томонидан истеъмолчиларга хизмат кўрсатаётганда техник тартибга солиш соҳасидаги норматив ҳужжатлар талабларига риоя этилиши мақсадида берилади. Уй-жой фонди инспекцияси кўп квартирали уйни бошқариш органи томонидан қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўйилган ҳолларда навбатдан ташқари умумий йиғилишни чақириш ташаббуси билан чиқиши мумкин (Қонуннинг 2-боби).

Ҳокимиятларнинг кўп квартирали уйларни бошқариш органлари фаолиятига аралашувига йўл қўйилмайди. Улар кўп квартирали уйларни бошқариш органлари томонидан банк кредитларини олишда кафил бўлиши мумкин. Бу қандай кўринишда бўлиши мумкинлигини вақт кўрсатади. Ўзини ўзи бошқариш органларига келсак, кўп квартирали уйларни бошқариш органлари мазкур органлар билан кўп квартирали уйларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштиришга доир ишларни ташкил этиш ҳамда бошқа масалалар бўйича ҳамкорлик қилади (Қонуннинг 49-моддаси).

 

Умумий мол-мулкнинг қисмларини бошқа шахсга бериш мумкин: бу билан муаммолар туғилмасин тағин

Қонунга умумий мол-мулкнинг айрим қисмларини бошқа шахсга бериш мумкинлигини назарда тутувчи норма киритилган. Бунинг учун умумий улушли мулкнинг барча иштирокчилари томонидан бир овоздан қабул қилинган қарор бўлиши керак. Умумий мол-мулк, агар унинг бошқа шахсга берилиши бошқа мулкдорларнинг ўз мулк ҳуқуқларини амалга оширишини чеклайдиган бўлса, бошқа шахсларга фойдаланиш учун ўтказилиши мумкин эмас. Таянч ва тўсиқ конструкцияларни, квартиралар оралиғидаги иҳоталанган (ўрама) пиллапоялар, зинапоялар, лифтлар, лифтнинг шахталари ҳамда бошқа шахталар, уй ичидаги муҳандислик тармоқлари ва коммуникациялари, жойларнинг ташқарисида ёки ичида жойлашган ҳамда биттадан ортиқ жойга хизмат кўрсатадиган механик, электр, санитария-техника ускуналари ҳамда қурилмалари ва бошқа ускуна ҳамда қурилмаларни бошқа шахсга бериш тақиқланади (Қонуннинг 13-моддаси). Шу билан бирга жой мулкдорининг умумий мол-мулкдаги улуши натура ҳолида ажратилиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги ёндашув мустаҳкамлигича қолган.

Савол туғилади: умумий мол-мулкнинг қайси элементлари шахсга бериш мумкин эмас? Ахир кўп қаватли уй мураккаб техник иншоот ҳисобланади. Умумий мол-мулк мажмуасидан унинг бирор бир қисмини ажратиб олиш хавфсизлик, уйни лозим даражада сақлаб туриш талаблари бузилишига олиб келиши мумкин.

Мазкур норма янада жиддий ҳуқуқий қайта ишланишни, аниқ-лўндаликни талаб қилади. Акс ҳолда, яшовчиларнинг етарлича хабардор бўлмагани ва кўплаб мулкдорларнинг уй хўжалиги муаммоларидан узоқ бўлиши тушунмовчиликларга асосланган низоларга олиб келмасин тағин! Оқибатда кўп қаватли уй умумий мол-мулкининг ноқонуний олиб қўйилиши ва сотиб юборилишига олиб келмайди, деб ким кафолат бера олади?

 

Янги уй-жойлар: квартиралар сотилмаган – бадалларни ким тўлайди ва бошқарув усули қачон танланади?

Мамлакатимизнинг кўп қаватли уй-жой фонди бугун янги қурилишлар ҳисобига ўсиб бормоқда, уларни бошқариш ўз хусусиятига эга бўлиб, иккиламчи уй-жой фондидан фарқланади ва деярли ҳуқуқий тартибга солинмаган эди. Бунинг оқибатида кўпинча савол туғиларди – уйдаги квартиралар тўлиқ сотилмаган бўлса, умумий харажатлар кимнинг ҳисобидан қопланади? Янги Қонунда янги қурилган кўп квартирали уйлар фойдаланишга топширилганда реализация қилинмаган жойларнинг умумий мол-мулкини сақлаш бўйича умумий харажатларда иштирок этиш улуши ушбу жойларга бўлган мулк ҳуқуқи расмийлаштирилган шахснинг зиммасида бўлиши белгиланди (Қонуннинг 16-моддаси).

Яна бир муҳим масала: янги қурилган уйларда бошқарув усули қайси босқичда танланиши керак? Қонунда жойларнинг мулкдорлари кўп квартирали уй фойдаланишга қабул қилинган кундан эътиборан 3 ой муддатда умумий йиғилишда уйни бошқариш усули тўғрисида қарор қабул қилиши шартлиги кўрсатилган. Бундай қарор қабул қилингунига қадар мулкдорлар умумий мол-мулкни сақлаш билан боғлиқ мажбуриятлар юзасидан солидар жавоб беради.

Кўрсатилган муддатда бошқариш усули тўғрисида жойларнинг мулкдорлари ўртасида келишувга эришилмаган тақдирда УКХ вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси 3 ойлик муддатда кўп квартирали уйни бошқариш органи вазифаларини амалга оширувчи бошқарув ташкилотини ёки бошқарувчини белгилайди. Агар ушбу муддат мобайнида масала ҳал этилмаган бўлса ёки қабул қилинган қарор амалга оширилмаган бўлса, УКХ вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш учун бошқарувчи ташкилотни ёки бошқарувчини танлаш бўйича очиқ танлов ўтказади.

Кўп квартирали уйни бошқариш усули умумий йиғилишнинг қарори асосида исталган вақтда ўзгартирилиши мумкин. Умумий йиғилишнинг бошқарув усулини танлаш тўғрисидаги қарори мазкур кўп квартирали уйдаги барча жойларнинг мулкдорлари учун мажбурийдир (Қонуннинг 22-моддаси).

УКХ вазирлигининг ҳудудий бўлинмаси кўп квартирали уйни бошқариш бўйича танловнинг ташкилотчиси ҳисобланади. танлов ўтказиш тўғрисидаги ахборот Вазирлик расмий веб-сайтига ва бошқа ОАВга жойлаштирилади (Қонуннинг 23-моддаси).

 

 

Инсон ва унинг иши

 

Қайиққа ўтиру сувни кечиб ўт…

Ёки тадбиркорлар ислоҳотлар чақириғига тайёр

 

Султонниёз Бойниёзов – қорақалпоғистонлик омадли ёш тадбиркорлардан. 18 йилдан буён уй-жой соҳасида ишлайди, одамларнинг ҳаётини гўзалроқ, фаровонроқ ва ободроқ қилиш унинг мақсади. У Нукусдаги «Nokis Gullengen Shamshiraq Servis» профессионал бошқарувчи компанияга (БК) раҳбарлик қилади. Қорақалпоғистон пойтахтида мазкур БК фаолиятининг самараларидан ҳамма яхши хабардор. Мукаммал таъмирлаш ишларининг пудратчиси сифатида у буюртмачи ХУМШлар билан бирга ишлайди. Ишлаб чиқариш фаолиятини йўлга қўйган, янги иш ўринларини яратиб келмоқда. Истиқбол учун оламшумул режаларни кўзлаган.

 

«Қайиқ» ислоҳотлар учун бир имконият сифатида

Уй-жой соҳасидаги ўз карьерасини Султонниёз 2001 йилда, бухгалтерлик курсларини тугатгандан кейин бошлаган. Биринчи мутахассислиги – радиотелемеханик. Шунга қарамай, йигит кишига етмиш ҳунар оз, деган нақлга амал қилди ва адашмади. Бир нечта ХУМШнинг бухгалтерия ҳисоби ва ҳисоботини зиммасига олганда мамлакатимизда УКХ соҳасидаги ислоҳотларнинг навбатдаги босқичи авж палласига чиққан эди. Уй-жой соҳасида зарурий ва ўта муҳим инқилобий ўзгаришлар юз бераётган эди. Кўп нарсалар янги, қизиқарли бўлган. Бу ислоҳотларнинг қоқ марказида Нукусдан 1 000 км узоқликда жойлашган Тошкент шаҳри турган. Ўзбекистоннинг минтақаларига пойтахтдан кўмак келарди – муваффақиятли ширкатларнинг иш тажрибасини ўрганишга доир семинарлар, тренинглар ўтказилар, бевосита жойларга чиқиларди.

ХУМШда Султонниёз бухгалтерия ҳисобининг ўзига хосликларига дуч келди. Бир томондан бу нотижорат ташкилоти, иккинчи томондан – юридик шахс. У ширкат аъзоларининг назорати остидаги ташкилот. Бюджет мулкдорларнинг мажбурий бадаллари ҳисобидан шаклланади. Уставдаги мақсадларига кўра тижорат фаолияти билан шуғуллана олмайди, даромад ололмайди, лекин айни вақтда умумий мол-мулкнинг бир қисмини ижарага беришдан даромад олиши мумкин. Ҳисоб сиёсатини тўғри йўлга қўйиб олиш учун техник жиҳатларга эътибор қаратиш, умумий мол-мулк қандай ишлаётганига разм солиш лозим эди. Яшовчилар билан кўп мулоқот қилишга тўғри келган: бадаллар миқдори қаердан шаклланиши, мулкдорларнинг маблағлари қаерга сарфланаётганини тушунтириш, ширкатнинг молия-хўжалик фаолияти билан боғлиқ бошқа саволларга жавоблар бериш керак бўлган. Бухгалтеримиз аста-секинлик билан кўп квартирали уйларни бошқариш ҳадисини эгаллай бошлади. Унга ширкатда бош муҳандисликни таклиф этишганда бу ишга ҳеч иккиланмай киришиб кетди. Кўп ўтмай эса 11 та уйни бирлаштирган ХУМШга раис бўлди.

Султонниёзнинг сўзларига кўра, кўп квартирали уй-жой фонди ўша вақтда бир аҳволда бўлган. Уйлар асосан ярим асрлик ёшда – 1960–1971 йилларда қурилган. Уларнинг техник ҳолатига маймунлар йиғларди. Аксарият кўп квартирали уйларда уй ичи коммуникациялари тақа-тақ тўхтаган. На канализация, на иситиш тизими, на иссиқ сув бор дейсиз. Томлардан чака ўтар, ертўлаларни сув босган эди. Ўзбекистоннинг бошқа минтақаларидаги уй-жой фондида ҳам аҳвол деярли шундай эди. Яшовчилар ишни нимадан бошлашни билишмасди. Одамлар умумий мол-мулкни сақлаш учун йиллаб пул тўлашмас, сабаби уйни сақлаш тизими тамоман ишдан чиқиб, одамларнинг ислоҳотларга ишончи сўнган эди.

– Уйда яшовчилар билан суҳбатлашиш учун келганимизда, ҳақли равишда кўплаб шикоят ва эътирозларни эшитардик, – деб хотирлайди бошқарувчи. – Одамларга ислоҳотлар ўтказиш зарурлигини уқтириш қийин кечган. Аввалига улар бадаллар нима учун тўланиши зарурлигини тушуниб етишлари лозим эди. Бусиз ишни жойидан жилдириб бўлмасди. Энг таъсирли гапимиз: ўз фарзандларимиз хусусида чуқурроқ ўйлайлик, биз уларга ўзимиздан кейин нималарни қолдириб кетамиз, деган гапимиз бўлди. Қорақалпоқликларда бир мақол бор, унинг маъноси тахминан шундай жаранглайди: «Узоқ ўйлаб ўтириш денгизга ўхшайди, унда чўкиб кетишинг мумкин. таваккалчилик эса қайиққа ўхшайди. Унга тушасану, денгиздан сузиб ўтасан». Шу тариқа одамларимиз ислоҳотлар сифатида қайиқни танладилар.

 

УКХдаги бизнеснинг имконият ва истиқболлари бор

– Кўп квартирали уйларни тиклаш анча-мунча маблағни талаб этар эди, – давом этади Бойниёзов. – Лекин харажатларимиз талаб қиладиган миқдордаги бадалларни ўрнатишга қурбимиз етмади. Уйларда асосан ижтимоий муҳофазага муҳтож, даромади кўп бўлмаган кишилар истиқомат қилар эди. Нукус Қорақалпоғистоннинг бутун ҳудуди сингари Орол бўйи ҳудуди ҳисобланади, бу ерда экологик офат бутун минтақани эгаллагани каби қамраб олган. Аҳолининг бандлиги энг жиддий муаммолардан ҳисобланар эди. Шунинг учун бир ислоҳотларни кичик-кичик қадамлардан бошлашга қарор қилдик. Уйда яшовчилар билан биргаликда ортга суриб бўлмайдиган ишларни белгилаб олдик. Босқичма-босқич, аста-секин уйларни тиклай бошладик. Буни кўпроқ «тез ёрдам»га ўхшатса бўларди, иссиқ ва совуқ сув таъминоти тизимлари, канализация, том қисман ўзгартирилди. Бундан кўпроққа маблағимиз етмасди. Унча катта ҳажмда бўлмаган бадал тўланарди. Одамлар дастлаб натижаларни кўришлари кераклигини хоҳладик. 1991 йилгача қурилган кўп квартирали уйларни мукаммал таъмирлаш бўйича Давлат дастури ўз вақтида бошлаб юборилди. Қорақалпоғистондаги кўп квартирали уй-жой фондига Оролни қутқариш жамғармаси кўмак берди.

ХУМШ ривожланиб борган сайин кўп квартирали уйларни профессионал бошқаришга зарурат туғилди. Бу ислоҳотларнинг янги чақириғи эди. Султонниёз биринчилардан бўлиб Нукусда бу чақириққа «лаббай» деб жавоб берди ва 2011 йилда «Nokis Gullengen Shamshiraq Servis» БКни ташкил этди. Моддий-техник базани шакллантириш мақсадида банкдан 20 млн сўм кредит олди. Қарзни барвақт қоплади. Дастлабки вақтда БК буюртмачиларининг сони 6 та ХУМШдан иборат бўлган, тез орада эса уларнинг сони 21 тагача етди. Бошида хизматлар тури андозадагидек тор бўлган: бухгалтерия ҳисоби ва жорий хизмат кўрсатишлар. Ширкатлар бу хизматларнинг барчасидан фойдаланар эди. Кейинчалик компания пудрат ишларини бажаришга киришди, авария хизмати бўлинмасини очди. Зарурат туғилганда мукаммал таъмирлаш ишлари учун ёрдамчи пудратчиларни жалб этади. Ширкатларга битта ишончли, синовдан ўтган БК билан ишлаш ҳар томонлама қулай – у ҳар бир уйнинг техник ҳолатини яхши билади, уйни сақлаш ва таъмирлашга доир барча ишлар цикли учун жавоб беради.

– Ширкатларга кредитлар ажратиш бошланганда пудрат ишлари БК фаолиятининг асосий йўналишига айланди, – дейди Бойниёзов. – Бу бизнеснинг янада ривожланиши ва кенгайишига хизмат қилди. Таъмирлов ишларида биз йўлаклар, ертўлаларда Akfa дераза ва эшикларини ўрнатдик. Яшовчилар учун бу бироз қимматлик қиларди. Имкониятларимизни чамалаб кўриб, Akfa пластик профилли тизимларидан дераза ва эшикларни ишлаб чиқариш, тўғрироғи, йиғиш ва монтаж қилиш бўйича мини-цех очдик. Бу маҳсулотларимиз ХУМШ аъзолари учун анча арзонга тушмоқда. Профилни дилерлардан харид қиламиз, цехнинг маҳсулотлари уй-жой сектори учун мўлжалланган. Нукусда тахминан 60 фоиз кўп квартирали уйларнинг йўлак ва ертўлаларида пластик ўрнатилган. Шу эшик-ромларнинг асосий қисми бизда ишлаб чиқарилган. Ҳозир цехимизда ишлаб чиқаришнинг барча босқичларини изга туширмоқчимиз: эшик-ромлар, қувурлар учун пластик профилларни тайёрлаш бўйича мини-цехни ташкил этиш имкониятларини мўлжалламоқдамиз. Ривожлантирмоқчи бўлган яна бир йўналишимиз – чорқирра тошлар (брусчатка) ишлаб чиқарилишидир. Қорақалпоғистонда бу каби маҳсулотларга талаб юқори. Ҳозирча профилни асосан бошқа минтақалардан келтиришади. Транспорт харажатлари хизмат кўрсатиш нархида акс этади. Бу йил мен асбоб-ускунани кўриб, нарх-навосини ўрганиш учун Хитойга бориб келдим. Умуман олганда, биз мини-цех очишга тайёрмиз. Ҳозирги кунда мазкур лойиҳани молиялаштириш имкониятларини ўрганмоқдамиз.

 

Хайрли иш беиз кетмайди

«Nokis Gullengen Shamshiraq Servis» – Нукусда анчайин талабгир ва барқарор ишлаётган 6 та БКнинг биттасидир. У 130 та кўп квартирали уйларни бирлаштирувчи 11 та ширкатга хизмат кўрсатади. Қорақалпоғистоннинг пойтахтида иккиламчи уй-жой фонди қарийб 415 та кўп квартирали уйларни ташкил этади. Бу ерда янги қурилган уй-жойлар беҳисоб. Бу бошқарувчилар учун яна янги мижозлар дегани. БК штатида 24 киши ишлайди. Катта ҳажмдаги ишлар бажарилганда ишчи-ходимлар сони 60 нафаргача етади.

Султонниёз Бойниёзовни обрўли, саводхон тадбиркорлардан деб билишади. Унинг бизнеси ижтимоий йўналтирилганлиги билан ажралиб туради. Унинг бизнеси янги иш ўринларини ташкил этади, одамларнинг фаровонлиги учун ишлайди, ислоҳотлар боришида иштирок этади, муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларни ҳал этишда ўз ҳиссасини қўшади. Асосий муваффақияти сифатида одамлар ишончини қозонганини эътироф этади. Келажак муттасил ўқиб-ўрганиб, ўз профессионал даражасини ошириб бораётганларники эканлигига ишонади. Оламшумул ислоҳотлар даврида шундай қадам босмасанг, аутсайдерда қолиш мумкин, дейди у. Султонниёз Ўзбекистон уй-жой фондини профессионал бошқарувчилар ва хизмат кўрсатувчилар ташкилотлари уюшмасининг аъзоси ҳисобланади, мазкур ташкилот томонидан уюштириладиган семинарлар, тренингларда қатнашиб келади. Яқинда Pro House лойиҳаси доирасида ўзбекистонлик уй-жой соҳаси мутахассислари делегацияси таркибида Германияда бўлиб келди. Кўп квартирали уйларни бошқариш, санациялаш, энергиядан самарали фойдаланиш соҳаларида катта тажриба билан танишди. Вақти-соати билан бу тажрибани Қорақалпоғистон пойтахтининг кўп квартирали уй-жой фонди учун мослаштириш ниятида.

Уй-жой соҳасидаги бизнес илгари ўта таваккалчи ва беқарор ҳисобланар эди. Жабҳада ечилмаган масалалар, кўринмас муаммолар қалашиб ётарди. Соҳада ислоҳотларнинг кетиши суст эди. Бирор натижага эришиш учун жуда катта куч-қувват сарфлаш керак бўларди. Лекин УКХ – турмуш ҳаётимизнинг ажралмас қисмига айланган. Шунинг учун бу соҳада бизнес билан шуғулланувчиларнинг имконият ва истиқболи бор албатта. Агар ишлар малака ва уқув билан бажарилса, сабр-матонат, ташаббускорлик бўлса, таваккалчиликлардан чўчилмаса, соҳадаги хизматларга доимо талаб бор.

Султонниёз Бойниёзов ҳам бу соҳада бизнес қилишга таваккал қилиб, «қайиқ»қа ўтирганлардан ҳисобланади. Бугунги кунда у ўз мақсади сари жиддат билан бораётган «кема»ни бошқараётир. Қорақалпоғистонликларда гап бор: «Хайрли иш беиз кетмайди».

 

 

 

Таҳририят почтасидан

 

УКХда зарарни қоплаш тўғрисида даъво: бож тўлаш шартми?

 

Биз квартирамизда таъмирлаш ишларини бажардик, лекин биринчи ёмғирни кўриши биланоқ таъмиримиз пучга чиқди – 2 та хонамизни тўлиқ сув босди, обойлар ва шифт ивиб кетди. Ширкат томни тартибга келтиришини кутиб, бир неча йил таъмирлаш ишларини амалга оширмадик. Ниҳоят жорий йилда томни таъмирлаш бошланди. Лекин, билишимизча, бу иш сифатли бажарилмаган. Зарарни қоплаш мақсадида ХУМШ устидан судга даъво киритмоқчимиз.

Бунда давлат божини тўлашимиз керак бўладими?

 

– Мазкур масала ВМнинг «Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг (18.04.2001 йилдаги 178-сон) 6-банди билан тартибга солинади. Унга кўра қуйидагилар суд даъволари бўйича давлат божи тўлашдан озод қилинади:

♦ умумий харажатларга ва коммунал хизматларга ҳақ тўлаш бўйича қарзларни ундириб олиш тўғрисидаги даъволар бўйича хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари;

♦ тузилган шартномалар шартлари аҳолига уй-жой-коммунал хизматлар кўрсатувчи корхоналар томонидан бажарилмаслиги ёки сифатсиз бажарилиши туфайли етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги даъволар бўйича хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, коммунал-фойдаланиш ташкилотлари, шунингдек фуқаролар.

 

 

 

Тротуарлар – йўловчилар учун

 

Гаражларни мудом демонтаж қилавериш турар жой мавзеларидаги ҳовлилар, болалар майдончаларининг ноқонуний автотурар жойга айлантирилишига олиб келди. Болалар ҳовлиларда ўйнашдан маҳрум қилинди, катталар эса ҳар қадамда автомобиллар карвонига дуч келишга мажбур – тротуар ва деразаларнинг тагини автомобиллар босиб кетган. Кечки пайт товуш сигналлари, мусиқа, эшикларнинг очилиб-ёпилиши ва бошқа шовқинлардан қутилишнинг иложи йўқ.

Бундай ҳаракатлар учун қандай жавобгарликлар назарда тутилган?

 

– Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ­128-6-моддасида транспорт воситалари ҳайдовчиларининг тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиши энг кам иш ҳақининг 3 бараваридан 15 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлади (ҳозирда БҲМ).

Йўл ҳаракати қоидаларида (ВМнинг 24.12.2015 йилдаги 370-сон қарорига 1-илова) тўхташ ва тўхтаб туриш қандай тушунчалар эканлигига тушунтиришлар берилган.

Тўхташ – транспорт воситаси ҳаракатини 10 дақиқагача бўлган муддатга тўхтатишдир. Тўхтаб туриш – транспорт воситасига йўловчиларни чиқариш ёки тушириш, юк ортиш ёки тушириш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда ҳаракатини 10 дақиқадан кўпроқ вақтга атайин тўхтатиш. Мажбурий тўхташ – техник нуқсон, ташилаётган юк, ҳайдовчи ва йўловчининг ҳолати, йўлдаги бирор тўсиқ туфайли хавф юзага келганда ёхуд об-ҳаво шароитига боғлиқ ҳолда транспорт воситаси ҳаракатини тўхтатиш. Қоидаларда, шунингдек, тротуар – қатнов қисмига туташган ёки ундан майсазор, ариқ, махсус тўсиқлар билан ажратилган ва пиёдаларнинг ҳаракатланиши учун мўлжалланган йўл қисми эканлиги айтилган (Қоидаларнинг 6-банди).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг ­127-моддасида товуш сигналини сабабсиз бериш, транспорт воситаларига уни ишлаб чиқарган корхона назарда тутмаган товуш чиқарувчи ва ёритувчи қурилмаларни ўрнатиш, худди шунингдек уларни ўзгартириб ўрнатиш учун жавобгарликлар назарда тутилган. Бу қоидабузарликлар БҲМнинг 1 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Транспорт воситаларининг пиёдалар йўлкаларидан юргизилиши базавий ҳисоблаш миқдорининг 1/2 қисми миқдорида жарима солишга ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан 6 ой муддатга маҳрум этишга сабаб бўлади (МЖТКнинг 128-моддаси).

 

 

 

 

Қайта ҳисоблашсиз – фақат икки ойга

 

Йил охирида коммунал хизматлар учун тўловларни бўнак билан бир йил учун олдиндан тўлаб қўймоқчиман. Газ таъминоти ташкилотида исталган давр учун тўлашим мумкинлигини айтишди. Лекин тариф кўтарилганда фақат 2 ойгина қайта ҳисоблашсиз ҳисобга олинар эмиш.

Газ таъминоти ташкилоти бундай чекловларни амалга жорий этиши тўғрими?

Қайта ҳисоблашсиз бўнак тўловларини киритишнинг олдинги тартиби бошқа коммунал хизматлар учун ҳам сақлаб қолинганми?

 

– Олдин тариф кўтарилганда коммунал хизматлар учун тўловни бир йил олдиндан бўнак билан тўлаганда қайта ҳисоб-китоб қилмаслик ВМнинг «Аҳолига коммунал хизмат кўрсатишни такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорининг (18.04.2001 йилдаги 178-сон) 7-банди қоидалари билан тартибга солинган. Ҳужжатда уй-жой мулкдорлари ва уй-жойни ижарага олувчиларни коммунал хизматлар учун аванс сифатида тўланган тўловларга, ушбу даврда тегишли тарифлар кўпайган тақдирда қўшимча ҳақ тўлашдан озод этар эди (12 ойдан ортиқ бўлмаган давр учун). Ушбу меъёр коммунал хизматлар кўрсатиш қоидалари ва истеъмолчилар ҳамда етказиб берувчилар ўртасида тузиладиган шартномаларга киритилар эди.

2019 йилда электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш қоидаларига (ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 1, 2-иловалар) аванс тўловларини киритиш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилди. Уларнинг охиргиларига биноан (ВМнинг 30.07.2019 йилдаги 633-сон қарори) газ ва электр энергиясининг истеъмолчилари ушбу хизматлар учун тўловларни тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмаган ҳолда 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун олдиндан тўлаб қўйиши мумкинлиги белгиланган. Бунда истеъмолчилар тўловни исталган давр учун киритишлари мумкин.

Бошқа коммунал хизматлар учун бўнак тўловларини бир йил олдин тўлашга келсак, тарифлар ошган тақдирда қайта ҳисоблаш амалга оширилмайди.

 

 

 

Қоидалар бўйича аванс тўловлари

 

Электр энергиясидан фойдаланиш қоидалари (22-сон ВМҚга 1-илова):

♦ Маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, 2 ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди (116-банд).

 

Табиий газдан фойдаланиш қоидалари (22-сон ВМҚга 2-илова):

♦ Тарифлар ўзгарган ҳолларда табиий газ ҳажми учун аванс тариқасида тўловни амалга оширган истеъмолчи икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатга қўшимча тўловларни амалга оширишдан озод қилинади (102-банд).

 

Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова):

Иссиқлик энергияси таъминоти хизматларига тарифлар ўзгарганда, санадан қатъи назар, иссиқлик таъминоти шартномаси кучида қолади ва истеъмолчи фойдаланилган иссиқлик таъминоти хизматларига улар жорий этилган кундан бошлаб янги тарифлар бўйича ҳақ тўлашга мажбур. Етказиб берувчи тариф ўзгаришидан 15 кун олдин оммавий ахборот воситаларида тегишли хабарни эълон қилиш йўли билан тарифлар ўзгариши тўғрисида Истеъмолчиларни хабардор қилиши шарт.

Бунда Истеъмолчи – жисмоний шахс ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда иссиқлик таъминоти хизматларига аванс билан тўланган тўловларга (тўлов кунидан бошлаб ўн икки ойдан ошмайдиган даврга) қўшимча тўловлар тўлашдан озод этилади.

Истеъмолчи томонидан иссиқлик таъминоти хизматларига аванс тўланганда Етказиб берувчи иситиш ва иссиқ сув таъминотига тўлов пайтида амалда бўлган тарифлар бўйича тўлов ҳисобланади (аванс тўловлар муддатига, бироқ ўн икки ойдан ортиққа эмас) (95-банд).

 

Истеъмолчиларга сув таъминоти ва оқова сувни чиқариш хизматлари кўрсатиш қоидалари (194-сон ВМҚга 2-илова):

♦ I гуруҳ истеъмолчилари, аванс тариқасида, коммунал хизматлар (шунингдек, махсус устама) учун 12 ойдан кўп бўлмаган муддатга тўловларни аввалдан амалга ошириб қўйган бўлсалар, улар шу вақт мобайнида тарифлар (шунингдек, махсус устама миқдори)нинг ўзгариши туфайли тўланадиган қўшимча тўловлардан озод этиладилар (108-банд).

 

Қаттиқ ва суюқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича хизматлар кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 6.02.2019 йилдаги 95-сон қарорига 1-илова):

Истеъмолчилар аванс тариқасида тўланган тўловлар учун, ушбу даврда тегишли тарифлар ошган тақдирда, тўлов амалга оширилган санадан ўн икки ойдан ошмайдиган даврга қайта ҳисоб-китоб қилишдан озод этиладилар (29-банд).

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 344 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2020 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика