Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 49 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Идентификация воситалари ёрдамида сигарета ва алкоголь маҳсулотларини маркировкалаш

 

Сигарета ва алкоголь маҳсулотларини идентификация воситалари ёрдамида маркировкалашнинг батафсил механизми Ҳукуматнинг 23.11.2019 йилдаги 944-сон қарорида келтирилган.

 

1 декабрдан идентификация воситалари ёрдамида маркировкаланадиган товарлар бўйича тажриба лойиҳаси бошланади. Бу сигарета ва алкоголли маҳсулотларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилардан бошланади. Тажриба натижалари 2020 йил 30 июнга қадар ҳукуматга тақдим этилади.

Маркировкалаш таомили маҳсулотларни маркировкалаш ва кузатиш ахборот тизими (кейинги ўринларда – ахборот тизими деб аталади) ёрдамида амалга оширилади. «Истиқболли технологияларни ривожлантириш маркази» МЧЖ (РФ) томонидан таъсис этилган «CRPT TURON» компанияси тизим оператори этиб тайинланади.

«CRPT TURON» зиммасига ахборот тизимини ишлаб чиқиш, жорий этиш ва кузатиш, шунингдек унинг барча компонентларини созлаш вазифаси юкланди. Компания тадбиркорлик субъектларининг ҳудудида зарур маркировкалаш, сервер, телекоммуникация ва бошқа асбоб-ускуналарнинг бепул ўрнатилиши ҳамда созланишини, келгусида улар ахборот тизимига уланишини таъминлайди. Ушбу ускуна ДСҚнинг ягона ахборот-ресурс базасига уланади. «CRPT TURON» фискал маълумотлар оператори функциясини ҳам бажариши мумкин.

 

Қандай қилиб лойиҳа иштирокчиси бўлиш мумкин

Тажриба товарлар муомаласи субъектлари: ишлаб чиқарувчилар, импорт қилувчилар, улгуржи ва чакана савдо ташкилотларига татбиқ этилади. Барча учун ягона иштирок этиш шарти ЭРИ ҳамда ахборот тизими билан ўзаро муносабатлар учун зарур электрон ҳужжатларни шакллантириш ва қабул қилиш имкониятига эга компьютер тизимининг мавжудлигидир.

Тажрибада ихтиёрий иштирок этиш мумкин. Хоҳловчилар ахборот тизимига буюртма бериши лозим. Буни лойиҳа ишлари бошлангандан кейин ҳам амалга ошириш мумкин. Иштирокчилар реестрига киритиш учун ариза администраторга алоқа каналлари орқали юборилади ёки уни ахборот тизимида шакллантирилади. Буюртмага тақдим этиладиган маълумотлар иштирок турига қараб ажратилади. Масалан, улгуржи ва чакана савдо қилувчилар бошқа маълумотлар билан бирга ўрнатилган онлайн-НКМ рақамларини ҳам кўрсатишлари лозим.

Ариза барча талабларга мувофиқ келганда, администратор ариза топширилган пайтдан эътиборан икки соат ичида муомала субъектини иштирокчилар реестрига киритади, унинг шахсий кабинетини очади ва бу ҳақда хабар беради. Хабарномада лойиҳа иштирокчи рўйхатга олинган рақами, унга берилган маълумотлар кўрсатилади.

Сўнгра ишлаб чиқарувчи/импорт қилувчи маҳсулотлар реестрида маркировкаланадиган товарлар ҳақидаги маълумотларни рўйхатдан ўтказиши лозим. Ариза администраторга юборилади ёки ахборот тизими сайтида шакллантирилади. Унда қуйидагилар кўрсатилади:

♦ маҳсулот номи;

♦ маҳсулотнинг кодлари, GS1 – 128 штрих коди, шунингдек истеъмол идиш турига мувофиқ бўлган маҳсулот кодлари;

♦ қадоқлаш/истеъмол идиш тури.

 

Маркировкалаш қоидалари

Маркировкалаш учун кодлар ишлаб чиқарувчи/импорт қилувчи томонидан буюртма бўйича администратордан олинади, уларда қуйидаги кўрсатилади:

♦ маҳсулотлари реестрига киритилганда берилган маҳсулот кодлари;

♦ талаб қилинган маркировкалаш кодларнинг сони;

♦ қадоқ тури: истеъмол, гуруҳ, транспорт идиши.

Иштирокчи маркировкалаш кодларини олганидан кейин идентификациялаш воситаларига кодларни ўзгартиради, маркировкалаш кодини олиши билан – уларни қадоқ/идишга туширади.

Ишлаб чиқарувчилар ва импорт қилувчилар мустақил равишда маҳсулотларни маркировкалайдилар ва ахборот тизимига маълумотларни тақдим этадилар.

Ишлаб чиқарувчи идентификация воситасини ўрамга ишлаб чиқариш линиясида бевосита ёпиштириладиган асосий этикетка ёки контрэтикетка дизайнида махсус ажратилган (5х5 мм дан кам бўлмаган) жойга техник мослама ёрдамида туширади.

Импорт қилувчи маҳсулотларни олиб киришда ишлаб чиқарувчи билан келишилган ҳолда DataMatrix кодини* юқорида кўрсатилган тартибда тушириш ёки стикерни ёпиштириш йўли билан маркировкалаши мумкин. Шунингдек DataMatrix коди туширилган стикерларни божхона омборида эркин муомалага чиқариш божхона режимига жойлаштирилгунча мустақил ёпиштириши мумкин.

Ишлаб чиқарувчи/импорт қилувчининг хоҳишига кўра, идентификация воситаси гуруҳ ва транспорт ўрамининг олди ёки ён томонига туширилади.

Тажриба лойиҳасини амалга ошириш даврида маркировкалаш ва уларнинг кейинги кузатилиши бўйича техник ва дастурий жиҳатлари билан боғлиқ харажатлар администратор ҳисобидан қопланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 23.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

*DataMatrix — тўртбурчак ёки квадрат гуруҳга жойлаштирилган квадрат шаклида қўлланиладиган қора ва оқ элементлари ёки бир неча хил ёриқлик даражаларидаги элементларни ўзида намоён этган икки ўлчовли матрицали штрихли код. Матн ёки бошқа шаклдаги маълумотларни кодлаш учун мўлжалланган.

 

 

 

Банк маблағлар ҳисобдан чиқарилгани ҳақида мижозни хабардор қилиши шарт

 

Банк хизматлари истеъмолчилари билан ўзаро муносабатларни амалга оширишда тижорат банкларининг фаолиятига қўйиладиган минимал талаблар тўғрисида низомга тегишли қўшимчалар киритилди (АВ томонидан 22.11.2019 йилда 3030-3-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Биринчидан, қарз олувчининг ва (ёки) гаровга қўювчининг суғурта компанияси ва (ёки) баҳоловчини эркин танлаш ҳуқуқи кафолатланади.

Иккинчидан, банк ва қарз олувчи-юридик шахс ўртасида тузилган кредит шартномасида қарз олувчининг хорижий валютада кредит олишга бўлган танлови акс эттирилиши лозимлиги белгиланди. Шунингдек валюта курсининг ўзгариши натижасида миллий валютадаги қарз юкининг ошиши билан боғлиқ равишда келиб чиқадиган оқибатлар қайд этилиши лозим.

Учинчидан, банклар кредит бўйича қарздорлик тўлиқ сўндирилган санадан бошлаб 3 иш кунидан кечиктирмаган ҳолда қуйидаги чораларни кўриши шарт:

♦ гаровда турган мулкни тақиқдан чиқариш;

♦ гаров сифатида бўлган мол-мулкка нисбатан банкнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги ёзувни гаров реестридан чиқариш.

Тўртинчидан, банк томонидан мижознинг ҳисобварағи ва (ёки) омонати, шу жумладан банк карталари бўйича (банк карталаридан фойдаланаётган пайтда «PIN-код»ни нотўғри терилиши оқибатида блокировкага тушган ҳолатлар бундан мустасно) амалиётлар тўхтатиб қўйилганда, банк кейинги кундан кечиктирмаган ҳолда мижозга бу ҳақда сабаблари келтирилган хабарномани юбориши шарт. Худди шундай муддатда банк томонидан кредитлар, микроқарзлар ва лизинг бўйича қарздорликларни сўндириш учун мижозни ҳисобварағидан маблағлар ҳисобдан чиқарилгани ҳақида хабардор қилиши шарт. Хабарномалар мижозларга шахсан топширилади, почта ёки электрон ёки бошқа алоқа воситалари орқали юборилиши мумкин. Хабарномани олиш усули мижоз томонидан мустақил равишда танланади ва банк ҳисобварағи ёки омонати шартномасида кўрсатилади.

Бешинчидан, жисмоний шахслар ва юридик шахслар банкнинг мансабдор шахслари шахсий қабулига ёзилиш учун ёзма равишда мурожаат қилган тақдирда, ушбу мурожаатлар келиб тушган санадан бошлаб 7 кундан кечиктирмасдан қабул санаси ва вақти кўрсатилган ҳолда қабул белгиланганлиги, қабулни амалга оширадиган масъул ходимнинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими кўрсатилган ҳолда хабарнома юборилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 22.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 821 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика