Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 49 / Парламент хабарлари

Сенат Ўзбекистоннинг 2020 йилга Давлат бюджетини маъқуллади

 

Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида 19 та масала, шу жумладан 10 та қонун кўриб чиқилди. Хусусан, сенаторлар «2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунни маъқулладилар. Мамлакатимизнинг асосий молиявий ҳужжати илк бор қонун шаклида қабул қилинмоқда.

 

2020 йилда ЯИМнинг 5,5 фоизга, саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 6,5 фоизга, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг 4 фоизга, капитал қўйилмалар ҳажмининг камида 10 фоизга, чакана савдо айланмасининг 5,6 фоизга, хизмат кўрсатиш ҳажмининг 5,7 фоизга ўсиши прогноз қилинди.

2020 йилда ижтимоий соҳани молиялаштириш кучайтирилади. Бу йилги кўрсаткичларга нисбатан соғлиқни сақлаш тизимига сарфланадиган харажатлар 18 фоизга, таълимга сарфланадиган харажатлар 10 фоизга, илм-фанни ривожлантиришга сарфланадиган харажатлар 47 фоизга ошади.

Таълим, тиббиёт, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инфратузилмани яхшилаш ва бошқа йўналишлар бўйича қарийб 100 та мақсадли дастурни амалга ошириш режалаштирилган.

Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси Давлат бюджети маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланишда иштирок этади. Давлат бюджети маблағларини шакллантиришда солиқ тўловчи сифатида, улардан фойдаланишда давлат томонидан тақдим этиладиган қулайликлар ва хизматларнинг истеъмолчиси сифатида иштирок этади.

2019 йилдан бошлаб фуқаролар туманлар (шаҳарлар) бюджетларининг қўшимча манбалари ҳисобига молиялаштириладиган тадбирларни белгилашда иштирок этиши мумкин. Бу мақсадларга туман ёки шаҳар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи йўналтирилади.

Парламент аъзолари қуйидаги қонунларни кўриб чиқишди ва маъқуллашди:

«Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Қонуннинг мақсади бюджет маълумотлари очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш, бюджет маблағлари шаклланиши ва сарфланиши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтиришдир. Қонун Ўзбекистон Республикасининг 3 та қонуни ва 1 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларини тасдиқлаш тартиби жорий этилиши муносабати билан Қонунда «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг Регламенти тўғрисида»ги ва «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Регламенти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига кейинги йилга мўлжалланган Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети тўғрисидаги қонун лойиҳасини кўриб чиқиш ҳамда унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тартиби ва муддатларини назарда тутувчи ўзгартиш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Бюджет кодекси янги тушунчалар билан тўлдирилмоқда, унга Вазирлар Маҳкамаси, Ҳисоб палатаси, Молия вазирлиги бюджет ваколатларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Бундан ташқари, «Парламент назорати тўғрисида»ги Қонунга киритилаётган ўзгартишга кўра Давлат бюджети тўғрисидаги қонунни ижро этиш жараёнини кўриб чиқиш парламент назоратининг шаклларидан бири ҳисобланади.

Амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар натижасида 2019 йилнинг 9 ойи давомида ялпи ички маҳсулот ўтган йилнинг шундай даврига нисбатан 5,7 фоизга ўсди. Бу даврда жалб қилинган инвестициялар ҳажми 46,0 фоизга, қурилиш ишлари ҳажми 19,3 фоизга ошди. Ўзлаштирилган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 3,6 млрд АҚШ долларини ташкил этди;

янги таҳрирдаги «Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида»ги Қонунда  Вазирлар Маҳкамасининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи, унинг фаолиятини режалаштириш ва баҳолаш, Вазирлар Маҳкамасига масалалар киритиш ва кўриб чиқиш тартиби, Вазирлар Маҳкамаси ва унинг Раёсати мажлисларида кўриб чиқиладиган умумий масалалар, бу масалаларда қарорлар қабул қилиш, Вазирлар Маҳкамаси ҳужжатлари турлари мустаҳкамланмоқда. Вазирлар Маҳкамасининг Президент ва Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси, суд ҳокимияти органлари билан ўзаро муносабатларига аниқлик киритилмоқда;

«Волонтёрлик фаолияти тўғрисида». Қонунда волонтёрлик фаолияти соҳасида юзага келадиган ижтимоий муносабатлар тизимини белгилаш, нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолияти самарадорлигини ошириш, мамлакатда фуқаролик жамиятини ривожлантиришни давом эттириш, шунингдек ҳозирги замон шароитларида волонтёрлик фаолияти самарали амалга оширилиши ва ривожланишини таъминлайдиган қонунчилик асосларини такомиллаштириш назарда тутилган;

«Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги. Қонун билан банкротлик тўғрисидаги қонун ҳужжатларидаги атамаларни умумқабул қилинган станлартларга мувофиқлаштиришни, шунингдек банкротлик тартиб-таомиллари ҳар бир босқичи ўтиши муддатларини мақбуллаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда. Шу билан бирга, Қонун қарздорнинг банкротлик аломатлари тушунчасини кенг ёритиб бериш, жумладан, мажбуриятларни бажариш муддатларини ва шаҳарни ташкил этувчи корхонага ҳамда унга тенглаштирилган корхонага қўйилган талаблар миқдорини, шунингдек қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан талаблар миқдорини белгилашни назарда тутувчи нормалар билан тўлдирилмоқда;

«Касаба уюшмалари тўғрисида»ги, «Меҳнатга ҳақ тўлаш, пенсиялар ва бошқа тўловлар миқдорларини аниқлаш тартиби такомиллаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги;

«Бола ҳуқуқларининг кафолатлари янада кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги. Қонуннинг мақсади болалар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятни таъминлашнинг ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштиришдан иборат;

«Тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги.

Фуқаролик кодексига ва «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Фермер хўжалиги тўғрисида»ги, «Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги қонунларга норма киритилмоқда. Унга кўра рўйхатдан ўтказувчи органнинг қарорига кўра жамиятни тугатиш ушбу жамият молия-хўжалик фаолияти амалга оширилмаганлиги сабабли белгиланган тартибда ҳаракатсиз ҳолатга ўтказилган пайтдан эътиборан уч йил ичида унинг фаолияти тикланмаган тақдирда амалга оширилади.

Солиқ кодексига қўшилаётган нормага кўра тадбиркорлик субъекти ихтиёрий равишда тугатилаётганда молия-хўжалик фаолияти текшируви солиқ тўловчи фаолиятининг бевосита текширув ўтказилаётган йилдан олдинги кўпи билан уч календарь йилни қамраб олиши мумкин. Қонун қабул қилиниши тадбиркорлик субъектларини тугатиш тартибини соддалаштиришга ва шаффофлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланди.

Сўнгра сенаторлар Давлат божхона хизмати органлари томонидан қонун ҳужжатларининг ижро этилиши ҳолати ва Тошкент вилоятидаги чегара божхона постлари фаолиятини ўрганиш натижаси юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масалани кўриб чиқдилар. Давлат божхона хизмати органларида қонун ҳужжатлари ижроси ҳолатини ўрганишда қатор муаммоли масалалар аниқланганлиги, шу туфайли мазкур парламент сўровини юбориш зарурати юзага келганлиги таъкидланди. Бу масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Олий Мажлис Сенати аъзолари Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркибига ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги масалани ҳам кўриб чиқдилар. Ялпи мажлисда парламент юқори палатасининг ваколатига кирувчи бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди. Барча муҳокама этилган масалалар юзасидан Сенатнинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма тўртинчи ялпи мажлиси ўз ишини якунлади.

 

Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати материали асосида.

 

Прочитано: 924 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика