Ҳаётий воқеалар асосига қурилган Ларри Фергюсоннинг «Beyond the Law» («Қонун чегарасидан ташқарида») Голливуд фильми бугунги кунда ҳам долзарблигини йўқотмаган. Чарли Шин актёрлик маҳорати билан экранда қонунга итоаткор полициячининг қай тарзда «қонун чегарасидан ташқарига» чиқиб, ашаддий жиноятчига айланиб қолганини кўрсатган эди.
Машҳур киноперсонажга ўхшаб, айрим фазилатли кишилар ҳам оқибат-натижасини ўйламай-нетмай, чегарадан чиққан ҳоллар учраб туради.
Олтин-кумуш тоғлари
Президентнинг «Жисмоний шахслар томонидан божхона чегараси орқали товарларни олиб ўтилишини янада тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори (6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон) билан фуқаролар учун божхона тартиб-таомиллари бирмунча соддалаштирилган эди. Янги қоидалар мамлакат чегарасини кесиб ўтаётганда кўплаб расмиятчиликлардан воз кечишга имкон берди. Жисмоний шахсларга божхона тўловлари ундирилмайдиган айрим турдаги товарларни республикага олиб киришнинг чекланган меъёрлари кенгайтириб берилди.
Мазкур қарор туфайли ўзбекистонликлар шахсий эҳтиёждаги товарларни божхонада декларациялашнинг бир дунё тартиб-таомилларисиз олиб кириш ва олиб чиқиш имкониятига эга бўлдилар. Хусусан, 65 граммгача бўлган қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини олиб киришга рухсат этилди. Лекин туризм, саёҳат, бизнес учун яратилган қулай шарт-шароитларга қарамай ҳам қонунчилик ва ҳалоллик чегараларидан ўтган ҳолда бойиб кетишга ҳирс қўйганлар топилар экан.
Гўзалникида (мақоладаги исм-шарифлар ўзгартирилган – таҳр. изоҳи) тўй кутилаётгани сабабли унинг сарпо-суруғини янгилаш зарурати туғилиб қолди. Бундан ташқари, келинга алоҳида сеп тайёрлаш керак. Навбатдаги таътили келганида Гўзал Туркиядаги опасиникига бориб, сарполарни ўша ердан олиб келишни мўлжаллади.
Истанбулда янги кийим-бош ва тақинчоқларни харид қилаётганда нарх-навонинг арзонлиги Гўзални хурсанд қилди. У узоқ ўйлаб ўтирмай, кейинчалик юртимда сотиб юборарман, деган мақсадда ўнгу сўлига қарамай тилла буюмларни сотиб олаверди.
Лекин Тошкентдаги халқаро аэропортга келганда божхона хизмати ходимлари пухта ўраб жойлаштирилган заргарлик буюмларини (200 граммдан ортиқ) фош этишди ва олиб қўйишди. Қонунчиликда олиб киришга рухсат этилган 65 грамм тақинчоқлар эгасига қайтарилди. Меъёрдан ортиқча бўлган 135 граммдан оғир буюмлар эса криминалистик экспертизага юборилди. Экспертиза уларнинг 585 намунасидаги олтиндан ишлаб чиқилган ўнлаб узук, сирға ва занжирлар эканлигини аниқлади. Қонунбузар Гўзални тартиб-қоидага риоя этмаганлиги учун қатъий жавобгарлик кутар эди.
Қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмларини ноқонуний олиб кириш билан боғлиқ қоидабузарлик далиллари бўйича одатда криминалистик экспертиза тайинланади. Мазкур эксперт тадқиқоти доирасида муайян металл предметларидан тайёрланган қотишмаларнинг таркиби аниқланади. Одатга кўра экспертиза давомида ишлаб чиқарувчи томонидан заргарлик буюмларини тамғалашда босилган олтиннинг намунаси тасдиқланади.
Бироқ эксперт амалиётида фуқаролар олтин ва кумушдан эмас, балки мис ва рухдан тайёрланган арзон-гаров қотишмалар асосидаги қалбаки заргарлик буюмларини мамлакатимизга олиб кирган ҳоллар учраб туради. Бундай буюмлар бенуқсон дизайни, намунасининг белгиси («585», «925», «750») билан аслидан ҳеч ҳам фарқ қилмайди. Қалбаки «тарақ-туруқлар»нинг божхона хизмати ходимлари томонидан олиб қўйилиши оддий истеъмолчиларни сифатсиз маҳсулотларнинг қурбони бўлиб қолишдан сақлайди, мамлакатимиз ички бозорини уддабурон-тадбиркорлардан ҳимоя қилади.
Парвознинг инқирози
«Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуннинг қабул қилиниши билан порахўрлик, бюджет маблағларини талон-торож қилиш, фирибгарлик, тамагирлик ва бошқа коррупцион жиноятларга қарши курашишнинг янги босқичи бошлаб берилди. Ижтимоий ҳаётнинг турли жабҳаларида коррупция далилларини аниқлаш ва чек қўйиш бўйича муттасил чоралар кўриб борилмоқда.
Президентнинг «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонига (27.05.2019 йилдаги ПФ-5729-сон) биноан давлат ҳокимиятининг турли поғоналарида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия ва қўмиталарни тузиш назарда тутилди. Ҳужжатда умумий ўрта, ўрта махсус, касб-ҳунар таълими ва олий таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий таълим бериш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш белгиланган. Ташвиқот ишлари коррупциянинг бутун қўпорувчи кучини англаб етишга қодир бўлган ёш кадрларни тайёрлашга қаратилган. Амалий экспертизанинг кўрсатишича, бир марта олинган пора муваффақиятли карьерани, оилани барбод қилиши, аъло баҳоларга ўқилган ўнлаб йилларга ва кўп йиллик меҳнат фаолиятига доғ тушириши мумкин.
Рустам табиатан фазилатли йигит чиқиб қолди: ўткир ақли, фаҳм-фаросати, қувноқлиги ва хушфеъллиги билан ажралиб турарди. Ота-онасининг ундан кўнгли тўқ, ўқитувчилари йигитнинг порлоқ келажагига ишонишар эди. У доимо мактабда тиришқоқлик билан ўқиди. Олий ўқув даргоҳини тугатгандан кейин ўз университетида қолди, кўп ўтмай, бу ерда раҳбарлик лавозимини эгаллади, уйланишни режалаштирди.
Ёзнинг иссиқ кунларидан бирида тоғда дам олар экан, Рустам таваллуд кунини нишонлади. Ҳамкасби университетга кириш имтиҳонларида ўзининг қариндошига ёрдам бериб юборишини сўраб Рустамга мурожаат қилди. Кириш имтиҳонида ёрдам бергани учун мўмайгина пул ҳам ваъда қилди. Аввалига Рустам қатъий рад этди, лекин қайсар ҳамкасби «гонорар» миқдорини оширган ҳолда ўз илтимосида қаттиқ туриб олди. Қонунбузарлик қилишни истамас эди-ю, лекин ваъда қилинаётган маблағ олдинда турган тўй-ҳашамга яраб қолиши мумкин эди-да.
Ҳамкасбининг нақ икки ҳафталик тихирлигидан кейин виждон амрини четга суриб қўйиб, Рустам розилик билдирди. Пулни унга иш кабинетида узатишди. Бир дақиқа ўтмасдан кабинетга ҳуқуқ-тартибот ходимлари кириб, унинг қўлига кишан тақишганида у нималар бўлаётганини ҳали тўлиқ англаб етишга улгурмади ҳам. Буёғи худди тушдагидек бошланиб кетди – сўроқ қилишлар, суд, онайи зорнинг йиғиси, отасининг гунг бўлиб қолиши, оғир ҳукм ва йигитнинг эркин ҳаётига нуқта қўйилди.
Коррупцион жиноятларга қарши курашишда махсус кукун ва маркерларнинг криминалистик экспертизаси муҳим ўрин тутади. Пора, тамагирлик бўйича жиноий ишларда ушбу турдаги тадқиқотларнинг асосий объекти бўлиб қалам билан алоҳида белги қўйилган пул белгилари ҳисобланади.
Пул купюраларига босилган ёзувларни оддий кўз билан илғаб бўлмайди, лекин уларни эксперт тадқиқотида бемалол кўриш мумкин. Жиноят устида ушланганда кимёвий моддаларнинг излари жиноий ишни тергов қилишда ишончли тасдиқ ролини бажаради.
Кишиларни пиво эмас, ҳирс ва очкўзлик барбод қилади
Кучли спиртли ичимликларни уйда тайёрлаш, сақлаш ва сотиш – узоқ вақт давомида жиноят қонунчилигига кўра таъқиб қилинган ҳуқуқбузарлик тоифасига киради. Бундай ишлар тергов қилинганда таркибида спирт бўлган суюқликлар криминалистик экспертизадан ўтказилади ва бу орқали алкоголли ичимликнинг табиати ва номи аниқланади.
Ҳозирги вақтда кучли спиртли ичимликларни уй шароитида тайёрлаш, шунингдек этил спиртини ишлаб чиқариш ва унинг муомаласи жиноий жиноятдан маъмурий жиноят тоифасига ўтказилган. Фақатгина такрорий ёки йирик миқдорда ёхуд бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган қоидабузарлик жиноий жазога тортилиши мумкин. Қонун ҳужжатларининг либераллаштирилиши нима бўлганда ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан алкоголли маҳсулотнинг ноқонуний тайёрланганлиги учун барча аниқланган ҳолатларни жавобгарликдан озод этмайди.
Афсуски, эксперт амалиётида бундай ҳоллар тез-тез учраб туради. Одамлар билибми ё билмайми, кучли спиртли ичимликларни уй шароитида ишлаб чиқараверадилар, лекин бир кун келиб назорат органлари бу ҳақда хабар топадилар албатта.
Қўлга тушгандагина кўплаб хонаки тадбиркорлар учун тақиқланган алкоголли маҳсулотларни ноқонуний ишлаб чиқариш мумкин эмаслиги маълум бўлиб қолади.
Ҳаваскор виночилар таркибида 18 фоиздан ортиқ этил спирти бўлган барча ичимликлар саноат ёки уй шароитида ишлаб чиқарилган кучли спиртли ичимликлар жумласига киритилганини билишлари лозим. Самогон (қўлбола ароқ), брага (хонаки пиво), чача, ароқ, тутдан тайёрланган ароқ ва уйда тайёрланган бошқа алкоголли маҳсулотлар шу тоифага киритилган. Шунинг учун янги пайдо бўлган шаробфурушларнинг бир қарашда беозор туюлган хонаки ичимликларни тайёрлаш орқали мўмай даромадга эга бўлиш истаклари охир-оқибатда катта миқдордаги жарималарга тортиш билан якун топмоқда.
Руқия Аҳмедова, Надежда Кораблёва, Эллеонора Пак,
Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертизаси маркази давлат суд экспертлари.