Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 47 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Марказий банк тўғрисида янги қонун

 

«Марказий банк тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳрири эълон қилинди (11.11.2019 йилдаги ЎРҚ-582-сон Қонун).

 

Ҳужжат эски таҳририда 1995 йилдан буён, деярли 24 йил амал қилган. 2018 йилнинг январь ойида қатор тизимли муаммолар: МБнинг мавжуд бошқарув ва риск-менежмент сифатига таъсир қилиш механизмларининг такомиллашмаганлиги, банк фаолиятига маъмурий аралашув, банк назоратини амалга оширишдаги қийинчиликлар боис Марказий банкда ислоҳотлар бошланди.

Президентнинг 9.01.2018 йилдаги ПФ-5296-сон Фармони билан регулятор фаолиятининг стратегик мақсадли йўналишлари қайд этилган эди: нархлар барқарорлиги, банк тизими барқарорлиги ва ривожланиши, тўлов тизими барқарорлиги ва ривожланишини таъминлаш. Фармонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида унинг фаолиятининг устувор йўналишлари белгиланди. МБга кўпроқ мустақиллик бериш мақсадида у Ҳукумат мутасаддилик қиладиган органлар рўйхатидан чиқарилди.

Марказий банк тўғрисидаги янги қонун ҳужжати «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги, «Валютани тартибга солиш тўғрисида»ги ва «Тўловлар ва тўлов тизимлари тўғрисида»ги қонунлар тўпламида қабул қилинди ҳамда улар билан комплексда кўриб чиқилиши керак. Ушбу ҳужжатларда такрорий нормалар, хусусан, МБнинг назорат ва бошқарув ваколатлари ҳамда унинг банк сектори ва тўловлар соҳасидаги функциялари, шу жумладан у томондан кўриладиган чоралар ва санкцияларга тааллуқли бир-бирини такрорловчи нормалар талайгина. Марказий банкнинг пул-кредит сиёсати, мамлакатда тўловларни амалга ошириш, валютани тартибга солиш ва назорат қилиш тўғрисидаги боблар бир-бирига мазмун жиҳатдан яқин.

Санаб ўтилган ҳужжатлар каби МБ тўғрисидаги қонуннинг янги таҳрири ҳам батафсиллаштириш ва аниқлаштириш даражаси, ҳаволаки ва бланкет нормаларни камайтиришга тўғридан-тўғри ҳаракат қилиниши билан фарқланади. Масалан, унда регуляторнинг кредит ташкилотлари билан ўзаро муносабатлари ва уларнинг хизматларидан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш чоралари очиб берилган.

Бир қатор нормалар МБ ходимларига тааллуқлидир. Улар бошқа ҳақ тўланадиган фаолият (илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари) билан шуғулланиши, банкнинг бошқарув органларига ва бошқа тижорий тузилмаларга кириши тақиқланган, хизматга доир маълумотларни сир сақлашга мажбурлар. Ходимлар тадбиркорлик субъектларининг, шу жумладан кредит ва тўлов ташкилотлари, тўлов тизими операторлари, валюта биржалари, кредит бюролари, банк хизматлари аутсорсерлари ва консолидациялашган назорат остида бўладиган субъектларнинг молиявий-хўжалик фаолиятини текширишларда иштирок этмайдилар.

МБ ходимлари ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилиниши кафолатланган – улар ўз лавозим мажбуриятларини инсофсизлик билан бажарганлиги учун жавобгар бўладилар. Марказий банк ходимларнинг фаолияти юзасидан олиб бориладиган суд ишларида, энди банкда ишламаётган бўлсалар ҳам уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш харажатларини ўз зиммасига олади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Утилизация йиғимини ундириш 3 ойдан кейин бошланади

 

14.11.2019 йилдаги ЎРҚ-584-сон Қонун билан «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида» ва «Чиқиндилар тўғрисида»ги қонунларга тузатишлар киритилди.

 

Утилизация йиғими ғилдиракли транспорт воситалари, ўзиюрар машиналар ва уларнинг тиркамаларидан ундирилади. Бу, бир тарафдан, экологик хавфсизликни таъминлаши, фуқаролар соғлиғини ва атроф-муҳитни транспорт ўз истеъмол хусусиятларини йўқотганидан кейин ҳосил бўладиган чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиши лозим. Бошқа тарафдан, «транспорт» чиқиндилари борасидаги ишларга доир муносабатлар инфратузилмасини ташкил этиш харажатларини молиялаштириш учун манба пайдо бўлади.

Йиғим миқдорлари, ундириладиган объектлар тури ва тоифалари, шунингдек уни тўлаш, қайтариш ва ундан фойдаланиш тартиби кейинроқ қонуности ҳужжатларида белгиланади.

Йиғим қуйидагилар томонидан ундирилади:

♦ Давлат божхона қўмитаси томонидан – йиғим ундириладиган объектлар «Эркин муомалага чиқариш (импорт)» божхона режимига жойлаштирилганда;

♦ Давлат солиқ қўмитаси томонидан – улар ишлаб чиқарилганда, йиғилганда ва тайёрланганда.

Давлат экология қўмитасининг маълумотларига кўра, Ўзбекистонга енгил машиналарни импорт қилиш ҳажми бир йилда ўртача 17,5 минг бирликни ташкил этади. Ҳар йили транспортлар томонидан атмосферага зарарли моддаларнинг чиқарилиш ҳажми 1,560 минг тоннани ташкил этади.

Шунингдек идора техник жиҳатдан носоз автомобиллардан фойдаланиш муаммоларига эътиборни қаратди. Масалан, 2018 йилда 2,8 млн транспорт воситалари техник кўрикдан ўтказилганда мажбурий хавфсизлик талабларига риоя этилмаган 1 млн ҳолат аниқланган, 24 818 бирлик кейинчалик фойдаланиш учун яроқсиз бўлганлиги туфайли ҳисобдан чиқарилган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 15.11.2019 йилда эълон қилинган ва 16.02.2020 йилдан кучга киради. 

 

 

 

Қум-шағални лицензиясиз қазиб олиш мумкин

 

Президентнинг 12.11.2019 йилдаги ПҚ-4518-сон қарори билан дарёлар ўзанлари ва қирғоқбўйи минтақаларида қум-шағал материалларини қазиб олиш тартиби соддалаштирилди.  

 

Умумий қоидага кўра, кўрсатилган участкаларда норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш қатъий лицензияга мувофиқ амалга оширилар эди (Низом, ВМнинг 12.06.2018 йилдаги 443-сон қарори билан тасдиқланган). Бунинг учун энди лицензия талаб этилмайди.

Шу боис дарё ўзанларида қум-шағал материалларини қазиб олиш учун лицензияларни энди узайтириш ёки қайта расмийлаштириш лозим эмас. Амалдагилари эса уларнинг муддати тугагунга қадар кучда бўлади, башарти ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқи чекланмаса, тўхтатиб турилмаса ёки тугатилмаса.

Бунда дарёлар ўзанларида қум-шағал материалларини фақат уларни тозалаш жараёнида қазиб олиш мумкин ва ФВВ ҳузуридаги «Хавфсиз дарё» ДУК томонидан шартнома асосида жалб этилган тадбиркорлик субъектлари ва бошқа ташкилотларга рухсат берилган.

Дарё ўзанларида ва қирғоқбўйи минтақаларидаги истиқболли участкаларда геологик ўрганиш учун 2019 йил 1 июль кунига қадар лицензиялар олган тадбиркорлик субъектлари, истисно тариқасида, «Xавфсиз дарё» ДУК билан қум-шағал материалларини қазиб олиш юзасидан тўғридан-тўғри шартнома тузишлари мумкин. Қолган ҳолларда танлаш «Е-Ijro Auksion»да танлов асосида электрон савдолар орқали амалга оширилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Маиший чиқиндилар қандай ташилади

 

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан Маиший чиқиндиларни ташиш қоидалари тасдиқланди (АВ томонидан 8.11.2019 йилда 3195-сон билан рўйхатдан ўтказилган).

 

Ҳужжат 2019-2028 йиллар даврида Ўзбекистон Республикасида қаттиқ маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш стратегияси (17.04.2019 йилдаги ПҚ-4291-сон қарорга 1-илова) доирасида ва Вазирлар Маҳкамасининг «Чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (6.02.2019 йилдаги 95-сон) ижроси юзасидан қабул қилинган.

 

Маълумот учун:

қаттиқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи органик ва ноорганик чиқиндилар, шунингдек уларнинг ҳудудида ва ободонлаштириш объектларидаги табиий жараёнлар натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (озиқ-овқат ва ўсимлик чиқиндилари, тўқимачилик маҳсулотлари, ўраш-жойлаш (қадоқлаш) материаллари, шиша, резина, қоғоз, пластмасса, ёғоч чиқиндилари, ўзининг фойдаланиш хусусиятларини йўқотган уй-рўзғор буюмлари, супуринди, шунингдек қаттиқ ёқилғида ишловчи маиший печкалар ва иситиш буғқозонларидан фойдаланиш натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар);

суюқ маиший чиқиндилар - жисмоний шахсларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда юридик шахсларнинг фаолияти натижасида ҳосил бўлувчи чиқиндилар (оқова сувлар, чиқинди тўкиладиган ўралар ва септикларда йиғилган турли хил суюқ чиқиндилар, ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган ювинди чиқиндилари, марказлашмаган канализациянинг нажас чиқиндилари);

йирик габаритли маиший чиқиндилар - жисмоний ва маънавий жиҳатдан эскирган мебеллар, маиший техникалар (совуткичлар, кир ювиш машиналари, телевизорлар ва шу кабилар), ташкилий техникалар (компьютерлар, принтерлар ва шу кабилар), техник ускуналар, автотранспорт воситаларини алмаштириш натижасида ҳосил бўладиган қаттиқ маиший чиқиндилар, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришда ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва ўлчамлари бўйича 0,75 куб м ҳажмли контейнерларга жойлаштиришнинг имкони бўлмаган қурилиш чиқиндилари.

 

Маиший чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш режали (жадвалга асосан) ёки режадан ташқари (истеъмолчи буюртмасига асосан, алоҳида тўлов эвазига) бўлиши мумкин. Режадан ташқари тартибда суюқ ва йирик габаритли маиший чиқиндилар, чорвачилик, қурилиш чиқиндилари, тупроқ, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар (дарахт ва бута шох-шаббалари, кесиш ишлари қолдиқлари, барглар ва бошқалар) ва смётни олиб чиқиб кетиш амалга оширилади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот қаттиқ маиший чиқиндиларнинг узлуксиз олиб чиқиб кетилишини ташкил этиш мақсадида:

♦ ихтисослаштирилган транспортнинг ҳаракат йўналишларини белгилайди;

♦ ихтисослаштирилган транспортнинг экипажига хавфсизлик техникаси, саноат ва ёнғин хавфсизлиги, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари, шунингдек экологик назорат бўйича йўриқнома ва тушунтиришлар беради;

♦ ишчи ходимларни махсус кийим-бош, махсус пойабзал ҳамда бошқа жамоавий, шахсий ҳимоя ва гигиена воситалари билан таъминлайди;

♦ ҚМЧни олиб чиқиб кетиш бўйича йўналиш чизмаси ва жадвалига риоя қилиниши юзасидан мониторингни амалга оширади.

Ихтисослаштирилган транспорт йўналиш чизмаси ва ҳаракат жадвалини ишлаб чиқишда қуйидагилар инобатга олинади:

♦ ихтисослаштирилган транспорт воситаларида ҳаракатланишда йўлдан ва юк кўтариш имкониятидан унумли фойдаланиш коэффициентининг максимал даражасига эришиш;

♦ қаттиқ маиший чиқиндиларни транспорт ҳаракати серқатнов бўлган кўчалардан олиб чиқиб кетиш сутканинг тунги пайтларида амалга оширилиши;

♦ турар жой ва нотурар жой объектлар йўналишларини бирлаштириш;

♦ қайта юклаш ёки зарарсизлантириш объектларига олиб борувчи ҳар бир йўналишни имкон қадар мақбул йўллар бўйича белгилаш.

Қаттиқ маиший чиқиндилар ихтисослаштирилган транспорт воситаларида ташилади, йирик габаритли маиший ва қурилиш чиқиндилари, шунингдек дарахт ва буталарни кесиш ҳамда агротехник ишлов беришдан ҳосил бўладиган чиқиндилар бундан мустасно. Ихтисослаштирилган транспортга бўшатиш техник механизмлар (манипуляторлар) ёки зарурат бўлганда экипаж аъзолари томонидан қўл кучи билан амалга оширилади. Контейнерлар тўлиқ, қолдиқсиз тозалангандан кейин санитария талабларига мувофиқ дезинфекция қилиниши керак.

Ихтисослаштирилган транспорт воситаларининг ҳар бир қатнови тўғрисидаги маълумотлар ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади.

Суюқ маиший чиқиндиларни бўшатиш ва ташиш шу мақсадлар учун мўлжалланган ихтисослаштирилган транспорт воситасида (ассенизация транспорт воситасида) амалга оширилади. Бунда техника хавфсизлиги қоидаларига алоҳида эътибор берилиши лозим: транспорт воситаси ва экипаж аъзосининг чиқинди йиғиладиган ўрага хавфсиз яқинлашиш масофаси, ҳимоя воситаларидан (респираторлардан) фойдаланиш, қўл тормози ва тормоз мосламаларидан фойдаланиш, шланглар, насослар, бошқа техника ва ёндош ҳудудни тозалаш. Суюқ маиший чиқиндиларни бу мақсадлар учун мўлжалланмаган ва носоз транспортда ташиш тақиқланади.

Махсус ажратилган майдончаларда тўпланган йирик габаритли маиший чиқиндилар уларнинг тўпланиш меъёрларига мувофиқ, бироқ ҳар ойда камида 2 марта олиб чиқиб кетилиши зарур.

Полигон ҳудудига кираётган ва чиқиб кетаётган ихтисослаштирилган транспорт воситалари кириш/чиқиш пунктида махсус назорат-дезинфекция ҳудудидан ўтади, оғирлиги тарозида юк билан ва юксиз тортилади. Маълумотлар йўл варақалари ҳамда ип ўтказиб тикилган журналда ёки электрон шаклда қайд этиб борилади. Экипаж юкловчиларининг полигон ҳудудига киришлари тақиқланади, улар транспорт воситасининг қайтишини полигоннинг маиший хоналарида кутишади.

Хизмат кўрсатувчи ташкилот маиший чиқиндиларни ташишда атроф муҳитнинг чиқиндилар билан ифлосланишини олдини олиш чораларини кўриши зарур. Маиший чиқиндиларни аҳоли яшаш пунктлари ерларига, табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш, рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларга ва тарихий-маданий аҳамиятга молик ерларга, фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига, шунингдек табиатни муҳофаза қилиш объектларига ҳамда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларга зарар етказиш таҳдиди келиб чиқиши мумкин бўлган бошқа жойларга кўмиб ташлаш тақиқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлар маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 8.11.2019 йилдан кучга кирди.

 

Анвар Иркаходжаев, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 749 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика