Газ таъминоти ташкилоти хусусий шахс билан газ таъминоти шартномасини тузишни таклиф этмоқда. Уйнинг газ лойиҳасини тақдим этишни талаб қилмоқда, акс ҳолда шартнома тузишдан бош тортмоқда. Бундан ташқари, газдан қарзимиз йўқлиги ҳақида маълумотнома бермаяпти.
Газ таъминоти ташкилоти тўғри иш қилаяптими?
Қарз йўқлиги ҳақида маълумотнома беришдан бош тортишга ҳақлими?
– Ҳа, газ таъминоти ташкилоти тўғри иш қилаяпти.
Истеъмолчини газ билан таъминлаш имкониятини кўриб чиқиш учун у газ таъминоти ташкилотига ёзма ёки электрон шаклда ариза тақдим этиши зарур. У 3 иш куни мобайнида ташкилотнинг мутахассислари томонидан жойларга чиқиб ўрганилади. Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, истеъмолчига ички газ қувурлари, газда ишлайдиган асбоблар (тури ва сони) ҳамда табиий газ истеъмолини ҳисобга олиш асбобларига қўйилган талабларни ўз ичига олган газлаштириш техник шартлари берилади (Қоидаларнинг 12-банди, ВМнинг 12.01.2018 йилдаги 22-сон қарорига 2-илова).
Газлаштириш лойиҳаси мазкур фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқига эга бўлган лойиҳа ташкилотлари (масалан, «Ўзгазлойиҳа» МЧЖ) томонидан газлаштириш техник шартлари асосида ишлаб чиқилади (Қоидаларнинг 13-банди). Газлаштириш лойиҳаси, унга доир қурилиш-монтаж ишлари истеъмолчи томонидан газ таъминоти ташкилоти иштирокисиз амалга оширилади (Қоидаларнинг 14–17-бандлари). Газ таъминоти ташкилоти ўз навбатида фойдаланишга қабул қилиш ва ишга тушириш-созлаш ишларини амалга оширади (Қоидаларнинг 18-банди). Истеъмолчига кўрсатмалар берилганидан сўнг табиий газни етказиб бериш шартномаси тузилади (Қоидаларнинг 19-банди).
Газ таъминоти ташкилоти қарзингиз йўқлиги ҳақида маълумотнома бера олмайди, сабаби шартнома тузилмаган, бинобарин, ташкилот истеъмолчи олдида мажбуриятга эга эмас.
Альберт Сафин, «Norma» МЧЖ эксперти.