Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 21 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Цемент бўйича божхона имтиёзи 1 октябрдан бекор қилинади

 

2020 йил 1 январга қадар муддатга импорт қилишда божхона тўловларини тўлаш бўйича имтиёз бериладиган (божхона расмийлаштируви учун йиғимлар бундан мустасно) маҳсулот, хом ашё ва материаллар рўйхатига ўзгартиришлар киритилди (13.05.2019 йилдаги ПФ-5715-сон Фармон).

 

Мазкур Рўйхат Президентнинг 17.01.2018 йилдаги ПҚ-3479-сон қарори билан тасдиқланган, шу тариқа, имтиёз 2018 йил 18 январдан қўлланади.

Божхона имтиёзи татбиқ этиладиган товарлар рўйхатида цемент, шу жумладан, цемент клинкери (ТИФ ТН коди 2523) мавжуд. 2019 йил 1 октябрдан цемент чиқариб ташланади, бироқ ушбу позицияда имтиёзлар цемент клинкерига нисбатан сақланиб қолади. 

Мазкур ҳолатда имтиёзлар асосий қурилиш материаллари, шу жумладан, цемент клинкери ва асбест импорт қилинишида ишлаб чиқарувчи корхоналарга ўзларининг ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун ҳам қўлланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 1.10.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Инвестиция дастури 3 йиллик даврга қабул қилинади

 

Президентнинг 14.05.2019 йилдаги ПФ-5717-сон Фармони билан Инвестиция дастурини шакллантириш ва амалга оширишнинг янги тизими жорий этилади. 

 

2020 йилдан бошлаб Инвестиция дастури уч йиллик даврга шакллантирилади. 2020-2022 йилларда Инвестиция дастури лойиҳаси жорий йилнинг 15 декабрига қадар тасдиқланиши лозим. Ҳужжат ҳар йили аниқлаштирилади ва асосий кўрсаткичлари янгиланади.

Жараёнда бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари, инвестициялар ва ташқи савдо, иқтисодиёт ва саноат, молия вазирликлари, ТИВ хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан биргаликда, шунингдек Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳузуридаги Лойиҳалар ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш маркази иштирок этади. Вазирлар Маҳкамаси ва Президентнинг иқтисодиёт соҳаларини ривожлантириш, инвестиция ва ташқи савдо сиёсатини амалга ошириш масалалари бўйича маслаҳатчиси бўлинмалари ишларни мувофиқлаштиради.

ЛБМА томонидан ишлаб чиқилган «Инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни назорат ва мониторинг қилиш» автоматлаштирилган ахборот тизими ҳам ишга туширилади. У Лойиҳа бошқаруви ягона миллий ахборот тизимининг бир қисми ҳисобланиб, унга инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга жалб қилинган барча иштирокчилар уланган. Дастурий маҳсулотни жорий этиш ва ундан фойдаланиш Регламенти бир ой муддатда қабул қилинади.

Давлат аппаратида ҳам айрим ўзгаришлар рўй берди. Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида қисқартирилаётган инфратузилмани ривожлантириш стратегияси ва ахборот-коммуникация технологиялари масалалари бўйича вазир ўринбосари ўрнига инвестиция дастурларини шакллантириш ва мониторинг қилиш масалалари бўйича вазир ўринбосари (бюджет тизимларининг бюджет қисмида) лавозими киритилади. Вазирлик ҳузурида эса Инфратузилмавий лойиҳалар таҳлили гуруҳи ташкил этилди. У марказлаштирилган манбалар ҳисобидан амалга оширилган инфратузилмавий лойиҳаларни комплекс таҳлил этиш, иқтисодий самарани баҳолаш, уларнинг иш юкламасини кўпайтириш ва самарасини ошириш чора-тадбирларини, шунингдек янги лойиҳалар бўйича аниқ таклифларни ишлаб чиқиш билан шуғулланади.

2019 йил 1 июлдан давлат органлари ва ташкилотларининг, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг раҳбарлари инвестиция лойиҳаларини сифатли ва ўз вақтида амалга оширганлик, тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга эришганлик учун 2 лавозим маошигача бўлган миқдорда бирйўла мукофотлаш тарзида рағбатлантирилади. Ушбу йўналишда қониқарсиз иш учун – интизомий чоралар кўрилади: ҳайфсан эълон қилиш, лавозим маошининг 50%игача миқдорида жарима солиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш (эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш).

Лойиҳаларни амалга ошириш гуруҳлари фаолият кўрсатишига ёндашув ўзгаради. Хусусан, уларнинг раҳбарлари ва ходимлари лойиҳа ташаббускорларининг тақдимномаси бўйича Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимдан озод қилинади. ЛАОГ раҳбарлари ҳисоботлари коллегиал асосда эшитилади.

2019 йил 1 июнга қадар халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокида инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш чоғида жалб этиладиган миллий консультантлар томонидан илгари амалга оширилган инвестиция лойиҳалари самарадорлигини баҳолашни инобатга олган ҳолда уларнинг маълумотлар базаси шакллантирилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 15.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Навоий вилояти ҳудуди – эркин иқтисодий зона

 

Президентнинг 15.05.2019 йилдаги ПФ-5719-сон Фармони билан Навоий вилояти ҳудуди 1.01.2030 йилга қадар (кейинчалик муддатини узайтириш имконияти билан) инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган ишлаб чиқаришлар учун эркин иқтисодий зона этиб белгиланди.

 

Навоий вилоятининг ҳудудий чегаралари ичида инвестиция дастурларини амалга ошираётган корхоналарга «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақоми берилади. Ишлаб чиқаришлар ҳудудда мавжуд бўлган ёки енгил барпо этиладиган инфратузилмаларда ихчам жойлаштирилади. Ўз зиммасига олган инвестиция мажбуриятларини бажармаган иштирокчилар билан инвестиция битимларини бекор қилиш, тўхтатиб туриш ва уларни мақомдан маҳрум этиш фақатгина суд тартибида амалга оширилади.

Навоий вилоятидаги Эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналари маъмурий кенгаши қандай лойиҳалар инновацион, юқори технологияларга асосланган, экспортга йўналтирилган ва импорт ўрнини босадиган лойиҳалар ҳисобланишини мустақил равишда белгилайди, «Навоий» ЭИЗ дирекциясининг ижобий хулосаси мавжуд бўлганда – уларга «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини тақдим этади. Белгилаш, танлаб олиш ҳамда қатнашчиларни рўйхатга олишнинг соддалаштирилган тартиби бир ой муддатда тасдиқланади.

«Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган Навоий вилоятидаги корхоналар Президентнинг 26.10.2016 йилдаги ПФ–4853-сон Фармони 3 ва ­4-бандларида белгиланган ҳажмда, тартибда ва муддатда солиқ ва божхона имтиёзларидан фойдаланадилар. Бунда ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун олиб кириладиган ускуналар, хом ашё, материаллар ҳамда бутловчи буюмларни божхона тўловларидан (божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этиш тарзидаги имтиёз улар учун мақсадли тусга эга. Бўшаб қоладиган маблағлар янги корхоналарни ташкил этиш: мавжуд ишлаб чиқаришларни модернизациялаш, реконструкция қилиш ва техник, технологик қайта жиҳозлаш, кенгайтириш, ишлаб чиқариш биноларини қуриш, ўз ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун зарур хом ашё ва материаллар харид қилишга, маҳсулот экспорт қилинганда вужудга келадиган қўшилган қиймат солиғининг манфий суммаси қайтарилмаслиги ҳуқуқи билан йўналтирилади.

Бундан ташқари, қуйидаги преференциялар назарда тутилган:

♦ «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга экспорт ва импорт қилинадиган товарлар учун ҳақ тўлаш ва ҳисоб-китобларнинг ўзи учун қулай шарт ва шаклларидан фойдаланишига рухсат этилади;

♦ «Навоий» ЭИЗ иштирокчиси мақомини олган хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан солиқ тўловчининг ҳолатини ёмонлаштирадиган солиқ қонунчилиги ҳужжатлари қўлланилмайди, акциз солиғига тортиладиган товарларга солиқ солишни тартибга солувчи ҳужжатлар бундан мустасно;

♦ 2019 йил 1 июндан бошлаб хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг таъсисчилари – «Навоий» ЭИЗ қатнашчилари ва уларнинг оила аъзоларига республика ҳудудидан чиқмасдан узайтириш имконияти билан, амал қилиш муддати 3 йилгача бўлган «инвестиция визаси» берилади.

«Навоий» ЭИЗ дирекцияси тузилмасида Экспортни қўллаб-қувватлаш маркази ташкил қилинади, у қатнашчиларга ўз маҳсулотларини экспорт қилишда кўмаклашади. Бу ерда маслаҳат, воситачилик хизматларини кўрсатиш, маркетинг тадқиқотларини ўтказиш мумкин бўлади ва ҳ.к.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Божхона имтиёзи учун – Кенгашга

 

Вазирлар Маҳкамасининг 15.05.2019 йилдаги 408-сон қарори билан Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Тариф ва нотариф тартибга солиш кенгаши тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Кенгаш 28.01.2019 йилдаги ПҚ-4135-сон қарорга асосан ташкил этилган. Бу коллегиал маслаҳат органи бўлиб, қуйидагилар унинг асосий вазифалари ҳисобланади:

♦ божхона божлари ставкаларини белгилаш ва ташқи савдо фаолиятини амалга оширишда нотариф тартибга солиш чора-тадбирларини қўллаш бўйича халқаро тажрибани ўрганиш ҳамда таклифларни ишлаб чиқиш;

♦ ички ва ташқи бозорларда юзага келаётган вазиятдан келиб чиқиб тариф ва нотариф тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш, шунингдек, божхона тўловлари бўйича амалдаги имтиёзлар тизимига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш бўйича таклифларни шакллантиришда иштирок этиш;

♦ ташки иқтисодий фаолиятнинг Товар номенклатураси ва товарларни таснифлаш қоидаларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш.

Кенгаш фаолиятининг асосий шакли йиғилиш ҳисобланиб, у ички ва ташқи бозорларда юзага келадиган вазиятлар таъсирига жавоб бериш зарур бўлган ҳолларда, бироқ 6 ойда камида 1 марта ўтказилади.

Кенгаш котибияти томонидан товарларга белгиланган божхона божи ставкаларини оптималлаштириш, божхона тўловлари бўйича имтиёзлар бериш ёки имтиёзларни бекор қилиш масалалари бўйича мурожаатлар белгиланган шаклда (ҳужжатга иловада келтирилган), тариф ва нотариф тартибга солишнинг бошқа масалалари бўйича мурожаатлар ихтиёрий шаклда қабул қилинади.

Мурожаатлар давлат тилида ва бошқа тилларда ёзма ёки электрон шаклда топширилиши мумкин. Улар тушган кундан бошлаб 15 кун ичида, агар уларни қўшимча ўрганиб чиқиш, қўшимча ҳужжатларни сўраш ёки Кенгаш аъзоларининг хулосасини тайёрлаш зарур бўлган тақдирда 1 ойгача бўлган муддатда кўриб чикилади. Қарор қабул қилинган кундан бошлаб 3 кун мобайнида манфаатдор субъектлар ва Кенгаш аъзоларини хабардор қиладилар.

Кенгаш қарори баённома шаклида расмийлаштирилади. Баённома раис ёки унинг ўринбосари ҳамда котиб томонидан имзоланади. У тегишли масалалар бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш учун асос бўлади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 642 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика