Norma.uz

Қўрғон подшоҳи

 

Мен подшоҳ бўлишга қизиқаман. Бу қизиқиш, биринчидан, ўқиган эртакларимдаги манзаралар орқали туғилган бўлса, иккинчидан, маҳалламиздаги Маҳамат бува (тўғриси Муҳаммад)ни фарзандлари қандай «осмонга кўтариб» юришганини кўрганимда пайдо бўлган.

 

Рамазон кунларида ифторлик қилинганда Маҳамат бува шоҳона безатилган курсида ўтирганини кўп кўрганман – фарзандлари у кишини уйнинг тўрига шундай ўтқизиб қўйишар эди. Меҳмондорчиликлар ғала-ғовурсиз ўтмаса-да, лекин гапиришга Маҳамат бува чоғланганда, ҳамма жим бўлиб қолар эди. У киши ҳикматли гапларни кўп айтарди, шунинг учун фарзандларига қўшилиб, биз – меҳмонлар ҳам сукут сақлаб, буванинг ўгитларини эшитар эдик.

Зангиота тумани Хонобод ҚФЙга қарашли Номданак маҳалласининг бу пурҳикмат қарияси оламдан ўтиб кетганига ўн йилдан ошди. У киши ўтирган шоҳона «тахт» ҳам ҳозир йўқ бўлиб кетгандир. Лекин отани эъзозлаш анъанаси бу хонадондан ўчгани йўқ. Маҳамат буванинг ўртанча ўғли Ғуломқодир Мансуров бугунги кунда ўз фарзандларининг ардоғида.

Шундай оилани кузата туриб, ҳалоллик, поклик, ҳикмат билан ўтган умр инсонга фақат хотиржамлик, қут-барака олиб келишига яна бир бор иқрор бўласан киши.

«Ижтимоий фикр» республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази бугун мамлакатимизда оиланинг ўрни қандай, унинг аъзолари ўртасидаги ўзаро муносабатлар ўзгармоқдами, оилавий қадриятлар қайта тикланаяптими, деган мавзуда сўров ўтказган. Сўров натижалари шуни кўрсатдики, мамлакатимизнинг аксарият оилаларида эркак киши устун ҳисобланади. У оила бюджетига асосий ҳисса қўшади, унинг моддий ресурсларини бошқаради ҳамда оила аъзолари ўртасидаги келишмовчиликларни ҳал этади, дейилади тадқиқотда. Оилавий вазифалар ва мажбуриятларнинг тақсимоти ҳам анъанавий оила турига мос келади: эркак киши оилани моддий жиҳатдан таъминлайди, аёл фарзандлар тарбияси, оиланинг барча аъзолари учун қулай ҳаётий шароитлар яратиш билан машғул бўлади. «Ўзбекистонликлар оилани жамият ва давлат асоси, деб ҳисоблайди. 66,3 фоиз сўровнома иштирокчисининг фикрича, жамият ва давлатда яхлитликни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратиш, мамлакатда тинчлик ва фаровонликни таъминлаш оиланинг асосий мақсади ва ижтимоий вазифасидир», дейилади «Ижтимоий фикр» марказининг ҳисоботида.

 

Маҳамат бува ўрнатиб кетган ана шу пойдевор бузилмас экан, оила деган қўрғонда иерархия, яъни қуйи мансабдорларнинг юқори мансабдорларга босқичма-босқич бўйсуниши оилаларнинг тотувлигини, баракасини таъминлаб бераверади.

 

Нодир Алимов, «Норма маслаҳатчи» мухбири.

 

Прочитано: 550 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика