Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2019 год / № 20 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Қиймати $10 млн дан ортиқ бўлган ДХШ лойиҳасининг концепциясини Ҳукумат тасдиқлайди

 

10.05.2019 йилдаги «Давлат-хусусий шериклик тўғрисида»ги ЎРҚ-537-сон Қонун эълон қилинди. У бир ойдан кейин амал қилишни бошлайди.

 

Ҳужжат асосий тушунчалар, принциплар, мазкур соҳани давлат томонидан тартибга солиш инструментлари, Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигининг (кейинги ўринларда – Агентлик) ваколатларини ҳамда ДХШ тўғрисидаги битим томонларининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилайди.

ДХШ доирасида лойиҳани амалга ошириш алгоритми бир нечта изчил босқичлардан иборат.

 

1 – Лойиҳани ташаббус қилиш ва тайёрлаш

«Хусусий» ташаббускорнинг лойиҳаси концепцияси (шунингдек, давлат ҳам ташаббус кўрсатиши мумкин) қуйидагича тасдиқланади:

♦ умумий қиймати $1 млн га қадар бўлган эквивалентда – тегишли давлат органи (ташкилоти) томонидан мустақил равишда;

♦ умумий қиймати $1 млн дан ортиқ ва $10 млн га қадар эквивалентда – Агентлик билан келишувга кўра;

♦ умумий қиймати $10 млн дан ортиқ эквивалентда – Вазирлар Маҳкамаси томонидан.

Барча амалга ошириладиган лойиҳалар махсус реестрга – Интернетдаги ҳамма фойдаланиши мумкин бўлган ягона ахборот тизимига киритилади. Тафсилотлар – концепция, хусусий шерикларни танлаб олиш шартлари ва мезонлари, битимнинг асосий қоидалари, лойиҳаларни тайёрлаш ва амалга ошириш жараёнлари ҳақидаги маълумотлар очиқ ахборот ҳисобланади ҳамда давлат шеригининг ва Агентликнинг сайтларида эълон қилинади.

 

2 – Тендер ёки тўғридан-тўғри музокаралар олиб бориш йўли билан хусусий шерикни танлаш

$1 млн га қадар бўлган эквивалентдаги лойиҳа бўйича бир босқичли тендер ўтказилади, $1 млн дан ортиқ эквивалентдаги лойиҳа бўйича дастлабки малакани аниқлаш (буюртмаларни кўриб чиқиш ва тендер таклифларини баҳолаш) ва тендер ғолибини саралашни (техникавий ва тижорат таклифлари кўриб чиқилади ҳамда баҳоланади) ўз ичига оладиган икки босқичли тендер ўтказилади.

Қуйидаги ҳолларда битим тўғридан-тўғри музокаралар ўтказиш асосида тендер ўтказмасдан тузилади:

♦ давлатнинг мудофаа қобилиятини ва хавфсизлигини таъминлашда;

♦ давлат-хусусий шериклик лойиҳасини амалга оширишнинг зарурий шарти ҳисобланган интеллектуал фаолият натижаларига доир мутлақ ҳуқуқлар, бошқа мутлақ ҳуқуқлар, ер участкаси, бошқа кўчмас мол-мулк объекти ва ўзга мол-мулк муайян шахсга тегишли бўлганда;

♦ Президентнинг фармонлари ва қарорлари билан белгиланган ҳолларда.

 

3 – Давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битимни тузиш 

Битим кейинчалик узайтириш ёки муддатидан олдин бекор қилиш имконияти билан 3 йилдан кам бўлмаган, бироқ 49 йилдан ошмаган муддатга тузилади.

Агар кейинги қонун ҳужжатлари ДХШ объектига инвестиция киритиш шартларини ёмонлаштирса, битим тузилган санадан эътиборан 10 йил мобайнида хусусий шерикка нисбатан битимни тузиш санасида амалда бўлган қонун ҳужжатларини қўллаш ҳуқуқи кафолатланади. Янги қонун ҳужжатларининг бундай шартларни яхшилайдиган қоидалари хусусий шерик томонидан ўз хоҳишига кўра қўлланади.

Битим доирасида хусусий шерикларга молиявий қўллаб-қувватлаш, шу жумладан солиқ ва бошқа имтиёзлар кўринишида тақдим этилади.

 

Қонун Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 12.06.2019 йилдан кучга киради.

 

 

Малака оширмаган ҳайдовчига – 1 ЭКИҲ миқдорида жарима

 

МЖТКнинг 135-моддасига («Йўл ҳаракати қоидаларида назарда тутилган ҳужжатлари бўлмаган шахсларнинг транспорт воситаларини бошқариши») қўшимча киритилди (2.05.2019 йилдаги ЎРҚ-534-сон Қонун).

 

Эслатиб ўтамиз, 2017 йил сентябрдан мажбурий равишда ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш жараёни жорий этила бошлаган (ВМнинг 4.09.2017 йилдаги 693-сон қарори). Сўнг у татбиқ этиладиган шахслар рўйхати ва ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш ҳуқуқи берилган субъектлар доираси ўзгарди.

Натижада айни пайтга келиб:

а) қуйидаги шахслар 2 йилда 1 марта малака оширишлари шарт:

♦ юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқарувчи шахслар, қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида автомобилни бошқарувчи якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслар бундан мустасно;

♦ автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинган шахслар;

б) исталган давлат (рўйхатдан ўтказилган) ва нодавлат (лицензияга эга) таълим муассасалари ҳайдовчиларнинг малакасини ошириш фаолиятини амалга ошириши мумкин.

Ҳайдовчиларнинг ёнида малака оширишдан ўтганлиги тўғрисида сертификат бўлиши ва ИИБ ходимлари текширган пайтда уни тақдим этиш мажбурияти Йўл ҳаракати қоидаларида мустаҳкамланганига қарамай, у ёнида бўлмагани учун жавобгарлик белгиланмаган эди (аввалбошдан жарималарни 2018 йил 1 июлдан жорий этиш режалаштирилган эди, таҳр.).

МЖТКнинг 135-моддасига киритилган тузатиш сабабли вазият ўзгарди. Юридик шахсларнинг транспорт воситалари ҳайдовчиларининг, шу жумладан йўловчи ёки юк ташиш фаолиятини амалга оширувчи ҳайдовчиларнинг малака оширишдан ўтганлиги тўғрисидаги сертификати ёнида бўлмаганлиги учун жарима солинади. Бунинг учун санкция 1 ЭКИҲни ташкил этади. Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач жарималар қўлланила бошлайди.

Бунда ҳайдовчилик гувоҳномаси олинган пайтдан эътиборан 2 йиллик даврда жавобгарликка тортмайдилар (гувоҳномани алмаштириш ёки йўқолгани ўрнига бошқасини бериш ҳоллари бундан мустасно).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 3.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

Саноат маҳсулотларини етказиб бериш: шартнома масофадан туриб тузилади

 

Президентнинг 1.05.2019 йилдаги «Саноат кооперациясини янада ривожлантириш ва талаб юқори бўлган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–4302-сон қарори қабул қилинди (қарорнинг матни билан «СБХ» мазкур сонининг ҳужжатлар пакетида танишиш мумкин).

 

Мунтазам равишда саноат ярмаркалари ўтказилади. 6 ой муддатда электрон кооперация портали – саноат маҳсулотлари етказиб бериш бўйича шартномаларни (контрактларни) тезкорлик билан масофадан тузиш имкониятини тақдим қиладиган ҳамкорлар топишнинг муҳим воситаси ишлаб чиқилади.

Қарор билан 2019 йилда тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштирилиши тавсия этиладиган тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар, хом ашё ва материалларнинг янги турлари рўйхати тасдиқланди. У 99 та позиция: озиқ-овқат маҳсулотлари, трикотаж, кийим-кечак, пойабзал, дори-дармонлар, ёзув-чизув товарлари, қурилиш материаллари, резина, пластмассалар, кимё саноати маҳсулотлари, металлар ва асбоб-ускуналарни ўз ичига олган. Рўйхат Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра ҳар ярим йилда камида 1 марта иқтисодиёт ва саноат, инвестициялар ва ташқи савдо, инновацион ривожланиш вазирлиги ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитасининг таклифлари асосида янгиланади.

Қуйидагиларни назарда тутувчи иқтисодиётда талаб юқори бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни қўллаб-қувватлаш тизими эксперимент тариқасида жорий этилади:

биринчидан, фойдаланилмаётган бино ва иншоотлар негизида янги лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек технопаркларни қуриш;

иккинчидан, «Тошкент механика заводи» АЖнинг фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонлари ва ҳудуди негизида технопарк ташкил этиш. Аввало, бу ерда Рўйхат бўйича янги маҳсулот турларини тайёрловчи ишлаб чиқаришлар жойлаштирилади. Ушбу йўналишни молиялаштиришга 50 млрд сўм ажратилади;

учинчидан, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан лойиҳани амалга ошириш учун олинган кредитнинг 50%дан кўп бўлмаган миқдорига кафиллик бериш ва Рўйхат бўйича маҳсулот ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун тижорат банклари кредитларининг фоиз ставкаларини ­5%гача қоплаш.

Бундан ташқари, 2019 йил 1 июлдан:

♦ маҳаллий етказиб берувчиларнинг иштирокини ва нарх шаклланишида шаффофликни таъминлаш учун давлат буюртмачилари томонидан импорт товарларни харид қилиш тўғрисидаги истаклар давлат харидлари махсус ахборот порталида ҳам жойлаштирилади;

♦ 3 ёки ундан ортиқ иштирокчилар – маҳаллий ишлаб чиқарувчилар бўлган тақдирда давлат харидлари буюртмачининг танловига кўра маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ўртасида амалга оширилиши мумкин;

♦ буюртмачиларга Рўйхатдаги маҳсулотларни харид қилишда инвесторга, сифат бўйича, келишилган техник ва нарх кўрсаткичларига амал қилиш шарти билан, етказиб бериш вақтидан бошлаб 2 йил давомида маҳсулотнинг давлат харидлари тизими орқали сотиб олинишига кафолат тақдим этувчи махсус контрактларни танлов тартиб-таомиллари орқали тузиш ҳуқуқи берилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 2.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

 

«Made in Uzbekistan»: маҳаллий брендларни хорижда тарғиб қилиш

 

Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Экспортни рағбатлантириш агентлиги тўғрисида низом тасдиқланди (ВМнинг 6.05.2019 йилдаги 373-сон қарори).

 

Эслатиб ўтамиз, Агентлик Миллий банк ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси негизида ташкил этилган (20.12.2018 йилдаги ­ПҚ–4069-сон қарор).

Агентлик зиммасига қуйидаги асосий вазифалар юклатилган:

♦ экспортни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш соҳасида давлат сиёсати амалга оширилишида иштирок этиш, экспорт салоҳиятини ривожлантириш давлат дастурлари амалга оширилишига кўмаклашиш;

♦ экспорт қилувчиларни, шу жумладан чет элда, маркетинг, нарх белгилаш, транспорт логистикаси, сертификатлаш, стандартлаштириш ва сифат назорати, солиқ ва божхона маъмуриятчилиги, чет эл бозорларига «ягона дарча» принципи орқали кириш масалалари бўйича ахборот ва маслаҳат билан қўллаб-қувватлаш;

♦ хорижий харидорни излашга кўмаклашиш ва экспорт контракти тузиш, шу жумладан уни тайёрлаш босқичигача музокаралар жараёнига кўмаклашиш;

♦ миллий маҳсулотларни хорижга экспорт қилиш бўйича вазирликлар, республика идоралари, вилоятлар ва туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари билан ўзаро ҳамкорликни таъминлаш ҳамда экспорт қилувчиларга экспортни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари, мавжуд имтиёзлар ва преференциялар, ваколатли давлат ҳокимияти органларининг вазифалари ва функциялари ҳақидаги маълумотлар билан танишиш имконини яратиш;

♦ электрон ташқи савдо платформасини юритиш, маҳаллий экспорт қилувчилар, ишлаб чиқариладиган маҳсулотлар ва хизматлар ҳақидаги маълумотлар базасини юритиш, ишлаб чиқариш ва экспорт фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлик субъектларига етакчи халқаро электрон савдо майдонларига киришда кўмаклашиш;

♦ маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг сифатли маҳсулотларни ишончли етказиб берувчи эканлигини тасдиқлаш учун ўзбек брендлари ва маҳсулотларини хорижда тарғиб қилиш бўйича «Made in Uzbekistan» дастурини амалга ошириш, шу жумладан «Made in Uzbekistan» миллий кўргазмасини, тармоқ ва минтақавий кўргазмаларни ва товарлар ярмаркаларини ҳар йили ўтказиш, шунингдек халқаро кўргазмалар ва тақдимотларда иштирок этиш орқали амалга ошириш;

♦ экспорт қилувчи ташкилотлар учун ўқув семинарлари ва тренинглар ҳамда хорижий мамлакатлардаги тадбиркорлик субъектлари учун ташқи савдо фаолияти масалалари бўйича бизнес-форумлар ташкил этиш ва ўтказиш;

♦ экспорт қилувчи ташкилотларга ҳам республикада, ҳам хорижда стандартлаштириш ва сертификатлаштиришнинг халқаро тизимларини жорий этишга, хорижий ваколатли органларда миллий маҳсулотларни ҳамда кўргазма стендларини рўйхатдан ўтказишга, республика ташкилотларининг халқаро кўргазма-ярмаркаларда иштирок этишини, шу жумладан анъанавий миллий маҳсулотлар ва брендларни потенциал сотиш бозорларига киритишда тақдимотлар ва реклама кампаниялари ўтказилишига молиявий кўмаклашиш.

Агентликка инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг тақдимномаси бўйича Вазирлар Маҳкамаси томонидан лавозимга тайинланадиган ва ундан озод қилинадиган директор бошчилик қилади. Директорнинг бир нафар ўринбосари бўлади, уни инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимга тайинлайди ва ундан озод қилади.

Агентликнинг хориждаги ваколатхоналари ташкил этилади. Уларни инвестициялар ва ташқи савдо вазири билан келишган ҳолда Агентлик директори очади.

Ҳужжатда Агентликнинг ҳуқуқлари ва жавобгарлиги, унинг раҳбарларининг асосий функционал вазифалари, фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш мезонлари ва ишчи индикаторлари ҳам белгиланган, шунингдек уни молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш, унинг ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш ва уларни моддий рағбатлантириш масалалари тартибга солинган.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.05.2019 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 520 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика