Президентимизнинг «Республика иқтисодиёти тармоқларини 2019–2020 йил куз-қиш даврида барқарор ишлашига тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида (30.07.2019 йилдаги ПҚ-4407-сон) олдимизда турган, ёнғин чиқиш хавфи кучли бўлган мавсумда амалга ошириладиган чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Барчамизга аёнки, куз фасли хазонрезгилик фаслидир. Ушбу мавсумда маҳаллаларда, кўчаларда, шунингдек, ҳусусий уй-жой мулкдорлар ширкатларига қарашли кўп қаватли уйлар атрофида дарахтлардан тушган хазон ва шох-шаббаларни ёқиш ҳоллари кўпайиб қолади. Бироқ доно халқимиз «Олов – тилсиз ёв» деб бежиз айтмайди. Назоратсиз қолдирилган олов албатта «ўз қилмиши»ни қилмай қолмайди. Бунга йиллар давомида содир бўлаётган ёнғинлар далил бўлади. Кўча-кўй ва хонадонларда тасодифий ёнғинлар аланга олмаслиги учун оддий қоидаларга риоя қилинса бас. Хусусан:
♦ хазонларни дуч келган жойларга йиғманг;
♦ хас-чўп, шох-шабба ва хазонлар тўпланган жойларда ёнғин хавфсизлиги чораларини кўринг;
♦ бундай жойларда болаларнинг ўйнаши ва умуман ҳозир бўлишининг олдини олинг;
♦ хонадондаги электр симлари ва иситиш мосламалари созлигига эътибор беринг;
♦ тандир ва ўчоқларни сомонхона ва ўтинхоналарнинг яқинида қурманг;
♦ хонадондаги газ плиталарининг жойларини ўзбошимчалик билан ўзгартирманг;
♦ газ плиталарига резина шланг орқали газни уламанг;
♦ чироқларни қоғоз ва матолар билан ёпманг;
♦ гугурт ва алангаланувчи моддаларни ёш болалардан узоқда ҳамда кўринмайдиган жойларда сақланг;
♦ болаларнинг газ мосламаларидан фойдаланишига йўл қўйманг;
♦ уйларингиз атрофида ёнғин ўчириш автоуловларининг ўтиш йўлларини турли хил тўсиқлар билан тўсиб қўйманг.
Ушбу кўрсатиб ўтилган ёнғинга қарши чора-тадбирларга риоя қилсангиз, авваламбор, ўз мол-мулкингизни ёнғиндан асрайсиз, қолаверса, ён-атрофингиздаги азизларингизнинг ҳаётини эҳтимолий хавфлардан ҳимоялаган бўласиз.
Фарҳод Абдуллаев,
Миробод тумани ЁХБ инспектори,
катта сержант.