Ўзбекистон компанияси (ЯСТ тўловчиси) пудрат шартномаси бўйича хорижий компанияга қурилиш хизматларини кўрсатади. Пудратчи шартнома доирасида буюртмачи манзилига келган материалларни божхонада тозалаш мажбуриятини ўз зиммасига олди. Буюртмачи томонидан тузилган импорт шартномасида пудратчи юкни қабул қилувчи сифатида чиқади. Божхона тўловларига оид харажатлар буюртмачи томонидан алоҳида инвойс бўйича пудратчига қоплаб берилади. Солиқ органи Президентнинг 27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармонига таяниб, пудратчи манзилига ҚҚС тўлашга ўтиши зарурлиги ҳақида хабарнома жўнатди.
Юкни қабул қилувчи сифатида божхонада тозалашдан ўтказган, бироқ импорт шартномасига эга бўлмаган ва товарни импорт қилмайдиган корхона ҚҚС тўлашга ўтиши керакми?
– 2019 йил 1 октябрдан бошлаб товарларни импорт қилувчи тадбиркорлик субъектлари, товарларни (ишларни, хизматларни) сотишдан тушум миқдоридан қатъи назар, қўшилган қиймат солиғи тўловчилари ҳисобланадилар (27.06.2019 йилдаги ПФ-5755-сон Фармоннинг 2-банди «б» кичик банди).
Товарларни импорт қилувчи қуйидагиларда кўрсатилган маълумотларга кўра аниқланади:
1) БЮДда (АВ томонидан 6.04.2016 йилда 2773-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқномага 1-илова):
● 8-«Импортчи/юкни қабул қилувчи» устунида. Мазкур ҳолатда божхонада тозалашдан ўтказадиган корхона юкни қабул қилувчи деб кўрсатилади ҳамда импорт қилувчи – буюртмачи одатда «Топшириқ бўйича» деб ёзади;
● 9-«Молиявий тартибга солиш учун жавобгар шахс» устунида. Айнан шартнома номига расмийлаштирилган ва юк ҳақини тўлайдиган импорт қилувчи кўрсатилади;
2) ТСОЯЭАТда (Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизими). Корхоналар ташқи савдо контрактлари бўйича маълумотларни ТСОЯЭАТга мустақил равишда киритадилар (ВМнинг 21.07.2014 йилдаги 199-сон қарори 2-банди). Импорт қилувчининг топшириғига кўра божхонада тозалашдан ўтказадиган корхона (юкни қабул қилувчи) импорт шартномасини тузмайди ва уни ТСОЯЭАТда рўйхатдан ўтказмайди.
Бир юридик шахс томонидан бошқа юридик шахсга ҳақиқатда божхонада тозалаш хизматлари (БЮДни расмийлаштириш ва божхона божларини тўлаш) топшириқ бўйича кўрсатилади, яъни воситачилик ҳисобланади. Пудратчи ва буюртмачи ўртасида ушбу хизматларни кўрсатишга алоҳида шартнома тузилмаган бўлса, улар ўртасидаги мавжуд шартнома аралаш шартнома тусида бўлади (ФКнинг 354-моддаси):
● пудрат шартномаси (қурилиш ишлари юзасидан);
● воситачилик шартномаси (божхонада тозалаш борасида), у бўйича пудратчи ишончли вакил сифатида чиқади.
Божхона кодексида божхона тўловлари бошқа шахслар (импортчи бўлмаган) томонидан тўланиши тақиқланмаган. Ҳар қандай манфаатдор шахс тўловчи учун божхона тўловларини тўлаб беришга ҳақли (Божхона кодексининг 295-моддаси).
Ишончли вакил – ЯСТ тўловчи топшириқ шартномаси ёки воситачилик хизматларини кўрсатишга оид бошқа шартнома бўйича мажбуриятларни бажариш муносабати билан, шунингдек у томонидан қилинган харажатларни қоплаш ҳисобига келиб тушган мол-мулк қийматини (ҳақ тўлови бундан мустасно) солиқ солинадиган объектга киритмайди (Солиқ кодексининг 4-моддаси 11-банди).
Ишончли вакил томонидан импорт учун тўланган ҚҚС ишонч билдирувчи томонидан қопланиши лозим. Ишончли вакил ушбу ҚҚСни ҳисобга олиши мумкин эмас. Бинобарин, воситачи тарзида товарларни божхонада тозалашдан ўтказган ва БЮДда юкни қабул қилувчи сифатида корхона импорт қилувчи ҳисобланмайди ва ҚҚС тўлашга мажбур эмас.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.