Тўқимачилик маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи корхонамиз 2019 йилдан маҳсулотни экспорт қиляпти, бунда Президентнинг 29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармонига мувофиқ имтиёзни қўллаяпти.
Йигирув маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган бошқа корхона биз билан даваль хом ашёсини қайта ишлашга шартнома тузмоқчи. Яъни корхона (даваль хом ашё берувчи) ўз хом ашёсини беради, корхонамиз (қайта ишловчи) ундан тайёр маҳсулот ишлаб чиқаради. Даваль хом ашёни берувчи қайта ишловчи корхона тақдим этган маҳсулотни Давлат стандартларига мувофиқлик сертификати асосида экспорт қилади.
Қайта ишловчи даваль хом ашёсини қайта ишлаш хизматлари учун ЎзР резидентидан олинган тушум қисмида экспорт учун тақдим этилган имтиёзни қўллай оладими?
– Йўқ, давал хом ашёсини қайта ишловчи Президентнинг 29.11.2018 йилдаги ПФ-5587-сон Фармони бўйича имтиёзни қўллай олмайди, чунки маҳаллий компанияга хизматлар кўрсатади.
2019 йил 1 январдан бошлаб товарлар (ишлар, хизматлар)ни, шу жумладан, комиссионер (ишончли вакил) орқали реализация қилишдан тушган умумий тушумида экспорт улуши 15%дан юқори бўлган юридик шахслар солиқ солинадиган базани:
● товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган фойда қисми юзасидан юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи бўйича;
● товарлар (ишлар, хизматлар)ни экспортга реализация қилиш ҳажмига тўғри келадиган қисми юзасидан ЯСТ бўйича камайтирадилар (ПФ-5587-сон Фармоннинг 1-банди).
Имтиёзлар қўлланилиши натижасида тўланмаган маблағлар қуйидаги ҳолларда пеня ҳисобланган ҳолда ундирилади:
● товарлар (ишлар, хизматлар) экспорти фактини қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд бўлмаганда;
● товарлар экспорт режимига чиқарилган кундан бошлаб 180 кун мобайнида валюта тушуми таъминланмаганда (ПФ-5587-сон Фармоннинг 2-банди).
Корхонангиз даваль хом ашёсини қайта ишлашда хизматларни экспорт қилмайди, балки маҳаллий корхонага хизматлар кўрсатади. Бинобарин, экспорт бўйича имтиёз қайта ишловчиларга нисбатан қўлланилмайди.
Қайта ишлаш хизматларингиздан фойдаланиб хом ашёдан даваль асосда маҳсулот тайёрлаган экспорт қилувчи барча санаб ўтилган шартларга мувофиқ келса, мазкур имтиёзни қўллаши мумкин.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.