«А» ташкилотининг 100 фоизлик улушга эга муассиси ҳокимият бўлганда ЯИТ қайси ставка бўйича тўланади?
– 100 фоизлик улушга эга муассиси ҳокимият бўлган ташкилот ЯИТни 25%лик ставка бўйича тўлайди.
Халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар Кенгаши ва вилоят, туман, шаҳар ҳокими фаолиятининг иқтисодий асосини қуйидагилар ташкил этади:
● маъмурий-ҳудудий тузилмаларнинг давлат мулки (коммунал мулк);
● вилоят, туман ва шаҳарда мавжуд бўлиб, иқтисодий ва ижтимоий ривожланишга хизмат қилувчи бошқа мулк («Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида»ги Қонуннинг 7-моддаси).
Давлат корхонаси – давлат мулкидаги, ўзига тезкорлик билан бошқариш учун берилган мулк негизида ташкил этилган давлат унитар корхонаси шаклидаги тижорат ташкилотидир, у ўзига бириктирилган мулкдан қонунда белгиланган доирада, ўз фаолияти мақсадларига, мулкдорнинг (ёки унинг топшириғига кўра у ваколат берган давлат органи – муассиснинг) топшириқларига ҳамда эгалик қилиш ҳуқуқидаги мулкнинг мақсадига мувофиқ мулкдан фойдаланишни ва уни тасарруф этишни амалга оширади (АВ томонидан 3.09.2007 йилда 1708-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 1-банди).
Қуйидагилар 2019 йилда ЯИТни 25%лик ставка бўйича тўлайдилар (26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарорга 8-илова):
● бюджет ташкилотлари;
● давлат корхоналари;
● устав жамғармаси (капитали)да давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахслар;
● устав жамғармаси (капитали)нинг 50%и ва ундан кўпроқ қисми давлат улуши 50 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсларга тегишли бўлган юридик шахслар ва уларнинг таркибий тузилмалари.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.