Ягона муассис (ҳиссадаги улуши – 100%) устав капиталига ҳиссани камайтиришга – асосий восита (бино) тарзида киритган улушининг бир қисмини олишга қарор қилди.
Асосий восита ҳиссани шакллантириш чоғида кўрсатилган қиймат бўйича қайтарилганда қандай солиқ оқибатлари юзага келади?
– Устав капиталини камайтириш ҳисобига асосий воситалар муассисга қайтарилганда солиқ оқибатлари юзага келади.
Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши фойда ёки зарар ҳосил қилади. Бунда молиявий натижа (фойда ёки зарар) қуйидаги формула бўйича аниқланади:
МН = Қав – Бав – ҚҚС + Қс, бунда:
Қав – асосий воситалар бериладиган қиймат;
Бав – реализация қилинаётган объектнинг қолдиқ (баланс) қиймати, у АВнинг бошланғич (тикланиш) қиймати билан ҳисобланган амортизация ўртасидаги фарқ сифатида белгиланади;
ҚҚС – қўшилган қиймат солиғи;
Қс – берилаётган АВнинг 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счёти кредити бўйича ҳисобга олинадиган қайта баҳолаш сальдоси.
Фойда солиғи
Асосий воситанинг чиқиб кетишидан олинган фойда корхонанинг бошқа даромади ҳисобланади ва фойда солиғини ҳисоблаш чоғида солиқ солинадиган базага киритилади (Солиқ кодексининг 129, 132-моддалари).
Фойда солиғини ҳисоблаш чоғида АВнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарар чегирилиши лозим ёки чегирилмайдиган зарар ҳисобланади. Бу берилаётган активдан фойдаланилган муддатга боғлиқ.
Берилган объектдан фойдаланиш муддати 3 йилдан кам бўлса, фойда солиғини ҳисоблаш чоғида беришдан кўрилган зарар чегирилмайди (Солиқ кодексининг 147-моддаси 12-банди).
3 йилдан кўп бўлса – зарар солиқ солинадиган базадан чегирилади (Солиқ кодексининг 145-моддаси 40-банди «ж» кичик банди).
Ягона солиқ тўлови
Корхона ЯСТ тўловчиси бўлса, АВнинг чиқиб кетишидан олинган фойда ЯСТни ҳисоблаш чоғида солиқ солинадиган базага киритиладиган бошқа даромад ҳисобланади (Солиқ кодексининг 355-моддаси). Солиқ асосий фаолият тури ставкаси бўйича ҳисобланади.
АВнинг чиқиб кетишидан кўрилган зарар ЯСТни ҳисоблаш чоғида инобатга олинмайди.
Қўшилган қиймат солиғи
Мол-мулкнинг берилиши ҚҚС солинадиган оборот ҳисобланади (Солиқ кодексининг 199-моддаси 1-банди). АВни реализация қилиш чоғида солиқ солинадиган база уларни реализация қилиш қиймати асосида, бироқ уларнинг қолдиқ (баланс) қийматидан кам бўлмаган, ҚҚС киритилмаган ҳолда аниқланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 8-қисми). Сизнинг ҳолатда реализация қилиш қиймати – устав капитали камайтириладиган улушнинг номинал қиймати.
Мол-мулк солиғи ва ер солиғи
Солиқ даври мобайнида кўчмас мулк чиқиб кетганда юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқ ва ер солиғи бўйича солиқ солинадиган база камаяди.
Мазкур солиқлар суммалари тўғрисида аниқлаштирилган маълумотномаларни тақдим этишингиз зарур. Бунда солиқ даврининг қолган қисми учун жорий тўловларга ўзгартириш суммасига тенг улушларда тузатиш киритилади (Солиқ кодексининг 271-моддаси 6-қисми, 285-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.