ЯСТ тўловчи корхона воситачилик шартномасига кўра маҳсулотни реализация қилиш учун берди. Воситачига берилган товарларни сотиш нархи ҚҚСсиз кўрсатилган. Умумбелгиланган солиқларни тўловчи воситачи товарларни 20%лик ставкадаги ҚҚС билан бирга реализация қилди. Ҳисоб-китоб ойи тугагач, у комитентга ҳисобот ва ҚҚС (20%) билан реализация қилинган товар учун ҳисобварақ-фактура тақдим этди.
Комитент ЯСТ ҳисоб-китобида тушумнинг қайси суммасини кўрсатиши керак?
– Ушбу вазиятда воситачи харидорга ҳисобварақ-фактурани нотўғри тақдим этган. У ҳисобварақ-фактураларни расмийлаштириш тартибини бузган. Комитент воситачининг ҳисоботини қабул қилишдан бош тортиши керак.
ҚҚС тўловчиси ҳисобланган, бироқ бунда ҚҚС тўловчиси бўлмаган комитентнинг товарларини реализация қилишда ўз номидан ҳисобварақ-фактура тақдим этувчи воситачи харидор номига тақдим этилаётган ҳисобварақ-фактурада ҚҚС суммасини кўрсатмайди ва «Қўшилган қиймат солиғисиз» деган штамп босади (ёзиб қўяди) (Тартибнинг 43-банди, 3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган).
ҚҚС тўловчиси бўлмаган етказиб берувчилар товарларни реализация қилаётганда ҚҚСни ҳисобварақ-фактурада акс эттирсалар, бу ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган ҚҚС суммасининг 20%и миқдорида уларга жарима солишга сабаб бўлади. Бунда етказиб берувчи ҳисобварақ-фактурада кўрсатилган солиқ суммасини бюджетга тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 118-моддаси). Воситачи харидорга ҳисобварақ-фактурани ўз номидан тақдим этгани, уни ҚҚСсиз ёзиб бериши керак бўлгани боис унга жарима солинади.
Бундан ташқари, бошланғич ҳисоб ҳужжатини (ҳисобот, далолатнома, ҳисобварақ-фактура) лозим даражада расмийлаштирмасликка бухгалтерия ҳисобини юритиш тартибини бузиш деб қаралади. Бундай ҳуқуқбузарлик учун воситачининг мансабдор шахсларига 5 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача миқдорда жарима солинади (МЖТКнинг 175-1-моддаси).
Жарима тўламаслик учун воситачи вазиятни тузатиши лозим. Харидорга тўғри расмийлаштирилган ҳисобварақ-фактурани, шунингдек комитентга лозим даражада расмийлаштирилган ҳисоботни тақдим этиш зарур.
Комитент ЯСТ ҳисоб-китобининг 010-сатрида товарни реализация қилишдан соф тушум суммасини кўрсатиши керак.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.