Республика Президентининг 2019 йил 6 мартдаги «Юк ва йўловчи ташиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4230-сон қарори мамлакатимизда транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш, мулкчиликнинг барча шаклларидаги ташувчилар учун рақобат муҳити ва қулай шарт-шароитларни яратиш, республикада транспорт салоҳиятини кўтаришга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Қарорда кўрсатилганидек, жорий йил 1 июлдан бошлаб мазкур тизимда муҳим ўзгаришлар амалга оширилади. Жумладан, халқаро ташишларда фойдаланиладиган шатакка олувчи автомобилларга лицензия карточкалари берилиши учун давлат божи тўлаш тартиби бекор қилинди. Қолаверса, эндиликда халқаро ташишларда олиб кириладиган ҳамда Европа Иттифоқи мамлакатларида ишлаб чиқарилган «Евро-5» ва «Евро-6» экологик синф талабларига мос келадиган янги юк ва махсус автотранспорт воситалари, шунингдек, автомобиль транспортида фойдаланиладиган тиркама ва яримтиркамаларни, транспорт-экспедиторлик хизматларини мажбурий сертификатлаш борасидаги талаблар ҳам бекор қилинди.
Жорий йил 1 апрелдан бошлаб юридик ва жисмоний шахслар ўртасида ижара шартномаларини тасдиқлаш учун амалдаги давлат божи миқдори 2 маротаба камайтирилиши эса сезиларли имтиёзлардан бўлди. Лицензиатларнинг шахсий кабинети фаолият юритиши, автомобилда халқаро ташишга хорижий ёки кўп томонлама рухсатномаларнинг миллий ташувчилар ўртасида автоматик равишда тақсимланиши соҳадаги шаффофликни таъминлаб беради.
Йўналишсиз такси учун талаб этиладиган тўлов терминаллари, ҳисоблагич-таксометрлар ва радиоалоқа воситалари алмаштириладиган приборларнинг функцияларини таъминлайдиган махсус иловали қурилмаларга (уяли телефонлар, планшетлар, электрон тўлов тизимлари) алмаштирилиши мумкин. Йўналишсиз такси рангини қонун ҳужжатларида талаб қилинган рангга мувофиқ ҳолга келтириш учун уларни бўямасдан ўзи елимланадиган материаллардан фойдаланишга рухсат берилди.
Қарорга мувофиқ 2019 йил 1 сентябрдан бошлаб давлат-хусусий шериклик асосида автомобиль йўлларида транспорт воситаларининг оғирлик ва габарит параметрларини аниқлаш учун автоматлаштирилган ўлчов воситалари билан жиҳозланган оғирлик ва габарит назорати бўйича стационар ва кўчма шохобчаларни ташкил этиш тартиби жорий этилиши ҳам соҳада амалга оширилган муҳим қадамлардандир.
Умуман олганда, мазкур қарор мамлакатимизда транспорт хизмати кўрсатишни ташкил этиш тизимини янада такомиллаштириш ва бошқа эзгу мақсадларга эришишда дастуриламал вазифасини ўтаб, соҳада давом эттирилаётган ишларнинг янада яхшиланишига ва қулайликлар яратилишига асос бўла олади.
Анвар КАРАБАЕВ,
Сирдарё вилояти божхона бошқармаси
бош инспектори.