Президентнинг 26.12.2018 йилдаги ПҚ-4086-сон қарори 4-бандига мувофиқ, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ёки ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлашдан тўлиқ озод қилиш кўринишидаги вақтинчалик имтиёзларга эга бўлган юридик шахслар юридик шахслардан олинадиган фойда солиғини имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунга қадар 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби сақлаб қолинган.
ВМнинг 27.01.2018 йилдаги 63-сон қарорига мувофиқ, қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш билан шуғулланувчи юридик шахсларга нисбатан ушбу норма амал қиладими?
– 2018 йил 1 январдан ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи фойда солиғи билан бирлаштирилди (29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонуннинг 2-моддаси 2, 32-бандлари). Шу муносабат билан ушбу солиқлардан бири бўйича 1.01.2018 йилгача вақтинчалик солиқ имтиёзларига эга бўлган корхоналар 1.01.2018 йилдан бошлаб имтиёзлар амал қилиш муддати тугагунга қадар фойда солиғини 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлайдилар.
Сизнинг ҳолатда, юқорида кўрсатилган ўзгартиришдан (1.01.2018 йилдан) кейин қабул қилинган ВМнинг 27.01.2018 йилдаги 63-сон қарори асосида имтиёздан фойдалансангиз, фойда солиғини 2 баравар пасайтирилган ставкада тўлаш тартиби қўлланмайди.
ВМнинг 63-сон қарори 14-бандига мувофиқ, қизилмия ва бошқа доривор ўсимликлар плантацияларини ташкил этувчи, шунингдек қизилмия илдизини қайта ишловчи ва тайёр маҳсулот чиқарувчи хўжалик юритувчи субъектлар 2024 йил 1 январгача фойда солиғини тўлашдан озод этилган эди. Ушбу банд ўз кучини йўқотган (ВМнинг 15.02.2019 йилдаги 138-сон қарори 16-банди). Энди Қизилмия ва бошқа доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш ташкилотлари уюшмасининг аъзолари 2024 йил 1 январгача бўлган муддатга фойда солиғини тўлашдан озод қилинади (ВМнинг 138-сон қарори 9-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.