Norma.uz
Газета СБХ / 2019 год / № 13 / Солиқ солиш

Воситачилик савдоси қоидаларига риоя этинг

 

Корхона (МЧЖ) қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини (ИФУТ коди – 46190) экспорт қилади, умумбелгиланган солиқларни тўлайди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозордан, уларни етиштирмаган хусусий шахслардан сотиб оламиз. Улар билан воситачилик шартномалари тузамиз. Ташкилотимиз воситачи бўлиб чиқади ва товарни ҳақ эвазига экспорт қилади, ундан 33%лик ставкада солиқ тўлаймиз. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун банкдан олинган нақд пул маблағлари билан ҳисоб-китоб қиламиз. Битим чиқим ордери билан расмийлаштирилади. Бироқ хусусий шахсларнинг ҳаммаси ҳам шартнома расмийлаштиришга кўнмайди. Табиийки, бозорларда товарларни сотувчи хусусий шахсларда терминал ва касса аппаратлари йўқ. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олганимизни ҳужжатлар билан тасдиқлай олмаймиз. Фермер хўжаликлари билан шартнома туза олмаймиз, уларга сотиш нархлари маъқул келмаяпти.

Бозордан тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиб олинадиган товарни қандай расмийлаштириш мумкин?

Бунда корхонада қандай солиқ оқибатлари юзага келиши мумкин?

 

– Битимларни норматив ҳужжатларга мувофиқ расмийлаштириш лозим.

Сизнинг вазиятни кўриб чиқамиз.

 

1

Бозорда ким савдо қилади?

 

Жисмоний шахсларда якка тартибдаги тадбиркор (ЯТТ) сифатида рўйхатдан ўтгани тўғрисида гувоҳнома мавжуд бўлган тақдирдагина уларга бозорлардаги савдо ўринлари берилади, ўзи етиштирган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини, шунингдек истеъмолда бўлган товарларни сотиш ҳоллари бундан мустасно (26.04.2010 йилдаги ПҚ-1326-сон қарорнинг 3-банди).

Бироқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бозорда, уларни етиштирмаган хусусий шахслардан сотиб олишингизни ёзгансиз. Хусусий шахслар – етиштирувчи ва ЯТТ эмаслиги боис бозорда савдо қилишга ҳақли эмас.

 

2

Аслида воситачилик шартномасини тузганмисиз?

 

Мурожаатингизда воситачилик шартномалари тузишингизни, ташкилотингиз воситачи сифатида чиқишини, шунингдек хусусий шахсларнинг барчаси ҳам шартнома расмийлаштиришга кўнмаслигини қайд этгансиз.

Бироқ Фуқаролик кодексига мувофиқ, воситачилик шартномаси ёзма равишда тузилиши шарт (ФКнинг 832-моддаси).

Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибининг (3-илова, АВ томонидан 21.01.2019 йилда 3126-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 4-бобида ҳисобварақ-фактуралар ва воситачининг ҳисоботи расмийлаштирилиши ва ҳисобга олиниши баён этилган.

Бозорда одатда товар олинаётган пайтнинг ўзида ҳақ тўланади. Воситачилик савдосида узунроқ занжир: воситачининг комитентдан товар олиши (юкхат ёки қабул қилиш-топшириш далолатномаси) ► воситачининг товарни сотиши (ҳисобварақ-фактура ёки БЮД) ► харидордан маблағ олиниши ► воситачининг комитентга ҳисобот бериши (воситачининг ҳисоботи, комитентдан ҳисобварақ-фактура, воситачилик ҳақига ҳисобварақ-фактура) ► комитентга пул ўтказилиши (ёки нақд пул берилиши) ва воситачилик ҳақи олиниши назарда тутилган.

Бозорда, бунинг устига шартнома расмийлаштиришга кўнмайдиган хусусий шахслар билан воситачилик операцияларининг амалга оширилиши (тўловнинг бир неча кун кечиктириб тўланиши) шубҳа уйғотади.

 

3

Банк нақд маблағни қайси мақсадга беради?

 

Хатингиздан келиб чиқишича, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олиш учун банкдан олинган нақд пул билан ҳисоб-китоб қиласиз.

Корхонангиз қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сотиб олмайди. Ҳақиқатда уни четдаги ҳамкорлар харид қилади. Шу сабабли нақд маблағларни олиш учун буюртманомада шундай деб ёзишингиз керак: «(«__» санада ёки даврда) сотилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари учун комитент билан ҳисоб-китоб қилиш мақсадида».

 

4

Битимни расмийлаштирамиз

 

Битимни чиқим ордери билан расмийлаштиришингиз ҳақида ёзиб, бозордан тасдиқловчи ҳужжатларсиз сотиб олинган товарни ҳужжатлар билан қандай расмийлаштириш мумкин, дея савол бергансиз.

Юқорида кўрсатилганидек, воситачилик битими бўйича: шартнома, юкхат ёки маҳсулотларни воситачилик савдосига бериш ҳақида далолатнома, воситачининг ҳисоботи, ҳисобварақ-фактуралар (харидор учун БЮД, ҳисобот, комитентдан ҳисобварақ-фактура, воситачидан ҳисобварақ-фактура) ва тўлов ҳужжати (тўлов топшириқномаси ёки чиқим касса ордери) расмийлаштирилади.

 

5

Солиқ тўлаймиз

 

Корхонангиз тушумдан умумбелгиланган солиқларни тўловчи сифатида ҚҚС ва фойда солиғини тўлайди.

Ҳақиқатан воситачилик битими тузилган (юқорида тилга олинган талабларга риоя этилган) бўлса, у ҳолда:

● ҚҚС бўйича солиқ солинадиган база ҚҚС суммасини ҳам ўз ичига оладиган, кўрсатилган хизматлар учун ҳақ (фоиз) тариқасида олиниши лозим бўлган суммадан келиб чиққан ҳолда белгиланади (Солиқ кодексининг 204-моддаси 15-қисми). Товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 212-моддаси). Яъни комитент ҚҚС тўламайди. Комитентга хизмат кўрсатган воситачи корхонангиз эса ҳақ суммасидан 20%лик ставкада ҚҚС тўлайди;

фойда солиғи ставкаси – 12% (Солиқ кодексининг 159-1-моддаси).

Битим, шартномада қандай номланган бўлмасин, аслида олди-сотди битими бўлса, у ҳолда:

0%лик ставкада ҚҚС ҳисобланади. Сабаби товарларни чет эл валютасида экспортга реализация қилиш оборотига ноль даражали ставка бўйича ҚҚС солинади (Солиқ кодексининг 212-моддаси);

фойда солиғи ставкаси – 12% (Солиқ кодексининг 159-1-моддаси).

 

Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.

 

Прочитано: 1246 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика