Корхона ходимларга моддий ёрдам беради.
Юридик шахс – иш берувчи ўз ходимига ЖШДС солинадиган моддий ёрдам тўлаганда ягона ижтимоий тўлов тўлаши шартми?
– Одатда моддий ёрдам ходим билан юз берган шахсий тусдаги ҳодисалар муносабати билан берилади ва ишининг натижалари билан боғлиқ бўлмайди.
Ходимга тўланадиган моддий ёрдам унинг бошқа даромади (Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-банди) ёки рағбатлантириш хусусиятига эга тўлов (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди) дея эътироф этилади.
Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-бандига мувофиқ берилган моддий ёрдамга ЯИТ солинмайди ва муайян миқдорига ЖШДС солинмайди (Солиқ кодексининг 179-моддаси 1-банди).
Булар моддий ёрдамнинг қуйидаги турларидир:
● вафот этган ходимнинг оила аъзоларига ёки оила аъзоси вафот этганлиги муносабати билан ходимга бериладиган тўловлар;
● ходимга меҳнатда майиб бўлганлик, касб касаллиги ёхуд соғлиққа бошқача шикаст етганлиги билан боғлиқ тўловлар;
● фавқулодда ҳолатлар муносабати билан бериладиган тўловлар;
● бола туғилиши, ходим ёки унинг фарзандлари никоҳдан ўтиши муносабати билан бериладиган тўловлар;
● қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини бериш ёки уларни сотиб олиш учун маблағлар бериш тарзидаги тўловлар.
Солиқ кодексининг 178-моддаси 16-бандида кўрсатилган шахсий тусдаги ҳодисалар билан боғлиқ бўлмаган моддий ёрдамнинг қолган турлари рағбатлантириш хусусиятига эга тўловлар ҳисобланади (Солиқ кодексининг 173-моддаси 4-банди). Улар меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромад таркибига киритилади (Солиқ кодексининг 172-моддаси) ҳамда уларга ЯИТ ва ЖШДС солинади.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.