«ЎзРТХБ» АЖда харид қилинган товар қийматига биржанинг воситачилик йиғимлари ва брокерлик хизматлари кирадими ёки уларни давр харажатларига ҳисобдан чиқариш мумкинми?
– Биржа хизматлари учун воситачилик йиғимларини корхона харажатларига ҳисобдан чиқариш, брокер хизматларига тўланган ҳақни эса харид қилинадиган товарлар қийматига киритиш лозим.
Биржа клиринг иштирокчиларига ҳисоб-китоб-клиринг хизматларини кўрсатиш учун уларни рўйхатдан ўтказади. Ҳисоб-китоб-клиринг хизматини кўрсатиш – Ҳисоб-китоб-клиринг палатаси (ҲККП) клиринг иштирокчиларининг биржа битимлари бўйича мажбурият ва талабларини аниқлаш, солиштириш, ҳисобга олиш ва тўхтатиш, шунингдек улар юзасидан ўзаро ҳисоблашиш бўйича клиринг иштирокчиларига кўрсатадиган хизмат («ЎзРТХБ» АЖ бошқарувининг 11.05.2015 йилдаги 75-сон баённомаси билан тасдиқланган Қоидалар).
Биржа савдоларида тузилган битимлар бажарилишига оид молиявий кафолатлар таъминланиши учун улар бўйича ҳисоб-китоблар ҲККП орқали амалга оширилади. Палата клиринг иштирокчиларидан биржа фойдасига воситачилик йиғимларини ундиради. Воситачилик йиғими – клиринг иштирокчилари кўрсатилаётган биржа хизматлари, шу жумладан ҳисоб-китоб-клиринг хизматлари учун биржага тўлайдиган пул маблағлари суммаси.
Харид қилинган товар-моддий захираларга ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатлар, уларни харид қилиш бўйича контрактларни тайёрлаш, рўйхатдан ўтказиш ва ёпиш билан боғлиқ харажатлар ҳамда активларни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлмаган бошқа харажатлар товар-моддий захираларнинг таннархига киритилмайди, балки улар содир бўлган ҳисобот даврида харажатлар сифатида тан олинади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМСнинг 13-банди).
Биржа мижозларга хизмат кўрсатувчи брокерлар орқали улар билан ҳамкорлик қилади. Башарти бу топшириқ (воситачилик) шартномасида кўрсатилган ёки ишончнома билан расмийлаштирилган бўлса, брокерлар ўз мижозларининг қонуний вакиллари ҳисобланади.
Брокер ва мижоз ўртасидаги муносабатлар улар ўртасида тузилган топшириқ (воситачилик) шартномалари билан тартибга солинади (Қоидаларнинг 40, 41-бандлари).
ТМЗни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ва уларнинг таннархига киритиладиган харажатларга шу жумладан товар-моддий захиралар улар орқали харид қилинган таъминотчи ва воситачи ташкилотларга тўланадиган воситачилик ҳақи киритилади (4-сон БҲМСнинг 13-банди).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.