Ғишт ишлаб чиқарувчи корхона 2018 йилнинг 9 ойи якунларига кўра 2,6 млрд сўмлик оборотга эга. 2018 йил якунлари бўйича обороти 3 млрд сўмдан кам бўлади. Ноябрда 2019 йил 1 январдан бошлаб умумбелгиланган солиқлар тўловчисига айланишимиз ҳақида ДСИдан хабарнома олдик.
Корхона ҚҚСни соддалаштирилган тартибда тўлашга ўтиши ҳақида солиқ органини қанча муддатда хабардор қилиши мумкин?
– Корхонангиз жорий йилнинг 1 февралигача ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибига ўтиши ҳақида хабарнома тақдим этиши ҳамда 2019 йил бошидан уни қўллаши мумкин.
Солиқ даври давомида ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмайдиган юридик шахслар ҚҚСни ҳисоблаб чиқариш ва тўлашнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқига эга.
Унга ўтиш учун солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига бу тўғрисида ёзма хабарномани қуйидаги муддатларда тақдим этиш зарур:
● 2018 йил якунлари бўйича ялпи тушуми 3 млрд сўмдан ошмаган бўлса – 2019 йилнинг 1 февралидан кечиктирмасдан;
● 2019 йил давомида ялпи тушуми 1 млрд сўмдан ошган ойдан кейинги ойнинг 15-санасидан кечиктирмасдан;
● ихтиёрий равишда ҚҚСни тўлаш истагини билдирган юридик шахслар – ҳисобот даври бошланишидан 1 ой олдин, янги ташкил этилган юридик шахслар эса, ўз фаолиятини амалга оширишни бошлагунга қадар (Солиқ кодексининг 226-1-моддаси).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.