Корхона (МЧЖ, ЯСТ тўловчи) Президентнинг 14.12.2017 йилдаги ПФ-5285-сон Фармонида назарда тутилган божхона божи ва ҚҚС тўлашдан озод қилиш бўйича имтиёзни қўллайди.
Беларусь Республикасидан 41 083,94 АҚШ долларилик газлама келиб тушди. БЮДдаги етказиб бериш суммасига ҚҚС бўйича – 69 124 382,81 сўм ва божхона божи бўйича 32 005 210,94 сўм миқдорида имтиёз берилди. Бунда 2 076 480 сўмлик бошқа хизматлар (декларант хизматлари, божхонада сақлаш ва б.) ҳақи тўланди.
1. Имтиёзли суммаларни импорт қилинаётган материал таннархига киритиш керакми?
2. Қандай бухгалтерия проводкалари қайд этилади?
1 |
Ҳисобланган, бироқ тўланмаган ҚҚС ва божхона божи суммаларини импорт қилинаётган материал таннархига (харид қийматига) киритиш мумкин эмас (14.12.2017 йилдаги ПФ-5285-сон Фармоннинг 9-банди). Бунда декларант хизматлари, божхона омборида сақлаш учун ҳақ тўлаш билан боғлиқ бўлган харажатлар сотиб олинган материал таннархига киритилади (АВ томонидан 17.07.2006 йилда 1595-сон билан рўйхатдан ўтказилган 4-сон БҲМС «Товар-моддий захиралар»нинг 13-банди).
4-сон БҲМСнинг 13-бандида белгиланган умумий қоидага кўра, ТМЗ ташкилотнинг бухгалтерия балансига таннархи бўйича киритилади, у харид қиймати (етказиб берувчига тўланадиган суммалар) ва уларни харид қилиш билан боғлиқ бўлган барча харажатларни ўз ичига олади.
ТМЗни харид қилиш билан боғлиқ бўлган ва уларнинг таннархига киритиладиган харажатларга қуйидагилар киритилади:
а) божхона божлари ва йиғимлари;
б) ТМЗни харид қилиш билан боғлиқ бўлган солиқ ва йиғимлар суммалари (агар улар қопланмаса);
в) ТМЗ улар орқали харид қилинган таъминотчи ва воситачи ташкилотларга тўланадиган воситачилик ҳақи;
г) ТМЗни сертификатлаш бўйича харажатлар;
д) ТМЗни тайёрлаш ва уларни жорий жойлашиш ёки фойдаланиш жойига етказиб бериш бўйича транспорт-тайёрлов харажатлари;
е) ТМЗни харид қилиш билан бевосита боғлиқ бўлган бошқа харажатлар.
Сизнинг ҳолатда импорт қилинаётган ТМЗга божхона тўловларини (ҚҚС, божхона божи, акциз) тўлаш бўйича имтиёзлар тақдим этилган.
Белгиланганидек, тўқимачилик саноати корхоналари – «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси аъзолари 2021 йил 1 январга қадар муддатда божхона тўловлари тўлашдан озод қилинади, божхона расмийлаштируви йиғимлари бундан мустасно. Имтиёзлар тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш учун зарур бўлган ва республикада ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхат бўйича импорт қилинадиган пахта, сунъий ва синтетик тола, жун, хом ашё ва бошқа материаллар учун берилади (ПФ-5285-сон Фармоннинг 9-банди).
ПФ-5285-сон Фармонда бўшаган маблағлардан мақсадли фойдаланиш назарда тутилмаган. Бу ҳолда солиқлар ва тўловлар бўйича имтиёзлар суммаси материалнинг харид қийматига киритилмайди (АВ томонидан 2.04.2005 йилда 1463-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низомнинг 3-банди).
2 |
Солиқ ва божхона имтиёзларининг бухгалтерия ҳисоби 1463-сон Низомда белгиланган.
Солиқ ва божхона имтиёзлари берилганда мақсадли фойдаланиш назарда тутилмаган бўшаётган маблағлар суммалари баланс счётларида акс эттирилмайди. Солиқлар ва божхона тўловлари ҳисобланмайди, уларнинг суммалари ТМЗ таннархига киритилмайди.
Бироқ лозим даражада ҳисоб юритиш мақсадида бўшаётган маблағлар солиқ ва божхона тўловларининг ҳар бир тури бўйича 013-«Вақтинчалик солиқ имтиёзлари (турлари бўйича)» балансдан ташқари счётининг дебетида акс эттирилади. Имтиёзлардан фойдаланиш даври тугагач, балансдан ташқари счётда жамғарилган суммалар ушбу счёт кредитига ҳисобдан чиқарилади.
Жавобни
«Norma» МЧЖ экспертлари
тайёрладилар.