Фирманинг асосий фаолият тури – хоналарни ижарага бериш. Хоналар шаҳарнинг ҳар хил туманларида жойлашган.
2019 йилда ер солиғи, мол-мулк солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ бўйича ҳисоботларни қаерга топширишимиз керак – кўчмас мулк объектлари жойлашган жойгами ёки фирма рўйхатдан ўтказилган жойга?
– Ресурс ва мулк солиқлари бўйича ҳисоб-китоблар солиқ солиш объектлари жойлашган ердаги солиқ органларига тақдим этилади.
Сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг ҳисоб-китоби сувдан фойдаланиш ёки сув истеъмоли жойидаги солиқ органларига тақдим этилади (Солиқ кодексининг 263-моддаси 3-қисми).
Юридик шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқнинг ҳисоб-китоби солиқ бўйича ҳисобга олиш жойидаги солиқ органига тақдим этилади. Агар кўчмас мулк солиқ тўловчининг солиқ бўйича ҳисобга олиш жойида жойлашмаган бўлса, ҳисоб-китоб кўчмас мулк жойлашган ердаги солиқ органларига тақдим этилади (Солиқ кодексининг 271-моддаси 2-қисми).
Ер солиғининг ҳисоб-китоби ер участкаси жойлашган ердаги солиқ органига тақдим этилади (Солиқ кодексининг 285-моддаси 1-қисми).
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.