Пойтахтимизда яна гаражларни «йўқотишга» киришилди. Турар жой даҳаларида шаҳар ҳокимиятининг қарорига кўра автотўхташ жойлари ва гаражларни бузишда давом этмоқдалар. Бу ишлар бузиш зарурлигини лозим даражада тушунтирмасдан, қонунчиликда белгиланган тартиб-таомилга амал қилмасдан, ҳуқуқий жиҳатдан асосламасдан қилинаяпти. Фуқароларга янги, замонавий ва ҳатто кўп қаватли автотураргоҳлардан жой ажратилишини ваъда қилмоқдалар. Бироқ ҳозирча буни амалга ошира олмаяптилар. Шаҳар ҳокимлиги муаммони тезкор ҳал эта олмаяпти. Янги тўхташ жойлари етарли эмас, нархи ҳам қиммат. Масалан, оддийгина соябонли тўхташ жойини олиш учун 1,5 млн сўм миқдорида депозит киритиш, бунинг устига ҳар ой 90 минг сўм тўлаш керак. Кўп қаватли тўхташ жойлари фуқароларнинг ҳамёнига тўғри келармикин?
Тошкентда турар жой даҳалари қурилиши учун ер участкалари олиб қўйилиб, қурувчиларга берила бошлаган охирги пайтда бу ҳолат оммавий тус олди. Бу ишлар кўп ҳолларда қонунбузарлик билан қилинаяпти. Бугун пойтахтимиз қиёфаси ўзгариб бормоқда. 20 йил аввал қурилган эски гаражлар унга ярашмаслиги аён. Шубҳасиз, уларни алмаштириш, замонавий тўхташ жойлари, паркингларни қуриш керак. Гараж эгалари бунга қўшиладилар. Бироқ бузиш жараёни ҳуқуқ доирасидан чиқмай, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб амалга оширилишини талаб қилмоқдалар.
Ижтимоий тармоқларда гаражларни демонтаж қилишдаги ўзбошимчалик, хусусий мулк ҳуқуқини поймол қилиш далиллари кўплаб келтирилмоқда. Уларнинг эгалари йўқлигида автобокслар қулфлари, дарвозалари, эшикларини бузиб, ичидагини кўчага чиқариб ташламоқдалар. Бузилган иморатлар уюм қилиб қўйилмоқда. Буларнинг бари очиқчасига, бировнинг мулкига шикаст етказганлик учун жавоб бермасликка ишонган ҳолда қилинмоқда. Саноқли ҳолларда фуқароларга етказилган моддий зарар учун компенсация тўланмоқда. Натижада турар жой даҳаларида машиналарни тўғри келган жойга қўйиб кетмоқдалар.
Шаҳар ҳокимининг 1.06.2017 йилдаги 690-сон қарори асосида яна гаражларни бузишга киришдилар. Унда 2017–2021 йилларда пойтахтда автотранспорт воситаларини сақлаш жойларини тартибга солиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар назарда тутилган. Унда пойтахтдаги кенг миқёсли шаҳарсозлик ишлари шаҳарсозлик қоидалари ва санитария нормаларига жавоб бермайдиган эски гаражларни демонтаж қилиш ҳисобига замонавий кўп қаватли автотўхташ жойлари қурилишини талаб қилиши қайд этилган. Бунинг учун автотўхташ жойларини босқичма-босқич демонтаж қилиш (!), уларнинг ўрнида замонавий кўп қаватли ва бепул очиқ тўхташ жойларини қуриш, вазиятни мониторинг қилувчи ишчи гуруҳларни тузиш, бундай ишларни амалга ошириш зарурати ҳақида аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориш ҳақида кўрсатмалар берилган. Ҳокимиятлар ходимларининг ўзи қарорни қонунбузарликлар билан ижро этмоқдалар. Яъни ўзимиз ёздикми – ўзимиз бузамиз қабилида иш тутмоқдалар.
Гаражларни ёппасига бузиш шартмиди, деган савол юзага келади. Бу ҳеч қандай яхшиликка олиб келмайди. Фуқароларнинг эътирозларига, норозилигига сабаб бўлиб, давлат ҳокимияти органларига, ислоҳотларга ишончсизлик ҳиссини уйғотиши мумкин.
Ўзига ўзи «қонун»
Пойтахтдаги деярли ҳар бир автомобиль эгаси гараждан тозалаш муаммосига тўқнаш келди. Чилонзор туманининг «Е» мавзесида яшовчи фуқароларнинг таҳририятга мурожаати кишини ўйга толдиради: биз қонунга мувофиқ яшаяпмизми ёки кимларнингдир «ҳаммаси давлатнинг қўлида, инсон – ҳеч ким эмас» деган тушунчасига биноанми? Зеро ҳокимият гараж муаммосини ҳал қилиш учун... миллий гвардияни жалб этишгача борди!
«Дарбоза» автотўхташ жойидаги гараж эгалари давлат органлари вакилларининг мансаб ваколатларини суиистеъмол қилаётганликлари устидан Чилонзор туман прокуратурасига шикоят қилдилар. Унда айтилишича, 7 ноябрда Чилонзор ҳокимияти «Chilonzor Avto Xizmat» ДУКнинг (бундан кейин – ДУК, гараж бошқармаси) собиқ раҳбари, айни пайтда туман ҳокими ўринбосари Х.М.Шукруллаев хусусий мулк ҳуқуқида фуқароларга тегишли бўлган гаражларни бузиш учун жамоага қарашли «Дарбоза» автотўхташ жойига ишчилар билан бирга келган. Автобокслар занжирларини кеса бошлаганларида фуқаролар демонтаж қилиш учун ҳужжатлар бор-йўқлиги билан қизиққанлар, суднинг тегишли ҳал қилув қарорини, юз бераётган ҳодисанинг қонунга қанчалик мувофиқлигини кузатиш учун прокуратура вакили ҳозир бўлишини талаб қилганлар. Ҳоким ўринбосари бунга жавобан... унинг ўзи қонун эканлигини айтган. Одамлар гаражларни бузишга халал бермасликлари учун... миллий гвардияни чақирган!
Ана шундай «қонунларга» эга бўлсак, мамлакатимиздаги ислоҳотлар йўққа чиқади. Гвардиячилар гап нимадалигини билгач, тўхташ жойини тарк этдилар. Яна эскича ёндашув қўлланди. Низода далиллар етишмаса, мушт ишга тушади. Бу ҳолатда ҳам шундай йўл тутилди. Етиб келган прокуратура ходими ҳам масалага ойдинлик киритмади – тўхташ жойини бузиш ҳақидаги ҳужжатлар тақдим этилмади. Бошқача айтганда, мансаб ваколатлари суиистеъмол қилинди.
Низонинг моҳияти
Ушбу низо – Чилонзор туманининг «Е» мавзесидаги иккита автотўхташ жойини тозалаш тарихидан лавҳа, холос. Улардан бири – 80-сон, иккинчиси – юридик шахс ҳисобланган «Дарбоза» МЧЖ. Иккаласини автомобиль эгалари ўз ҳисобларидан, илтимосларига биноан 80-йилларда Тошшаҳарижроқўм қарори билан фойдаланиш учун ажратилган ер участкаларида қурганлар. Ўша жойнинг ўзида «жой эгаллаш ҳуқуқи» учун ордерларни олганлар, улар фойдаланиш ҳуқуқини берувчи расмий ҳужжатлар ҳисобланади, у ерда гаражларни ўрнатганлар. Шу вақт мобайнида уларни сотиш, ижарага бериш, яъни хусусий мулк ҳуқуқида автобоксларни тасарруф этиш ҳуқуқига эга бўлганлар. «Дарбоза» ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқи ва бошқа тегишли ҳужжатларни расмийлаштирган, 80-сон тўхташ жойи эса буни ўз вақтида амалга оширмаган. Автомобиль эгалари ишга киришганларида эса шаҳар ва туман ижроқўмларининг ердан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлари архивда йўқолиб қолган. Фуқароларни ҳуқуқларини талаб қилишдан бездириш учун одатдагидек сарсон-саргардон қила бошлаганлар. Шунга қарамай, аввал ҳам, ҳозир ҳам улар ижарачи эмас, ердан муддатсиз бепул фойдаланувчи ҳисобланадилар.
2018 йил март ойида пойтахтда гаражларни яна ёппасига демонтаж қилиш бошланиб, «Е» мавзесидаги тўхташ жойларига навбат келганда Чилонзор ҳокимияти ДУК уларга имкон қолдирмади: ҳаммасини олиб ташлашини айтди. Улар жойлашган ер участкасини кўп қаватли уй ва 4 қаватли замонавий автотўхташ жойини қуриш учун «Label Invest» МЧЖга бериш тўғрисидаги Тошкент ҳокимининг 12.03.2018 йилдаги 413-сон қарорини асос қилиб келтирди. Аввалига ҳар бир гараж эгасига ундан жой ажратишни ваъда қилдилар. Қандай шартларда берилишини айтиб ўтирмадилар. Бироқ муддатсиз бепул фойдаланиш ҳуқуқи билан ижара ҳуқуқи бошқа-бошқа нарса. Барча ваъдалар одатдагидек оғизда қолди. Автомобиль эгалари аввалги тўхташ жойида янги, замонавий шаҳарсозлик нормалари ва талабларига жавоб берадиган тўхташ жойини ўз ҳисобларидан қуриш таклифи билан ҳокимликка чиқдилар. Уларга рад жавоби берилди, автобокслар бузила бошлади. Муҳим жиҳат: автомобиль эгалари бузиш ва унинг ўрнида замонавий автотўхташ жойи қурилишига қарши чиқмадилар. Улар бу жараён қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилишини талаб қилдилар. Ё янги автотўхташ жойида аввалги ҳуқуқлари билан бирга жой ажратадилар, ёхуд моддий зарар ва бозор нархларидаги маънавий зарарни қоплаб берадилар. Зеро тўхташ жойлари сақлаб қолинганда автобоксларнинг реал қиймати 15–25 млн сўмга етади, бузганда эса 200–300 минг сўмга сотилади.
Бунда мулк ҳуқуқи ва ердан фойдаланиш ҳуқуқи бузилиши ҳақида сўз бормоқда. Давлат ер мулкдори ҳисобланади. Ер участкалари жамоага қарашли тўхташ жойларини қуриш учун фойдаланишга берилган. Автобокслар эгаллаган ер муддатсиз бепул фойдаланиш ҳуқуқида фуқароларга тегишли. Автобоксларнинг ўзи эса – хусусий мулк ҳуқуқида. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган тартиб-таомилларга амал қилмасдан ер участкаларини олиб қўйиш ва бошқа шахсга фойдаланишга бериш – ердан фойдаланиш ҳуқуқини ҳам, мулк ҳуқуқини ҳам қўпол равишда бузишдир. Ҳокимлик ва «Label Invest» МЧЖ ер участкалари олиб қўйилиши, улар бузилиши, компенсация тўлаш тартиби ҳақидаги қарорларни ўз вақтида тақдим этмадилар. Мазкур вазиятда қабул қилинган барча қарорлар орқага қайтиш кучига эга эмаслиги борасида аниқлик киритилмади. Тарафларнинг (давлат – фуқаро) муносабатлари ва ҳуқуқлари аввалбошдаги кўринишида сақланиб қолади ва амал қилади.
Ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган бокс эгалари 80-сон тўхташ жойини тўлиқ бузишга йўл қўймадилар. Ўшанда гараж бошқармаси бошлиғи туман ижроқўм берган ордерлар мавжуд бўлса, уларга янги тўхташ жойида аввалги ҳуқуқларда бепул жой берилишини ваъда қилган эди. Давлат мансабдор шахсининг сўзларига ишондилар. 80-сон тўхташ жойидаги гаражлар бузилди, янгиси учун котлован қазилди. Бироқ ярим йил ўтган бўлса ҳам, ҳеч нима аниқлашмади. ДУК бошлиғи ҳоким ўринбосари бўлди. Гараж бошқармасида унинг ўрнига келганлар биз сизга ҳеч нима ваъда қилмаганмиз дедилар. Қурувчи ер участкасини фойдаланишга берганларини айтди. Унда жойлашган ҳамма нарса унинг мулки.
Масала қонун ҳужжатларига мувофиқ кўриб чиқилишига умид қилиб, автомобиль эгалари шаҳар ҳокимлиги, прокуратура, Президент қабулхонасига мурожаат қилдилар. Бироқ аҳоли ёрдам кутган идоралар «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунни бузган ҳолда уларнинг мурожаатларини хатти-ҳаракатларидан шикоят қилаётган Чилонзор туман ҳокимлигига қайта жўнатганлар. Табиийки, жавоб битта бўлган: тўхташ жойи бузилсин.
«Дарбоза» МЧЖдаги автобокслар эгалари жамоаси Тошкент шаҳар ҳокимининг 12.03.2018 йилдаги 413-сон қарори ҳақиқий эмас, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатлари эса ноқонуний, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузувчи деб топилишини сўраб Миробод туман Маъмурий судига мурожаат қилди. Биринчи инстанциянинг ҳал қилув қарори ва апелляция судининг қарори фуқаролар фойдасига чиқарилмади. Ҳозир иш Олий судда кўрилмоқда.
Фуқароларнинг манфаатларини писанд қилмаслик кўп амалдорлар учун оддий ҳол кўринади. Ахир бу мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотларни йўққа чиқаради, давлат ҳокимияти нуфузига путур етказади ва энг асосийси – фуқароларнинг ўзгаришларга ва адолатга бўлган ишончини йўқотади. Фуқаролар билан амалий мулоқот ўрнатмай, бу билан тушунмовчиликларнинг олдини ололмаслик ҳам ҳуқуқий жиҳатдан саводсизлик оқибатидир. Бундай ҳолларда «оғир артиллерия»: округлар, секторлар раҳбарлари, участка нозирлари, маҳалла қўмиталари вакиллари ва бошқаларни жалб этишдан бошқа йўлни билмайдилар. Шуниси қизиқки, деярли барча амалдорлар ўз туманларидаги фуқароларнинг эмас, бизнес – қурувчининг манфаатларини ёқлайди. Бунда фуқароларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини поймол қилиб, шахсий манфаатдорликни кўзламаяптимикинлар, деган савол юзага келади.
Яна бир муҳим жиҳат. Бугун Ўзбекистон жадал ривожланмоқда, жаҳон ҳамжамиятига интеграцияланмоқда, халқаро инвесторлар учун жозибадор бўлиб бормоқда. Бироқ гаражлар бобидаги хусусий мулк ҳуқуқига амалдорларнинг бундай муносабати уларни чўчитиши ҳеч гап эмас.
Ҳуқуқий жиҳат
Гаражлар ва тўхташ жойлари бузилаётганда юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳуқуқлари поймол этилса, қандай ҳужжатларга амал қилиш лозим? Пойтахтнинг Чилонзор тумани «Е» мавзесидаги 80-сон ва «Дарбоза» МЧЖ автотўхташ жойлари мисолида ҳуқуқий жиҳатни кўриб чиқамиз. Эслатиб ўтамиз, ер участкалари доимий фойдаланиш ҳуқуқида уларга бириктирилган эди.
Собиқ Иттифоқ ва иттифоқдош республикаларнинг ер тўғрисидаги қонунчилиги асослари:
Иттифоқдаги жамоа хўжаликлари, совет хўжаликлари, бошқа давлат, кооператив, жамоа корхоналари, ташкилотлари, муассасалари ва фуқароларга ер бепул фойдаланишга берилади (8-модда).
Ер муддатсиз ёки вақтинча фойдаланишга берилади. Олдиндан белгиланган муддатсиз ердан фойдаланиш муддатсиз (доимий) фойдаланиш дея эътироф этилади (9-модда).
Ердан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқлари жумласига турар жой, ишлаб чиқариш, маданий-маиший ва бошқа бино ва иншоотлар қуриш ҳуқуқи киради (11-модда).
ЎзР Ер кодексининг 41-моддаси:
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкаларининг ижарачилари ва мулкдорлари фаолиятига давлат, хўжалик органлари ва бошқа органлар ҳамда ташкилотларнинг, шунингдек улар мансабдор шахсларининг аралашуви тақиқланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.
Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорлари ҳуқуқларининг бузилиши натижасида етказилган зарар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланиши керак.
Жисмоний шахсларга берилган ер участкалари давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун мазкур шахсларнинг хоҳишига кўра туман, шаҳар, вилоят ҳокимининг қарори билан аввалги ер участкаси билан айнан бир хил ер участкаси ажратилгач, шу ер участкаси олиб берилаётган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар олиб қўйилаётган ер участкасининг ўрнига янги жойда уй-жой, ишлаб чиқариш бинолари ва бошқа иморатларни қуриб берганидан кейин ҳамда бошқа барча зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда) тўла ҳажмда қопланганидан кейин олиб қўйилиши мумкин.
ЎзР Ер кодексининг 37-моддаси;
Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган) 2-банди:
Ер участкаси ёки унинг бир қисмини давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарага олувчи билан келишув бўйича – тегишли равишда туман, шаҳар ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қарори бўйича ёхуд Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорига кўра амалга оширилади.
Низомнинг 4-банди:
Тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари... Тошкент шаҳар ҳокимларининг ер участкасини олиб қўйиш, ер участкасида жойлашган уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатларни, иншоотларни бузиш ва дов-дарахтларни кўчириб ташлаш тўғрисидаги тегишли қарорлари нусхаларини билдиришномага илова қилган ҳолда, бузиш бошлангунгача 6 ойдан кечикмай, имзо қўйдириб уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотлар ва дов-дарахтлар мулкдорларини қабул қилинган қарор тўғрисида ёзма равишда хабардор қилиши шарт.
ЎзР Ер кодексининг 86-моддаси:
Зарарнинг ўрни олиб қўйилаётган ер участкалари ажратиб бериладиган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан, шунингдек фаолияти ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг ҳуқуқлари чекланишига ёки яқин атрофдаги ерларнинг сифати ёмонлашувига олиб борган корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар томонидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қопланади.
Низомнинг 3-банди:
Олиб қўйилаётган ер участкаларида уйлар, ишлаб чиқариш иморатлари ва бошқа иморатлар, иншоотларнинг асоссиз бузилишига ва дов-дарахтларнинг кўчириб ташланишига йўл қўйилмайди.
ЎзР Фуқаролик кодексининг 206-моддаси:
Давлат органининг мулкдорнинг мол-мулкини олиб қўйишга бевосита қаратилмаган қарори муносабати билан, шу жумладан мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилади, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг қимматли мол-мулк мулк ҳуқуқи асосида берилади ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланади ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланади.
Олиб қўйилаётган ер участкасидаги... иморатларни, иншоотларни ёки экинларни бузиб ташлашга зарарларнинг ўрни бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қоплангунига қадар йўл қўйилмайди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-11-моддасида олиб қўйилаётган ер участкасидаги тадбиркорлик субъектларига тегишли биноларни, бошқа иморатларни, иншоотларни ёки дов-дарахтларни зарарнинг ўрнини мазкур мол-мулкнинг бозор қиймати бўйича олдиндан ва тўлиқ қопламаган ҳолда бузиб ташлаганлик учун мансабдор шахслар жавобгарликка тортилиши назарда тутилган.
Низомнинг 8-бандига кўра:
Ер участкаси давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарарларни тўлалигича қоплаш шарти билан ер участкалари олиб қўйилади.
Якка тартибдаги уй-жой қурилиши тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 30.12.2006 йилдаги 272-сон қарорига 1-илова) 2-бандига мувофиқ, гаражлар ёрдамчи-хўжалик иморатларига киради.
P.S. |
Материал босмага тайёрланаётганда қурувчи автобокслар эгаларига кафолат хатлари бера бошлагани маълум бўлди. Уларда айтилишича, «Label Invest» МЧЖ демонтаж қилинган металл гаражлар ўрнига уларнинг эгаларига кўп қаватли тўхташ жойида жой ажратишни кафолатлаётган экан. Бироқ бу хат қурувчи бемалол рад эта оладиган «кўпик»дан ўзга нарса эмас. Унда кафолат хати кимга берилаётгани, автомобиль эгасининг манзили, олиб ташланган гараж рақами, тўхташ жойининг номи, унинг манзили ва бошқа маълумотлар қайд этилмаган. Бундай хатларни суд тан олмайди. Қурувчи кўп қаватли тўхташ жойини бошқа шахсга сотса, унинг янги мулкдори кафолатга эга бўлган фуқаролар олдида бундай «кафолат» асосида ҳеч қандай мажбурият олмайди. Гараж эгалари ҳеч нимасиз қолмасликлари учун кафолат хати қандай тузилиши ҳақида кейинги материалда сўз юритганмиз.
«Нигерия хати» кафолат бера оладими?
Ҳар ким ҳаётида бир марта бўлса ҳам Интернет орқали «Нигерия хати» – олувчиларни алдаш мақсадида фирибгарлар жўнатган сохта ҳужжатларни олган бўлса керак. Минг афсуски, турли ташкилотлар, тадбиркорлар, ҳатто баъзида давлат органлари берадиган кафолат хатларининг аксариятини улар сирасига киритиш мумкин.
Қандайдир иншоот жойлашган ер участкаси олиб қўйилаяпти, дейлик. Иншоот мулкдори янги қуриладиган уйдан квартира беришлари мажбурияти қайд этилган кафолат хатини олиб, хотиржам кута бошлайди... Охир-оқибат кафолат олувчида фақат битта йўл қолади: «кафолатланган» мулкни олишга беҳуда уринган ҳолда судма-суд юриш.
Нега шундай бўлади?
Ҳуқуқни қўллаш тартиби фақат қонунларда белгиланган тушунчалардан фойдаланишни талаб этади, Ўзбекистон қонун ҳужжатларида эса «кафолат хати» тушунчаси мавжуд эмас. Натижада кафолат хатига мажбуриятлар ижро этилишининг расмий тасдиғи деб эмас, балки контрагентлардан бирининг ниятлари ифодаси деб қаралади. Яъни кафолат хати ҳужжатлар айланмасига оид ишбилармонлик ёзишмалари шакли ҳисобланади, бироқ шартнома ва шунга ўхшаш юридик аҳамиятга эга бўлган ҳужжатларга тенглаштирилмайди. Бу қоғознинг юридик кучи унда қандай ахборот қайд этилганига ва у қанчалик тўғри расмийлаштирилганига боғлиқ. Контрагентлар келишувга риоя этмаганда бу ҳужжат далил-исбот бўлиб хизмат қила олиш-олмаслиги ҳақида фақат суд қарор қабул қила олади.
Қоғозга ёзилган ёки босиб туширилган ҳар қандай ахборот расмий ҳужжат бўла олмайди. У сўзсиз тусга эга бўлиши ва судда исбот-далил сифатида хизмат қилиши учун юридик кучга эга бўлиши лозим. Яъни ҳужжат матнида тилга олинган барча далиллар, хатти-ҳаракатлар, саналар ҳақиқий бўлиши, ижрочилар унинг учун жавоб беришлари керак. Юридик кучга эга бўлган ҳужжатда сана, раҳбар имзоси, ташкилот муҳри ва кўп ҳолларда нотариус тасдиғи бўлиши шарт. Гап шундаки, кўпинча қонунга кўра кўчмас мулк билан боғлиқ барча битимлар мажбурий тартибда нотариал тасдиқланади.
Кафолат хати судда даъво талабларини қондириш учун лозим даражада ишончли юридик ҳужжат бўла олмайди. Умуман олганда кафолат хатининг ҳуқуқий мақоми ўзаро муносабатлар борасида унда мавжуд ахборотнинг тафсилотлари ва аниқлиги, шунингдек унинг тўғри тузилганлигига бевосита боғлиқ. Содда қилиб айтганда, тарафлар ўртасидаги ишбилармонлик ёзишмаларининг мазкур элементи расмий шартномага қанча кўп ўхшаса, суд инстанцияларида унинг юридик кучи тан олиниши эҳтимоли шунча юқори бўлади.
Кафолат хатида нималар кўрсатилиши керак?
Биринчиси ва энг асосийси, ҳужжатни ижро этилишини «кафолатлайдиган» мажбуриятларни юзага келтириш ҳуқуқига эга бўлган шахс бериши керак. Масалан, у ер участкаси ажратилган, маблағлари ҳисобидан янги иморат барпо этилаётган, қурилиш якунланганидан кейин унга бўлган мулк ҳуқуқини қўлга киритиши кафолатланган шахс бўлиши лозим. Бунда барпо этилаётган иншоотга маблағ сарфлайдиган ёки бошқача тарзда иштирок этадиган ва унга доир муайян ҳуқуқларни қўлга киритадиган бошқа иштирокчилар бўлмаслиги муҳим аҳамиятга эга. Бу ҳолда ҳужжатни ҳуқуқни қўлга киритадиган барча шахслар беришлари керак.
Ҳар қандай кафолат хатида (ва бошқа кафолат берувчи ҳужжатда) қуйидагилар қайд этилиши керак:
1) тарафлар – хатни тузган ва у берилган шахсларга оид маълумотлар;
2) кафолат берувчи тарафнинг реквизитлари;
3) хат тузилган сана;
4) мазмуни – ким нимани кафолатламоқда, муддатлар, кафолат берувчининг жавобгарлиги, унинг тартиб-таомилга оид ва бошқа мажбуриятлари ва ҳ.к.;
5) хатни имзолаган шахснинг Ф.И.О. ва лавозими ёхуд ҳуқуқий мақоми (тадбиркор ва ҳ.к.);
6) ташкилот муҳри ёки кўрсатилган шахснинг хатни имзолашга ваколати мавжудлиги тасдиғи;
7) хат ижрочисининг имзоси.
Бундай хат фирма бланкасида тақдим этилгани маъқул, бу унга жиддийроқ муносабатда бўлишга хизмат қилади.
Хат бошида қуйидаги мазмундаги ёзувнинг қайд этилиши алданишдан яхши ҳимоя воситасидир:
«Мазкур кафолат хати... (тарафларнинг фамилиялари) ўртасидаги шартноманинг юридик кучига эга».
Кафолат хатида мол-мулк бошқага берилганда ёки унинг ҳуқуқ эгаси бошқа йўл билан алмашганда кафолат хатидан келиб чиқадиган барча ҳуқуқлар кафолат хати бериладиган шахсга ўтиши албатта қайд этилган бўлиши керак. Яъни қурувчи бузилган гаражлар ўрнига янги автотўхташ жойида жой берилиши ҳақида мулкдорларга кафолат хати берган, бироқ тўхташ жойини қургач, уни бошқа шахсга сотиб юборган бўлса, у янги мулкдорни мол-мулк бўйича мажбурият мавжудлиги ҳақида хабардор қилиши шарт. Мол-мулкнинг янги мулкдори хатдан келиб чиқадиган барча кафолат мажбуриятларини бажариши керак бўлади.
Шундан келиб чиққан ҳолда Фуқаролик кодексини 353-1-модда билан тўлдириш зарурати юзага келади:
«Кафолат хати
Кафолат хати, яъни кафолат берувчининг муайян ҳуқуқ субъектига нисбатан мажбуриятини ўз ичига олган ёзма ҳужжат шартнома (битим) ҳуқуқий мақоми ва юридик кучига эга деб эътироф этилади ҳамда қонун ҳужжатларининг шартномаларга (битимларга) оид нормалари унга нисбатан қўлланилади».
Зеро бозор иқтисодиёти шароитида мажбуриятлар юзага келиши ва бажарилиши масаласи, моҳиятан олганда, ижтимоий муносабатлар соғломлигидан дарак беради.
Валерий Стаховский, турар жой мулкдори.
Менга сўз беринг
Қувурларни қандай «кийинтириш» мумкин?
Алоҳида олинган ХУМШдаги кўпгина муаммолар тизимли тусга эга. Улар бошқа ширкатларга ҳам хос, шу сабабли ечимини талаб қилади. Акс ҳолда бу ишлашга тўсқинлик қилади, умумий мол-мулкни капитал таъмирлаш, унга жорий хизмат кўрсатишни ўз вақтида бажариш имконини бермайди. Баъзи ҳолларда ХУМШ йўлидаги тўсиқларни йўқотишга қонунчиликдаги нуқсонлар йўл бермайди. Бошқасида – унинг барча даражаларда ижро этилмаслиги, қоғозбозлик сабабчи бўлади. Тошкентдаги «Она Замин Иккинчи Коммунал» ширкатида ҳам барча ширкатларни ташвишга солаётган масалалар мавжуд. ХУМШ раиси Светлана Группер улар ҳақида сўз юритди.
«Иссиқлик таъминоти ташкилоти ҳар йили ширкатдан ертўладаги қувурларни ўрашни талаб қилади. Иссиқликни изоляциялаш заруратини назарда тутувчи идоравий ҳужжатларни рўкач қилади. Ижро этмасак, жарима солиш билан пўписа қилади. Бироқ уй ичидаги иссиқлик тизимларини изоляциялаш бўйича услубий тавсиялар мавжуд эмас. Дарвоқе, Кўп квартирали уйларда иссиқлик таъминоти хизматлари кўрсатиш қоидалари (ВМнинг 15.07.2014 йилдаги 194-сон қарорига 1-илова), шунингдек етказиб берувчи билан истеъмолчи ўртасида тузилган ККУда иссиқлик билан таъминлаш шартномасида уй ичидаги иссиқлик таъминоти тизимларини изоляциялаш зарурлиги тўғрисида нормалар мавжуд эмас.
Қувурлар иссиқликни сақлаш, унинг энергия самарадорлигини ошириш учун ўралади. Бироқ буни тўғри бажариш лозим. Акс ҳолда пул шамолга совурилган бўлиб чиқади. Қувурларни «кийинтириш» борасида кўп саволлар юзага келади. Масалан, иссиқликни изоляциялаш учун қандай материаллардан фойдаланиш керак, бунда уларнинг диаметри, фойдаланиш муддати, сифати, таркиби, бошқа параметрларини инобатга олиш зарурми? Буни ким қилиши керак: ширкатми ёки профессионал ташкилот? Бунинг учун махсус тайёргарлик, ўқиш керакми? У ёки бу материал билан қувурлар иссиқлигининг изоляцияланиши қанча муддатга мўлжалланган? Пластик қувурларни иситиш зарурми, ахир улар деярли иссиқликни чиқармайдилар? Бироқ иссиқлик таъминотчилари шундай қилиш керак, деб туриб олганлар. Буни тасдиқловчи ҳужжат борми? Тўғри, таъмирланган қувурларни ўраш лозим. Бу ҳам тавсияларда қайд этилган бўлиши керак.
Шубҳасиз, бу ишга киришиладиган бўлса, уни лозим даражада, ишлаб чиқилган ва тасдиқланган тавсияларга мувофиқ бажариш керак. Сабаби бунга кўп маблағ сарфланади. Масалан, 4 та йўлакли битта уйимизга 2,5 млн атрофида маблағ талаб этилади. Бизда 6 та йўлакли уйлар ҳам бор. 8 та уйнинг ҳаммасига қарийб 20 млн сўм кетади. Иссиқлик изоляцияси бир йилга мўлжаллаб қилинмайди. Бу ишга киришиб, салмоқли маблағ сарфланса, у шунга яраша ўзини оқлаши керак.
Мутахассисларга келсак, улар катта, магистрал қувурлар иссиқлигини изоляциялаш билан шуғулланадилар. Уй ичидаги тизимлар билан ишламайдилар. ХУМШ сантехниклари ҳам буни қоидага кўра қандай бажариш кераклигини билмайдилар. Айрим ширкатларда уни ўзлари учун эмас, балки иссиқлик таъминотчилари тинч қўйишлари учун қўл учида ўраб қўя қоладилар. Ахир бундай йўл тутиб бўлмайди. Биз ҳам қувурларни поролонли фольга билан ўраб қўйишимиз мумкин. Аммо бу билан фақат ўзимизни алдаган бўламиз. Бунинг устига, бунга пул ҳам сарфлаш керак бўлади.
Қанча вақт совуқда ўтириш мумкин?
Уйларимиз иссиқлик трассасининг охирида жойлашган. Шу сабабли иссиқлик уйимизга тўлиқ ҳажмда етиб келмайди, белгиланган нормативларга мувофиқ келмайди. Неча йилдирки уй аҳли квартираларини исита олмаяпти, яна қаерга шикоят қилишни билмаяпти. Илгари етказиб берувчилар ҳамма айбни ширкатга ағдариб, муаммони уй ичидан изланг дер эди. Аммо гап бунда эмас. Уй ичидаги тизим яхши ишлайди, қишда эса аҳоли имкон қадар: электр приборлари, газ ёрдамида исинади. Бироқ бу билан қониқиш ярамайди. Етказиб берувчилар билан музокара қилишдан чарчадик. Қишда электр энергияси, газ истеъмоли, тегишинча, аҳолининг уларга харажати бир неча бор ортади. Бунинг устига, етказиб берилмайдиган иссиқлик ҳақини ҳам тўлашларига тўғри келади. Етказиб берувчилар қайта ҳисоб-китоб ҳақида эшитишни ҳам истамайдилар. Бироқ бу вазиятда чиқиш йўлини топиш зарур. Уйлар шаҳар марказида жойлашган, муаммо эса узоқ йиллардан буён ечимини топмаяпти.
Ўтган йили аҳоли иситиш сифатидан шикоят қилавергач, Тошиссиққуввати ходимлари бир нечта квартирани, шунингдек уйларга уланган иссиқлик ташувчининг параметрларини текширдилар. Ҳаммаси нормативларга мувофиқ, уй ичидаги тизим нормал фаолият юритиши учун етарли, деган хулосага келдилар. Квартиралар текширилганлиги ҳақида далолатномалар туздилар. Масалан, улардан биридаги залда ўша пайтда 2 та иситиш прибори ёқилган, болалар хонаси эса газ билан иситилаётган эди. Ҳаво ҳарорати +14 Со, тегишинча, квартирада ҳам +20 Со эди. Иссиқлик таъминотчилари ҳаммаси жойида, шикоятлар тасдиқланмади, дея қайд этдилар. Бироқ квартираларда ўлчов ишлари иситиш приборлари ишлаб турганда амалга оширилди! Ташқарида ҳаво ҳарорати +20 Со бўлганда бошқа квартирага кирдилар. Бу квартира ҳам аввалроқ электр прибори билан иситиб қўйилган эди. Биз иссиқлик таъминотчиларининг далолатномаларига қўшилмаймиз.
Тошиссиққуввати раҳбариятига мурожаатлар ва у билан учрашувлар натижа бермаяпти. Қачонлардир уйларимиз учун кичик қозонхона қуриш масаласи кўрилган эди. Бироқ ҳозир ундан воз кечдилар. Тушунтиришларича, шаҳар маркази – Ҳукумат трассаси бўйида кичик қозонхона қуриш мумкин эмас экан. Ҳукумат трассаси бўйида музлаб чиқиш мумкин экан-да? Муаммо ҳанузгача ечимини кутмоқда.
Ер участкалари ширкатларга қайтариладими?
ХУМШ ер участкаларидан асоссиз равишда маҳрум қилинганлиги масаласи ҳақида гапирмаган одам қолмади. Уйларимизда кадастр ҳужжатларига кўра ҳатто бир парча ер ҳам йўқ. Бироқ қонун ҳужжатларида йўқ нарсани сақлаш мажбурияти қолган. Неча йилдирки ҳамма ушбу ҳуқуқий ихтилофга кўз юмиб келмоқда. Ширкат ер участкасидан фойдаланмаётган бўлса, демак, уни сақлаш мажбурияти ҳам бўлмаслиги керак. Бу ҳолда унинг учун ҳокимликлар ҳузуридаги ободонлаштириш бошқармалари тимсолида давлат (ер эгаси) жавобгар бўлади. Бироқ улар буни зиммаларига олишни истамаяптилар.
Бу вазиятда ширкат нима қилиши мумкин? Виртуал ҳудудни тозалашимиз, ободонлаштиришимиз шартлигини айтиб, бизга ҳар томонлама босим ўтказадилар. Бунга қўл силтаб қўя олмаймиз. Ҳовлимиз қай аҳволга тушади? Уни тозалатиб, бунинг учун фаррошга пул тўласак – қонунни бузган бўламиз. Бу ХУМШнинг мақсадсиз харажатлари бўлиб чиқади – ахир кадастр бўйича участкамиз йўқ-ку.
Барча ХУМШда фаррошлар билан боғлиқ муаммо бор. Ҳозир ҳудудни тозалаш хизматларини таклиф қилувчи ихтисослаштирилган фирмалар пайдо бўла бошлади. Бироқ унга 100 фоиз олдиндан ҳақ тўлаш керак. Бунинг оқибати қандай якун топишини билмайсиз. Қўшни ХУМШ ана шундай фирмани ёллаган эди, унинг иши қониқтирмаганлиги учун бир-икки кундан кейин хизматларидан воз кечди.
Айни пайтда ишлаб чиқилаётган янги уй-жой қонунчилигида ер участкалари муаммоси ечимини топиши даркор. Аслида амалдаги қонунчиликда участкалар доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ширкатга берилиши белгиланган. Фақат улар қаерда? Бунда қонунга қатъий риоя этиш ва уларни бузганлик учун жиддий жазога тортиш ҳақида сўз бориши керак.
Сизнинг калит – бизнинг калит эмасми
Участка нозири уйларимизнинг чордоғи калитини беришимизни талаб қилмоқда. Айтишича, бу аҳолининг хавфсизлиги учун керак эмиш (бирйўла квартираларнинг калитини ҳам сўраб қўя қолмайдими?). Участка нозири исталган пайтда чордоққа чиқа олиши учун калит милиция қўлида туриши керакмиш. Бироқ чордоқ – мулкдорларнинг умумий мулки. Унинг хавфсизлигини уй аҳли ўз ҳисобидан таъминлайди. У ерга панжара, қулф ўрнатган, уларнинг бут сақланишини кузатиб туради. Калитни кимгадир берадиган бўлсанг, ўзингга ортиқча ташвиш орттирасан. Нима бўлмасин, ХУМШ айбдор бўлиб чиқаверади. Томга ҳам шикаст етказилиши ҳеч гап эмас.
Участка нозирининг талаби – фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқини қўпол бузишдир. Буни қандайдир ички циркуляр мавжудлиги билан оқламоқчи бўлсалар, у ҳолда бу талаблар қонуний эмас. Чордоқларнинг калитини бегона шахсларга бериш масаласи фақат норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган бўлиши керак.
ХУМШнинг депозит счётидан фойдаланиши чекланган
Ширкатларнинг ўз маблағларини мустақил тасарруф эта олмаслиги ҳам ишга тўғаноқ бўлади. Муайян ишларни бажариш учун ҳокимнинг ёзма рухсатномасисиз банкдаги депозит счётимиздан ўз пулимизни ололмаймиз. Мисол учун, томни таъмирлашга бундай рухсатнома олиш учун ҳокимликка ҳужжатлар пакети: пудратчи билан тузилган шартнома, нуқсонлар далолатномаси, калькуляция ва бошқаларни тақдим этишимиз зарур. Яъни бу ишни қилиш керак-нокераклигини мулкдорлар эмас, балки ҳокимлик ҳал қилади. Бунинг устига жавобни 10–15 кун кутамиз. Агар бу авария ҳолати, масалан, томдан чакка ўтаётган бўлса, ширкат тезкор равишда ишга кириша олмайди. Уй аҳли рухсат бериш тартиб-таомилининг қулига айланиб қолади.
Кредитлар ўзлаштирилишини назорат қилиш мақсадида ана шундай тартиб ўрнатилган бўлса керак, сабаби деярли барча ширкатлар кредит олиб фаолият юритмоқда. Кўпчилиги уларни ўз вақтида қайтара олмайди. Бироқ қарз маблағларини вақтида қайтараётган ширкатлар ҳам бор. Биз таъмирлаш ишларини кредит олмай бажарамиз. Уларни бирон марта олмаганмиз. Ширкатнинг ўз маблағларидан фойдаланишини чеклаш тартиби – ғайритабиий ҳол, унинг ишларига аралашувдир. Модомики бундай тартиб белгиланган экан, ҳеч бўлмаса ҳар бир ХУМШга алоҳида ёндашувни жорий этиш лозим. Банкирлар ўз мижозларини яхши биладилар. Ширкатнинг қарзи бўлмаса, ҳокимликдан рухсатнома олмасдан ўз маблағларидан эркин фойдаланиши лозим».
Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.