Корхонада Сербия фуқароси (бошқарув ходимларидан эмас) меҳнат шартномаси бўйича ишлайди, меҳнат фаолиятини юритишга рухсатномаси бор, доимий пропискадан ўтмаган.
Корхона ЯИТ тўлаши, мазкур ходимнинг иш ҳақидан ижтимоий суғуртага ажратмаларни ҳам ушлаб қолиши керакми?
Ягона ижтимоий тўлов
Ходим – чет эл фуқаросига ҳисобланган меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадга ЯИТ солиниши керак. Жисмоний шахсларнинг меҳнатга ҳақ тўлаш тарзидаги даромадлари ЯИТ солинадиган объект ҳисобланади (Солиқ кодексининг 172, 306-моддалари). ЎзР фуқаролари, чет давлатлар фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар жисмоний шахслар деб эътироф этилади (Солиқ кодексининг 16-моддаси). Корхонангиз кичик корхона ёки микрофирма ҳисобланса, 15%лик ставкада ЯИТ тўланади (29.12.2017 йилдаги ПҚ-3454-сон қарорга 23-илова).
ПЖга суғурта бадаллари
Жисмоний шахслар – ЎзР фуқаролари, шунингдек республикамизда доимий равишда яшаб турган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўловчилардир (Солиқ кодексининг 305-моддаси).
Чет эл фуқароси ички ишлар органлари томонидан берилган яшаш гувоҳномасига эга бўлганда Ўзбекистонда доимий истиқомат қилувчи шахс ҳисобланади (Низомнинг 2, 4-бандлари, 26.02.1999 йилдаги ПФ-2240-сон Фармонга 2-илова). Ходимингиз – чет эл фуқароси мамлакатимизда яшаш гувоҳномасига эга бўлмаса, тегишинча, суғурта бадалларини тўловчи ҳисобланмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.