Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 47 / Парламент хабарлари

2019 йил Бюджетномаси тасдиқланди

 

2018 йил 17 ноябрда Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари ҳамда солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқдилар.

 

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – молия вазири Ж.Қўчқоров маъруза қилди.

Мажлисда қайд этилганидек, мамлакат Вазирлар Маҳкамаси томонидан тақдим қилинган 2019 йилги Бюджетнома Президентимиз томонидан тасдиқланган 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор вазифалардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Бюджет кодексининг ­96-моддаси қоидаларига мувофиқ ишлаб чиқилиб, парламентга киритилган.

Мамлакатнинг бош молиявий ҳужжатини тақдим этиш амалиётида биринчи марта 2019–2021 йилларда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий йўналишлари прогнози берилди. Унда фискал кўрсаткичларга таъсир кўрсатувчи асосий ташқи ва ички омиллар, 2019–2021 йилларга оид солиқ-бюджет сиёсатининг стратегияси, 2019 йилга мўлжалланган ва 2020–2021 йилларга прогноз қилинган фискал хавфлар, 2019–2021 йилларга мўлжалланган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетлари параметрлари каби масалалар ўз аксини топган. Иқтисодиётни модернизация ва диверсификация қилишни таъминлашга, иқтисодиёт секторлари макроиқтисодий кўрсаткичларининг юқори суръатларда ўсишига эришишга, аҳоли фаровонлигини юксалтиришга қаратилган инвестициявий жозибадорлик ҳамда ишчанлик муҳитини оширишга доир чора-тадбирларни изчил амалга ошириш назарда тутилган.

Мажлисда қайд этилганидек, 2019 йилда ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) ўсиши кейинги йилларда унинг ижобий динамикасини сақлаб қолган ҳолда 5,4 фоиз (2020 йилда 6 фоиз, 2021 йилда 7 фоиз) миқдорда бўлиши назарда тутилмоқда. Хусусан, саноат ишлаб чиқариши ҳажми 4,9 фоиз, қурилишда 8,4 фоиз, қишлоқ хўжалигида 3,3 фоиз ва хизматлар соҳасида 6,2 фоиз кўпаяди, асосий капиталга инвестициялар 17 фоиз, товарлар ва хизматлар экспорти 15,5 фоиз ҳамда импорт 6,3 фоиз ўсади.

2019 йилги солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармонига (29.06.2018 йилдаги ПФ-5468-сон) мувофиқ ишлаб чиқилган.

Унга кўра, барча фуқаролар учун жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкасини 12 фоиз миқдорида жорий этиш, шундан 0,1 фоизини шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтириш, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи ставкасини 14 фоиздан 12 фоизгача, тижорат банклари учун 22 фоиздан 20 фоизгача пасайтириш, фуқароларнинг меҳнат ҳақи тарзидаги даромадларидан бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига ушлаб қолинадиган суғурта бадалларини бекор қилиш назарда тутилмоқда.

Умуман олганда, таклиф этилаётган чора-тадбирлар амалга оширилиши ҳисобига солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тури 19 тадан 15 тагача камаяди.

2019 йилга мўлжалланган Бюджет сиёсати пухта ўйланган фискал сиёсатни амалга оширишга, иқтисодий кўрсаткичларнинг мутаносиб ўсишига ва мамлакат молиявий тизимининг барқарорлигини таъминлашга қаратилган.

Бюджет маблағларини режалаштириш самарадорлигини, улардан фойдаланиш натижадорлигини оширишга ҳамда бюджетлараро муносабатларни такомиллаштиришга йўналтирилган бир қатор чора-тадбирларни амалга ошириш назарда тутилмоқда.

Хусусан, Давлат бюджетини режалаштириш ва ижро этиш жараёнини, бюджетлараро муносабатларни такомиллаштириш, тегишли вилоятлар, туманлар ва шаҳарларнинг солиқ тўлаш имкониятларини кенгайтиришдан маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг манфаатдорлигини ошириш, бюджетнинг барқарорлигини таъминлаш учун бюджетга қатъий риоя этилишига эришиш, бюджет тизимида бюджетларнинг молиявий оқимларини уйғунлаштириш кабилар шулар жумласидандир.

Бюджетни режалаштиришнинг барқарорлигини ошириш мақсадида прогноз йили учун Давлат бюджетини ва кейинги икки йилга мўлжалланган бюджет йўналишларини тасдиқлаш йўли билан ўрта муддатга мўлжалланган бюджетни режалаштириш механизмини жорий этиш таклиф қилинмоқда.

2019 йилда Давлат бюджети даромадларининг тушуми 102,6 трлн сўм ёки ЯИМга нисбатан 24,2 фоиз даражасида бўлиши прогноз қилинмоқда. Давлат бюджетига тушумларнинг жорий йил кўрсаткичига нисбатан 37,8 фоиз ўсиши режалаштирилмоқда.

Давлат бюджети даромад қисмининг тушуми бевосита солиқлар бўйича даромадлар ҳисобига 20,7 трлн сўм, билвосита солиқлар бўйича 55,5 трлн сўм миқдорида, ресурс солиқлар ва мол-мулкка солинадиган солиқлар бўйича 14,6 трлн сўм, ер ости бойликларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича 10,7 трлн сўм, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқлар бўйича 0,3 трлн сўм миқдорида бўлиши кутилмоқда.

2019 йилда Давлат бюджетининг харажатлари 107,1 трлн сўмни ташкил этади. Бу ўтган йилдагига нисбатан 1,4 баравар кўп бўлиб, бунда Давлат бюджетининг харажатлари асосан ижтимоий соҳаларга йўналтирилади. Жумладан, ижтимоий соҳа харажатлари 57,8 трлн сўмни ёки умумий харажатларга нисбатан 54 фоизни ташкил этади. Бунда ушбу харажатларнинг ўсиши аввалги йилга нисбатан 34,4 фоиз кўпаяди.

Мактабгача таълим муассасаларини молиялаштиришга 4 трлн сўм, умумий таълимга 17,1 трлн сўм йўналтирилади, кадрлар тайёрлашга ажратиладиган маблағлар 3,8 трлн сўмни ташкил этади.

Соғлиқни сақлашни молиялаштиришга эса 12,1 трлн сўм йўналтирилади ёки аввалги йилга нисбатан 30,5 фоиз ўсиш билан умумий харажатларга нисбатан 11,3 фоизни ташкил этади.

Маданиятни молиялаштириш учун 1 трлн сўм, илм-фанга 0,8 трлн сўм йўналтирилади. Ижтимоий нафақалар, кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам тўлаш ва компенсация тўловлари учун харажатлар ўтган йилдагига нисбатан 61,8 фоиз ошган ҳолда 5 267,2 млрд сўмни ташкил этади.

«Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» Давлат дастурларини амалга ошириш учун барча молиялаштириш манбалари ҳисобидан 6,3 трлн сўм йўналтирилади, бу эса 478 та аҳоли пунктида турмуш шароитлари яхшиланишини таъминлайди.

Давлат дастурларини амалга ошириш доирасида 2019 йилда 372 та объектда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини реконструкция қилиш ҳамда модернизациялаш, 1 916,1 км узунликдаги сув ўтказиш тармоғини қуриш ва реконструкция қилиш назарда тутилмоқда. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида марказлашган сув таъминотини қамраб олиш 2019 йилда 77 фоизга етади.

Умуман олганда, 2019 йилги Бюджетномада назарда тутилган даромадларнинг изчил ўсиши, солиқ сиёсатида жорий этилаётган туб ўзгаришлар аҳолининг турмуш шароитларини яхшилашга қаратилгани билан аҳамиятли экани таъкидланди.

 

Мажлисда Бюджетнома ҳамда унинг асосий йўналишлари депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди. Лойиҳа Қонунчилик палатаси томонидан тасдиқланди.

 

Қонунчилик палатаси Матбуот хизмати материали асосида тайёрланди.

 

ЎзА.

Прочитано: 4413 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2019-01-15 10:31:12, Гость_:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика