Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 47 / Профессионаллар билан – тараққиёт сари

Кузги ўқишларнинг еттинчи мавсуми

 

Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси (ЎБФ) «Каттатўртлик»даги халқаро аудиторлик ташкилотлари билан ҳамкорликда МҲХС ва ХАСнинг Кузги ўқишлари доирасида йиллик семинарларнинг VII циклини ўтказди. Семинарлардан кўзланган мақсад – бухгалтер ва аудиторларнинг молиявий ҳисоботлар халқаро стандартлари ва аудит халқаро стандартлари бўйича малакасини ошириш ҳамда уларни Ўзбекистонда жорий этишнинг самарадорлиги бўлди.

 

 

Янгиланган Концептуал асослар

Жорий йилнинг март ойи охирида МҲХС бўйича Кенгаш Молиявий ҳисобот концептуал асосларининг янги версиясини чиқариб, ўз фаолиятининг узоқ йиллик лойиҳасини якунига етказди.

Шунинг учун Кузги ўқишлар Концептуал асосларнинг янги таҳририни муҳокама қилиш билан бошланди. Бу ҳақда «PricewaterhouseCoopers» халқаро аудиторлик фирмасининг аудиторлик ва консультация хизматлари бўлими кичик менежери Низомиддин Хўжабеков гапириб берди. Концептуал асослар молиявий ҳисоботларнинг активлар, мажбуриятлар, даромад ва харажатлар, капитал сингари турли элементларидаги мавжуд тафовутларни имкон борича қисқартириш, шунингдек, молиявий ҳисоботларни тайёрлаш ва тақдим этиш тартиб-таомилларини ўзаро мувофиқлаштиришга қаратилган. Бунда янги шароитларда хўжалик юритувчи субъектнинг операцион, молиявий ва инвестициявий фаолиятига кучли таъсир кўрсатувчи тижорат фаолиятининг энг муҳим жиҳатларига урғу берилади.

Экспертнинг фикрига кўра, молиявий ахборотнинг сифат хусусиятлари масалалари Концептуал асосларнинг муҳим ўзгаришларидан эканлигини эътироф этиш зарур. Ҳисоботга изоҳларда келтирилган, ҳисоб сиёсати асосий қоидаларининг қисқача шарҳини ҳамда бошқа тушунтириш ахборотини ўз ичига олувчи сифатли ахборотнинг очиб берилиши фойдаланувчиларга корхонанинг молиявий ҳолати ҳамда унинг ривожланиш истиқболлари тўғрисида тўлиқ ва ишончли тасаввурга эга бўлиш имконини беради.

Концептуал асосларнинг муайян ўзгаришлари капитал, унинг номинал ва ҳақиқатдаги ҳажмларини сақлаб туриш тушунчаларини янада такомиллаштиришни назарда тутади.

Шу тариқа, Концептуал асосларнинг янги таҳрири молиявий ҳисоботнинг сифатли ва бир-бирига зид бўлмаган стандартларини ишлаб чиқишни тезлаштиришга туртки бўлади. Уларнинг асосий қоидалари молиявий ҳисоботдаги ахборотнинг холислиги ва тушунарлилигини таъминлайди.

Унинг муҳим элементларини ­эътироф этиш ва баҳолаш мезонларини уйғунлаштириш молиявий ҳисоботни тузувчиларга уни тайёрлаш харажатларини камайтиришга ёрдам беради.

Эксперт Концептуал асосларнинг янги таҳририда активлар ва мажбуриятларга янгича таърифларнинг киритилиши компаниянинг ҳуқуқ ва мажбуриятларига йўналганлигини алоҳида таъкидлади. Активлар, мажбуриятлар, даромад ва харажатлар тўғрисида қандай ахборотни тақдим этиш кераклигига доир қарорлар инвесторлар учун фойдалилик жиҳатидан келиб чиқиб қабул қилиниши лозим. Концептуал асосларнинг янги таҳририда актив ва мажбуриятлар қайси ҳолларда дастлабки қиймати бўйича, қайси ҳолларда эса жорий қиймати бўйича баҳоланиши кераклигини белгилаш тушунтирилган.

 

Ижара ҳисобининг янги қоидалари

2019 йилнинг бошига келиб, МҲХС бўйича ҳисобот топширадиган компаниялар 16-МҲХС (IFRS) «Ижара» янги стандартини жорий этишга оид ўз ёндашувларини ишлаб чиқиши лозим бўлади. Кузги ўқишларда бу ҳақда ҳам сўз борди. Семинарни «Ernst&Young» халқаро аудиторлик фирмасининг аудит бўлими экспертлари Далержон Бобожонов ва Достон Маматов олиб боришди.

Бошловчилар 16-МҲХС (IFRS) «Ижара»ни жорий этишдан кўзланган мақсадни тушунтириб беришди:

– Асосий вазифа – ижарачиларнинг молиявий мажбуриятлари ва уларнинг ижара фаолиятини аниқроқ акс эттиришдан иборат. 16-МҲХС (IFRS) «Ижара»нинг 17-МҲХС (IАS) «Ижара»дан муҳим фарқи операцион ижара муносабати билан юзага келадиган активлар ва мажбуриятларни эътироф этиш ҳисобланади. Бу ўринда ижарачилар учун операцион ва молиявий ижара ўртасида тафовутлар бўлмаслиги керак. Ижара объектидан муай­ян муддатда фойдаланиш ҳуқуқи ва ижара тўловини тўлаш бўйича мажбуриятларни ўз ичига олган янги ижара активи ижаранинг барча турлари бўйича эътироф этилади, қисқа муддатли ижара объектлари билан кам баҳоли мол-мулк ижараси бундан мустасно. Янги Стандартга киритилган ўзгартиришлар ижарачиларнинг назорат тизимлари, бизнес-жараёнлари ва воситаларига катта таъсир кўрсатади. Бу билан ижарага тааллуқли бўлган ахборот олдингига нисбатан кўпроқ ойдинлашади, сабаби ижарага берилган мол-мулкнинг деярли барчаси корхонанинг балансида акс эттирилади. Компаниялар Стандартни корхонанинг ҳисоб сиёсати тизимидаги ўзгартиришлар даражасида жорий этибгина қолмай, балки уларни қўллашнинг функциялараро ёндашувини жорий этадилар. Корхона янги Стандартнинг ташкилотга бўлган таъсирини қанчалик барвақт баҳоласа, юзага келадиган муаммоларни ҳал этишга шунча тайёр бўлади ва шу орқали уни жорий этиш ва норматив-ҳуқуқий талабларнинг эҳтимолий бузилиши билан боғлиқ хатарларга харажатларни камайтириш мумкин бўлади.

 

Аудиторлик хулосаси стандартлари

700-ХАСда аудиторларга молиявий ҳисобот аудитини ўтказиш натижаси бўйича берилган аудиторлик хулосасининг шакл ва мазмуни бўйича тавсиялар берилган. Мавзувий семинарни «Deloitte» халқаро аудиторлик фирмасининг аудит департаменти менежери ва катта мутахассиси Ойбек Шомаъруфов ва Бекзод Хўжааҳмедов олиб боришди.

Бошловчиларнинг таъкидлашича, 700-ХАС (ISА 700) Стандартининг мақсади олинган аудиторлик далилларидан келиб чиқиб қилинган хулосаларни баҳолаш асосида молиявий ҳисобот тўғрисида фикрни шакллантириш ва мазкур фикрнинг ёзма хулоса шаклида ифодаланиши ҳисобланади. Шу билан бирга Стандарт аудиторлик хулосасида аудитнинг муҳим масалалари хусусида хабар бериш бўйича аудиторнинг мажбуриятларини белгилайди. Унинг талаблари бутун дунё бўйлаб аудиторлик хулосаларининг изчиллиги ва қиёсланувчанлигини таъминлаш зарурати ўртасида лозим даражадаги мувозанатга эришишга қаратилган. Аудитни ХАСга мувофиқ ўтказганда аудиторлик хулосасида изчиллик тамойилига риоя қилиниши жаҳон бозорида аудитга нисбатан ишончни орттиради, бу билан унинг ўтказилиши жаҳонда эътироф этилган стандартларга мувофиқлиги таъминланади.

 

Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум

Янги IFRS стандарти вужудга келган вақтдан бошлаб сўнгги бир неча йил давомида тушумни эътироф этиш қоидалари кескин ўзгарди. Компаниялар мазкур стандартни лозим даражада амалга ошириш билан боғлиқ кўплаб муаммолар ва қўшимча ишлар билан юзма-юз келишмоқда. 15-МҲХС (IFRS) «Харидорлар билан шартномалар бўйича тушум»нинг асосий қоида ва принциплари, шунингдек, қўллаш хусусиятлари «KPMG Audit» халқаро аудиторлик компаниясининг аудит бўйича катта мутахассиси Алексей Пягай томонидан ўтказилган семинар доирасида кўриб чиқилди.

Мазкур молиявий ҳисобот стандартининг долзарблиги унинг 2018 йил 1 январдан кучга кирганлиги билан изоҳланади. Экспертнинг сўзларига кўра, 15-МҲХСда (IFRS) тушумни эътироф этишни тартибга солувчи бошқа стандартларда олдин мавжуд бўлмаган бир қатор тушунчалар келтирилган. У, ўз навбатида,11-МҲХС (IAS) «Қурилишга шартномалар», ­18-МҲХС (IAS) «Тушум» сингари бир қатор стандартларни, 15-ХМҲТҚ* (IFRIC) «Кўчмас мулк объектларини қуришга доир битим», 13-ХМҲТҚ (IFRIC) «Харидорлар лояллиги дастури», 18-ХМҲТҚ (IFRIC) «Харидорлар/буюртмачилардан олинган активлар», 31-ПКИ (SIC) «Тушум – реклама хизматлари билан боғлиқ бартер операциялари»га тушунтиришларнинг ўрнини босади. Ундан кўзланган мақсад – ташкилот молиявий ҳисобот фойдаланувчиси учун фойдали бўлган, харидор билан тузилган шартномада белгиланган тушум ва пул оқимлари тўғрисидаги ахборотнинг хусусияти, ўлчами, тақсимланишини (вақтда ва номуайянликда) акс эттираётганда қўлланиладиган тамойилларни ўрнатишдан иборат. Хўжалик юритувчи субъектлар тушумни эътироф этишга нисбатан ўз ёндашувларини ишлаб чиқиши, транзакцияларнинг алоҳида турлари учун ҳисобот асосларини белгилаши ҳамда 15-МҲХСга (IFRS) мувофиқ ҳаракатлар тартибини автоматлаштириши лозим. Янги стандарт кўпгина ташкилотлар учун бир қатор оқибатларни келтириб чиқариши мумкин, сабаби пировардида тушумни эътироф этишнинг нафақат суммаси ва муддатларини ўзгартириш, балки зарур ахборотни тўплаш ва ишлов беришнинг муҳим тизимларини тўлиқ қайта кўриб чиқиш ва янгилаш талаб этилади.

 

Гулнора АБДУНАЗАРОВА,

махсус мухбиримиз.

 


*Халқаро молиявий ҳисоботларни талқин қилиш қўмитаси (IFRIC).

 

Иштирокчилар нима дейди

 

Кузги ўқиш семинарларининг цикли ўта тиғиз муддатда тақдим этилган ўқитиш шакли ва материалларининг ҳажми бўйича республикадаги бухгалтерлар ва аудиторлар малакасини оширишга оид таълим модулларидан фарқ қилди. ­Эътиборлиси шундаки, бошловчи ва асосий маърузачилар сифатида аудиторлик компанияларининг «Катта тўртлик» вакиллари «майдонга тушишди», у Бухгалтерларнинг халқаро федерацияси (БХФ) ва Молиявий ҳисоботлар халқаро стандарти бўйича кенгашнинг (МҲХСК) асосий ҳомийси ҳисобланади. Семинарларда иштирок этганлар бевосита ўз амалий фаолиятларида юзага келадиган масалалар юзасидан савол бериш, аниқ мисоллари билан малакали жавоблар олиш имконига эга бўлдилар. Шунинг учун семинарлар кечки пайт ўтказилганига қарамай, уларда қатнашишни истаганлар кўп бўлди. Уларнинг айримларидан ўтган тадбир бўйича ўз таассуротлари билан ўртоқлашишни сўрадик.

 

Юсуфбой Юсупов,

«Ўзсаноатқурилишбанк» АТБ Ички аудит департаменти раҳбарининг ўринбосари:

– Мен бу йил биринчи марта бундай тадбирда қатнашишим. Унинг жуда пухта ташкил этгани учун Ўзбекистон бухгалтерлар федерациясига миннатдорчилик билдираман. Унинг амалиётга йўналтирилган семинарлари менга ёқди. Бу орқали мен МҲХС ва ХАСга киритилган муҳим ўзгартиришлар борасида билимларимни янгилаб олдим, стандартларни амалиётда қўллашнинг нозик жиҳатлари муҳокамасида қатнашдим.

 

Лиана Пакелиани,

Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи меҳнат ва иш ҳақи бўлими бошлиғи, Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси аъзоси:

– Ўзбекистон бухгалтерлар федерацияси раҳбариятининг ҳар йиллик Кузги ўқишларни ташкил этиш бўйича юқори савиядаги ишларини эътироф этмай илож йўқ. Бу ўқишларда биз – амалиётчи бухгалтерларни қизиқтирадиган МҲХСнинг муҳим жиҳатлари ва масалаларини эътибордан четда қолдирмайди. Муҳими, мазкур семинарлар эркин муҳитда, ихтиёрийлик шартларида ўтказилади, бунда ҳар ким ўз фикрини билдириши, малака тажрибасини ошириши мумкин.

 

Сардор Ашуров,

«Grand Gurman» МЧЖ молия-таҳлил бўлимининг бошлиғи:

– Ўзбекистон бухгалтерлар федерациясининг таклифига биноан мен МҲХС ва ХАСнинг Кузги ўқишларида илк бор иштирок этишга муваффақ бўлдим. МҲХС бўйича малака ошириш учун семинарлар ахборотга бой ва фойдали ўтди. «Катта тўртлик»даги халқаро аудиторлик ташкилотларининг экспертлари тушум ва ижарани баҳолашни эътироф этишдаги янги ёндашувлар билан таништириб ўтишди. МҲХС бўйича кенгаш (IASB) сифати юқори даражадаги, тушуниш осон ва амалиётда қўллаш мумкин бўлган халқаро ҳисоб стандартлар мажмуаларини ишлаб чиқиш устида муттасил изланишлар олиб боради, бу эса МҲХСни қўллаётган ёки ўрганаётган мутахассисларга доимо ўз устида ишлаш ва малакасини ошириб боришни талаб этади. Федерация ҳар йили ташкиллаштираётган бундай семинарлар мазкур вазифаларни ҳал этишда ёрдам беради деб ўйлайман.

 

Прочитано: 1317 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика