Хорижда турган қариндошимнинг квартирасида яшайман. Муаммо юзага келмаслиги учун ушбу квартирада вақтинча пропискадан ўтмоқчиман. Менга тушунтиришларича, квартира эгасининг ўзи ариза ёзиши керак экан. Агар у хорижда бўлса ва яқин орада қайтмаса, нима қилиш керак?
Н.Шеров.
– Ўзбекистон ҳудудидан ташқарида бўлган фуқарога тегишли турар жой майдонига вақтинча ҳисобга олиш учун унинг қонун ҳужжатларига мувофиқ нотариал тартибда тасдиқланган розилиги талаб этилади (АВ томонидан 28.06.2016 йилда 2804-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 5-банди).
Фуқаро Фуқаролик, оилавий ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисидаги Конвенцияга (Минск, 22.01.1993 йил) аъзо давлатлар ҳудудида, шунингдек Ўзбекистон Республикаси билан расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи икки томонлама халқаро шартнома тузилган давлатлар ҳудудида бўлган тақдирда, унинг розилиги тегишли давлат қонунчилигига мувофиқ тасдиқланиши мумкин.
Фуқаро Хорижий расмий ҳужжатларни легаллаштириш талабини бекор қилувчи Конвенцияга (Гаага, 5.10.1961 йил) аъзо давлат ҳудудида бўлганда, унинг розилиги ушбу Конвенция талабларига мувофиқ апостиль белгиси орқали тасдиқланиши мумкин.
Санжар Хўжааҳмедов, «Norma» МЧЖ эксперти.