Norma.uz

Томингиз билан нима ишим бор. Мен буйруқни бажаришим керак!

 

Пойтахтимизга навбатдаги ободонлаштириш тўлқини келди. Бу сафар кўп қаватли уйларнинг фасадлари оқланди, бўялди. Турар жой даҳаларида – керак ва нокерак жойларда. Жараённи ҳокимликлар вакиллари, округлар, секторлар раҳбарлари ва уларнинг ёрдамчилари, участка нозирлари ва бошқалар бошқариб турдилар. Буйруқ берувчилар орасида кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати учун жавобгар ХУМШ вакиллари йўқ эди, холос. Аслида аҳоли бюджет ва ҳомийлар маблағлари ҳисобидан уйларнинг оқлаб, бўялишига қаршилик кўрсатмаслиги керак. Фуқаролар эса мамнун бўлиш ўрнига норозилик билдирадилар, ҳатто бундай шикоят қиладилар. «Одамларга яхшилик ёқмайди!» – дея муносабат билдирди масъул шахслар.

 

Норозилик сабабини аниқлаш учун пойтахтнинг Мирзо Улуғбек тумани М-1 мавзесидаги «Она Замин Иккинчи Коммунал» ширкатига бордик. Бу ерда ҳам бошқа бир қатор ХУМШлар сингари ҳодиса рўй берган.

 

«Фасад» операцияси

 

 

Ушбу ширкатда собиқ «Болалар уйи» орқасида жойлашган 2-уй нишонга олинди. ХУМШ раиси Светлана Группер уй аҳли қатори фасад бўялишига қаршилик қилди. Биринчидан, у яхши ҳолатда эди, яна бир неча йил турса бўларди. Бироқ энг асосийси, ХУМШ яқинда томни таъмирлатган эди. Иш серхаражат бўлгани – 40 млн сўмни талаб қилгани боис уни қисмлаб, бир неча йил давомида бажардилар. Уни кўз қоричиғидек асраб-авайлардилар. Шу сабабли шикаст етказмаслик учун унга чиқишни ман этдилар. Ширкат кредит олмай, таъмирлашни ўз ҳисобидан бажарган. Уй аҳли фоиз тўламаслик учун шундай қатъий қарорга келган.

Раис участка нозири ва округ раҳбарининг ёрдамчиси саноат альпинистлари фасадни бўяшлари учун чордоқ калитини қандай талаб қилганликларини гапириб берди. Осма кажавалар арқон билан томга маҳкамланади, бу эса қимматга тушган томнинг бут сақланишига хавф солади. Раис ва уй аҳлининг томга шикаст етиши мумкинлиги ҳақидаги важ-далилларини эшитишни хоҳламадилар.

Бундан ташқари, 2016 йилда ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг саммити арафасида бу уйдаги осма балконлар алюкобонд билан қопланган эди. Бу ҳам бепул бажарилган эди. Бироқ ишни қурилиш нормалари ва қоидаларини бузган ҳолда бажарганлар. Ёғингарчиликда балконлардан ҳаммаси фасадга оқиб тушади – ҳамма ёғи доғ бўлиб қолаяпти. Квартиралар деразасидан ёмғир оқиб тушиб, балконларнинг полини буткул яроқсиз ҳолатга келтирди. Бир сўз билан айтганда, уй аҳлига муаммо яратдилар. Энди соябонлар ўрнатиш керак, уларсиз фасадни оқлаб, бўяш беҳуда иш – битта ёмғир ё қор ёғиши билан ҳаммаси ювилиб кетади. Бу ҳам масъул шахсларга таъсир қилмади.

Участка нозири: «Менда буйруқ бор. Уни бажариш керак», деб туриб олди. Кимнинг буйруғи, нима ҳақда? Буйруқ бошқа тарафга ёзма шаклда тақдим этилиши лозим. Акс ҳолда у қуруқ гапдан бошқа нарса эмас. Қандайдир буйруқни рўкач қилган ҳолда ширкат раҳбариятини нималарнидир бажаришга мажбурлаб, сўнг гапидан тониб: «Ҳеч нимадан хабаримиз йўқ, биз бундай демаганмиз», десалар-чи. Энг асосийси – ақл бовар қилмайдиган буйруқларни кўр-кўрона бажариш – оқилона иш эмас. Бу энг хайрли ниятларга рахна солиши, фойда ўрнига зарар келтириши мумкин.

Участка нозири ХУМШ ишларига, умумий мол-мулкни сақлаш масалаларига аралашишга ҳақлими? Унинг вазифаси – ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш. Уй учун қандай ишларни амалга ошириш кераклигини ширкат ҳал қилади. Шаҳар ҳокимияти унга ёрдам бермоқчи бўлса, фасадни қайси рангга бўяш кераклигини, бу қанчалик мақсадга мувофиқлигини ХУМШ билан келишиши лозим.

Участка нозири куч ишлатиб томга чиқди. Альпинистлар уйни тунда чироқ ёқиб оқлаб-бўядилар, шундай буйруқ бўлганмиш. Натижада уй аҳли анча йил пул тўплаб таъмирлатган том шикастланди, ёмғирда яна чакка ўтди. Балконлардан ҳам фасадга сув оқаяпти. Харажатларни ким қоплайди, ўзбошимчалик ва етказилган зарар учун ким жавоб беради?

– Участка нозири бунинг учун ҳеч ким жавоб бермаслигини айтди, – дейди Светлана Группер. – Уй аҳлига зиён етказиб, фасадни бўяш шартмиди? Томни шикастладилар. Балконлар орасидаги фасаднинг аввалги рангига мос сарғиш плитка тўқ жигар рангга бўялди. Уйнинг ташқи кўриниши хунуклашди. Нима учун биз билан ҳисоблашмайдилар? Бундай ёрдам кимга керак? Оқибатини ўйламай, бировни эшитиш ва тушунишни истамай, қанчалик бефойда бўлмасин, кимнингдир буйруғини бажариш ва ҳисобот бериш учунми?

 

Жазосиз ўзбошимчалик: «Фасад» операциясининг оқибати

Раис ХУМШ ишларига ноқонуний аралашув тўғрисида далолатнома тузди. Кимдир бу иш билан шуғулланиши, кимдир жавобгарликка тортилишига ишонмайди киши. Чет кишилар ХУМШ ишларига ўзбошимчалик билан аралашиш оқибатида аҳолига кўп зарар етказадилар. Ўндан ортиқ ёрдамчилар, кураторлар, масъуллар қаршисида ширкат ўз муаммолари билан ёлғиз қолаверади. Аҳолини амалдорларнинг ўзбошимчалигидан ФВВ ёки тез ёрдам сингари тезкор ҳимоя қиладиган орган йўқ. Фуқароларнинг мурожаатларига тезкор муносабат билдириш учун ташкил этилган ишонч телефонларига кўпинча уланиб бўлмайди. Ёки мурожаатни қабул қилиб, юзаки жавоб билан чекланадилар – ҳеч ким масаланинг моҳиятини ўрганишни истамайди. Ширкат раиси фасад масаласида УКХ вазирлиги, уй-жой инспекцияси, туман, шаҳар прокуратурасидан ёрдам олиш умидида қўнғироқ қилди. Шанба куни телефонларни ҳеч ким кўтармади. Ва, ниҳоят, УКХ вазирлигидагилар умид уйғотдилар: «Керакли жойга хабар берамиз. Сизга албатта қўнғироқ қиладилар». Шу билан тинчиб кетдилар. Ҳеч ким ҳеч қандай муносабат билдирмади. Вазирлик навбатчиси «керакли жойга» хабар бердими, ижросини назорат қилдими, раисга қайта қўнғироқ қилдими? Йўқ. Ҳамма масъулиятсиз, ҳеч ким лавозим мажбуриятларини бажармайди, аҳолининг манфаатлари ҳеч кимни қизиқтирмайди. Уларни ўзларидан нари қилишни биладилар холос. Асабга тегмасликлари учун ваъда бериб қутуладилар. Ваъда бериб, ҳеч қандай чора кўрмайдилар ёки қуруқ жавоб билан чекланадилар.

 

 

Ижтимоий тармоқларда ҳам оқлаш-кўклаш ишлари хусусида шундай далиллар келтирилди. Натижада айрим турар жой даҳаларидаги қатор кўп қаватли уйлар ўзига хос қиёфасидан маҳрум бўлди, бошқа ранг ишлатмай, барини тўқ рангларга бўядилар, кафель плиткаси устидан бўёқ тортдилар. Уй-жой соҳаси ходимлари аёз ва ёғин-сочин арафасида бунга не ҳожат, дея ажабланмоқдалар.

Фасад билан боғлиқ яна бир вазият юз берган. Чилонзордаги бир нечта тўққиз қаватли уйни оқлаб-кўклаш учун Қашқадарёдан бир автобус мардикор олиб келишганини айтиб бердилар. Округ бошлиғи ишларни тасарруф этди. Ширкатлар раҳбарлари ва уларга хизмат кўрсатувчи бошқарувчи компанияларга зуғум ўтказди: «Шаҳар ҳокимига уйларингиз фасадининг ранги ёқмаяпти. Бошқа рангга бўяш керак. Банкка қўнғироқ қилинг, кредит олинг, ҳаммасини ҳозир расмийлаштирамиз. Кредит олмасангиз, прокуратурага қўнғироқ қиламан, текширув билан келади». Бу эса амалдаги қонунчиликка кўра жиддий жавобгарликка тортишга арзирли ҳаракат, қанийди, бунинг учун жавобгарликка тортишса. У ерда ҳам уйларнинг фасадлари яхши ҳолатда эди. Ширкатлар шундоқ ҳам кредит олишган, яна биттаси уларга малол келар эди. Томда мардикорлар учун арқон боғлаш ниятида худди биздагидек чордоқ калитини беришни талаб қилганлар. Аҳоли таъмирланган том шикастланади дея биз каби қаршилик кўрсатган. ХУМШ ва бошқарувчилар 4 кун мудофаа сақлаганлар. Сўнг ҳокимнинг бунга алоқаси йўқлиги, уйларнинг фасадларини бўяшни буюрмагани маълум бўлган. Округ бошлиғи шундай ташаббус билан чиққан экан. Аҳолини бундай ўзбошимчаликдан қандай ҳимоя қилиш мумкин?

«Фасад» операцияси ҳеч кимга ёқмаётганлигининг гувоҳи бўлаяпмиз. Бу борада оқилона иш тутмаяптилар. Фойда келтиришни кўзлаб эмас, кўзбўямачилик учун иш қиляптилар. Муайян ишлар қилинаётганлигини кўрсатиб, ҳисобот бермоқчилар холос. Фақат шу билан овора бўлиб, «фасад» ортида нималар тургани билан қизиқмаяптилар. Оғизда фуқароларнинг манфаатлари ҳақида гапирсалар ҳам, аслида ё кимгадир зиён етказяптилар, ё ўз манфаатларини кўзлаб иш қиляптилар. Томингиз билан нима ишим бор, буйруқни бажаришим керак, деган гапдан нари ўтмаяптилар. Эҳтимол, аслида бундай буйруқ берилмагандир. Балки уни нотўғри, тескари маънода тушунишгандир. Бироқ ўйлаб ҳам ўтирмай, йўлда учраган қаршиликни босиб-янчиб, уни бажаришга киришганлар. Балки ўзгаришлар йўлида тўғаноқ ясаб, шу орқали фуқароларда ислоҳотлардан норозилик ҳиссини уйғотмоқчидирлар. Мамлакатимизда амалдорлар аппарати орасида тозалаш ишлари ўтказилмоқда, уларнинг зиён етказиб ишлашига, одамларга ҳурматсизлик билан ва менсимай муносабатда бўлишларига йўл қўйилмаяпти. Бунда «фасад»ни қайта бўяш эмас, уни бузиб, янгисини «қуриш» керак. Янги қоидалар ва қонунларга мувофиқ ишлаш даркор. У ёки бу амалдорлар сирасига киришига қарамай, жавобгарликдан қочиб қутулиш имконини бермаслик зарур.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

 

Прочитано: 1290 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика