Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 45 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Қалбакилаштирилган ва муддати ўтган товарлар мусодара қилинади

 

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 178-моддасига тузатишлар киритилди (22.10.2018 йилдаги ЎРҚ–503-сон Қонун).

 

Биринчидан, МЖТКнинг 178-моддаси 7-қисмида назарда тутилган жавобгарлик кенгайтирилмоқда. Қуйидагилар учун ҳам жарима солинади:

► истеъмолчиларни товарнинг истеъмолга оид хусусиятлари ёки сифати хусусида чалғитиш;

► товарни унга ўхшаш маҳсулотлар билан алмаштириб қўйиш;

► маҳсулотнинг хусусиятлари ва сифатини қасддан ўзгартириш;

► қалбакилаштирилган озиқ-овқат маҳсулотини ишлаб чиқариш, олиб кириш ва реализация қилиш.

Бир вақтнинг ўзида норматив ҳужжатлар талабларига жавоб бермайдиган товар (иш, хизмат) туфайли истеъмолчиларга зарар етказиш, шунингдек уларга товарлар (ишлар, хизматлар) тўғрисида ахборот тақдим этмаганлик ёки била туриб нотўғри маълумотлар тақдим этганлик учун ҳозир назарда тутилган санкция қўлланишда давом этади.

Юқорида санаб ўтилган ҳаракатлар учун жарима фуқаролардан 3 ЭКИҲдан 7 ЭКИҲгача ва мансабдор шахслардан 7 ЭКИҲдан 10 ЭКИҲгача миқдорни ташкил этади.

Иккинчидан, МЖТКнинг 178-моддаси 7, 8 ва ­9-қисмларидаги санкциялар сирасига ҳуқуқбузарлик ашёларини мусодара қилиш қўшилди. Шу тариқа, жарима билан бир вақтнинг ўзида товар – алмаштириб қўйилган, қалбакилаштирилган ва яроқлилик муддати ўтган ёки ишлаб чиқарилган санаси ва яроқлилик муддати кўрсатилмаган товар (дори воситалари ва тиббий буюмлар, озиқ-овқат маиший кимё товарлари, таҳр.) мусодара қилинади. Бу кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар такроран содир этилишига ҳам тааллуқли, яъни улар ҳар гал содир этилганда товарлар мусодара қилинади.

Мазкур тоифадаги ишлар маъмурий суд томонидан кўриб чиқилади. Мусодара қилишни Мажбурий ижро бюросининг давлат ижрочилари амалга оширадилар. Бироқ муайян шароитда санкциялардан қутулиб қолиш мумкин.

Агар ҳуқуқбузарлик биринчи марта содир этилган, фуқароларнинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилмаган, сотувчи (тадбиркорлик субъекти ёки унинг ходими) ҳуқуқбузарлик аниқланган пайтдан эътиборан 30 кунлик муддатда йўл қўйилган бузилишларни ихтиёрий равишда бартараф этган (масалан, товарларни пештахтадан олиб ташлаган) ва етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган (масалан, харидорларга пулни қайтарган) бўлса, унга нисбатан ишни юритиш бошланмайди, бошланган иш эса тугатилади (МЖТКнинг 271-моддаси 11-банди).

 

 

Почта орқали 5 минг долларгача экспорт – ортиқча қоғозбозликсиз

 

Интернет тармоғи орқали битта инвойс бўйича 5 минг АҚШ долларигача товар ва хизматларни экспорт қилиш бўйича битимлар ёзма шартнома тузиш, ТСОЯЭАТга ахборот киритиш ва БЮДни расмийлаштиришни талаб этмайди (Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ-5564-сон Фармони).

 

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 19.02.2018 йилдаги ПФ-5349-сон Фармонига биноан 2018 йил 1 июндан бошлаб тадбиркорлик субъектлари товарлар, ишлар (хизматлар) экспорт қилинганлиги учун экспорт шартномаси тузмасдан ва банк комиссияси ундирилмасдан, Интернет тармоғидаги электрон савдо майдончалари орқали, Ҳукумат томонидан белгиланадиган товарлардан ташқари, товарлар, ишлар (хизматлар) экспортини амалга ошириш ҳуқуқига эга бўлганлар.

Энди ташқи савдо почта айланмасида битта инвойс бўйича бундай битимларнинг миқдорига 5 минг АҚШ доллари миқдорида чеклов ўрнатилди, шунингдек қўшимча шартлар: тўловни халқаро тўлов тизими орқали қабул қилиш ва товарларни Почта алоқа хизматлари кўрсатиш қоидалари бўйича юбориш жорий этилмоқда. Бундан ташқари, аниқлаштирилишича, Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига битим тўғрисидаги маълумотларни киритиш талаб этилмайди, юкнинг божхона декларацияси эса расмийлаштирилмайди.

Параллел равишда жисмоний шахслар томонидан товарларни божхонада декларацияламасдан олиб чиқиш нормаси 5 минг АҚШ долларигача оширилди. Илгари Президентнинг 6.02.2018 йилдаги ПҚ-3512-сон қарорига асосан у 3 минг АҚШ доллари миқдорида белгиланган эди.

 

 

 

Корпоратив пластик карточка ёрдамида ҳисоблашаётганда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштиринг

 

Президентнинг 30.10.2018 йилдаги «Товар бозорларида савдони янада эркинлаштириш ва рақобатни ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПФ-5564-сон Фармонида юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги ҳисоб-китобларни расмийлаштиришнинг янги тартиби назарда тутилган.

 

2018 йил 1 ноябрдан бошлаб юридик шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасида корпоратив банк карточкаларидан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоблар олди-сотди шартномаларини тузмасдан инвойс (ҳисоб-фактура) бериш орқали амалга оширилади.

Ҳозир Солиқ кодексининг 222-моддаси ва Юридик шахслар томонидан миллий валютадаги корпоратив банк карталаридан фойдаланиш тартиби тўғрисида низомда (18.04.2005 йилда 1470-сон билан рўйхатдан ўтказилган) корпоратив пластик карточка ёрдамида ҳисоблашишда ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш масаласи аниқ тартибга солинмаган. Амалиётда ушбу вазиятда сарфланган маблағлар тўғрисидаги ҳисобот ва терминаллар квитанцияларининг асл нусхалари (майда улгуржи йўл билан харид қилишда – товар счётини илова қилган ҳолда) бошланғич ҳисоб ҳужжатлари бўлиб хизмат қилган. Кимдир ҳисобварақ-фактураларни ихтиёрий равишда расмийлаштирган, кимдир эса – йўқ. Бундан ташқари, Солиқ кодексининг 222-моддаси ҳамда Ҳисобварақ-фактураларни ҳисобга олиш ва расмийлаштириш тартибида (22.03.2013 йилда 2439-сон билан рўйхатдан ўтказилган) улар якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан тақдим этилиши назарда тутилмаган.

Шу ўринда, қўшилган қиймат солиғини тўловчилар доирасини кенгайтириш режаларини инобатга олган ҳолда, корпоратив карталар бўйича ҳисоб-китобларни расмийлаштиришда ҳисобварақ-фактураларнинг тақдим этилиши «ҳаётий заруратга» айланмоқда. Ҳозирнинг ўзидаёқ ҚҚС тўлаётганлар учун бу янгилик харид чоғида банк карталарини қўллашни кенгайтиришда ёрдам беради, сабаби фақат ҳисобварақ-фактурани расмийлаштириш ва ҚҚСни ҳисобга олиш учунгина товарни ишлаб чиқарувчи билан боғланиш ёки улгуржи савдога лицензияси (дарвоқе, у 1.01.2019 йилдан бекор қилинади) бўлган контрагентни излаш, шартномалар тузиш, тўлов топшириқномалари воситасида тўловларни амалга ошириш керак бўлмайди. Бу келгусида мазкур солиқни тўловчилар учун ҳам фойдали бўлиши аён.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) 23.10.2018 йилда эълон қилинган, тузатишлар 24.01.2019 йилдан кучга киради.

 

 

 

Хорижий ҳамкорлар билан инвестиция шартномалари бўйича ижро интизоми кучайтирилади

 

Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ҳамда стратегик аҳамиятга эга хўжалик жамиятлари ва корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишнинг янги тартиби белгиланди. У Президентнинг 30.10.2018 йилдаги ПФ-5565-сон Фармони билан тасдиқланди.

 

Янги тартибга мувофиқ:

► Ташқи ишлар вазирлиги олий даражадаги ташрифлар муддатлари аниқланишига қараб бир кун муддатда бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасини ёзма равишда хабардор қилади;

► Вазирлар Маҳкамаси бир ҳафта муддатда олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун, шу жумладан, инвестиция лойиҳалари бўйича ҳужжатларни тайёрлаш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида қарор қабул қилади;

► Ҳисоб палатаси Вазирлар Маҳкамаси қарорида назарда тутилган ташкилий тадбирларнинг ўз вақтида ижро қилиниши устидан назорат ўрнатади;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун ҳужжатлар лойиҳалари ташриф бошланишидан бир ой аввал Ҳисоб палатаси билан бирга батафсил кўриб чиқилганидан сўнг Вазирлар Маҳкамаси томонидан Президент Администрациясига киритилади. Бунда ҳужжатлар лойиҳалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан Ҳисоб палатасига киритилаётганда параллел равишда кўриб чиқиш учун Президент Администрациясининг тегишли тузилмаларига ҳам киритилади.

Ҳисоб палатаси ҳар ойда олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари ижросининг бориши тўғрисида Президент Администрациясига ахборот киритади.

 

Бу – муҳим! Ҳужжатлар ижросининг бориши ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилишининг ҳар ойда кўриб чиқилиши Ҳисоб палатаси, Вазирлар Маҳкамаси ва Бош прокуратура томонидан таъминланади. Назорат якунлари бўйича ахборот Президент Администрациясига киритилади. Шартномаларнинг ҳисоби ва ижро этилиши устидан мониторинг “Ijro.gov.uz” ижро интизоми ягона назорат тизимига интеграция қилинадиган  олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар маълумотлар базаси ёрдамида юритилади.

 

Республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи ташкил этилди

Янгидан ташкил этилаётган Олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ижросини таъминлаш масалалари бўйича республика мувофиқлаштирувчи гуруҳи ушбу келишувларни амалга ошириш учун тузилган тугатилаётган идоралараро ҳайъат органларини (комиссиялар, гуруҳлар) ўрнини босади. Қуйидагилар унинг вазифалари этиб белгиланди:

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштириш;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларнинг ўз вақтида ва тўлиқ ижросини якуний натижаларга эришган ҳолда таъминлаш;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни амалга оширишга тўсқинлик қилаётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан тезкор чоралар кўриш;

► юклатилган қўшимча функцияларни тезкорлик билан бажаришда Ҳисоб палатасига кўмаклашиш.

 

Ҳисоб палатасида янги функциялар

Қўйилган вазифаларни тўлақонли амалга ошириш учун Ҳисоб палатасида раис ўринбосари лавозими қўшимча жорий этилди ва иккита янги бўлим ташкил этилди, улар палатага юклатилган янги функцияларни ўз зиммаларига оладилар, айнан:

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзолаш учун ҳужжатларни, уларнинг асослилигини ва ижро этиш имкониятларини таҳлил қилган ҳолда ­тайёрлашда вазирлик ва идораларга кўмаклашиш;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларининг маълумотлар базасини шакллантириш;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишда кўмаклашиш, тегишли тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишига тўсқинлик қилаётган омилларни аниқлаб, тизимли таҳлил қилган ҳолда, якуний натижаларга эришиш учун уларни ҳал этишда, шу жумладан, жойига чиққан ҳолда зарур ёрдам кўрсатиш;

► олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар, стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳалари тўлиқ ва ўз вақтида ижро этилиши устидан мониторинг ва доимий назоратни амалга ошириш ҳамда уларнинг натижалари бўйича Президент Администрациясига ва Вазирлар Маҳкамасига ахборот киритиш;

► вазирлик ва идораларнинг олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатларни ва стратегик корхоналар иштирокидаги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш тўғрисидаги ахборотларининг асосланганлигини бирламчи маълумотлар асосида ўрганиш;

► чет эллик ҳамкорлар ва Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан «телекўприк» ташкил этиш орқали олий даражадаги ташрифлар давомида имзоланган ҳужжатлар ижросини мунтазам муҳокама қилиш, уларнинг асослантирилган ҳисоб-китобларга эга, аниқ, ташаббускор инвестиция лойиҳаларини тақдим этиш борасидаги фаолияти самарадорлигини баҳолаш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 31.10.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, Самир Латипов, Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 120 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика