Ташкилотимиз асосий воситаларни қайта баҳолади.
Муассислар ўз улушини устав капиталининг қайта баҳоланган қиймати бўйича сотганда корхонада қандай солиқ мажбуриятлари юзага келади?
– Устав фонди асосий воситаларни қайта баҳолаш ҳисобига кўпайтирилмайди.
Мол-мулкни қайта баҳолаш натижасида унинг қиймати ўзгариши 8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар» счётида ҳисобга олинади (Йўриқноманинг 351-банди, АВ томонидан 23.10.2002 йилда 1181-сон билан рўйхатдан ўтказилган 21-сон БҲМСга 2-илова). Мол-мулкни қайта баҳолаш бўйича жамланган сумма корхона тугатилаётганда тақсимланади (Йўриқноманинг 352-банди).
Қайта баҳолаш суммалари узоқ муддатли активлар турли асосларга кўра чиқиб кетганда ҳам ҳисобдан чиқарилади. Бунда уларнинг чиқиб кетишидан молиявий натижани белгилашда қайта баҳолаш суммаси ҳисобга олинади.
АВни қайта баҳолаш суммаларини ҳисобдан чиқариш бўйича эҳтимолий проводкалар:
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Счётлар корреспонденцияси
|
|
дебет
|
кредит
|
|
Корхона тугатилганда қайта баҳолаш бўйича жамғарилган сумма муассислар ўртасида тақсимланди
|
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»
|
6620-«Чиқиб кетаётган таъсисчиларга улушлари бўйича қарз»
|
Узоқ муддатли активлар чиқиб кетганда қайта баҳолаш суммалари ҳисобдан чиқарилди
|
8510-«Узоқ муддатли активларни қайта баҳолаш бўйича тузатишлар»
|
9210-«Асосий воситаларнинг чиқиб кетиши»
|
Жамият УФни жамиятнинг мол-мулки ҳисобига кўпайтириш мумкин («Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида»ги Қонуннинг 17-моддаси).
УФни мол-мулк ҳисобига кўпайтириш учун муассисларнинг қарори билан тақсимланмаган фойдани устав фондига йўналтириш лозим. Бунда УФга йўналтирилган дивидендларга 10%лик ставкада солиқ солинади (Солиқ кодексининг 22, 156-моддалари).
Хўжалик операциясининг мазмуни
|
Счётлар корреспонденцияси
|
|
дебет
|
кредит
|
|
Тақсимланмаган фойдани жамият УФни кўпайтиришга йўналтириш тўғрисида қарор қабул қилинди
|
8700-«Тақсимланмаган фойда (қопланмаган зарар)ни ҳисобга олувчи счётлар»
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
Дивидендлардан солиқ ушлаб қолинди (10%)
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»
|
Дивидендлардан солиқ тўланди (10%)
|
6400-«Бюджетга тўловлар бўйича қарзни ҳисобга олувчи счётлар»
|
5110-«Ҳисоб-китоб счёти»
|
Дивидендлар УФни кўпайтиришга йўналтирилди (90%)
|
6610-«Тўланадиган дивидендлар»
|
8330-«Пай ва улушлар»
|
2018 йил 1 апрелгача юридик шахсдан олиниб, унинг устав фондига йўналтирилган дивидендларга солиқ солинмас эди. 29.12.2017 йилдаги ЎРҚ-454-сон Қонун билан жорий йилнинг 1 апрелидан бошлаб имтиёз бекор қилинди.
УФдаги ўз улушини сотаётган муассис жисмоний шахс бўлса, ўз мол-мулкини реализация қилишдан олган даромадлари уни тўлаш манбаи – ушбу улушни сотиб олаётган корхонада ЖШДС солинадиган мулкий даромад деб эътироф этилади. Бунда мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромадлар уни реализация қилиш суммасининг ҳужжатлар билан тасдиқланган уни олиш қийматидан ошган қисми сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси).
Таъсис ҳужжатлари, пул маблағлари тўланганлиги ҳақидаги банк кўчирмаси, активларни қабул қилиш-топшириш далолатномалари ҳужжатли тасдиқ ҳисобланади. УФ кўпайтирилганда ҳисса киритилганлиги муассислар умумий йиғилишининг уни дивидендлар ҳисобига кўпайтириш тўғрисидаги баённомаси билан тасдиқланади.
Улуш номинал қиймати бўйича сотилганда даромад юзага келмайди, шу сабабли муассис-сотувчида солиқ оқибатлари бўлмайди.
Муассис юридик шахс бўлса, муассислар таркибидан чиқаётганда УФга ҳисса доирасида олинган маблағларга даромад сифатида қаралмайди (Солиқ кодексининг 129-моддаси 3-қисми 2-банди). Бу ҳолда муассис-сотувчида солиқ оқибатлари бўлмайди.
Жавобни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.