Norma.uz

Четдан туриб назорат қилиш

 

Яқин орада Молия вазирлиги таркибида аудиторлик ташкилотлари ишининг сифатини ташқи назоратдан ўтказувчи бўлим иш бошлайди. Ўзбекистон Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмаси (ЎзБАМУ) буни ҳозирданоқ амалга оширмоқда. Уюшма раиси Миновар Тўлахўжаева бу ҳақда батафсил сўзлаб берди.

 

– Миновар Маҳкамовна, аудиторлик компаниялари ишининг сифатини ташқи назоратдан ўтказиш қанчалик муҳим?

– Кучайиб бораётган рақобат шароитида мулкдорлар томонидан ҳам, назорат қилувчи органлар томонидан ҳам холис хўжалик назоратининг роли ошмоқда. Ишончли молиявий ҳисобот оқилона иқтисодий қарорлар қабул қилиш имконини беради, хавфи юқори бўлган операцияларга қўл уришдан сақлайди. Аудиторнинг фикри компаниянинг молиявий фаолиятига бўлган ишончни оширади ҳамда манфаатдор шахслар – мулкдорлар, инвесторлар, бўлғуси мижозлар, етказиб берувчилар, ҳокимият органларининг бизнесга бўлган муносабатини яхшилайди.

Тадбиркорлик субъектлари ўз фаолиятларини текшириш учун аудиторларнинг хизматларидан фойдаланадилар. Шу билан бирга, аудиторлик ташкилотларида уларнинг иши норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ назорат қилинишига эҳтиёж мавжуд. Профессионал бирлашмалар ҳам бундай назоратни олиб борганлари маъқул, сабаби фақат ўз касбининг усталари ташкилот ишига энг аниқ ва холис баҳо бера оладилар. Фаолияти ташқи сифат назоратидан ўтказиладиган аудиторлик ташкилотларига нафақат мижозлар, балки уларнинг амалий ҳамкорлари ҳам кўпроқ ишонч билдирадилар.

Назорат ўтказишдан мақсад – аудиторлик ташкилоти ва аудиторларнинг «Аудиторлик фаолияти тўғрисида»ги Қонун, Аудиторлик фаолияти миллий стандартлари, Халқаро аудит стандартлари, Аудиторларнинг касбий одоб-ахлоқ кодекси талабларига риоя этишларини текшириш. Ташқи назорат якунларига кўра аудиторлик ташкилоти фаолиятни такомиллаштириш ҳамда уни қонунчилик ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқлаштириш учун зарур бўлган экспертларнинг тавсияларини олади.

 

– Ўзбекистонда аудиторлик ташкилотлари сифатини ташқи назоратдан ўтказиш амалиёти қайси пайтдан ривожлана бошлаган?

– У 2009 йилда бошланган ва жаҳон иқтисодиётидаги жараёнлар билан узвий боғлиқ бўлган. Ўшанда Бухгалтерлар халқаро федерацияси Халқаро сифат назорати стандартлари – ХСНС «Молиявий ҳисобот аудити ва шарҳловчи текширувларини ўтказувчи, шунингдек ишончлилигини таъминловчи бошқа топшириқларни ва ёндош хизматларни кўрсатиш бўйича топшириқларни бажарувчи аудиторлик ташкилотларида сифат назорати» ҳамда ХАС 220 «Молиявий ҳисобот ­аудитини ўтказишда сифат назорати»ни ишлаб чиқиб, тасдиқлаган. ЎзБАМУ ушбу нуфузли халқаро ташкилот аъзоси сифатида аудиторлик ташкилотлари сифати ташқи назоратдан ўтказилишини жорий этишга ва ушбу стандартларни Ўзбекистонда қўллашга киришди.

Кейинги йилларда аудиторлик ташкилотлари сифатини ташқи назоратдан ўтказиш амалиётини Президентнинг 5.10.2016 йилдаги «Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ–4848-сон Фармони, шунингдек Вазирлар Маҳкамасининг 12.05.2017 йилдаги ­«Аудиторлик ташкилотлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари янада такомиллаштирилишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги 274-сон қарори қўллаб-қувватлади.

Бугунги кунда нафақат Уюшмамиз, балки Ўзбекистон Аудиторлар палатаси ҳам аудиторлик ташкилотлари сифатининг ташқи назоратини таъминлаш хизматларини кўрсатиш билан шуғулланмоқда.

Ривожланиш истиқболлари Президентнинг 19.09.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасида аудиторлик фаолиятини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3946-сон қарори билан белгиланди. Молия вазирлиги таркибида ушбу йўналишни ривожлантириш билан шуғулланадиган махсус бўлим иш бошлаши керак.

 

– Сифатнинг ташқи назорати ихтиёрий асосда ўтказилади. Аудиторлик ташкилотлари ушбу имкониятдан қанчалик фаол фойдаланмоқдалар?

– Асосан ушбу имкониятдан 1-даражали лицензияга, яъни барча турдаги аудиторлик текширувларини ўтказиш ва барча турдаги ташкилотларни текшириш ҳуқуқига эга бўлган аудиторлик ташкилотлари фойдаланмоқда. Нафақат текширувнинг ўзи, балки уни ўтказган ташкилот имижи ҳам аҳамиятга эга бўлган йирик илғор компаниялар ушбу ташкилотларнинг мижозлари ҳисобланади. Нафақат мамлакатимизда, балки халқаро бозорда компания муваффақият қозониши шунга боғлиқ. Шу сабабли аудиторлик ташкилотининг нуфузи баланд бўлиши, унинг иши қонунчилик ва халқаро стандартлар талабларига мувофиқ келиши муҳимдир. Уни турли усуллар билан тасдиқлаш лозим, улардан бири – сифатни ташқи назоратдан ўтказиш.

Ушбу сегментда ишловчи аудиторлик ташкилотлари рейтингларда баландроқ позицияларни эгаллашга интиладилар. Хусусан, сифатнинг ташқи назоратидан ўтганлик далили Аудиторлар миллий уюшмаси ва Аудиторлар палатаси томонидан тузиладиган рейтингда иштирокчиларга қўшимча баллар беради.

Сифатнинг ташқи назоратдан ўтказилиши – ­аудиторлик ташкилотларининг халқаро тармоқлари аъзоси бўлишга интилаётган аудиторлик ташкилотлари учун муҳим шарт.

Сифатнинг ташқи назорати уч йилда бир марта ўтказилади, шу сабабли ушбу тартиб-таомилдан ўтган ташкилотлар сони йил сайин фарқланиб боради. 2016 йилда Бухгалтерлар ва аудиторлар миллий уюшмасининг тегишли хизматларидан – 17 та ташкилот, 2017 йилда 8 та ташкилот фойдаланди. Бугунги кунда бозорда жами 101 та ­аудиторлик ташкилоти фаолият юритади, уларнинг 76 таси 1-даражали лицензияга эга.

 

– Сифатнинг ташқи назорати сифати, холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлаш учун ЎзБАМУ қандай чораларни кўрмоқда?

– Уюшма ташқи назорат сифати, холислиги ва ҳаққонийлигини таъминлашга катта эътибор беради. Биз Аудиторлик ташкилотлари ишининг сифатини ташқи назоратдан ўтказиш қўмитаси тўғрисида низом ва Аудиторлик ташкилотлари ишининг сифатини ташқи назоратдан ўтказиш учун ҳужжатлар пакетини тасдиқладик. Ташқи назоратни ўтказувчи шахс ушбу йўриқномаларга қатъий риоя этган ҳолда ҳаракат қилади.

Муҳими, ташқи назоратни ўтказишга фақат юқори тоифали, бухгалтерия ҳисоби ва аудит соҳасида катта амалий тажрибага эга бўлган, сифатли ва холисона назорат ўтказилишини таъминлай оладиган мутахассислар жалб этилади. Улар малака оширишлари ва касбий ривожланишлари учун Уюшма базасида шарт-шароит яратмоқдамиз. Муайян ташкилотга юбориладиган экспертни танлашга алоҳида эътибор берилади: у ҳеч қандай шахсий манфаати бўлмагандагина мазкур ташкилотга қўйилади. Бу назоратчи ва текширилаётган ташкилотнинг масъул шахси томонидан тўлдириладиган анкеталарни таҳлил қилиш орқали аниқланади.

Ушбу чораларнинг барчаси назорат қилинадиган ташкилотлар назоратдан энг кўп самара – ўз фаолияти холисона таҳлил қилиниши ҳамда миллий қонунчилик ва халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштирилиши ва сифатни таъминлашига доир тавсиялар олиши учун шарт-шароит яратиш имконини беради.

 

Олег Гаевой.

 

Прочитано: 1006 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика