Norma.uz

Кундузги бўлимда ўқийдиган талабани қисқартириш мумкинми

 

Мен олий таълим муассасаси талабасиман, ташкилотда тўлиқсиз иш куни давомида ишлайман. 2018 йил 2 июнда штат қисқариши муносабати билан ишдан бўшатиш тўғрисидаги огоҳлантиришни имзоладим.

Агар бунга рози бўлмасам, нималарга эътибор қаратишим лозим, ишдан бўшатаётганда менга қандай тўловлар тўланиши зарур?

 

– Меҳнат қонунчилиги билан олий таълим муассасасида кундузги шаклда таълим олган ҳолда ишлаш чекланмаган.

Тўлиқсиз иш вақти шарти билан ишлаш ходимнинг муайян меҳнат ҳуқуқлари чекланишига олиб келмайди (МКнинг 119-моддаси).

Шундай қилиб, МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-бандига мувофиқ технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги муносабати билан ходим билан тузилган меҳнат шартномаси бекор қилинади.

Агар ходим бунга рози бўлмаса, 3 та жиҳатга эътибор қаратиши лозим:

1) меҳнат шартномасини бекор қилиш далилининг ўзи қонунга мувофиқ келадими;

2) ушбу вазиятда ишда қолдирилганда унга афзаллик бериладими; 

3) меҳнат шартномасини бекор қилишнинг белгиланган тартиб-таомилига риоя этилганми.

 

Ишдан бўшатиш қонунийлигини аниқланг

Баъзида иш берувчи ўзига хуш келмаган ходимдан қутулиш ниятида штат қисқаришини рўкач қилиб, у билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилади. Аввалги ва амалдаги штат жадваллари ҳамда иш берувчининг уларни амалга киритиш тўғрисидаги буйруғи, корхонани бошқариш ҳуқуқлари берилган корхонадаги мол-мулк эгасининг буйруғи, иш ҳақи фондини қисқартириш тўғрисидаги материаллар билан танишиб чиқиб, ходимлар сони қисқартирилаётганлиги далилини аниқлаш мумкин.

Корхонада сизникига ўхшаш бўш иш жойи бор-йўқлигини ҳам аниқлаш зарур, сабаби бу ҳолда тегишли тоифадаги ходимларнинг банд бўлмаган лавозимлари қисқартирилиши керак бўлади.

 

Қолишга уриниб кўринг

Технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқариши муносабати билан меҳнат шартномаси бекор қилинганда ишда қолдириш учун имтиёзли ҳуқуқ малакаси ва меҳнат унумдорлиги юқорироқ бўлган ходимларга берилади (МКнинг ­103-моддаси 1-қисми).

Штатни қисқартириш амалиёти ва тегишли йиғмажилдларни ўрганиб чиққандан кейин қисқартиришга номзодни аниқлаш имконини берадиган айрим аломатларни кўриш мумкин:

1) ходимнинг маълумоти эгаллаб турган лавозимига мувофиқлиги;

2) иш стажи (умумий меҳнат; ихтисослик бўйича; мазкур корхонада; мазкур лавозимда);

3) рағбатлантириш ва ҳукумат мукофотларининг мавжудлиги;

4) интизомий жазо берилганлиги (айни пайтда амал қилаётган).

Малакаси ва меҳнат унумдорлиги бир хил бўлган тақдирда қуйидагиларга афзаллик берилади:

1) қарамоғида икки ёки ундан ортиқ киши бўлган ходимларга;

2) оиласида ундан бўлак мустақил иш ҳақи олувчи бўлмаган шахсларга;

3) мазкур корхонада кўп йиллик иш стажига эга бўлган ходимларга;

4) ишлаб чиқаришдан ажралмаган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларида тегишли мутахассислик бўйича малакасини ошираётган ходимларга ва ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртларини тамомлаган шахсларга ўқишни тугатгандан сўнг мутахассислиги бўйича ишлаётган тақдирда 2 йил мобайнида;

5) мазкур корхонада меҳнатда майиб бўлиб қолган ёки касб касаллигини орттирган шахсларга;

6) уруш ногиронлари, уруш қатнашчилари ва уларга тенглаштирилган шахсларга;

7) атом объектларидаги фалокатлар оқибатида келиб чиққан оширилган радиация нурланиши билан боғлиқ нурланиш касаллиги ва бошқа касалликларга йўлиққан ёки шундай касалликларни бошидан кечирган шахсларга; ногиронлиги атом объектларидаги фалокатлар муносабати билан бошланганлиги аниқланган ногиронларга; ана шундай фалокатлар ва ҳалокатлар оқибатларини бартараф этиш ишлари қатнашчиларига, шунингдек мазкур зоналардан эвакуация қилинган ёки кўчирилган шахсларга ҳамда уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга.

Жамоа шартномасида ходимларни ишда қолдиришда афзаллик бериладиган бошқа ҳолатлар назарда тутилиши мумкин. Бу ҳолатлар, агар ходимлар ишда қолдиришда афзаллик ҳуқуқига эга бўлмаган тақдирдагина, инобатга олинади.

Меҳнат шартномаси МКнинг ­100-моддаси 2-қисми 1-бандига кўра бекор қилингандагина афзаллик берилади.

 

Кетишга тўғри келса

Меҳнат қонунчилигида иш берувчи риоя этиши керак бўлган, ходим билан тузилган меҳнат шартномасини ходимлар сони (штати) қисқарганлиги муносабати билан бекор қилишнинг махсус тартиб-таомили белгиланган.

Унда назарда тутилишича:

► янги штат жадвали тасдиқлангандан кейин иш берувчи ходимларни ходимлар сони (штати) қисқарганлиги муносабати билан бекор қилиниши ҳақида шахсан ва тилхат олиб камида 2 ой олдин огоҳлантиради (МКнинг 102-моддаси 1-қисми 1-банди);

► огоҳлантириш муддати давомида ходимга бошқа иш қидириш учун ҳафтада камида 1 кун шу вақт учун иш ҳақи сақланган ҳолда ишга чиқмаслик ҳуқуқи берилади. Огоҳлантириш муддатига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик даври, шунингдек унинг давлат ёки жамоат вазифаларини бажарган вақти қўшилмайди (МКнинг 102-моддаси ­6-қисми);

► агар объектив сабабларга кўра (МКнинг 100-моддаси 2-қисми 1-банди) меҳнат шартномасида белгилаб қўйилган меҳнат вазифаси доирасида ишни давом эттириш мумкин бўлмаса, иш берувчи ходимга мутахассислиги ва малакасига мувофиқ келадиган ишни, бундай иш бўлмаган тақдирда эса – корхонада мавжуд бўлган бошқа ишни таклиф этиши шарт. Ходим бошқа ишга ўтишдан бош тортган ёки корхонада мувофиқ келадиган иш бўлмаган тақдирда, меҳнат шартномаси умумий асосларда бекор қилиниши мумкин (МКнинг 92-моддаси 2-қисми).

Қисқартириш муносабати билан ишдан бўшатиш чоғида ходимга қуйидагилар тўланади:

► меҳнат шартномаси бекор қилиниши ҳақидаги огоҳлантириш муддати тугагунга қадар қолган вақтга мутаносиб миқдордаги пуллик компенсация, агар ушбу муддат пуллик компенсация билан алмаштирилган бўлса (МКнинг 102-моддаси 2-қисми);

► ўртача ойлик иш ҳақидан кам бўлмаган миқдордаги ишдан бўшатиш нафақаси (МКнинг 109-моддаси);

► меҳнат шартномаси бекор қилинган кунда ходимга тегишли иш ҳақи (ҳисоб-китоб қилинади) (МКнинг ­110-моддаси);

► фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компенсация (МКнинг ­151-моддаси).

Иш қидириш даврида (меҳнат шартномаси бекор қилингандан кейин) 2 ойдан ортиқ бўлмаган давр мобайнида қисқартирилган ходимнинг ўртача ойлик иш ҳақи сақланиб қолади, бунда ходимга тўланган бир ойлик ишдан бўшатиш нафақаси ҳам қўшиб ҳисобга олинади (МКнинг 67-моддаси).

Масалан, ишдан бўшатиш чоғида ходимга ўртача ойлик иш ҳақи миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси берилди. Бу маблағ ишдаги танаффуснинг биринчи ойи учун берилади. Иккинчи ой учун ўртача ойлик иш ҳақи аввалги иш жойидан иш ҳақи ёки аванс тўлаш кунида тўланади. Бунинг учун у паспорт ва меҳнат дафтарчасини тақдим этади, унда янги иш жойига қабул қилинганлиги ҳақида ёзув қайд этилмаган бўлиши лозим.

Амалиётда савол юзага келади: бухгалтерия тегишли қайдномага иш ҳақи сақланадиган ходим тўғрисидаги маълумотларни қандай ҳужжат асосида киритиши керак? Бу ҳолда иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинган кундан бошлаб иккинчи ой учун ходимнинг сақланиб қолган иш ҳақини тўлаш тўғрисида буйруқ чиқариши зарур.

Ходим ишдан бўшаган пайтдан бошлаб 10 календарь куни давомида Бандликка кўмаклашиш марказида иш қидирувчи шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган, бироқ ишга жойлашмаган бўлса, учинчи ой учун ўртача иш ҳақи олиши мумкин. Бунинг учун аввалги иш жойидаги бухгалтерияга Марказ томонидан берилган маълумотномани тақдим этиш зарур.

Ходим штат қисқариши муносабати билан ишдан бўшатилганда унинг меҳнат дафтарчасига уни бекор қилиш асослари ва сабаблари кўрсатилмаган ҳолда «Меҳнат шартномаси бекор қилинди» деган ёзув қайд этилади (МКнинг 81-моддаси; АВ томонидан 29.01.1998 йилда 402-сон билан рўйхатдан ўтказилган Йўриқноманинг 2.20-банди).

 

Ўз ҳуқуқларингизни билинг

Иш берувчи ходимлар сонини (штатини) қисқартириш чоғида юқорида баён этилган талабларни бажармаса, иш берувчи амалда жойлашган жойдаги туман (шаҳар) Бандликка кўмаклашиш марказидаги давлат меҳнат ҳуқуқ инспекторига ва прокуратура органларига мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Текширув чоғида ушбу ҳолатлар тасдиқланган тақдирда меҳнатга доир ҳуқуқларингиз тикланган ҳолда иш берувчи меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин (МЖТКнинг 49-моддаси).

 

Абдусалом Рисқуллаев,

«Norma» МЧЖнинг бош эксперти.

 

Прочитано: 1537 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика