Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 35 / Тадбиркорга ёрдам

Савдо қилиш учун рухсатнома

 

Ҳар қандай тадбиркор улгуржи ёки чакана сотиш билан бевосита боғлиқ бўлган фаолиятга қўл урар экан, ўзи танлаган товар ёки сотиш шакли учун алоҳида рухсатнома олиш талаб этилиш-этилмаслигига ишонч ҳосил қилиши керак.

 

Улгуржи савдога лицензия қандай олинади?

 

Улгуржи савдо – тижорат мақсадларида фойдаланиш ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш (қайта сотиш).

 

Талабгорларга қўйиладиган талаблар

Лицензия фақат юридик шахсларга берилади. Шу сабабли якка тартибдаги тадбиркорлар улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқига эга эмас.

Қаерга қандай ҳужжатлар тақдим этилади

Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган туман (шаҳар) ҳокимлигига қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

1) юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, унинг жойлашган жойи (почта манзили), банк муассасасининг номи ва банк муассасасидаги ҳисоб рақами, фаолиятнинг лицензияланадиган тури кўрсатилган ҳолда лицензия бериш тўғрисида ариза;

2) юридик шахснинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисидаги гувоҳноманинг нусхаси (оддий ксеронусха, нотариал тасдиқлаш керак эмас);

3) лицензия бериш тўғрисидаги ариза лицензияловчи орган томонидан кўриб чиқилганлиги учун йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.

Ҳужжатлар лицензия талабгори томонидан лицензияловчи органга бевосита ёхуд олинганлиги тўғрисидаги билдиришнома билан почта алоқаси воситаси орқали етказиб берилади. Лицензия олиш учун тақдим этилган ҳужжатлар лицензияловчи орган масъул ходими томонидан рўйхат бўйича қабул қилинади, унинг нусхаси ҳужжатлар қабул қилиб олинган сана тўғрисида белги қўйилган ҳолда ариза берувчига юборилади (топширилади).

 

Қанча муддатда кўриб чиқилади

Лицензия бериш ёки уни беришни рад этиш тўғрисида қарор ариза тушган кундан бошлаб 2 иш куни давомида қабул қилинади. Яъни ҳужжатлар тақдим этилганидан кейинги куниёқ қарор қабул қилиниши керак.

Қарор қабул қилингандан кейин 1 иш куни мобайнида ариза берувчини (лицензия талабгорини) хабардор қилиш шарт.

 

Қандай тўловлар тўланади

2 та тўлов тўланади:

► ҳужжатлар тақдим этилганда – уларни кўриб чиққанлик учун лицензияловчи орган счётига 0,5 ЭКИҲ миқдоридаги йиғим;

► лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинганидан кейин – 2 ЭКИҲ миқдоридаги давлат божи. Лицензияловчи органнинг лицензия бериш ҳақида қарор қабул қилинганлиги тўғрисидаги ёзма билдиришномасида банк ҳисобрақами реквизитлари ва давлат божи тўлаш муддати (3 ой) кўрсатилади.

 

Лицензия қанча муддатга берилади

Улгуржи савдога лицензиянинг амал қилиш муддати чекланмаган.

 

Товарларни қачон улгуржи савдога лицензиясиз нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш йўли билан сотиш мумкин?

 

– Товарлар билан нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилиш орқали улгуржи савдо қилишга лицензия бир қатор ҳолларда талаб этилмайди.

1. Ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотларни сотишда. Булар ўзининг ёки жалб этилган ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланган ҳолда, ишлаб чиқаришнинг технологик жараёнини ҳисобга олган ҳолда корхона мустақил равишда ишлаб чиқарган ёки қайта ишлаган маҳсулотлардир (шу жумладан ярим тайёр маҳсулотлар). 

2. Чакана савдо корхоналарига ўтган ойдаги товар айланмасининг 10%и доирасида. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган) 19-бандига мувофиқ, товарларни нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича сотиш чакана савдо корхоналари томонидан ўтган ойдаги ойлик товар айланмаси умумий ҳажмининг 10%и доирасида амалга оширилиши мумкин.

Бунда товарлар сотилишини ҳисоблаб чиқиш ҳар бир ой бўйича алоҳида амалга оширилади. Товарларни олдинги ойлар ҳисобига сотишга йўл қўйилмайди.

Чакана савдо корхоналарига товарларни товар айланмаси умумий ҳажмининг 10%идан ортиқча нақд пулсиз ҳисоб-китоб бўйича фақат ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари – болалар, даволаш муассасалари, қариялар уйлари, болалар уйлари, ногиронлар уйлари, ўқув ва маърифат юртларига сотишга рухсат берилади.

3. Банк карталари, шу жумладан корпоратив банк карталаридан фойдаланган ҳолда нақд пулсиз ҳисоб-китоб қилишда. Юридик шахсларга фуқаролар ва юридик шахслар билан пластик карталар воситасида ҳисоб-китоб қилишга рухсат берилган. Бунда корпоратив пластик карталар бирор-бир чекловларсиз қабул қилинади.

 

Улгуржи савдони лицензиялаш масалалари қуйидаги ҳужжатлар билан тартибга солинади:

► «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги Қонун;

► ОМнинг «Амалга оширилиши учун лицензиялар талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати тўғрисида»ги қарори (12.05.2001 йилдаги 222-II-сон);

► Улгуржи савдо фаолиятини лицензиялаш тўғрисидаги низом (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган).

 

Кўчма савдога рухсатнома қандай олинади?

 

– Кўчма савдо – чакана савдо тури. У кўчма савдо объектларидан (лотоклар, пештахталар, палаткалар, автодўконлар ва б.) фойдаланган ҳолда турғун шохобчалардан ташқарида амалга оширилади. Кўчма савдо объектлари вақтинча жойлаштирилади, мавсумий ёки мақсадли хусусиятга эга бўлади, шунингдек иш куни тугагандан кейин қисмларга ажратилади ва кўчирилади.

 

Талабгорларга қўйиладиган талаблар

Кўчма савдога рухсатномани фақат юридик шахслар олишлари мумкин.

 

Қаерга қандай ҳужжатлар тақдим этилади

Кўчма савдо объекти жойлашган жой бўйича Давлат хизматлари марказига қуйидагилар илова қилинган ариза берилади:

► туман (шаҳар) ҳудудида кўчма савдонинг тасдиқланган жойлашиш схемасига мувофиқ кўчма савдо объекти жойлашиши схемаси;

► кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда кўчма савдо объектлари орқали сотилиши мумкин бўлган товарларнинг тасдиқланган рўйхати асосида сотиладиган товарлар рўйхати;

► хизмат кўрсатувчи банк томонидан берилган банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда тўловларни қабул қилиш бўйича ҳисоб-китоб терминали мавжудлиги тўғрисидаги маълумотнома.

Туман (шаҳар) ҳокимлиги ўзаро ахборот ҳамкорлиги, шу жумладан электрон шаклдаги ахборот ҳамкорлиги воситасида белгиланган тартибда фискал хотирали НКМ рўйхатдан ўтказилганлиги тўғрисида солиқ органининг маълумотномасини мустақил олади.

 

Қанча муддатда кўриб чиқилади

Туман (шаҳар) ҳокимлиги рухсатнома бериш тўғрисидаги аризани у тушган кундан бошлаб 3 иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқади. Ариза кўриб чиқилганлиги учун йиғим ундирилмайди.

 

Қандай тўловлар тўланади

Кўчма савдо қилишда рухсатнома берилганлиги учун қуйидаги миқдорларда йиғим ундирилади:

► Тошкент шаҳрида – ЭКИҲнинг 1 баравари миқдорида;

► Нукус шаҳрида, вилоятлар марказларида ва вилоят бўйсунувидаги шаҳарларда – ЭКИҲнинг 75%и;

► туманларнинг маъмурий марказларида ва туман бўйсунувидаги шаҳарларда – ЭКИҲнинг 50%и.

 

Рухсатнома қанча муддатга берилади

Рухсатнома уни бериш тўғрисидаги аризада кўрсатилган муддатга, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга берилади.

Кўчма савдони ташкил этишда қуйидаги ҳужжатларга риоя этинг:

► «Тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги рухсат бериш тартиб-таомиллари тўғрисида»ги Қонун;

► Кўчма савдога рухсат бериш тартиби тўғрисида низом (ВМнинг 13.07.2016 йилдаги 233-сон қарори билан тасдиқланган);

► Тошкент шаҳар ҳокимининг «Ўринлар сони, сотиладиган товарлар рўйхати ва кўчма савдо даври кўрсатилган ҳолда кўчма савдо объектларининг жойлашиши схемасини тасдиқлаш тўғрисида»ги қарори (29.12.2017 йилдаги 1737-сон).

 

Тамаки маҳсулотлари билан савдо қилиш учун қандай рухсатномалар керак?

 

– Тамаки маҳсулотлари билан савдо қилиш учун махсус рухсат берувчи ҳужжатларни олиш керак эмас. Уни юридик шахслар ҳам, якка тартибдаги тадбиркорлар ҳам амалга оширишлари мумкин.

Шу билан бирга бир қатор чекловлар мавжуд. Хусусан, тамаки маҳсулотларини:

1) 20 ёшга тўлмаган шахсларга;

2) тамаки маҳсулоти қутисида (ўрамида) тамаки маҳсулотларини истеъмол қилишнинг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги матн ва (ёки) расм шаклидаги тиббий огоҳлантириш мавжуд бўлмаганда. Тиббий огоҳлантириш тамаки маҳсулоти қутиси (ўрови) олд томони асосий юзасининг камида 40%ини ва орқа томони асосий юзасининг камида 40%ини эгаллаши керак;

3) реализация қилинадиган жойларда уларни 20 ёшга тўлмаган шахсларга реализация қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги, шунингдек тамаки маҳсулотларининг инсон соғлиғига салбий таъсири тўғрисидаги огоҳлантирувчи ёзув мавжуд бўлмаганда;

4) қуйидаги жойларда жойлашган савдо корхоналарида:

► таълим, спорт ва диний муассасалардан камида 500 метр радиусда;

► жамоат транспорти бекатларида, шу жумладан метрополитен бекатларида, жамоат жойларида ва дам олиш жойларида, даволаш-профилактика ва спорт-соғломлаштириш муассасалари ҳудудида, ушбу муассасалар ва ишлаб чиқариш корхоналарининг ошхоналарида, аэропортларга, темир йўл вокзаллари ва автостанцияларга туташиб кетган жойларда;

5) акциз маркалари билан маркаланмаган ҳолда ёки қалбаки акциз маркалари билан;

6) мувофиқлик сертификатисиз. Тамаки маҳсулотлари сифатига кўра техник регламентлар ёки стандартларнинг мажбурий талабларига мувофиқ бўлиши керак. Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг, шу жумладан импорт алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг сотувчиси маҳсулотларнинг ҳар бир номи бўйича тайёрловчи ёки етказиб берувчининг имзоси ва муҳри билан тасдиқланган ҳамда ҳисобга олиш ва рўйхатдан ўтказиш рақамлари, унинг амал қилиш муддати ва сертификатни берган орган кўрсатилган ҳолда маҳсулотнинг ҳар бир номи бўйича мувофиқлик сертификати мавжудлиги тўғрисидаги маълумотлар мавжуд бўлган товар-транспорт ҳужжатларига эга бўлиши керак;

7) яроқлилик муддати ўтиб кетган ҳолда;

8) ишлаб чиқарилган корхонани аниқлаш имконини берадиган даражада аниқ маркаланмаган ҳолда;

9) уларни тайёрлашга лицензияси бўлмаган маҳаллий ишлаб чиқарувчи томонидан тайёрланганда;

10) уларни етказиб бериш ҳуқуқига эга бўлмаган ёки божхона тартибга солиши, савдо белгилари ва фирма номларидан фойдаланиш соҳасидаги қонун ҳужжатларида, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган қоидаларни бузган ҳолда етказиб берган етказиб берувчилардан сотиб олинганда;

11) болалар ўйинчоқлари, конфетлар ёки болалар ассортименти бошқа товарлари кўринишида;

12) доналаб, қутисиз (ўрамсиз);

13) савдо автоматлари орқали;

14) кўчма савдо тартибида сотиш тақиқланади.

 

Тамаки маҳсулотларини сотиш тартиби қуйидаги ҳужжатлар билан белгиланган:

► «Алкоголь ва тамаки маҳсулотларининг тарқатилиши ҳамда истеъмол қилинишини чеклаш тўғрисида»ги Қонун;

► Ўзбекистон Республикасида чакана савдо қоидалари (ВМнинг 13.02.2003 йилдаги 75-сон қарорига 1-илова).

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 3158 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика