Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 35 / Назорат

Камерал текширув ўтказишнинг ўзига хос жиҳатлари

 

Президентнинг 22.01.2018 йилдаги ПФ-5308-сон Фармони билан режали текширувларга 2 йил муддатга мораторий эълон қилинди. Бунда 2018 йилда камерал назорат фаоллашди.

 

Қандай ва нима учун ўтказилади

Камерал назорат молиявий ва солиқ ҳисоботи, солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ инспекцияси ахборот базасида мавжуд бошқа ҳужжатлар асосида ўтказилади.

Солиқ тўловчилар тўғрисидаги ахборот базаси ички ва ташқи манбалар ҳисобига шаклланади.

Ички манбалардан база қуйидагилар асосида шаклланади:

● солиқ тўловчиларнинг молиявий ва солиқ ҳисоботи;

● тўланган солиқлар ва мажбурий тўловлар;

● солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича шахсий счётлар карточкаларидаги маълумотлар;

● солиқ органларида мавжуд бошқа маълумотлар.

Ташқи манбалардан база Солиқ кодексининг 84-моддаси, «Давлат солиқ хизмати тўғрисида»ги Қонун, Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси давлат солиқ хизмати идоралари ахборот-коммуникация тизими фаолияти самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига (30.10.2012 йилдаги ПҚ-1843-сон) мувофиқ шаклланади. Унга қуйидаги органлар томонидан тақдим этиладиган маълумотлар киради:

● лицензия берувчи;

● ички ишлар;

● кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчи;

● сув ресурсларини ҳисобга олувчи;

● ер ресурсларини ҳисобга олувчи ва (ёки) баҳоловчи;

● фойдаланиладиган ер қаъри участкаларини давлат ҳисобига олувчи ва (ёки) ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини давлат рўйхатидан ўтказувчи;

● божхона хизматлари;

● маҳаллий давлат ҳокимияти;

● фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш;

● ҳуқуқ тартибот;

● статистика органлари;

● давлат нотариал идоралар;

● Марказий банк ва тижорат банклари;

● Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги.

Камерал назоратнинг мақсади – солиқ тўловчига аниқланган солиққа оид ­ҳуқуқбузарликларни мустақил равишда бартараф этиш ҳуқуқини бериш. У солиқ тўловчининг ҳузурига бормасдан солиқ инспекциясининг ўзида ўтказилади. Солиқ инспекцияси солиқ тўловчини аниқланган хатоликлар ёки зиддиятлар ҳақида ёзма равишда хабардор қилади. Унга почта орқали ёки my.soliq.uz сайтидаги солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёзма талабнома юборилади. Талабнома солиқ тўловчининг вакилига шахсан келиб топширилиши мумкин.

Талабнома почта орқали буюртма хат билан юборилган тақдирда, у буюртма хат олинган санада олинган деб ҳисобланади (Солиқ кодексининг 70-моддаси 5-қисми). Солиқ тўловчининг вакили солиқ инспекциясига қайтариладиган почта жўнатмаси топширилганлиги тўғрисидаги билдириш бланкасида ушбу санани қайд этади.

Афсуски, амалиётда солиқ органлари талабномаларни юбориш учун доим ҳам буюртма хатлардан фойдаланмайдилар. Талабномалар почта орқали юборилса, улар кўпинча оддий хатлар бўлади. Бу ҳолда солиқ инспекциясида солиқ тўловчи хатни олганлигини тасдиқлаш учун асос бўлмайди, шунингдек олинган санаси бўлмайди. Бинобарин, солиқ тўловчига нисбатан чораларни кўришга асос бўлмайди.

Талабномани олган солиқ тўловчи у олинган кундан эътиборан 10 кунлик муддатда:

my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинети орқали тузатилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши. Бунда қайта ҳисоб-китоб қилиш натижасида юзага келган солиқлар ёки мажбурий тўловлар суммасини ҳам тўлаш зарур;

● ёхуд тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тафовутларни ёзма шаклда асослаб бериши шарт. Жавоб почта орқали оддий ёки буюртма хат билан ёхуд my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинет орқали юборилиши мумкин. Бунда хат почта орқали ёки сайтдан юборилган сана жавоб тақдим этилган сана деб ҳисобланади. Солиқ тўловчининг вакили талабномага жавобни солиқ инспекцияси девонхонасига шахсан топшириши ҳам мумкин. Бу ҳолда жавобни 2 нусхада ёзиш лозим, инспекция девонхонаси хатнинг кириш рақами ва санасини қайд этиб, улардан бирини қайтариб беради. Айни ушбу сана талабномага жавоб тақдим этилган сана ҳисобланади.

Ўн кунлик муддат – талабнома олинган кундан кейинги 10 календарь кун. У талабнома олинганидан кейинги кундан бошлаб ҳисобланади ва сўнгги ўнинчи кун соат 24.00 гача давом этади.

Масалан, корхона бухгалтери талабномага жавобни сўнгги ўнинчи кунда солиқ инспекциясига ўзи олиб бориб, девонхонага шахсан топширмоқчи эди. Кун давомида иши кўпайиб кетиб, иш кунининг охиригача солиқ инспекциясига боришга улгурмади. У ярим кечагача my.soliq.uz сайтидаги шахсий кабинети орқали жавобни юбориши мумкин. Бунда мажбурият муддатида бажарилган бўлади.

Сўнгги ўнинчи кун дам олиш ёки байрам (ишланмайдиган) кунига тўғри келиши мумкин. Ундан кейинги биринчи иш куни муддатнинг тугаш куни ҳисобланади (Солиқ кодексининг 36-моддаси).

Директор ёки бухгалтернинг таътилда, хизмат сафарида ёки касал бўлиши солиқ органи белгиланган 10 кунлик муддатда талабномага муносабат билдирмаслиги учун сабаб ҳисобланмайди.

 

Талабномага муносабат билдирмаслик нимага олиб келади

Солиқ тўловчи аниқлаштирилган ҳисобот ёхуд аниқланган тафовутларнинг асосларини белгиланган муддатда тақдим этмаган тақдирда, солиқ инспекцияси солиқ тўловчининг банкдаги счётлари бўйича операцияларни тўхтатиб қўйиш, шунингдек қўшимча ҳисобланган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш юзасидан судга мурожаат қилади.

 

Солиқ тўловчининг хатти-ҳаракатлари

Талабномани олган корхона бухгалтери аввал талабномада кўрсатилган хатолик ёки тафовут мавзусига оид корхона ҳужжатларини ўрганиб чиқиши лозим.

Бухгалтер ҳужжатларни ўрганиш давомида солиқчилар ҳақли деган хулосага келса, аниқлаштирилган солиқ ҳисоботини тақдим этиши ҳамда солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича юзага келган тафовутни тўлаши зарур. Бу ҳолда жавоб ёзиш керак эмас.

Корхона бухгалтери солиқчиларнинг важ-далилларига қўшилмаган тақдирда хатолик ёки тафовут деб ҳисобланган жиҳатларни ёзма равишда асослаб бериши, тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда солиқ инспекциясига жавоб юбориши шарт.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1422 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика