Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.
АЖ устав фондининг энг кам миқдори 4 баравар камайтирилади
Мамлакатнинг инвестициявий жозибадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар дастурига (1.08.2018 йилдаги ПФ–5495-сон Фармон) мувофиқ 2018 йил 15 сентябрга қадар тегишли қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши керак.
2008 йилда Ўзбекистонда АЖ устав фондининг энг кам миқдори – жамият давлат томонидан рўйхатга олинган санада МБ курси бўйича эквиваленти камида 400 минг АҚШ долларига тенг сумма тасдиқланган (18.11.2008 йилдаги ПФ–4053-сон Фармон). Ушбу қиймат кейинчалик «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонуннинг янги таҳририда мустаҳкамланган.
Бироқ Президентнинг 2.09.2017 йилдаги ПФ–5177-сон Фармони билан белгиланишича, жамиятларнинг устав капиталига қўйиладиган минимал талаблар фақат миллий валютада белгиланади. Шу сабабли устав фондининг энг кам қиймати ўша пайтда амал қилган курс бўйича сўмга қайта ҳисобланиб, қонунга ўзгартиришлар киритмаган ҳолда 1 600 млн сўм даражасида қайд этилди. Ушбу рақам Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисидаги янги низомда акс эттирилди, бу билан у амалда қўлланиладиган бўлди.
Энди эса АЖ устав фондининг энг кам миқдорини 400 млн сўм миқдоригача, яъни 4 баравар камайтиришга қарор қилинди. Бу вазиятда «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунга тузатишлар киритилиши шарт. Шу сабабли Давлат рақобат қўмитаси, ЛБМА, Иқтисодиёт вазирлиги ва Адлия вазирлигига 2018 йил 15 сентябргача тегишли қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш вазифаси топширилди.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 2.08.2018 йилдан кучга кирди.
Туман ва шаҳарларда «Business city» барпо этилади
Объектлардаги (шу жумладан «Tashkent city» ХИМдаги) инвесторлар ва пудратчиларга солиқ ва божхона имтиёзлари берилди
Президентнинг 2.08.2016 йилдаги ПҚ–3895-сон қарорига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси туман ва шаҳарлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида «Business city» форматидаги замонавий ишбилармонлик марказлари барпо этилади.
Аниқ ҳудудда уларни барпо этиш тўғрисидаги қарорларни 1.01.2019 йилгача Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Вазирлар Маҳкамаси билан келишувга кўра қабул қиладилар.
Лойиҳани амалга ошириш механизми қуйидагича:
► ҳудуд аниқлангандан кейин ҳақиқатда яшовчи оилалар рўйхатини аниқлаган ҳолда бузиладиган уй-жойлар, яшаш учун мўлжалланмаган бинолар ва иншоотлар инвентаризациядан ўтказилади (1.01.2019 йилдаги ҳолатга кўра);
► ҳудуд участкаларга (лотларга) бўлинади ва танлов бўйича инвесторлар энг яхши таклифлар асосида танлаб олинади;
► фуқаролар ва ташкилотларга етказилган зарарларни қоплаш, ҳудудни тозалаш ва ер қазиш ишларини бажариш, майдон ичидаги тармоқларни қуриш, умумий фойдаланиладиган ҳудудларни ободонлаштириш, реклама ва тақдимот маросимларини ўтказиш, шунингдек консалтинг ва архитектура компаниялари хизматлари ҳақини тўлаш харажатлари инвесторларга тақдим этиладиган участкалар ҳажмига қараб мутаносиб улушда уларнинг маблағлари ва бошқа манбалар ҳисобига қопланади;
► тортиб келинадиган муҳандислик тармоқлари қурилиши – «Ўзбекэнерго» АЖ, «Ўзтрансгаз» АЖ, «Ўзбектелеком» АК ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўз маблағлари ҳисобига қопланади;
► инвесторлар жалб этадиган пудратчилар лицензия ва рухсатномаларсиз «fast-track» (бир йўла лойиҳалаштириш, сотиб олиш ва қурилиш ишлари) усулида фойдаланишга тайёр ҳолда топшириш шарти билан қурилиш ишларига қўйилади.
Лойиҳа доирасида қуйидагилардан озод қилиш тарзида имтиёзлар берилган:
а) 2021 йил 1 январгача бўлган муддатга:
► инвесторларга – мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан;
► бош лойиҳа ва бош пудрат ташкилотларига – норезидентлар бажарадиган ишлар (кўрсатадиган хизматлар) бўйича ҚҚСни тўлашдан;
► норезидент ташкилотларга – доимий муассаса орқали ёки Ўзбекистондаги тўлов манбаидан олган даромадлар бўйича фойда солиғини тўлашдан;
► дирекциялар, инвесторлар, бош пудрат ташкилотига – Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмайдиган, белгиланган тартибда шакллантириладиган рўйхатлар бўйича олиб кириладиган қурилиш техникаси, асбоб-ускуналар, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар, қурилиш материаллари, металл конструкциялар учун божхона тўловларини тўлашдан (божхона йиғимлари бундан мустасно);
б) дирекцияларга – «Business city» марказлари фаолият юритадиган бутун даврда барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмаларни тўлашдан.
Жалб қилинадиган хорижий мутахассисларнинг эса барча ҳужжатлари: кириш визаларидан тортиб Ўзбекистон ҳудудида меҳнат фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқи тасдиқномаларигача бепул расмийлаштирилиши таъминланади.
Юқорида баён этилган барча имтиёзлар «Tashkent city» халқаро ишбилармонлик марказига ҳам татбиқ этилади.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 3.08.2018 йилдан кучга кирди.
Кўчмас мулк бузилганда зарарлар қопланади
Президентнинг 27.07.2018 йилдаги ПФ-5490-сон Фармони билан давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва бизнесга етказилган зарарларни қоплашнинг янги механизми маъқулланди.
Ҳозир Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 29.05.2006 йилдаги 97-сон қарори билан тасдиқланган) кўра компенсация бериш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
► олиб қўйилаётган ер участкалари корхоналар, муассасалар ва ташкилотларга ажратиб берилган тақдирда – ушбу корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар маблағлари ҳисобига;
► бошқа ҳолларда – чорак якуни бўйича прогноздан ортиқча тушган маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми маблағлари, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бюджетларининг захира жамғармаси маблағлари ва (ёки) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг тегишли ҳисоб рақамларига давлат мулкини давлат тасарруфидан чиқариш, хусусийлаштиришдан тушадиган тақсимланадиган маблағларнинг бир қисми ҳисобига.
Ягона марказлаштирилган қоплаш манбаи мавжуд эмас. Бу жойларда ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келмоқда. Чунончи, Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, 2016–2018 йиллар мобайнида 37 нафар мулкдорга 3 млрд 252 млн сўм миқдоридаги компенсация тўланмаган, 215 нафар мулкдорга эса 15 млрд 67 млн сўм компенсация тўлиқ тўланмаган. Бундан ташқари, 100 та ҳолатда бузилаётган турар жойлар баҳоланмай туриб тўловлар тўланган, 391 та ҳолатда эса уй-жой бузилгандан кейин баҳолаш ўтказилган.
Шу муносабат билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида 2 ой муддатда Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан жисмоний ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш бўйича марказлаштирилган жамғарма ташкил қилинади. У маҳаллий бюджетларнинг даромад қисми ва бошқа манбалар ҳисобига тўлдирилади (олиб қўйилаётган ер участкаларини олувчиларнинг маблағлари ҳам унга киритилса керак).
Бу – муҳим! Жамғарма билан келишувга эришмай ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади. Мақола муаллифининг фикрича, бу компенсация тўлиқ тўланмагунча кўчмас мулкни бузиш, шунингдек мол-мулкни баҳолаш натижаларини пасайтириб кўрсатиш ҳолатларини истисно этиш йўлидаги муҳим қадамдир.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган, 30.07.2018 йилдан кучга кирди.
23.07.2018 йилдаги ЎРҚ-486-сон Қонунга кўра баъзи давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ва уруғликлар билан муомала қилишдаги ҳуқуқбузарликлар учун – 40 ЭКИҲгача жарима
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс янги модда билан тўлдирилди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва уруғликларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ва улардан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жарималар жорий этилди.
Жарима миқдори ҳуқуқбузарликларнинг хусусиятига боғлиқ. Ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, санкциялар оширилади:
► қишлоқ хўжалиги маҳсулотини ва уруғликларни қабул қилиш, сақлаш, қайта ишлаш ҳамда улардан фойдаланиш тартибини, шунингдек агросаноат мажмуи соҳасида технологик жараёнлар талабларини бузганлик учун – ЭКИҲнинг 15 бараваридан 20 бараваригача;
► қишлоқ хўжалиги ўсимликларига доир ҳужжатларни юритиш қоидаларини бузганлик ёхуд ушбу ҳужжатларга уруғликларнинг навлари ва экилиш сифатлари тўғрисидаги нотўғри маълумотларни киритганлик учун – ЭКИҲнинг 25 бараваридан 30 бараваригача (мансабдор шахсларга солинади);
► кўрсатилган ҳуқуқбузарликлар маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса – ЭКИҲнинг 30 бараваридан 40 бараваригача.
Маълумот учун: кўрсатилган қоидаларнинг фрагментлари Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирувчилар билан тайёрлов, хизмат кўрсатиш ташкилотлари ўртасида шартномалар тузиш, уларни рўйхатдан ўтказиш, бажариш, шунингдек уларнинг бажарилиши мониторингини олиб бориш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 4.09.2003 йилдаги 383-сон қарорига 1-илова); Уруғлик донни қабул қилиш, тайёрлаш, дорилаш, тарқатиш ва сифатини назорат қилиш тартиби тўғрисидаги йўриқнома; Дон хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламент (ВМнинг 31.03.2016 йилдаги 99-сон қарори билан тасдиқланган) ва бошқа қонун ҳужжатларида ҳам мавжуд.
Маҳаллий даражадаги депутатлар суд раисларининг ахборотини эшитадилар
«Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида» ва «Судлар тўғрисида»ги қонунларга ана шундай тузатишлар киритилди.
Тузатишларга кўра, судлар раислари 1 йилда камида 1 марта тегишли даражадаги вакиллик органларига суднинг фуқаролар ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳамда юридик шахсларнинг манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисидаги ахборотни юборишлари шарт. Мазкур ахборот қуйидагича тақдим этилади:
► Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси томонидан – Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига;
► вилоят суди раиси томонидан – халқ депутатлари тегишли вилоят Кенгашига;
► Тошкент шаҳар суди раиси томонидан – халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашига;
► туманлараро, туман (шаҳар) суди раиси томонидан – халқ депутатлари тегишли туман (шаҳар) Кенгашига.
Халқ депутатлари Кенгашлари судьялар тақдим этган ахборотни тинглаб, мазкур масала юзасидан ўз қарорларини Судьялар олий кенгашига юборадилар.
Эслатиб ўтамиз, Судьялар олий кенгаши 2017 йилда мамлакатда суд ҳокимияти мустақиллигининг конституциявий принципига риоя этилишини таъминлашга кўмаклашиш мақсадида судьялар ҳамжамияти органи сифатида ташкил этилган. Унинг ваколатларига қуйидагилар киради:
► судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш;
► давлат раҳбарига вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари раислари ваколатларини муддатидан аввал бекор қилиш тўғрисида тақдимномалар киритиш;
Жўқорғи Кенгесга Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьялари ваколатларини муддатидан аввал бекор қилиш тўғрисида хулосалар киритиш;
Президент билан келишган ҳолда вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари, туманлараро, туман, шаҳар судлари раислари ва судьяларини лавозимдан озод этиш.
Шу билан бир қаторда, вилоят, туман ва шаҳар даражасидаги судьялар ҳар ойда жойларда аҳоли билан учрашишлари, шунингдек жамоатчиликни суднинг фаолияти тўғрисида ОАВ орқали хабардор қилиб боришлари шарт.
Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 24.07.2018 йилдан кучга кирди.
Олег Заманов, Самир Латипов, «Norma» МЧЖ экспертлари.