Президентимиз Шавкат Мирзиёев 20 июль куни Ядро физикаси институтида Фанлар академияси ва илмий-тадқиқот институтлари вакиллари, академиклар, олимлар ва ёш тадқиқотчилар иштирокида ўтказган учрашувда юртимиз тараққиёти учун хизмат қилаётган салоҳиятли кадрларни, уларнинг оила аъзоларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, муносиб турмуш шароитини яратиш зарурлигини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари олимлар ва тадқиқотчиларнинг илмий изланишлари, оилавий шароити, муаммолари билан қизиқди.
Ядро физикаси институти илмий котиби Сайрамбой Игамов сўзга чиқиб, олимлар, зиёлиларга алоҳида эътибор қаратилаётгани, кенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлаб, миннатдорлик билдирди. Тошкент вилояти Қибрай тумани тиббиёт бирлашмасида катта рентген лаборанти лавозимида ишлаётган рафиқаси 1993 йилдан буён Ўзбекистон фуқаролигини ололмаётганини айтиб, шу масалада ёрдам беришни сўради.
С.Игамов турмуш ўртоғи билан 2 фарзандни вояга етказган. Уларнинг каттаси Турин политехника университетини битириб, ҳозирда «Лукойл» компаниясида ишламоқда. Иккинчи фарзанди Тошкентдаги Инҳа университети талабаси.
Давлатимиз раҳбари илм-фан тараққиётига муносиб ҳисса қўшаётган, фидойи олимларни қўллаб-қувватлаш энг муҳим вазифалардан бири эканлигини таъкидлаб, С.Игамовнинг илтимоси ижобий ҳал этилишини билдирди.
Шу куннинг ўзида Президент фармони билан Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи Ж.Ортиқхўжаев Н.Игамовага фуқаролик паспортини тантанали топширди.
– Ўзбекистонда яшаб, меҳнат қилаётган бўлсам-да, фуқаролигим йўқлиги боис кўнглим кемтик эди, – дейди Наргиза Игамова. – Яқин қариндошларим Қозоғистонда. Фуқаролик паспортим йўқлиги учун отам вафот этганда маъракасига қатнаша олмадим. Бу мен учун энг катта армон бўлиб қолди. Шукрки, бугун фуқаролик паспортини қўлимга олдим. Ўзбекистон фуқароси бўлиш шарафига муяссар бўлганимдан бахтиёрман. Бунинг учун Президентимиздан миннатдорман.
ЎзА.