Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 27 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Cолиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди

 

Президентнинг 29.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тўғрисида»ги Фармони қабул қилиниши билан мамлакат солиқ тизими қандай бўлиши кераклиги ҳақидаги баҳс-мунозараларга барҳам бериладиган бўлди. Тасдиқланган Концепция бизнеснинг малол келмайдиган солиқларга бўлган талаби билан жамоат эҳтиёжларини молиялаштириш зарурати ўртасида мувозанат ўрнатишга йўналтирилган.

Концепция солиқ солишда қуйидаги умумжаҳон тамойилларини амалга ошириб, мамлакатимиздаги солиқ солиш тизимини ислоҳ қилмоқда:

► солиқ юки солиқ тўловчининг ташкилий-ҳуқуқий шакли, фаолият тури ва миқёсига боғлиқ эмас;

► микробизнес солиқ солишнинг соддалаштирилган тартибини танлаш ҳуқуқидан фойдаланади;

► ресурс солиқларининг қўлланилиши кўчмас мулк, сув ва ердан самарали фойдаланишни рағбатлантиради;

► тадбиркорлар дивидендлар тарзида оладиган даромадларга пасайтирилган ставкаларда солиқ солинади;

► солиқ базаси ўсиб боришига қараб солиқлар аста-секин пасаяди.

 

Айланмангиз миллиарддан ошмаса

Йиллик обороти 1 млрд сўмгача бўлган корхоналар қуйидаги солиқларни тўлайдилар:

► 4 фоизлик ставкада оборотдан (ялпи тушумдан) солиқ;

► ресурс солиқлари: юридик шахсларнинг мол-мулк солиғи (2%лик ставкада), ер солиғи ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ. Бу микробизнес учун малол келиш-келмаслигини Солиқ кодексининг янги таҳрири кўрсатади. Бироқ ушбу солиқларни ҳисоблаш вазифаси микробизнеснинг эмас, балки давлат тузилмалари зиммасига юклатилиши ҳақида қарор қабул қилиниб бўлди;

► ихтиёрий равишда ҚҚС. Микробизнес субъекти мижозлари ҚҚС тўловчилари бўлса, бу фойдали бўлиши мумкин.

Соддалаштирилган тартибни қўллаш учун тушумнинг чегаравий миқдори 3 йилда камида 1 марта қайта кўриб чиқилади.

 

Миллиард сўмдан ортиқми – ҚҚС ёки фойда солиғи тўлайсиз

Йиллик обороти 1 млрд сўмдан ошадиган хўжалик юритувчи субъектлар ресурс солиқларидан ташқари ҚҚС ва фойда солиғини тўлайдилар.

2019 йилда ҚҚС ставкаси 20% даражасида сақланади. Кейинги йил якунлари бўйича солиқ ҳисобига олишни ривожлантириш, солиқ солиш базасини аниқлаштириш ва имтиёзларни қисқартириш орқали ставкани пасайтириш режалаштирилмоқда. ҚҚСни ҳисоблаш тартибига ҳам ўзгартириш киритилиши керак. Мақсад – ҳисоб-китобларни соддалаштириш ва солиқ маъмуриятчилигини енгиллаштириш. Хусусан, сотиб олинадиган асосий воситалар, қурилиши тугалланмаган объектлар ва номоддий активлар нархига киритиладиган ҚҚСни ҳисобга олиш суммаларига киритишга рухсат берилади.

Кўпгина хўжалик юритувчи субъектлар учун фойда солиғи ставкаси 14%дан 12%гача, тижорат банклари учун 22%дан 20%гача пасаяди. Уяли алоқа компаниялари ҳам фойда солиғини 20%лик ставкада тўлайдилар.

Дивидендлар ва фоизлар кўринишидаги даромадлардан солиқ – ҳам юридик, ҳам жисмоний шахслар учун 10 фоиздан 5 фоизгача пасайтирилади.

Барча умумбелгиланган солиқларни тўловчилар учун бугунги кунда давлат мақсадли жамғармаларига оборотдан 3,2% миқдорида ундирилаётган мажбурий ажратмалар бекор қилинади.

 

Нималар ўзгармайди

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар учун алоҳида солиқ солиш тартиби аввалгидек қолади. Улар ҳозиргидек ягона ер солиғини тўлайдилар.

Хусусийлаштирилган ҳамда бошқа объектлар ва ресурслардан самарасиз фойдаланувчи шахслар учун ер солиғи ва мол-мулк солиғининг оширилган ставкаларидан фойдаланиш ҳам сақланади.

 

ЖШДСнинг 12%лик ягона ставкаси, 12%лик ЯИТ ставкаси жорий этилади, ПЖга суғурта бадаллари бекор қилинади

2019 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги чора-тадбирлар ҳисобига меҳнатга ҳақ тўлаш фондига солиқ юки камайтирилади.

Биринчидан, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг ягона ставкаси 12% миқдорида жорий этилади. Даромад ҳажмидан қатъи назар, солиқ ушбу ставкада ҳисобланади ва тўланади. 12%дан 0,1%и шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақларига йўналтирилади.

Бунда айрим тоифадаги жисмоний шахслар учун 4 ЭКИҲгача даромадларни ЖШДСдан озод қилиш тарзидаги имтиёзлар сақланиб қолади (Солиқ кодексининг 180-моддаси 2-қисми). 

Иккинчидан, фуқароларнинг бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари бекор қилинади. Ҳозир ушбу бадаллар ставкаси 8%ни ташкил этади.

Учинчидан, пенсия тизимининг барқарорлигини таъминлаш мақсадида ягона ижтимоий тўловнинг қуйидаги ставкалари жорий этилади:

25% – бюджет ташкилотлари, давлат корхоналари ҳамда устав жамғармасида давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ миқдорда бўлган юридик шахслар, шунингдек устав жамғармасининг 50%и ва ундан кўпроқ миқдори давлат улуши 50% ва ундан кўпроқ бўлган юридик шахсга тегишли юридик шахслардан;

15%дан 12%га пасайтирилган ставка – бошқа юридик шахслардан.

 

Эслатиб ўтамиз, ҳозир 15%лик ставкадаги ЯИТни фақат микрофирмалар, кичик корхоналар ва фермер хўжаликлари тўлайди. Бошқа тўловчиларга нисбатан 25%лик ставка қўлланилади.

 

Экспертларнинг баҳолашича, меҳнатга ҳақ тўлаш фондига умумий солиқ юки қуйидаги миқдорда пасаяди:

► давлат капитали бўлмаган ёки у 50%дан кам бўлган корхоналар учун – ўрта ҳисобда 1,58 баравар;

► давлат капитали 50 ёки ундан ортиқ фоизни ташкил этган корхоналар учун – ўрта ҳисобда 1,3 баравар.

 

 

ЛБМА қошидаги Марказда экспертизадан ўтказиш арзонлашди

 

Президентнинг 20.06.2018 йилдаги «Инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларни жадал амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–3794-сон қарори эълон қилинди.

 

Биринчидан, белгиланишича, Президентнинг 20.02.2018 йилдаги «Лойиҳаолди, лойиҳа, тендер ҳужжатлари ва контрактларни экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ–3550-сон қарорининг амал қилиши халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари иштирокидаги лойиҳаларга нисбатан татбиқ этилмайди. Бундай ҳолатларда Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Лойиҳаларни ва импорт контрактларини комплекс экспертиза қилиш марказида (бундан кейин – Марказ) ҳужжатларни ўтказиш мажбурий ҳисобланмайди.

Иккинчидан, инвестициявий ва инфратузилмавий лойиҳаларнинг лойиҳаолди ҳужжатлари таркибидан молиявий-иқтисодий ҳисобот чиқариб ташланди. Энди уни ишлаб чиқиш, экспертизага жўнатиш ва бунинг учун ҳақ тўлаш зарур эмас.

Учинчидан, Марказ бепул экспертизадан ўтказадиган ҳужжатлар рўйхати кенгайтирилди. Қуйидагилар қўшилди:

► инфратузилмавий лойиҳалар бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатлари, шунингдек Президент ва Ҳукуматнинг қарорлари асосида амалга ошириладиган лойиҳалар;

► давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари, Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати кафолати остида жалб этиладиган кредитлар (қарзлар) ҳисобидан амалга ошириладиган товарлар (ишлар, хизматлар) давлат харидлари бўйича тендер ҳужжатлари ва импорт контрактлари.

Тўртинчидан, Марказда лойиҳаларнинг ДТИА/ДТИҲ ва ТИА/ТИҲни экспертизадан ўтказиш қиймати пасайтирилди. Энди у контракт қийматининг ­0,030%ини ташкил этади. Бироқ экспертиза қийматининг энг қуйи ва энг юқори чегаралари ҳам мавжуд – эквивалентда 4 минг АҚШ долларидан кам ва 50 минг АҚШ долларидан кўп эмас.

Бешинчидан, Марказда барча такрорий экспертизалар бепул ўтказилади. Натижада камчиликлар бартараф этилгандан кейин ҳужжатларни экспертизага такроран тақдим этиш муддатлари белгиланмайдиган бўлди. Бундан ташқари, Марказ контракт, импорт контракти ва/ёки қўшимча битим ҳамда рад этиш сабаблари бартараф этилганлигини тасдиқловчи тегишли ҳужжатлар олинган кундан бошлаб кўпи билан 5 кунда (илгари 10 кунда) контрактларни экспертизадан ўтказади ва рўйхатга олади.

 

 

1 сентябрдан божхона расмийлаштируви соддалашади

 

Президентнинг 29.06.2019 йилдаги «Ўзбекистон Республикасининг ташқи иқтисодий фаолиятини янада тартибга солиш ҳамда божхона-тариф жиҳатдан тартибга солиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қароридан шундай хулоса келиб чиқади. Ҳужжат ЎзАда жойлаштирилган.

 

2018 йил 1 сентябрдан божхона расмийлаштируви тартибига тузатиш киритилади.

Биринчидан, чегара божхона постларида божхона органлари томонидан божхона назорати ўтказилганда ветеринар, фитосанитар, экологик ва санитар-эпидемиологик назорат ҳам амалга оширилади.

Иккинчидан, Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилотига (ИҲРТ) аъзо давлатларнинг аккредитациядан ўтган органлари томонидан мувофиқлик сертификатлари берилган, Ўзбекистонга олиб кирилаётган товарларга нисбатан мажбурий мувофиқлик сертификатлаштиришни амалга ошириш талаб этилмайди.

Учинчидан, товарларнинг «эркин муомалага чиқариш (импорт)» режимига божхона расмийлаштируви учун товарларни давлат тилида мажбурий маркировка қилиш талаб этилмайди.

Тўртинчидан, «божхона омбори» режимида 6 ойдан кўп бўлган товарларнинг божхона расмийлаштирувида Президент ва Вазирлар Маҳкамаси қарорлари билан божхона тўловлари юзасидан тақдим этилган имтиёзлар қўлланилмайди.

Бундан ташқари, кўрсатилган санага қадар ДБҚ сайтида «Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати жорий этилади. Унинг ёрдамида товарларнинг божхона чегараси орқали ҳаракати режимини тартибга солувчи барча норматив ҳужжатлар, товарларнинг божхона расмийлаштируви учун зарур бўлган ҳужжатлар, ҳар бир товарга мос равишда божхона божлари ставкалари, ушбу ҳужжатларни берувчи органлар тўғрисидаги батафсил ахборот ва бошқа маълумотларни реал вақт режимида бепул асосда олиш мумкин бўлади.

«Интеграциялашган тариф» интерактив хизмати орқали тақдим этиладиган ахборотнинг, жумладан санитар-карантин, фитосанитар ва ветеринар назорати бўйича, рухсатнома бериш хусусиятига эга бўлган бошқа ҳужжатларнинг расмийлаштирилиши тўғрисидаги талабларнинг тўлиқ рўйхати 2 ой муддатда тасдиқланади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан ташқи иқтисодий фаолият амалга оширилганда давлат органларига «Интеграциялашган тариф» интерактив хизматида назарда тутилмаган маълумот ва ҳужжатларни талаб қилиш ман этилади.

 

 

Ноқонуний турар жойларни эътироф этиш ишлари бошланди

 

Вазирлар Маҳкамасининг 21.06.2018 йилдаги «Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш тўғрисида» 2018 йил 20 апрелдаги ПФ–5421-сон Фармони ижросини таъминлаш чора-тадбирлари ҳақида»ги 461-сон қарори қабул қилинди.

 

Эслатиб ўтамиз, 1.05.2019 йилга қадар Ўзбекистонда жисмоний шахсларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик акция ўтказилмоқда. Акция кўп қаватли уйларга, уларга туташиб кетган ер участкаларида ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга, шунингдек нотурар жойларга нисбатан татбиқ этилмайди. 

Фармон қабул қилингандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эътироф этилмайди. Бунинг устига, бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкинлиги тўғрисидаги фуқаролик қонун ҳужжатлари нормалари бекор қилинади (ФКнинг 212-моддаси).

Қабул қилинган ҳужжатда акцияни ўтказиш тартиб-таомиллари белгиланган.

Мулк ҳуқуқи эътироф этилиши учун фуқаро давлат хизматлари маркази орқали туман (шаҳар) ҳокимининг номига ариза билан мурожаат қилади. Мурожаат этувчи аризани ўз имзоси билан тасдиқлайди. Аризага қуйидагилар илова қилинади:

► мурожаат этувчининг паспорти нусхаси;

► мурожаат этувчининг оила аъзолари ҳақида, шунингдек ер участкасига эгалик қилган муддатлари ва иморат қурилган вақт тўғрисида фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг маълумотномалари.

Мурожаат этувчидан бошқа маълумотларни ва бошқа ҳужжатларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.

Давлат хизматлари маркази ходими ҳужжатлар олингани тўғрисида тилхат беради ёки рўйхатдан ўтказиш рақамини кўрсатган ҳолда ариза нусхасида бу тўғрисида тегишли ёзувни қайд этади. Кўриниб турганидек, аризани қабул қилганлик ва кўриб чиқиш учун ҳеч қандай йиғим тўланмайди (кейинчалик ижобий қарор қабул қилинганда 5 ЭКИҲ миқдорида йиғим тўланади).

Ҳужжатлар пакети давлат хизматлари маркази ходими томонидан сканерланади ва 1 соат мобайнида ахборот тизими орқали Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ер тузиш ва кўчмас мулк кадастри давлат корхонасининг туман (шаҳар) филиалига юборилади.

Филиал вакили 3 иш куни мобайнида жойга чиққан ҳолда ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ўрганиб, унинг планини шакллантиради, уни ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар билан бирга Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича туман (шаҳар) комиссиясининг (бундан кейин – комиссия) аъзоларига юборади. Комиссияга ҳокимнинг саноатни ривожлантириш, капитал қурилиш, коммуникациялар ва коммунал хўжалиги бўйича ўринбосари бошчилик қилади.

Комиссия аъзолари 5 календарь кун мобайнида иморатни жойга борган ҳолда ўрганадилар ва филиалга ўз хулосаларини (маълумотномаларини) тақдим этадилар:

туман (шаҳар) ер тузиш ва давлат кадастри бўлими бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкаси қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашгани/жойлашмагани тўғрисида;

туман (шаҳар) қурилиш бўлими бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат бош режа ва унинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда), қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид равишда, шунингдек муҳофаза зоналарида жойлашгани/жойлашмагани, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг бошқа талаблари бузилгани/бузилмагани тўғрисида;

туман (шаҳар) экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси бошлиғи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкаси турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган муҳофаза этиладиган ҳудудда жойлашгани/жойлашмагани, ўзбошимчалик билан қурилган иморатни жойлаштиришда табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилгани/риоя этилмагани тўғрисида;

туман (шаҳар) давлат бош санитария врачи – ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва у жойлашган ер участкасида санитария нормалари ва қоидаларига риоя қилингани/риоя қилинмагани тўғрисида;

туман (шаҳар) ички ишлар бўлими – ўзбошимчалик билан қурилган иморатдан фойдаланувчи ва унинг оила аъзолари қайси манзилда рўйхатдан ўтганлиги ёки рўйхатдан ўтмаганлиги тўғрисида;

туман (шаҳар) давлат солиқ инспекцияси – ўзбошимчалик билан қурилган иморатдан фойдаланувчида мол-мулк солиғи ва ер солиғи бўйича қарздорлик борлиги/йўқлиги тўғрисида;

туман (шаҳар) ёнғин хавфсизлиги инспектори – ўзбошимчалик билан қурилган иморат ва у жойлашган ер участкасида ёнғин хавфсизлиги қоидаларига риоя қилингани/риоя қилинмагани тўғрисида.

Хулосалар қонун ҳужжатлари нормалари билан асослантирилган, масъул мансабдор шахслар томонидан имзоланган ва муҳр билан тасдиқланган бўлиши лозим.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморат магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари, қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашганда, комиссия аъзолари тегишли ҳудудлар ва иншоотлардан фойдаланувчи ташкилотлардан маълумотномаларни (хулосаларни) сўраб олишга ҳақли. Бундай сўровномага 3 календарь кунида жавоб берилиши керак.

 

Бу – муҳим! Фуқаролар ўртасида низолар бўлса, уни ҳал қилиш комиссия ваколатига кирмайди. Ўзбошимчалик билан қурилган иморатнинг эгаси фақат низо қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда ҳал қилингандан кейин ва фақат бир марталик акция тугагунга қадар унга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишни сўраб мурожаат қилиши мумкин.

 

Комиссия ишчи органи 3 календарь куни мобайнида унинг аъзоларининг хулосаларига (маълумотномаларига) асосан ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин/мумкин эмаслиги тўғрисида далолатнома расмийлаштиради. Далолатнома комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

Қуйидагиларга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайди:

► бош режа ва унинг қисмларини батафсил режалаштириш лойиҳаларига, қишлоқ фуқаролари йиғинлари ҳудудларини меъморий режалаштиришни ташкил этиш лойиҳаларига (мавжуд бўлганда) зид равишда жойлашган иморатларга;

► магистрал қувурлар, темир йўл ва автомобиль йўллари, электр қуввати узатиш ва алоқа линиялари, қўриқланадиган муҳофаза зоналари, сув муҳофазаси ва санитария-ҳимоя зоналарида, шунингдек аэродромлар, чиқиндилар ва бошқа заҳарли моддаларни кўмиш жойлари яқинида жойлашган иморатларга;

► муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларда, шунингдек табиий хавфи юқори бўлган ҳудудда жойлашган иморатларга;

► иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини бузиб қурилган бўлса, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирса.

Далолатномада ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш мумкинлиги кўрсатилган бўлса, шу куниёқ 5 ЭКИҲ миқдорида йиғим тўлаш учун ҳисобварақ-фактура шакллантирилади. Мурожаат этувчи 4 иш куни мобайнида тўловни амалга оширади (муддатда тўланмаган тақдирда эътироф этиш ишлари тўхтатиб турилади, бироқ бир марталик акция тугагунга қадар йиғимни тўлаб, уларни тиклаш мумкин).

Йиғим тўлангандан кейин 2 календарь куни мобайнида ишчи органи ўзбошимчалик билан қурилган иморатни эътироф этиш тўғрисида туман (шаҳар) ҳокимининг қарори лойиҳасини тайёрлайди. Қарор қабул қилиш учун 2 иш куни берилади. Унда шахсга ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқи ҳам кўрсатилади. Қарор мурожаат этувчига давлат хизматлари маркази орқали 1 иш куни мобайнида юборилади. Марказ ўз муҳри билан тасдиқланган қарорни мурожаат этувчига тақдим этади.

Комиссия далолатномада ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш мумкин эмаслиги тўғрисида хулосага келган бўлса, шу куниёқ рад этиш асослари кўрсатилган тегишли хатни давлат хизматлари маркази орқали мурожаат этувчига юборади. Хатда камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар берилади. Марказ хат тушганидан сўнг 1 соат мобайнида мурожаат этувчини бу ҳақда хабардор қилади. Рад жавоби берилган хат марказнинг муҳри билан ҳам тасдиқланади.

Камчиликларни бартараф этган фуқаро ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан ҳуқуқни ­эътироф этишни сўраб яна мурожаат қилишга ҳақли. Бир марталик акция муддати тугагунга қадар шундай қилишга рухсат берилади. Комиссия қарори устидан юқори турувчи комиссияга (вилоят ёки республика даражасидаги) ёхуд судга шикоят қилиш мумкин.

 

 

1 июлдан БЮДни тўлдириш тартибига қандай ўзгартириш киритилади

 

Давлат божхона қўмитасининг қарори (АВ томонидан 25.06.2018 йилда 2773-2-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Божхона юк декларациясини тўлдириш тартиби тўғрисидаги йўриқномага тузатишлар киритилди.

 

Шу йилнинг 1 июлидан жорий этилаётган асосий ўзгартиришларни қайд этиб ўтамиз.

Биринчидан, декларант божхона брокерларига мурожаат қилмасдан БЮДни тўлдириши ва ўз номидан, ш.ж. Интернет орқали электрон шаклда, реал вақт режимида божхона органларига тақдим этиши мумкин.

Иккинчидан, электрон шаклдаги БЮД тўғри тўлдирилганлигини дастлабки текшириш тартиби белгиланди. Уни ДБҚнинг Ягона автоматлаштирилган ахборот тизими дастлабки мантиқий назорат воситасида амалга оширади.

Камчиликлар аниқланса, тизим реал вақт режимида бу ҳақда декларацияловчи шахсга аниқланган камчиликлар кўрсатилган электрон хабарнома юборади.

Текширув ижобий натижа берса, БЮД онлайн-рўйхатдан ўтказиш йўли билан расмийлаштириш учун қабул қилинади.

Учинчидан, энди БЮД рақами учта (илгари – тўртта) элементдан ташкил топади. Мутахассиснинг малака аттестати берилган йил ва унинг рақами ўрнига декларацияловчи шахснинг СТИРи кўрсатилади.

Тўртинчидан, янги таҳрирда қуйидаги Таснифлагичлар (Йўриқномага иловалар) берилган:

► божхона постлари;

► битим хусусияти;

► преференциялар, имтиёзлар ва божхона тўловларини тўлашнинг бошқа хусусиятлари;

► товарларни олиб ўтиш хусусиятлари;

► БЮДни тўлдиришда фойдаланиладиган ҳужжатлар ва маълумотлар турлари;

► божхона тўловлари.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 1.07.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, Олег Заманов, Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ экспертлари.

 

Прочитано: 444 раз(а)

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 71) 200-00-90. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2018 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика