Norma.uz

Бизга жавоб бердилар

 

Бевосита алоқа

 

Бизга жавоб бердилар

 

Газета муаммо кўтарилган мақолани чоп этди. Хўш, ундан наф бўладими? Таҳририят қатори ўқувчиларни ҳам масалани ҳал этадиганларнинг унга билдирган муносабати қизиқтиради. Бундай мақолаларда одатда далил қайд этиб қўя қолинмайди. Уларда муаммо ўрганилиб, уни ечиш йўллари таклиф этилади, қонунчилик таҳлил қилинади, истеъмолчиларнинг ҳуқуқлари бузилганда қандай йўл тутишлари лозимлиги тавсия этилади. Ўқувчилар бундай материалларни кўп ўқийдилар.

 

Мақола эълон қилингандан кейин кўриб чиқиш ва унда белгиланган муаммолар юзасидан жавоб олиш учун ваколатли органларга юборилади. Ҳар хил тузилмаларнинг мурожаатларимизга муносабатини таҳлил қилиб, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун амалга оширилмаётганининг гувоҳи бўламиз. Қонун тўлақонли ишламаяпти. Хусусан, мурожаатларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатларига риоя этилмаяпти. Жавоблар қониқарли эмас. Давлат тузилмалари раҳбарлари кўпинча муаммонинг моҳияти билан қизиқмай, умумий сўзлар билан чекланиб қўя қоладилар. Баъзан мурожаатлар асоссиз равишда бошқа давлат органларига кўриб чиқиш учун берилади. Бунда уларнинг ижроси лозим даражада назорат остига олинмайди. Яъни белгиланган механизм Қонуннинг лозим даражада ижро этилмаслигига келиб тақалади.

Бугунги махсус сонимиз «Бизга жавоб бердилар» мавзусига бағишланади. Бу ўтган ярим йил давомида газеталаримиз саҳифаларида кўтарилган уй-жой соҳасидаги муаммолар ҳақидаги мақолаларга давлат тузилмаларининг муносабатлари ҳақидаги таҳририят ҳисоботидир. 

 

 

 

Қибрай «газга босди»

 

(«Норма маслаҳатчи», 5.12.2017 йилдаги 49 (646)-сони)

 

Қибрай тумани аҳолиси хусусий турар жойда ёки кўп квартирали уйда яшовчи деярли ҳар бир мулкдор истеъмол қилинган газ учун қарздор бўлиб чиқаётганидан шикоят қилиб таҳририятга мурожаат қилди. Тумангаз идорасида навбат кутувчилар сони кўпайди. 1,5, 2, 3, 4 млн сўмлик асоссиз ҳисобланмалар қаердан пайдо бўлганлигининг тагига етиш мақсадида одамлар саҳарги соат 4 дан бошлаб навбат эгаллар эдилар. Навбат катталиги боис кўп фуқаролар абонент бўлимига бир неча кунлаб кира олмасдилар. Аксарият истеъмолчиларга 8 ва ҳатто 10 йил аввалги, сохта қарзлари борлиги рўкач қилинарди. Уларнинг сохталиги қарздорлик йўқлиги ҳақида илгари газчилар берган маълумотномалар, тўлов квитанциялари билан тасдиқланган эди.

 

Махсус мухбиримиз жойига чиқиб, мавжуд бўлмаган ҳисобланмалар ҳисобдаги тартибсизлик: инсофли истеъмолчиларга катта суммадаги сохта қарзлар ёзилиб, реал қарздорлардан эса қонунга хилоф равишда ҳисобдан чиқарилганлиги, – яъни етказиб берувчининг айби сабабли юзага келганлигини аниқлади. Абонентлар масалага ойдинлик киритиш мақсадида сохта қарз ёзиб, уларнинг ҳуқуқларини мунтазам бузиб келган тузилмага қатнар эдилар. Навбат кутиб, газчиларнинг аввалги фирибгарликлари боис юзага чиққан қарзлари йўқлигини исботлашларига тўғри келар эди.

Бундан ташқари, тумангаз ходимлари ёппасига қисқартирилганлиги сабабли ҳам ҳисоб бетартиб бўлиб, узундан-узоқ навбатлар юзага келган эди. Илгари маълумотлар базасини мунтазам янгилаб турадиган биронта оператор қолмаганди. Натижада у ярим йил давомида янгиланмаган. Тумангазда битта инспектор ҳам қолмаган эди. Ваҳоланки Қибрай туманида 46 мингга яқин газ истеъмол қилувчи абонентлар бор. Кадрларнинг бундай кескин қисқартирилиши кунлаб навбат кутишга олиб келди, мавжуд бўлмаган қарзлар, ҳисобнинг тўғри юритилиши билан боғлиқ муаммони янада чигаллаштирди. Абонент бўлимида фуқароларни қонунчиликдан бехабар, буткул бошқа лавозим мажбуриятлари юклатилган... монтёр қабул қилаётганини кўриб, вазият қанчалик аянчли бўлмасин, кишининг кулгиси қистайди.

Қарздорликни сўндиришга атиги 5 кун берилиши ҳам муаммони кескинлаштирган. Акс ҳолда – газ таъминоти тармоғидан узиб қўйиладилар, такроран улаш учун эса энг кам иш ҳақининг 2 бараварини тўлашларига тўғри келади. Бундай навбат кутишда бунчалик қисқа муддатда мавжуд бўлмаган қарз муаммосини ҳал этиш мушкул.

Таҳририят «Ўзтрансгаз» АЖга мурожаат қилганда у «Тошкентгазтаъминот» УК бошлиғи вазифасини вақтинча бажарувчи А.Райимовнинг жавобини йўллади. Унда айтилишича: «Президентнинг 30.06.2017 йилдаги ПҚ-3107-сон қарорига, шунингдек «Ўзтрансгаз» АЖ ва унинг бўлинмалари идоравий ҳужжатларига мувофиқ, газ таъминоти тузилмаларининг ишини ташкил этишда ўзгаришлар юз берган. Бу ходимлар сони қисқаришига олиб келган. Хусусан, «Тошкентгазтаъминот» УК қошидаги «Қибрайтумангаз» филиали тугатилган. Айни пайтда «Қибрай туман газ таъминоти» участкасида истеъмол қилинган газ учун ўзаро ҳисоблашиш масалалари, шу жумладан жойига чиқиб қарздорликни ўз вақтида сўндириш зарурати юзасидан абонентлар билан суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда».

Газ таъминоти ташкилотлари вазифаларининг бир қисми, шу жумладан тўловлар тўлиқ ва ўз вақтида тўланишини таъминлаш, истеъмолчиларнинг қарздорлигини қисқартириш Мажбурий ижро бюросига берилганлиги сабабли ходимлар сони қисқартирилган. Бироқ бундай қисқартириш ҳисобдаги тартибсизликка олиб келган бўлса, у қанчалик ўзини оқлади экан? Мавжуд бўлмаган қарзлар ҳисобланишини қисқартириш, тўғри ҳисоб юритишни йўлга қўйиш, ҳисобланмаларни солиштиришда навбат кутишларга барҳам бериш учун қандай чоралар кўрилаётганлиги ҳақидаги саволимизга идора жавоб қайтармади.

 

 

 

Ҳисоб-китобларни солиштирамиз

 

(«Норма маслаҳатчи», 5.12.2017 йилдаги 49 (646)-сони)

 

Энергия ресурслари, совуқ сув учун асоссиз қарзлар ҳисобланиши муаммоси илгаригидек долзарблигича қолмоқда. Мақолада Давлат рақобат қўмитаси (бундан кейин – Қўмита, Монополияга қарши қўмита) истеъмол қилинган коммунал маҳсулотлар учун низоли қарзларни солиштиришда Мажбурий ижро бюросига кўмаклашишга тайёр эканлиги ҳақида сўз юритилган эди. Биргаликда иш юритиш натижасида етказиб берувчиларнинг маълумотлар базаларида ҳисоб тўғри юритилишини, истеъмолчиларнинг шикоятлари сони қисқаришини, коммунал хизматлар ҳақини ўз вақтида тўлаб келаётган фуқароларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаган бўлар эдилар. У асоссиз қарзларга муносабат билдириш амалиётини ишлаб чиққан: улар қандай сабабга кўра шаклланишини, уларни қай тарзда фош этишни билади. Умуман олганда, низоли масалаларни ечиш билан холис тараф шуғулланиши лозим, Қўмита ана шундай тараф бўлиб чиқиши мумкин. Истеъмолчилар эса йил сайин ҳуқуқларини поймол қилаётган коммунал хизматларни етказиб берувчилар билан илгаригидек мунозарага бормоқдалар.

 

Газ, электр энергияси, совуқ сув таъминоти учун қарзни ундириш билан Бюро бўлинмалари шуғулланадилар. Реал қарздорлик бўлмаган ҳолатларда уни сўндириш учун қонунчиликда белгиланган беш кун – жуда қисқа муддат. Абонент ёрдам сўраб Қўмитага мурожаат қилса ёки судга даъво аризаси берса, бу вақтни олади, иш кўриладиган бутун даврда уни етказиб берилаётган коммунал маҳсулотлардан узиб қўйишлари мумкин. Бу истеъмолчилар ҳуқуқларини бузишдир. Мақолада муаммо юзага келмаслиги учун Бюро ходимларига абонентни етказиб берилаётган коммунал маҳсулотлардан узиб қўйишдан аввал етказиб берувчиларнинг ахбороти ишончлилигини текшириш таклиф қилинган.

Низоли қарзларни солиштиришда Монополияга қарши қўмита билан Бюро ҳамкорлигининг намунавий механизми ҳам таклиф этилган. Бундай амалиёт Бухоро вилоятида муваффақиятли қўлланган. Модомики, у натижа берган бўлса, уни республикамизнинг бошқа минтақаларига ҳам татбиқ этиш лозим дея қайд этилган мақолада.

Мажбурий ижро бюроси директорининг ўринбосари Ш.Аминов таҳририят мурожаатига жавобан Президентнинг 29.05.2017 йилдаги ПФ-5059-сон Фармонида Бюро органлари олдига бир қатор вазифалар қўйилганини, уларга мувофиқ нореал қарздорликни аниқлаш иши тизимли асосда олиб борилаётганлигини айтди. Аниқланган ҳар бир далил юзасидан тегишли қонуний қарор чиқарилмоқда. Мақолада Давлат рақобат қўмитасининг бошқарма бошлиғи ПФ-5059-сон Фармонда кўрсатилган Бюро вазифаларини ёдга олмаган. Мазкур йўналишда тизимли иш олиб борилаётганига қарамай, айнан Бюро органлари ташаббусига кўра аниқланган айрим далилларгина тилга олинган.

Бироқ Давлат рақобат қўмитаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назоратни; истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини давлат ҳимоясини амалга оширмоқда; давлат органлари билан биргаликда уларни ҳимоялашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши ва амалга оширилишини мувофиқлаштирмоқда.

Афсуски, Бюро Давлат рақобат қўмитаси каби нуфузли ҳамда ваколатли органнинг амалий таклифини қабул қилмади. Коммунал хизматлар учун асоссиз қарзлар ҳисоблаш, тўғри ҳисоб юритиш муаммоси кескинлигича қолаётган бугунги кунда бундай ҳамкорликни йўлга қўйиш маъқул иш бўлар эди.

Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 15.02.2018 йилдаги ПФ-5343-сон Фармонида 2018 йил 1 майдан бошлаб шу жумладан истеъмол қилинган энергия ресурслари, сув таъминоти ва сув чиқариш хизматлари учун қарздорларнинг умумфойдаланиладиган маълумотлар базаси жорий этилиши назарда тутилган эди. Бош прокуратурага уни бошқа идоралар билан биргаликда ишлаб чиқиш ва жорий этиш вазифасини топшириш таклиф қилинган. Ҳозирча бу иш амалга оширилмади. Янги механизм жорий этилишидан аввал сохта эмас, балки реал қарздорларнинг абонент базаси тўғри шакллантирилган бўлиши лозим. 

Бадалларни ошириш таклиф қилинди.

 

 

Қонунлар қаерда қолди?

 

(«Норма маслаҳатчи», 6.02.2018 йилдаги 6 (655)-сони)

 

Мақолаларда пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманидаги ХУМШ фаолиятида қонунчилик қўпол равишда бузилаётганлиги ҳақида сўз борган. Мақолаларнинг мазмунини ёдингизга соламиз.

 

Бадалларни ошириш таклиф қилинди. 2018 йил бошида туман ХУМШ уюшмаси ижтимоий тармоқларда турар ва нотурар жойлар мулкдорлари, шунингдек ХУМШ ташкил этмасдан уйларга хизмат кўрсатувчи мулкдорлар жамоалари учун умумий мол-мулкни сақлашга мажбурий бадаллар белгилашга доир тавсияларини тарқатди. Турар жойлар мулкдорларига – 1 м2 учун 1 000–1 200 сўм миқдорида, нотурар жойлар мулкдорларига эса – 1 м2 учун 2 200–2 500 сўм миқдорида.

Аслида кўп квартирали уйларни (ККУ) тўғри бошқаришда ширкатларга ёрдам бериши лозим бўлган ХУМШ уюшмаси ККУдаги мажбурий бадаллар тумандаги барча кўп қаватли уйларнинг турар (ва нотурар) жойлари мулкдорлари учун бир хил бўла олмаслигини белгиловчи қонун ҳужжатларини бузиб, ҳуқуқий жиҳатдан саводсизлигини намоён этди. Улар ширкат бошқаруви томонидан ишлар режаси, даромадлар ва харажатлар сметаси асосида ҳисоблаб чиқилади, умумий йиғилишда тасдиқланади. Бадалларни шу тариқа тенглаштиришни таклиф этган Уюшма ўз ваколатлари доирасидан чиққан, унинг тавсиялари ХУМШ ишларига ноқонуний аралашишдан бошқа нарса эмас.

Президентнинг 24.04.2017 йилдаги ПҚ-2922-сон қарори билан УКХ вазирлигига турар ва нотурар жойлар мулкдорлари учун бадалларнинг энг кам миқдорларини ҳар йили тасдиқлаш вазифаси топширилган. Бунда кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати ва конструктив хусусиятларидан келиб чиқиб уйларга алоҳида ёндашиш лозим. Бадалнинг энг кам миқдори – энг қуйи чегара бўлиб, у кредитлар сўндирилишини ҳисобга олган ҳолда уйлар сақланишини таъминлаши шарт. Ундан кам миқдор белгиланиши мумкин эмас, зарур бўлганда эса ундан юқори миқдорни белгилаш мумкин бўлади. Бу масалани ширкат аъзоларининг умумий йиғилиши ҳал этиши керак. Туман ХУМШ уюшмаси ҳуқуққа зид равишда, ширкатлар аъзоларини чалғитиб ва қонунчиликни бузиб, бошқа ёндашувни тавсия этган.

Қонунлар қаерда қолди? 2018 йил бошида Мирзо Улуғбек туманида ширкатларни зудлик билан умумий йиғилиш ўтказишга мажбурлаш кампанияси бошланди. Округлар бошлиқлари ХУМШ раҳбарларига бир хил – айнан сўзма-сўз такрорланган умумий йиғилиш баённомаларини тарқатдилар. Умумий йиғилиш ўтиш-ўтмаслиги муҳим эмас эди. Ширкатлар раҳбарларини баённомани имзолашга, муҳр босишга, айрим варақларда гўё ҳужжатнинг мазмунини «маъқулловчи» аҳоли имзоларини йиғишга мажбурладилар. Яъни ХУМШ раҳбарларини мансаб сохтакорлигига бошлаб, бош тортганларга эса босим ўтказдилар. Умумий йиғилишларни ўтказиш ва бир хил баённомаларни имзолашга ёппасига мажбурлаш ўзбошимчалик, қонун ҳужжатларини бузиш ва ширкат ишларига аралашув, унинг ­аъзоларини умумий мол-мулкни бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этишга уриниш саналади.

Махсус мухбиримиз умумий йиғилиш баённомаси билан танишиб чиқиб, ҳужжатни ноқонуний деб топишга асос бўлувчи 19 та бандни топди. У тумандаги барча ХУМШ учун бир хил бўла олмайди, сабаби кўп қаватли уйларнинг техник ҳолати турлича. Шу сабабли даромадлар ва харажатлар сметалари, умумий мол-мулкни сақлашга бадаллар ҳам фарқланиши керак. Ҳужжатдаги ҳар бир қарор ва таклиф остида «Бир овоздан қабул қилинди» деб кўрсатилган. Яъни чет кишилар ХУМШ аъзоларига қандай қарорларни ёқлаб овоз беришларини буюрганлар. Баённомага биноан қонунга зид равишда ширкатлар раисларига кредитлар олиш тўғрисидаги қарорларни якка ҳолда қабул қилиш ҳуқуқи берилган, айни пайтда бу ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг мутлақ ҳуқуқидир. Ҳужжатга кўра, қонун ҳужжатларида назарда тутилганидек мулкдорлар эмас, балки раис ХУМШ уюшмасига кириш ва унга ЭКИҲнинг 1,5%и миқдорида бадаллар тўлаш ҳақида қарорлар қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Ҳужжатда ноқонуний равишда тумандаги турар жойлар мулкдорлари учун мажбурий бадал 1 м2 учун ЭКИҲнинг 0,6%и миқдорида, нотурар жойлар мулкдорлари учун эса – 1 м2 учун 1,5% этиб белгиланган. Уйбошилар фаолиятини рағбатлантириш ва бюджет ташкилотлари манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида (!!!) ХУМШ раисига улар учун бадалнинг энг кам, ноль даражалигача бўлган миқдорини белгилаш ҳуқуқининг берилиши ҳам қонунбузарликлар сирасига киради. Бу бир гала текинхўрларни ХУМШ аъзолари гарданига юклаб, улар учун ҳам умумий мол-мулкни сақлаш харажатларини зиммаларига олишлари кераклигини англатади. Ҳужжат НҲҲга зид бошқа жиҳатларни ҳам ўз ичига олган.

Ваколатли органлар ХУМШ уюшмасининг тавсияси ва умумий йиғилиш баённомасида қонунчиликка қанчалик риоя этилганлигига ҳуқуқий баҳо беришлари учун таҳририят уларни шаҳар прокуратураси, шаҳар ва туман ҳокимликларига юборди.

 

 

 

Бизга жавоб бердилар. Ундан қониқмадик

Тошкент шаҳар ҳокимлиги таҳририят мурожаатини Мирзо Улуғбек тумани ҳокимлигига йўллаган. Туман ҳокими ўринбосари С.Саидолимовнинг маълум қилишича, «Қонунлар қаерда қолди?» мақоласи кўриб чиқилиб, масала муҳокама этилган ва ижро учун қабул қилинган». Савол туғилади: қандай ижрога? Ҳар бир бандида НҲҲ қўпол равишда бузилган ХУМШ уюшмаси тавсиялари ва баённома ижросигами? Ижро деганда округлар бошлиқлари, ХУМШ уюшмаси раҳбарияти ва бошқаларнинг қонунга зид хатти-ҳаракатларини баҳолаш назарда тутилаётган бўлса, бошқа гап. Яна бир жиҳат: газета танқид қилиб чиққан ўша тавсияларнинг муаллифи бўлмиш ХУМШ уюшмаси раиси ушбу жавоб юзасидан ижрочи саналади.

«Норма маслаҳатчи» газетаси таҳририятининг мурожаатига Мирзо Улуғбек тумани ҳокими ўринбосари С.Саидолимовнинг жавобини ҳам олдик. Унда айтилишича, «Уюшма мажбурий бадаллар миқдорларини оширишни «тавсия этган». Уларни тасдиқлаш ХУМШ аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатига киради ва йиғилишнинг тегишли қарори билан белгиланади. ХУМШ уюшмаси унинг иштирокчилари (аъзолари) томонидан ихтиёрий асосда ташкил этилган, ўзини ўзи бошқарувчи ташкилот ҳисобланади. Амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ, давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг нодавлат нотижорат ташкилоти фаолиятига аралашишига йўл қўйилмайди. Шундан келиб чиққан ҳолда мажбурий бадаллар миқдорини тасдиқлаш масаласини ХУМШ аъзолари умумий йиғилишининг кўриб чиқиши учун қолдириш ва тавсия этилаётган (??? – И.Г.) мажбурий бадаллар миқдорларининг асослилиги ҳақида ахборот олиш учун Уюшмага мурожаат қилиш мақсадга мувофиқ.

Умумий йиғилиш баённомасининг расмийлаштирилиши масаласи юзасидан шундай тушунтириш берамизки, баённома умумий йиғилиш котиби томонидан тузиладиган ҳамда унинг якунларига кўра йиғилиш раиси ва котиби томонидан имзоланадиган ички ҳужжат ҳисобланади. «Хусусий уй-жой мулкдорларининг ширкатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 4-моддасига мувофиқ, ХУМШнинг фаолияти ихтиёрийлик, ташкилий ва молиявий жиҳатдан мустақиллик, ўзини ўзи бошқариш, очиқлик ва ошкоралик, ўз ишини бозор механизмларига мувофиқ шартнома асосида ташкил этиш, коммунал хизматлар ва таъмирлаш хизматлари бозоридаги рақобат, ХУМШ аъзолари олдида мунтазам ҳисобот бериш принципларига асосланади.

Шуни қайд этиш лозимки, Қонуннинг 8-моддасига мувофиқ, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ХУМШ билан ўзаро муносабатлари ширкатнинг ўз фаолиятини мустақил амалга оширувчи, уй-жой мулкдорлари ўзини ўзи бошқаришининг ҳақиқий институти сифатидаги мақомидан келиб чиқиб, ортиқча йўл-йўриқлар кўрсатмаган ҳолда ташкил этилади. Бинобарин, умумий йиғилиш баённомаси ҳам ширкатлар томонидан мустақил равишда расмийлаштирилади».

Мақолада кўрсатилган, бунинг аксини намойиш этувчи муаммоларнинг моҳиятига кўра жавоб берилмаганини айтмаса, ҳаммаси тўғри. Тавсиялар ва баённомада кўрсатилган қонунбузарликларга қарши баҳслаша олмайсиз.

Тошкент шаҳар прокуратураси таҳририятнинг мурожаатини Мирзо Улуғбек тумани прокуратурасига юборган. У ўз навбатида – уни моҳиятига кўра кўриб чиқиб, тегишли чоралар кўриш учун УКХ вазирлигига йўллаган.

УКХ вазирлиги мурожаатни уй-жой инспекциясига берган. У ердагилар унга ўзгача муносабат билдирдилар: таҳририятга... асли ҳолида қайтардилар. Инспекция ходимлари прокуратура топшириғини бажаришни ва назорат органининг вазирликка берган топшириғида кўрсатилганидек, аризачи, яъни таҳририятнинг мақолаларини кўриб чиқиш натижалари ҳақида хабар беришни лозим топмаганлар. Умумий йиғилиш баённомаси ва ХУМШ уюшмаси тавсиялари инспекция томонидан кўрилмаганича қолди.

Прокуратура, моҳиятан олганда, ҳужжатларга лозим даражада ҳуқуқий баҳо бермай, фақатгина бошқа идорага жўнатувчи орган бўлиб чиққан. «Норма маслаҳатчи» газетасидаги мақолалар юзасидан айтилган фикр-мулоҳазалар, шу жумладан ҳодисага ижтимоий тармоқлар орқали муносабат билдирилиши бундай сансалорликка барҳам бериш, амалдорларнинг қуруқ жавоблари ва ҳаракатсизлигига қарши туриш имконини яратди.

 

Қўйилган масалаларни ҳал этиш ўзининг ваколати доирасига кирмайдиган давлат органига, ташкилотга ёки уларнинг мансабдор шахсларига келиб тушган мурожаатлар 5 кунлик муддатдан кечиктирмай тегишли органларга, бошқа ташкилотларга ва мансабдор шахсларга юборилиб, бу ҳақда мурожаат этувчига ёзма ёхуд электрон шаклда хабар қилинади. Бунда келиб тушган электрон мурожаат электрон шаклда юборилиши мумкин.

Мурожаатларни кўриб чиқиш учун асоссиз равишда бошқа давлат органларига, ташкилотларга ўтказиш ёхуд қарорлари ёки ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилинаётган органларга, ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юбориш тақиқланади

(«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 25-моддаси).

 

Давлат органларининг, ташкилотларнинг раҳбарлари ёки ваколат берилган бошқа мансабдор шахслари ўз тузилмавий бўлинмалари томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилиши устидан доимий мониторинг ва назоратни амалга оширади, уларнинг тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилишини таъминлаш чораларини кўради

(«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонуннинг 34-моддаси).

 

 

Кесиш мумкин эмасми

 

(«СБХ», 12.12.2017 йилдаги 50 (1218)-сони)

 

Амалдаги табиатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликдаги нуқсонларга қарамай, пойтахтимизда авж олган дарахтларни кесиш ҳолатларини қисқартиришнинг иложи бор. Ушбу жараённи назорат қилувчилар ўз мажбуриятларини виждонан бажарсалар бас – шунинг ўзи етарли. 2017 йил ноябрида пойтахтдаги Учтепа тумани Чилонзор 11-мавзесида ноқонуний кесиш мисолида бунга амин бўлиб, бу ҳақда мақола тайёрладим.

 

Браконьерлар бир неча кун ичида уйлар орасидаги кичик участкада 18 та соғлом чинор ва шумтолларни арралаб ташладилар. Сирдарё ва Тошкент вилоятлари бўйича биохилмахиллик ва қўриқланадиган табиат ҳудудларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини назорат қилувчи минтақавий инспекция (бундан кейин – инспекция) ноқонуний кесишга алоқадор шахсларга нисбатан чора кўра бошлаши учун тўрт ой керак бўлди. Масалани ўрганишни, вақтни талаб этувчи давлат аҳамиятига эга объект ҳақида эмас, балки кўчадан келган одамлар турар жой мавзесида пайдо бўлиб, худди ўт ўраётгандек дарахтларни тўсиқсиз кесадиган одатий ҳолат ҳақида сўз бораётган эди. Инспекторларни ўз ишини бажаришга мажбур қилиш учун вақт, асаб, анча-мунча куч сарфлашимизга тўғри келди.

Браконьерлар қарийб бир ой мавзе бўйлаб эркин ҳаракатланиб, бунинг устига уй аҳлига: «Шу пайтгача кесганмиз ва кесишда давом этамиз» дея таҳдид ҳам қилдилар. Аввалига инспекцияга мурожаат қилганимизда лозим даражада муносабат билдирмадилар. Инспекторлар устма-уст қўнғироқлардан ва ҳатто махсус мухбиримиз инспекцияга бир неча марта борганидан сўнг келиб кетавердилар. Тўнкаларни фотосуратга олиб, ўлчадилар, бироқ ишни охирига етказмай, бошқа объектларга кетиб қолдилар. Ҳатто уй аҳли дарахт кесувчиларнинг аррасини олиб қўйиб, инспекторга барча қонунбузарларни тутиб берганларида ҳам, уларни қўйиб юборди. Мана энди ҳақиқат қарор топади, дея ишонгинг келадиган ҳолат юз берди. Ноқонуний дарахт кесилишига алоқадор барча шахслар газетанинг махсус мухбири кўз ўнгида тушунтириш хатлари ёздилар. Инспектор баённома, далолатнома тузиб, албатта чора кўрилишига ишонтирди. Бироқ ҳаммаси оғизда қолиб кетгани кейин аён бўлди. Сон-саноқсиз мурожаатлар, кадрлар билан боғлиқ ҳолат, ким нима учун жавоб бериши ва ишни ким охирига етказиши кераклигини аниқлаш давомида ҳаммаси унутилиб, ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Матбуотнинг мурожаатига муносабат шуми?! У ҳолда фуқаролар ҳақида нима дейиш мумкин?

Мақола чоп этилгандан кейин масала кутилмаган кўриниш олди. Таҳририят Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига мурожаат қилганидан кейин инспекторларнинг унга қайтишларига тўғри келди. Аввалига ноқонуний дарахт кесиш далили юзасидан кўрилган чоралар тўғрисидаги жавоб ўрнига расмиятчилик учун ёзилган хатни олдик: унда фош этиш ва олдини олиш бўйича эришилган натижалар; огоҳ бўлиш зарурати, фаол фуқаролик позицияси, жамоатчилик назоратининг аҳамияти; аниқланган қонунбузарликлар статистикаси ҳақидаги умумий сўзлардан бошқа гап йўқ эди. Кўрсатилган манзил бўйича кўрилган чоралар ҳақида бир оғиз сўз дейилмаган эди. Ахир бу моҳиятига кўра жавоб эмас, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонунни бузишдир.

Табиатни муҳофаза қилиш идорасига қайта мурожаат қилиб, Биохилмахиллик ва қўриқланадиган табиат ҳудудларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини назорат қилувчи инспекция (Биоинспекция) бошлиғи ўринбосари М.Орипжоновнинг жавобидан лол қолдик. Унинг хабарига кўра, Чилонзорнинг ­11-мавзесидаги дарахтлар кесилишига дахлдор шахсларни қидириб топиш, сўнгра маъмурий жавобгарликка тортиш учун материаллар Учтепа тумани ИИБга... 2018 йил 1 март куни юборилган экан. Яъни 2017 йил ноябрда юз берган ишлардан кейин 4 ой ўтиб! Фақат таҳририят қатъият кўрсатиб, Экология давлат қўмитасига такроран мурожаат қилганидан кейин!!! Бу нимаси? Таҳририят бунга мажбур қилмагунча минтақавий инспекция ўз ишини бажармаган. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас.

Биоинспекция бошлиғининг ўринбосари хатда кўрилган чоралар ҳақида таҳририятга қўшимча равишда хабар берилишини қайд этган. Ўшандан буён яна 3 ой ўтди (мавзедаги дарахтлар ноқонуний кесилганига ва қонунбузарларга нисбатан чоралар кўрилмаганига эса – 7 ой!!!). Қонунбузар жавобгарликка тортилгани ҳақида ҳанузгача жавоб олмаганимизга қараганда, бу ишга охирги нуқта қўйилмаган кўринади. Ишга ана шундай муносабатда бўлган ҳолда, самарали назорат ҳақида сўз юритиш, айбни қонунчиликдаги нуқсонларга тўнкаш, бошқа сабабларни рўкач қилиш мумкинми? Инспекция ходимларининг ҳаракатсизлиги туфайли жазосиз қолган бизнинг браконьер шу пайт ичида яна қанча дарахтни қуритишга улгурди экан?

Энди қидирув тадбирлари ва қонунбузарни маъмурий жавобгарликка тортишга келсак. Дарахт кесувчиларнинг бригадири ўз фамилиясини айтишдан бош тортди – фақат исмини айтди. Демак, унинг шахсини аниқлаш, қидирувга бериш лозим – тартиб ана шундай, шундан кейингина жавобгарликка тортиш мумкин бўлади. Бироқ уни мавзедагиларнинг барчаси: участка нозиридан тортиб округ бошлиғи ва маҳалла раисигача танийди. Инспекторда унинг телефон рақами бор. Ҳатто бригадир тушунтириш хати ёзиш учун инспекцияга келган эди. Энг ачинарлиси, бизнинг ҳолатдан олдин ҳам унга ноқонуний дарахт кесгани учун жарима солганлар. Демак, қонунбузарнинг шахси аниқланган, аввалги қонунбузарлик далили билан боғлиқ материалларни кўтариш, яъни ҳаракат қилиш ва ишга киришишга хоҳиш билдиришнинг ўзи кифоя. Демак, қонунбузарни қидириш учун ТИИБга ҳужжатларни тақдим этишга зарурат бўлмаган экан. Лоқайдликлари, эътиборсизликлари, ўзларини ишлаётгандек қилиб кўрсатишлари яққол кўриниб турибди.

Бугунги кунда пойтахтимиз маъмурияти дарахтларни қонунга хилоф равишда кесишдан ҳимоялаш чораларини кўраётган бир пайтда бу ҳолат янада долзарб аҳамият касб этади. Ҳокимлик қарорлари қанчалик мақбул бўлмасин, ҳамма гап ишга бундай муносабатда ҳаммасини йўққа чиқаришлари мумкин бўлган ижрочиларда қолган.

Тўғри, 2, 4 миллионлик мегаполисни транспортга эга бўлмаган 7 нафар инспекторнинг кучи билан назорат қилишнинг имкони йўқ. Шундай экан, муаммони ечишни шундан бошланг, ҳурматли шаҳар ҳукумати! Инспекцияни кадрлар, транспорт билан таъминлашдан; уни тасодифий кишилар билан эмас, балки махсус билимга эга мутахассислар орқали мустаҳкамланг. Тўғрисўз, виждонли, юрагида ўти бор, ҳар битта дарахт учун фидокорона курашадиган, ишларни ўз ҳолига ташлаб қўймайдиганлар билан. Ишни чала бажариб, киши кўзига иш қилмайдиганларни тайинланг. Акс ҳолда ўрнимиздан жилмай қолаверамиз. Бунда энг мукаммал қонунлар ҳам иш бермайди.  

 

 

 

Лойиҳа муҳокамаси

 

Пойтахт ҳокимлиги дарахтлар ноқонуний кесилишига қарши

 

Пойтахтимизда дарахтларни кенг миқёсда кесишга барҳам берилишига умид пайдо бўлди. Тошкент ҳокимлиги ушбу йўналишда дастлабки қадамларни қўйди. ҚҲТБТ порталида ҳокимликнинг дарахтларни ноқонуний кесишдан ҳимоя қилиш чора-тадбирларини кучайтириш тўғрисидаги қарори лойиҳаси жойлаштирилган. Унда тадбиркорларга турли объектларни қуриш учун ер участкаларини ажратишда яшил дарахтларни муҳофаза қилиш тўғрисида ҳам сўз юритилгани муҳим аҳамиятга эга. Бугунги кунда бу масала жуда долзарб.

 

Дарахтларни ёппасига қириш муаммоси фожиали тус олиб, назорат остидан деярли чиқиб кетди. Пойтахтнинг яшил харитаси кўз ўнгимизда кичрайиб бормоқда. Соғлом, бақувват, аксарияти ноёб навли дарахтлар тиғ остида қолмоқда.

Шаҳар тобора ўсиб, катталашаяпти. Ижтимоий-иқтисодий объектларни қуришда ҳар доим ҳам дарахтларни сақлаб қолиб бўлмаслиги аён. Бироқ кейинги пайтда улкан шаҳарсозлик лойиҳаларини амалга ошириш чоғида яшил фондга тажовузкорона ёндашув қўлланилмоқда, дарахтларнинг ёппасига қулатилиши ҳар доим ҳам ўзини оқламаяпти. Лойиҳа ечимларида уларни иложи борича сақлаб қолиш назарда тутилмай, уй-жой мавзелари интенсив қурилиши бунга замин яратмоқда. 

Экологик экспертиза кўпгина кесиш ҳолатларига тўсқинлик қилган бўлар эди. Унинг ўринли сўзлари арра товуши остида эшитилмай қолган кўринади. Зеро қонун ҳужжатларига кўра шаҳарсозлик ҳужжатларининг барча турлари, давлат дастурлари, концепциялари, ишлаб чиқариш кучларини жойлаштириш схемалари, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш лойиҳалари экологик экспертиза объектлари саналади. У ер участкалари ажратиб берилаётганда ҳам ўтказилиши керак. Экологик экспертиза сўнгги вақтда дарахтларнинг ёппасига кесилишини назарда тутувчи лойиҳани амалга оширишни тақиқлаганига ёки уларни сақлаб қолиш учун унга тузатишлар киритишни қатъий талаб қилганига мисол келтира оламизми? Зеро илгари бундай далиллар учрар эди. Бугунги кунда ҳудудларни яшил дарахтлардан легал тарзда тозалаш чоғида асосан қурувчиларнинг табиатни муҳофаза қилиш идорасига компенсация тўловлари тўлаши билан чекланилмоқда. Яъни пулини тўлаб қўйиб, кесаверинг қабилида иш кўрилмоқда. Бироқ бу тўловлар атроф муҳитга, пойтахтнинг кўринишига, аҳолига етказилаётган зарарнинг ўрнини қоплай олмайди. Бу зарарни дарахт экиб ҳам қоплаб бўлмайди. Кўчатлар ўсиб, тўлақонли шаклланишини бир неча йил кутишга тўғри келади. Натижада пойтахтимизда қурилиш ишларида легал кесиш ноқонуний кесишдан кўра кўпроқ хавф туғдирадиган вазият юзага келди. Шаҳар ҳокимияти бунга муносиб баҳо бериб, пойтахтнинг яшил фондини йўқотиш миқёси ҳақида бонг ураётган фуқароларни эшитганликларига ишонгимиз келади.

Шаҳар маъмуриятининг дарахтларни сақлаш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги муҳокамага чиқарилган қарори лойиҳаси – тўхтовсиз кесиш ҳолатларига барҳам беришга қаратилган илк амалий қадам. Бунга жуда ишонгимиз келади. Унда ер участкаларини ажратиш чоғида Архитектура бош бошқармасининг хулосасида участкада жойлашган дарахтларни иложи борича сақлаб қолиш учун улар ҳақида батафсил маълумотларни (сони, нави, тури ва ҳ.к.) кўрсатиш назарда тутилган. Бунда объектларни қуриш чоғида табиатни муҳофаза қилиш талабларини қатъийлаштириш ҳақида сўз бормоқда, бу жуда долзарб муаммога айланиб улгурган.

Шунингдек 1 сентябрдан бошлаб дарахт кесиш ва уларни буталаш ишларининг Экология давлат қўмитаси ҳузуридаги Биохилмахиллик ва қўриқланадиган табиат ҳудудларининг муҳофаза қилиниши ва улардан фойдаланилишини назорат қилиш инспекцияси берган рухсатнома асосида фақат ободонлаштириш бошқармалари томонидан амалга оширилиши таклиф этилган. Бироқ айни пайтда ҳам рухсатномани фақат ҳокимлик қарори асосида табиатни муҳофаза қилувчи идора беради. Бу ҳокимликларни рухсатномалар бериш жараёнидан четлатиб, ушбу вазифани фақат Биоинспекция зиммасида қолдириш кўзда тутилаётганлигини англатадими? Бу дарахтларни ҳимоя қилиш ва сақлаш ишида улкан силжиш бўлиб, умуман олганда рухсат бериш тартиб-таомилини осонлаштирган, ҳокимликларнинг суиистеъмолчиликларини қисқартирган бўлар эди. Эслатиб ўтамиз, амалдаги қонун ҳужжатларига мувофиқ дарахтларни кесиш тўғрисидаги қарорни ҳокимлик қабул қилиб, уни Биоинспекциянинг минтақавий бўлинмасига йўллайди. Инспектор жойга чиқиб, текширув далолатномасини тузади, хулоса чиқаради, уни Экология давлат қўмитасининг комиссиясига юборади, у эса кесишга рухсатнома беради. Туман ҳокимликларининг қонунбузарликларига йўл очувчи мураккаб таомил. Рухсатнома беришга бошқа тузилмаларнинг аралашувига йўл қўймай, табиатни муҳофаза қилувчи идора қўлида бўлиши керак.

Дарахтларни кесиш ва буталашга мутлақ ҳуқуқни туман ободонлаштириш бўлинмаларига бериш таклиф этилмоқда. Бу назоратни кучайтириш, хуфия кесувчиларни истисно этиш билан боғлиқ. Бироқ, экологларнинг сўзларига қараганда, ободонлаштириш бошқармаларидаги кўп ходимларнинг ўзи браконьер ҳисобланади. Бу ҳолда қонунчиликда назарда тутилган, бироқ самара бермаётган легал кесиш устидан назорат қилиш масаласини ҳам ўртага қўйиш мақсадга мувофиқ.

Ҳужжат лойиҳасида ҳокимликнинг Ободонлаштириш бош бошқармаси тизимида Дарахтлар ва кўп йиллик ўсимликларни ҳимоя қилиш бошқармасини ташкил этиш назарда тутилган. Унинг вазифалари унча тушунарли эмас. Яна битта табиатни муҳофаза қилиш ташкилотини, бунинг устига дарахтларни кесишга доир мутлақ ҳуқуқ унга топширилиши кўзланаётган тузилма ҳузурида ташкил этиш шартмикин? Яъни кесиб бўлиб, ҳимоя остига оладиларми?

Лойиҳада компенсация тариқасида экиш масаласига ҳам аниқлик киритилган. Ер майдони ажратилган ҳудудда қурилиш ёки бошқа ишларни амалга ошириш учун дарахт кесишга рухсатнома беришда қўшимча равишда ҳар бир дарахтга қўшимча 10 туп дарахт экиш таклиф қилинмоқда. Бироқ ушбу принципни фақат ер участкалари ажратиш билан боғламай, ҳар қандай кесишга татбиқ этиш зарур.

Кесишга берилган рухсатномалар реестрларини электрон тарзда жойлаштириш режалаштирилмоқда, умуман олганда, бу қонун ҳужжатларида назарда тутилган. Бу аҳолига кесишнинг қонунийлигини текшириш имконини яратиб, шу орқали инспекторларга ёрдам беради. Бу масалани журналистлар бир неча йиллардан буён кўтариб келаётган, бироқ у натижа бермаётган эди. Бироқ нима сабабдан уларни кесишга рухсатнома берадиган ва реестрларни шакллантирадиган табиатни муҳофаза қилиш идораси сайтида эмас, балки ҳокимлик сайтида жойлаштириш таклиф этилмоқда?

Яна бир муҳим жиҳат. Аслида яшил дарахтларни сақлаш масалалари маҳалла қўмиталарининг вазифасига кирса ҳам, бугунги кунда улар юз бераётган ҳодисани четдан бефарқ томоша қилиб турибдилар. Улар, участка нозирлари сингари, мавзеда қандай ҳодисалар рўй бераётганидан хабардор бўладилар, рухсатномани текширишлари, у бўлмаганда экологларга хабар беришлари мумкин. Қарор лойиҳасида маҳалла фуқаролар йиғини ва участка нозирларини дарахт кесиш учун берилган рухсатномалар ҳақида хабардор қилиш таклиф этилган. Яъни ваколатли органнинг сайтини очиб, реестрлар ёрдамида.

Дарахтларни қонунга хилоф кесишдан ҳимоя қилиш муаммоси «СБХ»нинг 12.12.2017 йилдаги 50 (1218)-сонида чоп этилган «Кесиш мумкин эмасми» мақоласида жиддий ўрганилган. Унда пойтахтдаги дарахтларнинг сақлаб қолинишини самарали назорат қилишга тўсқинлик қилувчи сабаблар, уларни ҳал этиш йўллари, қонунчиликни такомиллаштиришга доир таклифлар, фуқаролар ноқонуний кесиш ҳолатларига тўқнаш келганда қандай йўл тутишлари ҳақидаги тавсиялар қайд этилган.

 

Мавзувий сонни махсус мухбиримиз Ирина Гребенюк олиб боради.

 

Прочитано: 1168 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика