Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 23 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва norma.uz, nrm.uz сайтларида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

2018 йил 1 июндан нима ўзгарди

 

Лицензиялар сони анча камайди; айрим ташкилотларга солинадиган солиқлар пасайтирилди; корпоратив ҳайдовчилар хусусий курсларда малака оширишлари мумкин ва 1 июндан амал қила бошлаган яна 6 та янгилик.

 

Биринчиси. Бизнес соҳасидаги лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомиллари камайди. 7 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатлар тўлиқ бекор қилинди. Айримлари – бирлаштирилди, энди бир йўла бир нечта лицензия (рухсатнома) расмийлаштиришга зарурат йўқ – битта ҳужжатнинг ўзи кифоя. 15 турдаги лицензия ва 35 та рухсат берувчи ҳужжатларни расмийлаштириш муддатлари қисқартирилиб, уларни олиш жараёни жадаллаштирилди. Бироқ бу ҳали ҳаммаси эмас.

Айрим турдаги фаолиятга лицензия бериш функциялари Вазирлар Маҳкамасидан қуйи турувчи идораларга ўтказилди. Баъзи лицензия ва рухсатномаларни республика органлари ўрнига энди уларнинг ҳудудий бошқармалари, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари ўрнига – туман (шаҳар) ҳокимликлари беради. Бу ҳам зарур ҳужжатларни олиш жараёнини тезлаштириб, қоғозбозликни камайтиришда ёрдам беради.

Айрим лицензия ва рухсат бериш хусусиятига эга ҳужжатларни олиш жараёни соддалаштирилди. Асосан аризачилардан талаб қилинадиган ҳужжатлар сони қисқартирилди.

Энди бериладиган лицензияларнинг амал қилиш муддати чекланмайди. Қуйидаги ҳуқуқни берадиган лицензиялар бундан мустасно:

► тиббиёт ва фармацевтика фаолиятини амалга ошириш – 5 йил;

► гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорларнинг муомалада бўлиши билан боғлиқ фаолиятни амалга ошириш – 5 йил;

► кўчма радиотелефон (уяли) алоқа тармоқларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш – 15 йилгача, бироқ камида 5 йил, шунингдек телерадиоэшиттиришларни тарқатиш – 5 йил;

► нефть, газ ва газ конденсатини қазиб олиш, қайта ишлаш ва сотиш – 5 йил.

Иккинчиси. Энди тадбиркорлик субъектлари, илгари мажбурий бўлган экспорт шартномасини тузмасдан ва экспорт учун банк комиссиясини тўламасдан, электрон савдо интернет-майдончалари орқали товарлар, ишлар ва хизматларни экспорт қилишлари мумкин. Ушбу қоида татбиқ этилмайдиган айрим товарларни Вазирлар Маҳкамаси белгилаши керак. Айни пайтда очиқ манбаларда бундай рўйхат эълон қилинмаган.

Бунда тадбиркорлар томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланади. Бу, масалан, улгуржи савдога лицензия олиш заруратини истисно этади.

Учинчиси. Айрим ташкилотларнинг солиқ юки камайтирилди:

а) концерт-томоша кўрсатиш фаолияти билан шуғулланиш учун лицензияга эга бўлган, юридик ва жисмоний шахсларни (шу жумладан, норезидентларни) жалб этиш йўли билан оммавий томоша тадбирларини ташкил этишдан даромадлар оладиган микрофирма ва кичик корхоналар учун ЯСТ ставкаси 30%дан 5%гача пасайтирилди.

б) меҳнатга ҳақ тўлаш фондини тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ бўлмаган келиб тушган маблағлар ҳисобидан шакллантирувчи ННТ учун ЯИТ ставкаси 15%дан кўп бўлмаган миқдорда белгиланди.

Йирик ва майда шохли моллар, тери, мўйна, қоракўл хом ашёси ва жунни юридик шахсларга сотишда ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг келиб чиқишини тасдиқловчи ҳужжат тақдим этилмасдан ЖШДС бўйича имтиёз қўлланилади.

Тўртинчиси. 1 июндан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорт воситалари ҳайдовчилари давлат таълим муассасалари ёки таълим фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияга эга бўлган хусусий ташкилотларда малака оширишлари мумкин. Аввалига юридик шахсларга тегишли транспорт ҳайдовчиларининг малакасини ошириш бўйича алоҳида ҳуқуқ «Avtotest Report» МЧЖга ва камида 51%и унга тегишли бўлган ташкилотларга берилган эди.

Эслатиб ўтамиз, корпоратив автотранспорт ҳайдовчилари 2 йилда 1 марта малака оширишлари шарт. Бу якка тартибдаги тадбиркорларга ҳамда қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида юридик шахсларнинг автотранспорт воситаларини бошқараётган бошқа фуқароларга тегишли эмас.

Бешинчиси. Давлат хизматини олишни кўзлаётган барча шахслар Давлат хизматларининг ягона реестрига кириб кўришлари мумкин. Шу тариқа уни қаерда олиш мумкинлигини билиб оладилар: умумий сонидан (444 та хизмат тури) 31 таси давлат хизматлари марказларида (собиқ «ягона дарча» марказлари – таҳр.), қолганлари эса – бевосита вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралари, нотариал идоралар ва бошқа органлар томонидан кўрсатилади. Шунингдек реестрда хизмат пулли ёки бепул эканлиги қайд этилган. Бироқ энг асосийси – муайян хизмат рўйхатда бўлмаса – у кўрсатилмайди, бу тақиқланган.

Шуниси қизиқарлики, бутун мамлакат бўйлаб 14 та давлат хизматлари марказида тажриба ўтказила бошлади. Уларда 70–100 турдаги талаб юқори бўлган давлат хизматлари кўрсатилади. Бу марказларга стандарт тарзда кўрсатиш буюрилган хизматлардан анча кўп, бинобарин, улар бошқа давлат органлари бажарадиган ҳажмни қисман зиммаларига оладилар. Пойтахтдаги Юнусобод тумани Давлат хизматлари марказида тажриба ўтказилади. Натижаларга кўра, бир йилдан сўнг қолган барча давлат хизматлари марказларининг юкини ошириш мумкинлиги масаласи ҳал этилади.

Олтинчиси. Пиво, ароқ ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш учун йиғим тўлашлари шарт. Улар соҳа вазирлиги ҳузуридаги Жисмоний тарбия ва спортни ривожлантириш жамғармасига ўтказилади. Улар ишлаб чиқарадиган маҳсулот қиймати ошиши эҳтимолдан холи эмас.

Тўғри, йиғимларни ҳисоблаб чиқиш ва тўлаш тартиби ҳали тасдиқланмаган. Молия вазирлигига Давлат солиқ қўмитаси билан биргаликда уни қабул қилиш вазифаси топширилган.

Еттинчиси. Ёзнинг илк кунидан бошлаб телекоммуникация соҳасидаги қонунбузарликлар учун молиявий санкциялар (жарималар)нинг янги миқдорлари ва уларни ҳисоблаш тартиби амал қила бошлайди.

Саккизинчиси. 1 июндан бошлаб ногиронлиги бўлган шахсларнинг ягона электрон реестри ишга туширилади. У мазкур шахслар, тайинланган пул тўловларининг турлари ва миқдори, ажратилган техник реабилитация воситалари, протез-ортопедия буюмлари ва дори воситалари, кўрсатилган ижтимоий хизматлар ва берилган имтиёзлар тўғрисидаги комплекс маълумотларни ўз ичига олади.

Реестр мазкур соҳадаги ишларнинг ҳолати ҳақидаги маълумотларни тезкор олиш, давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашинувини амалга ошириш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланиши ва суиистеъмолчилик ҳолатларининг олдини олиш имконини беради.

Тўққизинчиси. ННТ фаолиятига доир айрим жиҳатлар ўзгарди:

► рўйхатдан ўтказувчи орган билан ННТнинг тадбирларини келишиш тартиби режалаштирилаётган тадбирлар ҳақида хабардор қилиш тартиби билан алмаштирилади;

► хорижий донорлардан ёхуд уларнинг топшириғига биноан бошқа шахслардан келиб тушган пул маблағларидан ва мол-мулкдан, уларни олиш рўйхатдан ўтказувчи орган билан белгиланган тартибда келишилгандан сўнг, бирон-бир тўсиқларсиз фойдаланилади;

► Ўзбекистондаги ННТ учун ажратилган грант маблағлари уларнинг мамлакатдаги исталган банк муассасаларида очилган махсус ҳисобварақларига келиб тушади;

► жамоат фонди маъмурий харажатларининг, шунингдек, васийлик кенгаши ва тафтиш комиссияси аъзоларига бериладиган ҳақ ва улар ўз вазифаларини бажариши билан боғлиқ харажатлар компенсациясининг йиллик умумий суммаси фонднинг барча харажатлари суммасининг 20%идан 30%игача ошди;

► ННТнинг пенсионер ходимларига пенсия уларнинг мазкур ташкилотлардаги фаолияти ягона иш жойи бўлган тақдирда, тўлиқ тўланади.

Яна бир янгилик. Энди нодавлат ташкилотлари фуқароларни Ўзбекистон ҳудудида ишга жойлаштириш соҳасида пуллик хизматлар кўрсатиш ҳуқуқига эга. Ҳамюртларимизни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия бўлиши зарур.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Яшаш минимуми ва истеъмол саватчаси ҳисоблаб чиқилади

 

Президентнинг 29.05.2018 йилдаги ижтимоий-иқтисодий соҳадаги илмий-тадқиқот институтлари фаолиятини такомиллаштириш бўйича чора-тадбирларга доир ПҚ-3752-сон қарори имзоланди.

 

1

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти Иқтисодиёт вазирлиги тасарруфига ўтказилди.

У:

► аҳоли фаровонлигини ошириш мақсадида иқтисодиётни либераллаштириш, мамлакатнинг интеллектуал, технологик ва инновацион потенциалини ошириш шароитида стратегик режалаштириш тизимининг илмий-методологик асосларини шакллантириш ҳамда мамлакатни қисқа муддатли, ўрта муддатли ва узоқ муддатли даврларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришни таъминлашга йўналтирилган концепциялар, комплекс, мақсадли, тармоқ ва ҳудудий дастурларни ишлаб чиқиш;

► илғор хорижий тажриба асосида прогноз моделлаштиришнинг замонавий дастакларини ишлаб чиқиш, макроиқтисодий сиёсат чораларининг миллий иқтисодиёт, унинг алоҳида соҳалари ва ҳудудларига таъсирини баҳолаш;

► иқтисодиётда маҳаллий маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлигини, ташқи иқтисодий фаолият самарадорлигини оширишга қаратилган таркибий ўзгартиришларни ишлаб чиқиш, мамлакатимиз иқтисодиётини модернизация қилиш ва диверсификациялашнинг энг муҳим йўналишлари бўйича таклифларни тайёрлаш;

► иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва либераллаштиришни янада чуқурлаштириш, хусусий мулкнинг устувор ролини таъминлаш, иқтисодиётни бошқаришнинг бозор услублари ва механизмларини кенг жорий этиш бўйича илмий асосланган таклифларни тайёрлаш;

► ҳудудларнинг инвестицион ва ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш, кичик бизнес, инновацион тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш ва инвестицион муҳитни яхшилаш ҳисобига иқтисодиётдаги минтақалараро номутаносибликларни қисқартиришни назарда тутадиган ҳудудларни комплекс ва барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегиялари ва дастурларини ишлаб чиқиш;

► ресурс тежовчи илғор ва инновацион технологияларни жорий этишнинг стратегик йўналишлари бўйича таклифлар тайёрлаш, иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш, қайта тикланадиган энергия манбаларини жорий этиш ва ривожлантириш;

► мамлакатимизда озиқ-овқатнинг давлат захираси ва хавфсизлиги стратегиясини шакллантиришнинг методологик асосларини ишлаб чиқишда кўмаклашиш;

► кейинчалик меҳнат ресурсларининг прогноз балансларини, шунингдек аҳолига тақдим этиладиган ижтимоий хизматлар кўламини кенгайтиришга қаратилган инновацион чора-тадбирлар ва механизмларни ишлаб чиққан ҳолда демографик ривожланишнинг ўрта муддатли ва узоқ муддатли прогнозларини шакллантириш;

► аҳоли турмуш даражаси ва сифатининг турли кўрсаткичлари, фаровонлиги динамикаси, шу жумладан, унинг даромадлари миқдорлари ва манбаларини, истеъмол харажатлари таркибини тизимли равишда таҳлил қилиш;

► кейинчалик аҳолининг харид қобилияти янада ўсишини таъминлаш бўйича таклифларни ишлаб чиққан ҳолда энг кам истеъмол саватчаси ва яшаш минимумини ҳисоб-китоб қилиш;

► оммавий ахборот воситалари ва илмий материалларда, маҳаллий ва хорижий экспертлар, бизнес доиралар вакилларини жалб қилган ҳолда конференциялар, «давра суҳбатлари» ва семинарларда иқтисодий ислоҳотлар натижалари кенг муҳокама қилинишини ташкил этиш билан шуғулланади.

 

2

Ижтимоий тадқиқотлар институти унга ижтимоий соҳада тадқиқотлар ўтказиш вазифалари юклатилган ҳолда Бюджет-солиқ тадқиқотлари институтига айлантирилди. Илгари Вазирлар Маҳкамасига қарашли бўлган ушбу муассаса Молия вазирлигига қайта ўтказилди.

Қуйидагилар мазкур институтнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланди:

► бюджет-солиқ ва божхона-тариф сиёсати соҳасида илмий-тадқиқот фундаментал ва амалий ишларини ташкил этиш ва ўтказиш, уларни такомиллаштириш, бюджет жараёни ва солиқ маъмуриятчилиги самарадорлигини ошириш бўйича амалий тавсиялар ишлаб чиқиш, маҳаллий бюджетларнинг даромад базасини мустаҳкамлаш;

► бюджет-солиқ ва божхона-тариф сиёсатини такомиллаштириш масалалари бўйича Молия вазирлигини услубий ва таҳлилий жиҳатдан таъминлаш;

► молиявий секторни ривожлантириш тамойилларини ҳамда бюджет-солиқ ва божхона-тариф сиёсати соҳасида амалга оширилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш,

► бюджетлаштириш услубларининг тизимли муаммоларини аниқлаш ва самарадорлигини ошириш, минтақаларнинг бюджет жиҳатдан ўзини ўзи таъминлашига эришиш;

► Давлат бюджетининг даромад ва харажат қисмини режалаштириш ва прогнозлаштиришнинг инновацион услубларини, бюджет ташкилотларини молиялаштириш, бюджет тизими бюджетларини ижро этишнинг потенциал таваккалчиликлари шакллантирилиши устидан давлат молиявий назорати ва мониторинги механизмларини ишлаб чиқиш;

► Пенсия таъминоти тизимини янада такомиллаштириш бўйича таклифларни шакллантириш, бюджет, солиқ ва божхона қонунчилигини такомиллаштириш бўйича таклифларни ишлаб чиқишда иштирок этиш;

► илмий тадқиқотлар натижаларини оммавий ахборот воситаларида, шу жумладан телевидение ва интернет-ресурсларда кенг ёритиш, шунингдек аҳолининг молиявий саводхонлигини оширишда фаол иштирок этиш.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 30.05.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Гаевой, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1200 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика