Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 23 / Божхона

Бир ёқадан бош чиқариб

 

Тошкентда Марказий Осиё божхона брокерлари уюшмаларининг биринчи конференцияси бўлиб ўтди. Минтақа профессионал ҳамжамиятлари учун бу муҳим воқеадир. Тадбир Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмалари ўртасида ахборот ҳамкорлиги масалалари бўйича Ҳамкорлик нияти тўғрисидаги баённомани* амалга оширишда амалий қадам бўлди. Конференцияда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон божхона брокерлари уюшмалари Кенгашлари раҳбар ва аъзолари, шунингдек мазкур давлатлардаги халқаро ҳамкорлик бўйича Германия жамияти (GIZ) TFCA Дастури вакиллари, ЎзР ДБҚ ходимлари ва Ўзбекистон ББУ аъзолари иштирок этди.

 

 

Тўртлик иттифоқи

Тошкент конференцияси доирасида Минтақавий кенгашнинг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди. Унда Марказий Осиё мамлакатлари божхона брокерлари (вакиллари) уюшмаларининг раислари – Геннадий Шестаков (Қозоғистон), Иван Гелетюк (Қирғизистон), Фируза Маҳмудова (Тожикистон), Арсен Айрапетьянц (Ўзбекистон), шунингдек Тошкент конференцияси қатнашчилари иштирок этди.

Унда Тожикистон ББУ раҳбарининг Ҳамкорлик нияти тўғрисидаги баённома ва Кенгашнинг «Божхона брокерларини баҳолашнинг рейтинг тизимини юритиш асослари тўғрисида»ги Қарорига қўшилиш тўғрисидаги баёноти қабул қилинди.

Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистон уюшмалари раҳбарларининг рейтинг тизимини жорий этишга доир қилинган ишлар тўғрисидаги маърузалари тингланди. Хусусан, А.Айрапетьянц ББУнинг Ўзбекистонда божхона брокерларини баҳолашнинг рейтинг тизими тўғрисидаги низоми билан таништириб ўтди.

Муҳокамадан сўнг Рейтинг тизимини юритишнинг Ҳисоб-китоб жадвали (асос сифатида) ҳамда уни жорий этишда миллий ББУлар томонидан йўл қўйилиши мумкин бўлган чекланишлар рўйхати қабул қилинди. 2018 йилнинг II–IV чоракларида ҳамкорликдаги тадбирлар режаси тасдиқланди. Бир қатор ҳамкорликдаги ҳужжатлар ҳам имзоланди.

 

Ўзбекистон божхона амалиётидаги янгиликлар

2 кун давомида минтақавий савдонинг долзарб масалаларига бағишланган бир нечта давра суҳбати йиғилишлари ўтказилди. Уларда, конференция делегатларидан ташқари, ДБҚ, ЎзР Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги, Ўзбекистон автомобиль транспорти агентлиги, Ўзбекистон Халқаро автомобилда юк ташувчилар ассоциацияси вакиллари ҳамда ўзбекистонлик ТИФ иштирокчилари қатнашди.

Халқаро савдо эҳтиёжларини таъминлашда, бевосита ташқи савдо битими тарафларидан ташқари, ТИФ учун хизматлар бозорининг бошқа кўплаб вакиллари – темир йўл, авиа-, автомобилда ташувчилар, транспорт-логистика компаниялари, божхонага ёндош инфратузилма вакиллари ва бошқалар иштирок этади. Уларнинг ҳар бири ўз ўрнида ташқи савдонинг ривожланишига замин яратади. Лекин мазкур бозор иштирокчиларининг битта гуруҳи – божхона брокерлари ташқи иқтисодий фаолиятни сифатли ва тўғри юритишни таъминлаш борасида алоҳида ўринга эга. Сабаби, божхона брокери ТИФ иштирокчилари ва халқаро савдони давлат томонидан тартибга солишнинг барча шаклларини ўзида мужассам этган божхона органлари ўртасида профессионал воситачи ҳисобланади.

Мажлисда ДБҚ Божхона назорати бошқармасининг инспектори Улуғбек Раҳматов ЎзР божхона органларида автомобиль транспорти учун транзит кафолат механизмлари қўлланиши тўғрисида гапириб берди. Зеро Ўзбекистон минтақанинг асосий транспорт шохтомирларидан бири ҳисобланади, барча чегарадош республикаларнинг юклари унинг ҳудудидан транзит тарзида ўтади.

Божхоначи божхона қонунчилигидаги янгиликлар билан ҳам таништирди, Президентимизнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон ва 12.04.2018 йилдаги ПФ-5414-сон фармонлари ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга мувофиқ лицензиялар ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг бекор қилингани ҳақида ахборот берди. Ўзбекистон божхона брокерлари институтининг божхона декларацияси ва трансформацияси соҳасидаги ўзгаришларнинг моҳиятини батафсил тушунтириб берди.

Мутахассис саволларга жавоб берди. Улар бир транспорт воситасига ўрнатилган кафолатнинг энг юқори миқдори, товарларни божхона режимларига жойлаштиришда рухсатномалар бекор қилинганда божхона назоратининг самарадорлигини сақлаб қолиш, шунингдек техник хатоликлари бўлган БЮД қабул қилинишини бартараф этиш учун форматли мантиқий назоратни такомиллаштириш ҳақида бўлди.

Ҳамкасбларининг хавотирини тўғри тушунган ЎзР ББУ раиси божхона брокерлари ишсиз қолиб кетмасликларини айтди. Асосийси – уларнинг хизматлари бировга тиқиштирилмаслиги керак. Бу хизматдан ТИФ иштирокчилари ўз ихтиёри билан фойдаланиши лозим.

 

 

Малака даражасини сақлаш ва ошириб бориш учун Уюшма ўз ­аъзоларига ахборот, маслаҳат ва услубий ёрдам кўрсатиб боради. Божхона расмийлаштируви бўйича мутахассислар учун самарали тренинглар услубиятлари ва тест дастурларини ишлаб чиқиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга ББУ божхона брокерлари – ББУ аъзолари малакасини белгилаш мезонлари ва уларнинг малакасини тасдиқлаш услубиятини ишлаб чиқишни давом эттиради.

А.Айрапетьянц айрим жиҳатларга тушунтириш бериб ўтди. Масалан, Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари ва Тожикистон Республикаси божхона қонунчилиги талабларидан фарқли ўлароқ Ўзбекистонда товарлар жўнатиладиган ёки келиб тушадиган божхона постлари республика ичкарисида бўлганда (чегарада бўлмаганда), товарлар божхона назорати остида етказиб берилганда божхона транзити режими қўлланилмайди. Бундай вазиятларда божхона транзитида бўлгани сингари «Товарлар ва транспорт воситаларини божхона назорати остида ташиш» тартиб-таомили қўлланилади.

Ўзбекистон божхона қонунчилигига мувофиқ товарни «Божхона транзити» божхона режимига жойлаштириш учун декларант божхона органига товарнинг кузатув ҳужжатларини тақдим этади. Қонун ҳужжатларида белгиланган алоҳида товарлар мазкур режимда жойлаштирилгандагина БЮДни қўшимча равишда тақдим этиш керак бўлади. Яъни, қоида тариқасида, божхона юк декларацияси тақдим этилмайди – бу эса расмийлаштириш жараёнини тезлаштиради.

Ҳар қандай ҳолатда товарни етказиб беришнинг назорат ҳужжати қўлланилади. Уни божхона органи мустақил тўлдиради, бу эса умуман товарларнинг божхона назорати остида божхона транзити ва олиб ўтилишини расмийлаштириш тартиб-таомилини анча соддалаштиради. Олдиндан хабардор қилинганда товарни етказиб беришнинг назорат ҳужжатини шакллантиришга кетадиган вақт анча қисқаради.

Чегарадош мамлакатларда божхона тартиб-таомилларидан ўтиш масалалари ўзбекистонлик экспортчилар учун доим долзарб бўлган. Шунинг учун Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда транзит ва импорт тартиб-таомилларидан ўтишнинг асосий талаблари ва хусусиятлари тўғрисида ушбу мамлакатларнинг божхона брокерлари уюшмалари раислари (вакиллари) ўз чиқишларида маълумот бердилар. Улар конференция иштирокчиларининг саволларига ҳам жавоб бердилар.

 

Тажриба алмашилди

Конференция доирасида Қирғизистон, Қозоғистон ва Тожикистонда божхона операциялари бўйича мутахассисларга таълим беришни ташкил этиш ва ўтказиш тажрибаси муҳокама қилинди. Ушбу мамлакатлардаги уюшмалар раҳбарлари ЖСТнинг Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш режасини амалга ошириш бўйича ўтказиладиган тадбирлар хусусида ҳам тўхталиб ўтдилар.

Қўшниларимизда божхона расмийлаштируви (божхона операциялари) бўйича мутахассисларни ўқитишга ёндашувлар турличадир. Масалан, Қозоғистонда бундай курслар мавжуд бўлса-да, мутахассислар малака аттестатини олиш учун ўқув курсларидан ўтишга мажбур эмаслар. Қозоғистон ББУ (В) мутахассисларни ўқитмайди, лекин уларни ўз порталида тестдан ўтказган ҳолда аттестацияни ўтказади. Қирғизистонда мутахассисларни тайёрлашнинг 2 та маркази мавжуд, улардан бири Божхона брокерлари уюшмасидир. Малака имтиҳонини божхона органи қабул қилади. Имтиҳон материаллари тестлар, тайёрланган вазифалар бўйича БЮДни тўлдириш, оғзаки суҳбатдан иборатдир. Тожикистонда мутахассисларни ўқитиш ва малака имтиҳонларини ўтказиш билан божхона органлари шуғулланади.

Бу мавзуни муҳокама қилиш асносида Қозоғистон Божхона брокерлари уюшмаси (вакиллари) раиси божхона брокерларининг рейтинг тизимини жорий этиш зарурлигини исботлаб берди. У таваккалчиликларни бошқариш тизимида божхона брокерлари рейтинг натижаларини қўллаш бўйича Қозоғистон божхона органлари билан дастлабки шартномаларга эришилгани ҳақида ҳам ахборот берди.

ДБҚнинг Таваккалчиликларни мониторинг қилиш ва баҳолаш бошқармаси бўлим бошлиғи Рамиль Контюковнинг чиқиши йиғилишнинг мантиқий давоми бўлди. Нотиқ Ўзбекистон Республикаси божхона органларида таваккалчиликларни бошқариш тизими ишининг умумий жиҳатлари хусусида гапириб берди. Божхоначи таваккалчиликларни бошқариш тизимининг ҳуқуқий асослари, асосий тушунча ва элементларини тушунтириб берди, тизимнинг ривожланиш истиқболлари ва кутилаётган натижалар хусусида ўртоқлашди. Ўзбекистон божхона хизмати вакилларининг малакаси ва юқори профессионализми конференция иштирокчиларида катта таассурот қолдирди.

Якунланаётган давра суҳбати доирасида Ўзбекистон божхона брокерлари ва ТИФ иштирокчилари вакиллари Г.Шестаков ва И.Гелетюкнинг Қозоғистон ва Қирғизистонда мустақил декларациялашни жорий этиш тажрибаси ва якунлари тўғрисидаги маърузаларини катта қизиқиш билан тингладилар. Бу мавзу бугунги кунда ўта муҳимлигига шубҳа йўқ.

 

* * *

Конференция давомида унинг иштирокчилари норасмий вазиятда уларни қизиқтирган турли профессионал масалаларни ҳам муҳокама қилдилар. Тадбирга якун ясалар экан, бундай мулоқотлар тадбиркорлик субъектлари орасида яқин муносабатлар ўрнатилиши, минтақавий савдо алоқалари кенгайиши, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлардан қўшниларимизнинг кўпроқ хабардор бўлишига ёрдам бериши қайд этилди.

Тошкентдаги конференция якунлангач, хорижий иштирокчилар учун Highway Logistics Center божхона терминалининг Логистик сервис марказига ташриф уюштирилди. Меҳмонлар унинг замонавий техник воситалар билан жиҳозлангани ва кўрсатилаётган хизматлар кўлами юқори даража эканлигини эътироф этишди. Мазкур божхонага ёндош инфратузилма объектининг келгусидаги ривожланиш истиқболи ҳам уларда катта таассурот қолдирди.


 «Божхона» бўлимини махсус мухбиримиз Гулнора АБДУНАЗАРОВА олиб боради.

 


*2017 йил ноябрда Остона шаҳрида «Геолокация афзалликлари: Марказий Осиё глобал транзит маркази сифатида» Халқаро минтақавий конференция доирасида имзоланган. Остонада, шунингдек, унинг иши миллий уюшмалар раҳбарлари томонидан навбатма-навбат мувофиқлаштириб бориладиган Марказий Осиё минтақаси божхона брокерлари (вакиллари) уюшмалари раҳбарларининг Минтақавий кенгаши ташкил этилди. 2018 йилда Кенгашнинг мувофиқлаштирувчиси этиб Қозоғистон Республикаси Божхона брокерлари (вакиллари) уюшмасининг раиси Геннадий Шестаков тайинланди.

 


Прочитано: 1237 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика