Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 23 / Бухгалтерга тавсиялар

Туризмда ҳисоб юритиш хусусиятлари

 

Бугунги кунда Ўзбекистонда туризм – энг ривожланаётган тармоқлардан бири. Ушбу соҳада ягона давлат сиёсатининг амалга оширилиши, мамлакатимиз тарихий-маданий меросининг оммалаштирилиши ўз натижасини бермоқда. Юртимизга ташриф буюрган туристлар сони анча кўпайди, туризм хизматлари экспорти ҳам ошди.

Туризм соҳасидаги қонунчилик базасини мустаҳкамлаш ва муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солиш учун янги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди.

Туризм бизнеси иштирокчиларига ушбу соҳада ҳисоб юритишнинг нозик жиҳатларини билишда кўмак берадиган туркум материалларни бера бошлаймиз.

 

Шу сондан эътиборан туризмга бағишланган мақолалар рукнини бера бошлаймиз. У иқтисодиётимизнинг сўнгги вақтда жадал ривожланаётган улкан сегментидир. Ҳукумат мамлакатимизда туризмни илгари суриш учун аниқ чоралар кўрмоқда. Шундай қилиб, асосийсидан бошлаймиз:

 

ЛИЦЕНЗИЯЛАШ

Туроператорларнинг фаолияти лицензияланиши лозим («Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси).

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун ҳужжатларни тақдим этаётганда талабгор ариза кўриб чиқилиши учун йиғим тўлайди. У ЭКИҲнинг 2,5 бараварига тенг бўлиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасига (лицензияловчи органга) тўланади. Йиғим суммаси лицензия тури (ички, чиқиш ва кириш туризми) ёхуд йўналишлар сонига қараб ўзгармайди.

Талабгор берилган аризадан воз кечган ёки лицензияловчи орган унга лицензия беришни рад этган тақдирда, тўланган йиғим унга қайтарилмайди.

Лицензия бериш рад этилганда лицензияловчи орган талабгорга ёзма жавоб юборади. Унда рад этиш сабаблари ва уларни бартараф этиб аризани қайта тақдим этиш учун етарли бўлган муддат кўрсатилади. Аризани қайта кўриб чиққанлик учун йиғим ундирилмайди.

Талабгор лицензия олишни сўраб қайта мурожаат қилмаса ёки уни олишни рад этса, йиғим суммаси корхонанинг бошқа операцион харажатларига (9430-счёт) киритилади.

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун ижобий жавоб берилганда талабгор қуйидаги миқдорда давлат божини тўлайди:

«ички туризм» йўналиши учун – 2 ЭКИҲ;

«чиқиш туризми» ёки «кириш туризми» йўналишлари ёхуд бир неча йўналишда туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олиш учун – 5 ЭКИҲ.

Бир вақтнинг ўзида қуйидаги шартлар бажарилганда лицензия номоддий актив деб ҳисобланиши мумкин (АВ томонидан 27.06.2005 йилда 1485-сон билан рўйхатдан ўтказилган 7-сон БҲМСнинг 6-банди):

моддий-ашёвий тузилиш (шакл)га эга бўлмаслиги;

фойдали хизмат муддати 12 ойдан ортиқ;

активнинг қиймати бир бирлик учун харид қилиш пайтида камида 50 ЭКИҲни ташкил қилади;

корхона ушбу активни кейинчалик қайта сотишни мўлжалламайди;

корхонада актив ва унга бўлган мутлақ ҳуқуқнинг мавжудлигини тасдиқловчи тегишли равишда расмийлаштирилган ҳужжатларнинг мавжудлиги;

идентификациялаш имконияти.

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия, қийматига қўйиладиган талабдан ташқари, уни номоддий актив деб эътироф этиш учун барча талабларга жавоб беради. Бироқ корхонада номоддий активларни тан олиш учун қийматнинг камроқ чегараси белгиланиши мумкин. Қиймат чегараси корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этилган бўлиши керак.

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензияни олиш учун харажатларни ҳам корхона харажатларига киритиш мумкин. Ушбу суммаларни салмоғига қараб бир йўла ишлаб чиқариш харажатларига киритиш ёки белгиланган муддат давомида бир маромда ҳисобдан чиқариш мумкин. Бу ҳам корхонанинг ҳисоб сиёсатида ўз аксини топиши лозим.

Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия олишнинг бухгалтерия ҳисоби қуйидагича бўлади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Лицензия аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим ва давлат божи тўланди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Лицензиялаш харажатлари ишлаб чиқариш харажатларига (бир йўла) киритилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Илгари амалга оширилган олдиндан тўлов ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

Лицензиялаш харажатлари бўлғуси даврлар харажатларига киритилди

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Лицензиялаш харажатлари даврий тарзда бир маромда ҳисобдан чиқарилиши акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

 

 

Ҳисоб сиёсатига кўра лицензия номоддий актив деб тан олинса, унга ҳар ойда амортизация ажратмаларини ҳисоблаш зарур. Туризм фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия муддатсиз ҳисобланади. Шу сабабли амортизация ажратмалари нормалари 5 йил ҳисобида белгиланади (7-сон БҲМСнинг 45-банди).

Одатда лицензияларга амортизация ҳисоблаш учун тўғри чизиқли усул қўлланилади. Бошқа усуллардан ҳам фойдаланиш мумкин. Амортизация ҳисоблашнинг қўлланиладиган усули корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этилиши зарур.

 

Лицензияни номоддий актив деб тан олиш ва амортизация ажратмаларини ҳисоблашнинг бухгалтерия ҳисоби:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Лицензия аризасини кўриб чиққанлик учун йиғим ва давлат божи тўланди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Лицензиянинг номоддий актив деб тан олиниши акс эттирилди

 

0830-«Номоддий активларни харид қилиш»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Илгари амалга оширилган олдиндан тўлов сарфланди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

Лицензия кирим қилинди

 

0410-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хау»

 

0830-«Номоддий активларни харид қилиш»

 

Лицензияга ҳар ой амортизация ҳисобланиши акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

0510-«Патентлар, лицензиялар ва ноу-хаунинг амортизацияси»

 

 

 

Корхона қайта ташкил этилган, номи ёки жойлашган жойи ўзгарганда бир ой муддатда лицензияни қайта расмийлаштириши шарт. Лицензия йўқолса ёки яроқсиз ҳолга келса, унинг дубликатини олиш зарур. Лицензияни қайта расмийлаштириш ёки дубликат олиш чоғида корхона йиғим – 1,25 ЭКИҲ тўлайди. Ушбу сумма ҳам корхонанинг ишлаб чиқариш харажатларига ­(2010-счёт) киритилади.

 

СЕРТИФИКАТЛАШТИРИШ

Корхона хизматларини сертификатлаштириш

Туроператор ва меҳмонхона хизматлари мажбурий сертификатлаштирилиши лозим. Мувофиқлик сертификати «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК томонидан 3 йилга берилади ва ҳар йили инспекция назорати билан тасдиқланади («Туризм тўғрисида»ги Қонуннинг 10-моддаси; ВМнинг 5.06.2017 йилдаги 355-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 3-банди). Мувофиқлик сертификатини олиш учун тўланган суммалар ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқарилади. Шунингдек уларни бўлғуси даврлар харажатлари таркибида ҳисобга олиш, кейин эса тенг улушларда ҳисобдан чиқариш мумкин.

Бухгалтерия ҳисобида сертификатлаштириш харажатлари қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Мувофиқлик сертификатини олиш учун тўлов амалга оширилди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Сертификатлаш харажатлари ҳисобдан чиқарилди (бир йўла)

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Тўлов суммаси бўлғуси даврлар харажатларига киритилди

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Илгари амалга оширилган олдиндан тўлов ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

Сертификатлаш харажатлари вақти-вақти билан бир маромда ҳисобдан чиқарилиши акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

3190-«Бошқа келгуси давр харажатлари»

 

 

 

Сертификат «Туризм хизматларини сертификатлаш маркази» ДУК томонидан инспекция назоратини мунтазам ўтказиш билан тасдиқланади. Бу пуллик хизмат, унинг қиймати сертификат эгасига инспекция назорати бошлангунча 10 кундан кеч бўлмаган вақтда маълум қилинади ­(355-сон Низомнинг 44-банди). Инспекция назорати ўтказиш учун тўланган тўлов суммаси у ўтказилгандан кейин ишлаб чиқариш харажатларига ҳисобдан чиқарилади.

 

Бухгалтерия ҳисобида инспекция назоратини ўтказиш харажатлари қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Инспекция назоратини ўтказиш учун олдиндан тўлов акс эттирилди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

Инспекция назоратини ўтказиш харажатлари ишлаб чиқариш харажатларига киритилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

Илгари амалга оширилган олдиндан тўлов ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар»

 

4330-«Бошқа
берилган
аванслар»

 

 

Туроператорнинг ходимларини сертификатлаштириш

Туроператорлик фаолияти билан шуғулланувчи корхона штатида:

«туризм» йўналиши бўйича олий ёки ўрта махсус касб таълимига;

ёки 3 йилга бериладиган малака сертификатига эга бўлган камида битта ходим бўлиши керак.

Корхона ходимлари (экскурсовод-гидлар, йўл кўрсатувчи инструкторлар) 3 йилда камида 1 марта малака сертификати олишлари лозим.

Ушбу шартлар лицензия талаблари рўйхатига киради.

Корхона ходимлари малака сертификатини олиш учун махсус курсларда таълим оладилар. Таълим ҳақини корхона тўлайди.

Корхона ўз ходимларининг бундай курсларда ўқиши учун тўлайдиган суммалар улар учун даромад ҳисобланмайди (Солиқ кодексининг 171-моддаси 2-қисми 15-банди). Бу 9430-«Бошқа операцион харажатлар» счётига киритиладиган корхона харажатларидир (ВМнинг 5.02.1999 йилдаги 54-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 2.3.8.5-банди). Ходимда солиқ оқибатлари бўлмайди.

Туроператор унинг ходимлари ҳисобланмайдиган жисмоний шахсларнинг курсларда ўқиш ҳақини ҳам тўлаши мумкин. Масалан, ФҲШ асосида ишларни бажарувчиларнинг. Бу ҳолда 2 хил вариантни қўллаш мумкин:

1) жисмоний шахсда тўлов манбаида солиқ солинадиган моддий наф тарзидаги даромад юзага келади (Солиқ кодексининг 177-моддаси 1-қисми 1-банди, 184-моддаси). Корхона жисмоний шахснинг ёзма аризаси асосида ЖШДС ушлаб қолмасликка ҳақли (Солиқ кодексининг 184-моддаси 3-қисми). Бу ҳолда у даромад тўланганлиги ҳақидаги маълумотларни ҳисобот йили тугаганидан сўнг 30 кун ичида ўзи рўйхатдан ўтказилган жойдаги солиқ органига тақдим этади (Солиқ кодексининг 187-моддаси 1-банди). Даромад олган жисмоний шахс йил якунлари бўйича даромадлар тўғрисида декларация тақдим этиб, солиқни тўлаши шарт (Солиқ кодексининг 189-моддаси 1-қисми);

2) корхона жисмоний шахсга курсларнинг қиймати миқдорида қарз беради, таълим учун пул ўтказади, жисмоний шахс эса кейинчалик уни қайтаради. Бу ҳолда жисмоний шахсда ҳам, корхонада ҳам солиқ оқибатлари юзага келмайди.

 

Бухгалтерия ҳисобида малака сертификати олиш учун курсларда ўқиш ҳақининг тўланиши қуйидагича акс эттирилади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Курсларда ўқиш учун аванс ўтказилди

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

1-вариант. Курс ҳақини тўлаш корхона харажатларига ҳисобдан чиқарилди

 

Таълим хизматлари учун ҳисобварақ-фактура олинди

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари», жисмоний шахс

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар», таълим курслари

 

Илгари ўтказилган аванс ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар», таълим курслари

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

Корхонанинг жисмоний шахсни ўқитиш харажатлари акс эттирилди

 

9430-«Бошқа операцион харажатлар»

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари», жисмоний шахс

 

2-вариант. Жисмоний шахсга ўқиш учун қарз берилди

 

Таълим хизматлари учун ҳисобварақ-фактура олинди

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари», жисмоний шахс

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар», таълим курслари

 

Илгари ўтказилган аванслар ҳисобга олинди

 

6990-«Бошқа мажбуриятлар», таълим курслари

 

4330-«Бошқа берилган аванслар»

 

Жисмоний шахс қарзни қайтарди

 

5110-«Ҳисоб-китоб счёти»

 

4890-«Бошқа дебиторлар қарзлари», жисмоний шахс

 

 

ХАРАЖАТЛАР ВА ТУРИЗМ МАҲСУЛОТИ ҚИЙМАТИНИ КАЛЬКУЛЯЦИЯЛАШ

Туризм маҳсулоти қийматига киритиладиган харажатлар таркиби ва таснифи

Туристларга кўрсатиладиган қуйидаги хизматларга харажатлар тур­операторда туризм маҳсулотининг ишлаб чиқариш таннархига киритилади:

● жойлаштириш ва яшаш бўйича;

● транспорт хизмати кўрсатиш (трансфер) бўйича;

● овқатланиш бўйича;

● экскурсия хизматлари кўрсатиш бўйича;

● виза хизматлари кўрсатиш бўйича (шунингдек турни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар);

● маданий-маърифий, маданий-кўнгилочар ва спорт тусидаги;

● тур даврида бахтсиз ҳодисалар, касалликлардан ихтиёрий суғурталаш ва тиббий суғурталаш бўйича;

● гид-таржимон ва кузатувчиларнинг хизмат кўрсатиши бўйича;

● туристлар орасида талабгир бўлмаган хизматлар қисми бўйича юзага келадиган харажатлар (технологик йўқотишлар);

● туризм хизматлари кўрсатиш билан боғлиқ бошқа харажатлар.

Санаб ўтилган, туризм маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган хизматларни кўрсатувчи бўлинмалар корхонада мавжуд бўлса, ушбу бўлинмаларнинг харажатлари маҳсулот таннархига киритилади.

Туризм маҳсулоти қийматида, унинг ишлаб чиқариш таннархидан ташқари, турни реализация қилиш ва илгари суриш билан боғлиқ тижорат харажатлари ҳамда бошқа давр харажатларининг бир қисми ҳам ҳисобга олиниши керак.

Масалан:

● ходимларнинг турларни реализация қилиш ва уларнинг рекламаси билан боғлиқ бўлган иш ҳақи;

● янги турларни ўзлаштириш, шу жумладан ходимларнинг чет тили бўйича стажировкаси билан боғлиқ харажатлар;

● кадрлар танловини ташкил этиш хизматлари ҳақини тўлаш билан боғлиқ харажатлар;

● туризм корхонасининг бошқа, шу жумладан хорижий ташкилотлар вакилларини, хусусан туризм фаолияти билан шуғулланадиган ташкилот жойлашган жойдан ташқарида қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вакиллик харажатлари.

Туризм корхонасининг хизматлари қийматига киритиладиган барча харажатлар қуйидагича қисмларга ажратилади:

1) ишлаб чиқариш жараёнига нисбатан:

● ишлаб чиқариш (туризм маҳсулотини ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар);

● тижорат (туризм маҳсулотини илгари суриш ва сотиш билан боғлиқ харажатлар);

2) таннархга киритиш усулига қараб ишлаб чиқариш харажатлари қуйидагиларга бўлинади:

● бевосита (калькуляция объекти қийматига тўғридан-тўғри киритиш мумкин бўлган, туризм маҳсулотини ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар);

● билвосита (умуман олганда туризм ташкилоти фаолиятига тегишли харажатлар).

Масалан:

Туризм хизматлари қийматига киритиладиган харажатлар

 

Ишлаб чиқариш

 

Тижорат харажатлари, 9410-счёт

 

Бевосита, 2010-счёт

 

Билвосита

 

Қуйидаги харажатлар:

жойлаштириш ва яшаш бўйича;

транспорт хизмати кўрсатиш (трансфер) бўйича;

овқатланиш бўйича;

экскурсия хизматлари кўрсатиш бўйича;

виза хизматлари кўрсатиш бўйича (шунингдек турни расмийлаштириш билан боғлиқ харажатлар);

тур даврида бахтсиз ҳодисалар, касалликлардан ихтиёрий суғурталаш ва тиббий суғурталаш бўйича;

гид-таржимон ва кузатувчиларнинг хизмат кўрсатиши бўйича

Қуйидагиларга харажатлар:

ходимларнинг ишлаб чиқариш фаолияти билан боғлиқ хизмат сафарлари;

ходимлар учун хорижга чиқиш паспортлари ва бошқа ҳужжатларни расмийлаштириш;

бинолар, механизмлар, инвентарни тутиб туриш ва улардан фойдаланиш;

коммунал хизматлар;

ёнғинга қарши ва қоровул ҳимояси;

туризм ташкилотига транспорт хизматлари кўрсатиш;

хизмат автотранспортини тутиб туриш ва ундан фойдаланиш, шу жумладан таъмирлаш;

гаражлар ва автомобилларнинг тўхташ жойларини ижарага олиш

Турларни реализация қилиш ва уларнинг рекламаси билан шуғулланадиган ходимларнинг иш ҳақи;

янги турларни ўзлаштириш, шу жумладан ходимларнинг чет тили бўйича стажировкаси билан боғлиқ харажатлар;

туризм ташкилотининг туризм фаолияти билан шуғулланадиган бошқа ташкилотлар вакилларини қабул қилиш ва уларга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ вакиллик харажатлари;

реклама буюмларини ишлаб чиқиш ва чиқариш;

туризм агентлиги ходимларининг хизмат қатновлари;

алоқага харажатлар;

чет туризм агентликларига воситачилик, агентлик ҳақлари

 

 

Туризм маҳсулоти таннархига киритиладиган ишлаб чиқариш харажатларини гуруҳлаш:

1-вариант:

● туризм маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган ишлаб чиқариш моддий харажатлари;

● туризм маҳсулотини ишлаб чиқариш билан банд бўлган ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш харажатлари;

● ишлаб чиқариш тусидаги ижтимоий суғуртага ажратмалар;

● туризм маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган асосий воситалар ва номоддий активлар амортизацияси;

● ишлаб чиқариш тусидаги бошқа харажатлар.

2-вариант:

● чет ташкилотларнинг хизматларига харажатлар;

● ишлаб чиқариш ходимларининг фаолияти билан боғлиқ харажатлар;

● туризм маҳсулотини ишлаб чиқаришда иштирок этувчи туризм корхонаси бўлинмаларининг харажатлари;

● қўшимча харажатлар.

Туризм маҳсулоти таннархига киритиладиган ишлаб чиқариш харажатларини гуруҳлашнинг танланган усулини корхона ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур.

 

 

Туроператорнинг бухгалтерия ҳисобида ишлаб чиқариш харажатларини акс эттириш

Туроператорда бевосита ишлаб чиқариш харажатлари 2010-«Асосий ишлаб чиқариш» счётида ҳисобга олинади. Корхонада туризм маҳсулотини ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган айрим ишларни (хизматларни) бажарувчи алоҳида бўлинмалар (транспорт бўлими, меҳмонхона ва ҳ.к.) мавжуд бўлганда, уларнинг харажатлари 2310-«Ёрдамчи ишлаб чиқариш» счётида ҳисобга олинади.

Билвосита харажатлар одатда қўшимча харажатлар бўлиб, ­2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари» счётида акс эттирилади.

Ушбу харажатлар харажатларни ҳисобга олиш объектининг энг аниқ таннархини аниқлаш мақсадидан келиб чиқиб, корхона томонидан танланган тақсимлаш базаларидан бири асосида харажатларни ҳисобга олиш объектлари ўртасида:

● ҳисобга олиш объектига тааллуқли бевосита харажатларга;

● ҳисобга олиш объекти бўйича харажатларга тўғридан-тўғри киритиладиган ходимларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш суммасига;

● ҳисобга олиш объектларининг режали таннархига мутаносиб равишда ҳар ойда тақсимланади.     

Билвосита ишлаб чиқариш харажатларини тақсимлаш базасини корхонанинг ҳисоб сиёсатида қайд этиш зарур.

Бухгалтерия ҳисобида бу қуйидаги проводка билан расмийлаштирилади:

Дт 2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

Кт 2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари».

 

Турнинг таннархи калькуляцияси

Одатда туризмда калькуляциянинг буюртма усули қўлланилади, бунда аниқ туризм маҳсулотини ёки муайян аломатига (географик йўналиши, мавсумийлиги, чет ташкилотлар хизматларига бўлган ҳуқуқлар комплексини етказиб берувчи ва ҳ.к.) кўра бирлаштириш мумкин бўлган бир турдаги туризм маҳсулотлари гуруҳларини яратишга алоҳида буюртма харажатларни ҳисобга олиш объекти ҳисобланади.

 

1-МИСОЛ. «Зарафшон» туризм корхонаси туризм маҳсулотларини шакллантиради, уларга қуйидаги хизматлар киради: меҳмонхонада яшаш, авиапарвоз, трансфер, виза, суғурта, экскурсия дастури. Турни шакллантириш харажатларидан ташқари корхона қуйидаги харажатларни амалга оширади:

ишлаб чиқариш ходимларининг иш ҳақи ва ижтимоий суғуртага ажратмалар;

бинони ижарага олиш;

ишлаб чиқариш тусидаги алоқа хизматлари.

 

Корхона ҳисобида қуйидаги бухгалтерия проводкалари қилинади:

Хўжалик операциясининг мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Меҳмонхонада яшаш, авиапарвоз, трансфер, виза, суғурта, экскурсия дастурига харажатлар акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Ижара ва алоқа хизматига харажатлар акс эттирилди

 

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

Ишлаб чиқариш ходимларига иш ҳақи ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6710-«Меҳнат ҳақи бўйича ходимлар билан ҳисоблашиш»

 

Ишлаб чиқариш ходимларининг МҲТФдан ЯИТ ҳисобланди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

6520-«Давлат мақсадли жамғармаларига тўловлар»

 

Умумхўжалик харажатлари маҳсулот таннархига ҳисобдан чиқарилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

2510-«Умумишлаб чиқариш харажатлари»

 

Хизматлар кўрсатиш чоғида туризм маҳсулоти таннархи ҳисобдан чиқарилди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш»

 

 

Туризм маҳсулотини шакллантиришда туроператор чет ташкилотлар хизматларини сотиб олади. Бироқ уларнинг бир қисми сайёҳлар орасида талабгир бўлмаганлиги сабабли туризм маҳсулоти таркибида сотилмай қолиб кетиши мумкин. Масалан, экскурсовод хизматлари, шаҳар бўйлаб трансфер, чартер ёки доимий авиарейсдаги жойлар, меҳмонхонадаги хона. Корхона бундай хизматларни алоҳида ёки бошқа туризм маҳсулоти таркибида сотиши мумкин.

Бунда ушбу хизматларнинг харид қиймати аввалбошдан унинг учун сотиб олинган туризм маҳсулоти таннархига киритилмайди. Уларни сотишдан молиявий натижани аниқлаш учун у алоҳида ҳисобга олинади.

 

2-МИСОЛ. «Самарқанд» туризм корхонаси гуруҳ учун турни шакллантираётганда 10 000 000 сўмга 10 дона мунтазам авиарейсдаги жойлар блокини харид қилди. Бунда 8 000 000 сўмлик авиачипталарнинг бир қисми шакллантирилган ва сотилган тур таннархига киритилди. Таннархи 2 000 000 сўмлик авиарейсга иккита жой сотилмай қолди. Кейинчалик улар бошқа тур таркибида сотилди.

 

Туризм корхонаси ҳисобида қуйидаги проводкалар қилиниши керак:

Хўжалик
операциясининг
мазмуни

 

Дебет

 

Кредит

 

Сумма, сўм

 

Авиарейсдаги сотиб олинган жойлар блоки қиймати акс эттирилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 1-тур

 

6010-«Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга тўланадиган счётлар»

 

10 000 000

 

Дастлаб сотилган тур қийматига киритилган 8 та авиачиптани сотиб олиш харажатлари ҳисобдан чиқарилди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 1-тур

 

8 000 000

 

Сотилмаган жойлар таннархи иккинчи турга ўтказилди

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 2-тур

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 1-тур

 

2 000 000

 

Иккинчи сотилган тур қийматига киритилган 2 та авиачиптани сотиб олиш харажатлари ҳисобдан чиқарилди

 

9130-«Бажарилган иш ва кўрсатилган хизматларнинг таннархи»

 

2010-«Асосий ишлаб чиқариш», 2-тур

 

2 000 000

 

 

 

Ўзи ишлаб чиқарган туризм маҳсулотини илгари суриш ва сотиш билан бир қаторда, туризм корхонаси бошқа туроператорларнинг туризм маҳсулотини илгари суриши ва сотиши мумкин. Шунингдек авиачипталарни сотиш ёки суғурталаш бўйича агентлик хизматларини кўрсата олади. Бу ҳолда туризм корхонаси воситачилик фаолияти билан банд бўлган агент сифатида чиқади.

Бунда корхона амалга оширадиган фаолият турлари (туроператорлик, воситачилик) бўйича харажатлар алоҳида-алоҳида ҳисобга олинишини таъминлаши шарт.

 

Технологик йўқотишлар

Технологик йўқотишлар туроператорнинг қўшимча харажатларининг бир қисмини ташкил этади. Улар туризм маҳсулотини шакллантириш чоғида корхона томонидан харид қилиб бўлинган туризм хизматларининг бир қисми талабгир бўлмаганлиги сабабли юзага келади. Масалан:

● ташувчида ёки чартер дастурларининг бошқа ташкилотчисида транспорт воситасининг (чартер) тўла ёки қисман сиғимини фрахтлаш хизматлари;

● чартер ёки мунтазам рейсни бажарувчи транспорт воситасидаги (блок-чартер) жойлар блокини харид қилиш бўйича;

● меҳмонхона соҳасидаги ташкилотларда жойлаштириш ва яшаш бўйича.

 

Азизахон ТОШХЎЖАЕВА, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

Прочитано: 1453 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика