Norma.uz
Газета СБХ / 2018 год / № 23 / Нуқтаи назар

Улгуржи савдога лицензия нимага керак?

 

Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасида лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомиллари изчил равишда қисқартирилиб, соддалаштирилиб бормоқда. Президентнинг 11.04.2018 йилдаги ПФ-5409-сон Фармони туфайли улар 42 тага камайди. Бироқ 2018 йил 1 июндан бошлаб бекор қилинадиган тадбиркорлик фаолияти соҳасидаги лицензияланадиган фаолият ва рухсат бериш тартиб-таомилларининг айрим турлари рўйхатига (1-илова) улгуржи савдо киритилмаган. Бу нима билан боғлиқлиги аён эмас, сабаби Фармон лойиҳасида ушбу фаолият турини лицензиялашдан озод қилиш таклиф этилган эди.

 

Фикримизча, эҳтимолий «салбий» оқибатлардан хавфсираган амалдорлар эҳтиёткорлик юзасидан улгуржи савдони лицензиялаш тартибини сақлаб қолганлар. Бизнес бугунги кунда фаолият юритаётган ва 15 йил илгари улгуржи савдога рухсат гувоҳномасини (ВМнинг 26.11.2002 йилдаги 407-сон қарори билан тасдиқланган Низом), кейин эса лицензияни (21.09.2005 йилдаги ПҚ-186-сон қарор) ҳам олиш талаби қўйилганда фаолият юритгандаги шароитлар бир-биридан тубдан фарқ қилади.

2000 йиллардаги иқтисодий шароитда давлат улгуржи савдога «фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, соғлиғига, жамоат хавфсизлигига зарар етказиши мумкин бўлган ҳамда тартибга солиб турилиши лицензиялашдан ташқари усуллар билан амалга оширилиши мумкин бўлмаган фаолият» сифатида қараганлиги сабабли лицензиялаш жорий этилган.

Дарҳақиқат, конвертация мавжуд бўлмаган, нақд пул тақчил бўлган, солиқ солиш, шу жумладан импорт даражаси юқори бўлган шароитда улгуржи савдо кўриниши остида кўплаб нақдлаштирувчи идоралар ишлаган. Улар юз миллиардлаб сўмни солиқ солишдан яшириб ўтиб, солиқ органлари учун катта муаммолар туғдирганлар. Лицензиялаш, кейин эса улгуржи савдо корхоналари тушумига алоҳида солиқ солиш тартиби жорий этилиши билан уларнинг фаолиятини назорат қилиш ва давлат манфаатларига риоя этиш осонлашди.

Банкларда конвертациялаш ва нақд пул олиш ҳеч қандай муаммо туғдирмаган бугунги кунда улгуржи савдони лицензиялаш эскилик сарқитига айланиб, фақат бизнеснинг нормал ишлашига халақит бермоқда. У:

√ лицензия мавжуд бўлганда тушум саналмайдиган аксарият пул киримларидан ЯСТ бўйича 5 фоизлик аванс тўловларини тўлашига (АВ томонидан 14.01.2010 йилда 2065-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом);

√ улгуржи (лицензияланадиган) ва чакана (лицензияланмайдиган) савдони тартибга солувчи, бир хилда талқин қилиб бўлмайдиган ҳуқуқий нормаларга риоя этишига тўғри келади.

Амалиётда улгуржи ва чакана савдо ўртасида чегара белгилаш осон эмас. Улгуржи ва чакана савдо фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ (ВМнинг 407-сон қарори билан тасдиқланган):

улгуржи савдо – тижорат мақсадларида ёки ўз ишлаб чиқариш-хўжалик эҳтиёжлари учун фойдаланиш учун ҳисоб-китобларнинг нақдинасиз шаклида харид қилинадиган товарларни сотиш;

чакана савдо – савдо соҳасида якуний истеъмол учун, ундан тижорат мақсадларида фойдаланиш ҳуқуқисиз аҳолига товарларни доналаб ёки кўп бўлмаган миқдорларда нақд пулга сотишни назарда тутувчи фаолиятни амалга ошириш.

Ҳисоб-китобларнинг нақд-нақдинасиз шакли ва реализация қилинаётган товар миқдори савдо турини идентификациялаш мезонлари сифатида қўлланилади. Шу ўринда саволлар юзага келади:

«кўп бўлмаган миқдорларда» таърифи нимани англатади – бу қанча?

√ улгуржи савдода кўп бўлмаган миқдорларда сотиш мумкин эмасми?

√ нима учун чакана савдода товарларни нақдинасиз шаклда реализация қилиш мумкин эмас?

Ривожланаётган бозор шароитида савдонинг ҳажм-миқдор тавсифи сифатида «чакана» тушунчасидан фойдаланиш ўзини оқламайди, чунки олди-сотди предмети бўлган товарлар миқдори нафақат савдо фаолиятини, балки харидор эҳтиёжлари ва сотувчининг ушбу эҳтиёжларни қондириш имкониятини акс эттиради. Савдонинг иккала тури орасига тўсиқ ўрнатиш – ҳам бизнесга, ҳам истеъмолчиларга катта қийинчиликлар туғдириш демак.

407-сон Низомда чакана савдога товарларни нақдинасиз ҳисоб-китоб бўйича (ойлик товар обороти умумий ҳажмининг 10%и доирасида) ва чекловларсиз – корпоратив пластик карточкалар орқали сотишга рухсат берилган. Бунда товарларни фақат ижтимоий соҳа ташкилотлари ва муассасалари учун товар обороти умумий ҳажмининг 10%идан ортиқ нақдинасиз ҳисоб-китоб бўйича реализация қилишга рухсат берилади. Яна савол туғилади:

√ нима учун 15% ёки 25% эмас, балки 10%?

√ ижтимоий соҳага, масалан, мавжуд товарларнинг 100%ини сотиш мумкинми?

√ ушбу фоизларни ким қандай қилиб назорат қилади ва бу нима учун керак?

Бу тобора қийинлашиб бормоқда, сабаби товарларнинг аксарият қисмини пластик карточкалар орқали ҳам чакана, ҳам улгуржи сотиш ҳоллари тобора кўпайиб бормоқда. Банк пластик карточкаларидан фойдаланган ҳолда амалга ошириладиган ҳисоб-китоблар эса нақдинасиз ҳисоб-китоб қилиш шаклларига киради (АВ томонидан 3.06.2013 йилда 2465-сон билан рўйхатдан ўтказилган Низом). Яъни ҳисоб-китобларнинг нақд ёки нақдинасиз тури улгуржи ва чакана савдони ажратиш мезони сифатида ишламай қўйди. Амалда чакана савдо бугунги кунда товарни нақдинасиз ҳисоб-китоб йўли билан чекловларсиз сотиш имконига эга. Бу жуда яхши, чунки сўмнинг мустаҳкамланишига замин яратади, нақд ва нақдинасиз пулнинг қадри тенглашишини таъминлайди.

Улгуржи савдода ҳам улгуржи ва чакана шакл ўртасидаги тўсиқлар олиб ташланмоқда. Бир томондан, товарлар фақат тузилган шартномалар асосида ва ўзаро ҳисоб-китобларнинг нақд пулсиз шаклида улгуржи сотилиши мумкин (407-сон Низомнинг 10-банди). Бошқа томондан, улгуржи савдо корхоналарига ўзининг фирма дўконлари орқали нақд пулга майда улгуржи ва чакана савдони амалга оширишга рухсат берилган (30.06.2003 йилдаги ПФ-3270-сон Фармоннинг 4-банди).

Улгуржи савдони лицензиялашдан электрон тижорат «чиқариб ташланди» – жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб «тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижоратдан фойдаланиш орқали сотиладиган товарлар айланмаси уларнинг ҳажмидан қатъи назар, чакана савдо ҳисобланади» (19.02.2018 йилдаги ПФ-5349-сон Фармоннинг 7-банди).

 

Шу тариқа, қонун ҳужжатларида улгуржи ва чакана савдо ўртасидаги тафовут босқичма-босқич олиб ташланмоқда. Назарияда ишлаб чиқарувчилар ўз маҳсулотларини улгуржи савдо корхоналарига, улар эса – чакана корхоналарга, улар ўз навбатида – истеъмолчиларга сотадилар. Бироқ амалда улгуржи корхоналар чакана савдо билан шуғулланиши, чакана корхоналар эса маҳсулотларни нақдинасиз ҳисоб-китоб йўли билан чекланмаган миқдорда сотиши мумкинлигига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Улгуржи савдони лицензиялаш тартиби ҳам либераллаштирилмоқда. Қуйидаги лицензия талаблари ва шартлари сақланиб қолди:

● Ўзбекистон Республикасининг улгуржи савдо фаолиятини амалга оширишни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига риоя қилиш;

● мажбурий тартибда сертификатланиши керак бўлган товарлар сотилган тақдирда мувофиқлик сертификатлари ёки маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарда сертификатланганлиги тўғрисидаги маълумотлар ёхуд уларнинг нусхалари мавжуд бўлиши (ВМнинг 5.11.2005 йилдаги 242-сон қарори билан тасдиқланган Низомнинг 9-банди).

Энг кам иш ҳақининг 3 500 бараваридан кам бўлмаган миқдорда шакллантирилган устав фонди мавжудлиги ҳақидаги талаб бекор қилинди (16.01.2018 йилдаги ПФ-5303-сон Фармоннинг 3-банди).

Сертификатларнинг мавжуд бўлиши товарларни реализация қиладиган ёки хизматларни кўрсатадиган барча хўжалик юритувчи субъектлар учун умумий шарт ҳисобланади. Фаолиятни тартибга солувчи қонун ҳужжатларига эса нафақат улгуржи корхоналар, балки чакана корхоналар ҳам риоя этиши керак.

 

Яна бир савол юзага келади: улгуржи ва чакана шакл ўртасидаги тўсиқлар кетса, улгуржи савдони лицензиялаш тартиби амалда расмиятчилик тусига эга бўлса – улгуржи савдони лицензиялашнинг нима кераги бор?

Шу сабабли савдо фаолияти учун шароитларни янада либераллаштириш, шунингдек солиқ тизимини соддалаштириш ва бирхиллаштиришни назарда тутувчи солиқ ислоҳоти амалга оширилишини таъминлаш учун қуйидагича йўл тутиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз:

1) биринчи навбатда ҳисоб-китобларнинг нақд-нақдинасиз шакли ва реализация қилинаётган товар миқдоридаги фарқ ҳисобига улгуржи ва чакана савдо тавсифларидаги фарқларни йўқотиш;

2) улгуржи савдонинг лицензияланишини бекор қилиш;

3) барча савдо субъектлари – улгуржи, улгуржи-чакана, чакана ва якка тартибдаги меҳнат фаолияти учун солиқ солишнинг ягона шартларини жорий этиш.

Жорилла АБДУЛЛАЕВ,

иқтисодий шарҳловчи.

 

Прочитано: 1792 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика