Ўзбекистон норезиденти (Россия фуқароси) мерос қилиб олган Тошкент шаҳридаги квартирани ЎзР резидентига сотмоқчи. Хусусийлаштирилган квартиранинг кадастр қиймати 6 млн сўм бўлган. Мерос расмийлаштирилаётганда ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими томонидан қиймат 102 млн сўм этиб қайта ҳисобланган.
Тўлов манбаи норезидент жисмоний шахснинг даромадидан олинадиган солиқни қайси қийматдан ва қанча миқдорда тўлайди?
Н.Днепров.
– 102 млн сўмга тенг кўчмас мулкни реализация қилиш қийматининг кадастр қийматидан ортиқ суммасига солиқ солинади. Бу сумма норезидент жисмоний шахснинг даромади ҳисобланади ва ундан 20%лик ставкада солиқ ушлаб қолинади (Солиқ кодексининг 160-моддаси).
Кўчмас мулк Ўзбекистонда жойлашганлиги сабабли норезидент – РФ фуқаросининг даромадларига Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида даромаддан ва мулкдан олинадиган солиқларнинг иккиёқлама қўлланилишига йўл қўймаслик тўғрисидаги битимга (6, 13-моддалари, Москва, 2.03.1994 йил) мувофиқ ЎзРда солиқ солиниши мумкин.
Мерос қилиб олинган кўчмас мулк бўйича мол-мулкни реализация қилишдан олинган даромад кадастр қиймати билан реализация қилиш нархи ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади (Солиқ кодексининг 176-моддаси 4-банди).
Сиз кўрсатган «қайта ҳисобланган» қиймат (102 млн сўм) ҳам кадастр қиймати ҳисобланади. Агар у Солиқ солиш мақсадида жисмоний шахсларга тегишли бўлган кўчмас мулк объектларининг кадастр қийматини ҳисоблаш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 30.12.2017 йилдаги 1043-сон қарорига 1-илова) мувофиқ ҳисобланган бўлса, жисмоний шахсларнинг мол-мулкига солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида ҳам қўлланилади.
Низомга мувофиқ мол-мулкка солинадиган солиқни ҳисоблаб чиқариш мақсадида белгиланган 2018 йил учун кўчмас мулк объектининг кадастр қиймати тўғрисидаги маълумотлар http://odnookno.uz/ru/services/uznat-svoyu-inventarnuyu-stoimost/ ҳаволаси орқали ҳам тақдим этилади.
Жавобларни «Norma» МЧЖ экспертлари тайёрладилар.