Norma.uz
Газета Норма маслахатчи / 2018 год / № 18 / Қонунчиликдаги янгиликлар

Янги ҳужжатларни тақдим этамиз

 

Тақдим этилаётган, шунингдек сўнгги пайтда қабул қилинган бошқа ҳужжатларнинг тўлиқ матни билан «Norma» АҚТ ва nrm.uz сайтида танишиб чиқишингиз мумкин.

 

 

Давлат органлари ОАВ сўровига 7 кун ичида жавоб беришлари керак

 

18.04.2018 йилдаги ЎРҚ-476-сон Қонун билан «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» ва «Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

 

Биринчидан, ОАВни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш усуллари белгиланди, хусусан, булар:

► солиқлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар ва тарифлар бўйича имтиёзлар ҳамда преференциялар бериш;

► давлат субсидиялари, давлат грантлари ва давлат ижтимоий буюртмалари тизими орқали молиявий қўллаб-қувватлаш;

► моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича комплекс чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

► таҳририятлар ходимларини ижтимоий қўллаб-қувватлаш;

► ОАВни қўллаб-қувватлаш жамғармалари фаолиятини ташкил этиш;

► таҳририятлар ходимларини тайёрлашга, қайта тайёрлашга ва уларнинг малакасини оширишга кўмаклашиш.

Иккинчидан, ОАВ сўровини давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига юбориш тартиби жорий этилди. Давлат органларига мансабдор шахсларнинг интервьюсини олиш, шунингдек уларнинг фаолияти тўғрисида ахборот олиш учун мурожаат этиш оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда бўлиши мумкин. Сўров 7 кун муддатда кўриб чиқилади. Рад этиш тўғрисида  қарор қабул қилинган тақдирда асослантирилган жавоб юборилади.

Учинчидан, веб-сайт ва даврий босма нашрнинг (газеталар, журналлар, ахборотномалар ва бошқалар) электрон версияси каби ОАВнинг бундай турлари мазмунига қўйиладиган талаблар регламентга солинди. Бу ахборот ресурсларида қуйидаги маълумотлар кўрсатилиши керак:

► даврий нашрнинг номи;

► давлат рўйхатидан ўтказилган санаси ва гувоҳнома рақами;

► муассиснинг номи (ФИО);

► бош муҳаррирнинг ФИО;

► индекс, таҳририятнинг жойлашган ери (почта ва электрон манзили).

Тўртинчидан, ОАВни давлат рўйхатидан ўтказиш рад этилганлиги тўғрисида ариза берувчини хабардор қилиш муддати қисқартирилди. Агар илгари қарор чиқарилгандан кейин 10 кунда берилган бўлса, эндиликда буни 1 кун ичида амалга ошириш зарур.

Бешинчидан, журналист ОАВда ҳақиқатга мос келмайдиган материалларни тарқатганлик учун жавобгар бўлмайдиган ҳоллар аниқлаштирилди. Бу қуйидаги маълумотларга тааллуқли:

► агар бу маълумотлар расмий хабарлардан, НҲҲдан ёки расмий статистика ҳисоботлари маълумотларидан олинган бўлса;

► ахборот агентликлари ёки давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг матбуот хизматлари орқали, шунингдек уларнинг расмий веб-сайтларидан олинган бўлса;

► агар бу маълумотлар олдиндан ёзиб олинмасдан эфирга бериладиган муаллифлик чиқишларида мавжуд бўлса ёки чиқишларнинг сўзма-сўз такрорланиши (стенография, аудио-, видеоёзуви) бўлса.

Олтинчидан, журналистларнинг касбга оид одоб-ахлоқ қоидаларига риоя қилиш мажбурияти қонуний асосда мустаҳкамланди. Улар журналистнинг шахсига ва ўз касбига доир вазифаларни бажариш чоғида унинг хулқ-атворига қўйиладиган талабларни ўз ичига олади. Одоб-ахлоқ қоидалари журналистларнинг ва ОАВнинг бирлашмалари томонидан белгиланади.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Ер ости бойликларидан фойдаланиш соҳасида жарималар 10 ва ундан кўп марта оширилди

 

Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритилди.

 

Ер ости бойликларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш талабларини (МЖТКнинг 70-моддаси) бузганлик учун маъмурий жавобгарлик кучайтирилди.

Фойдали қазилмалар жойлашган майдонларга ўзбошимчалик билан иморатлар қуриш; фойдали қазилма конларини экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда кон назорати органлари билан келишмай туриб ишга солиш; ер ости бойликларидан фойдаланиш талаблари ва тартибини бузиш; ер ости бойликларини муҳофаза қилиш қоидаларини ва табиий муҳитни, бинолар ва иншоотларни ер ости бойликларидан фойдаланиш билан боғлиқ бўлган ишларнинг зарарли таъсиридан муҳофаза қилиш талабларини бажармаслик; ер ости сувлари режимини кузатиш учун қазилган қудуқларни, маркшейдерлик ва геологик белгиларни йўқ қилиш ёки шикастлантириш, худди шунингдек ерга эгалик қилувчилар ва ердан фойдаланувчилар томонидан умумтарқалган фойдали қазилмалардан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши:

► фуқароларга – 1 дан 20 ЭКИҲгача (илгари – 1 дан 2 ЭКИҲгача бўлган);

► мансабдор шахсларга – 30 дан 50 ЭКИҲгача (илгари 3 дан 5 ЭКИҲгача бўлган) жарима солишга сабаб бўлади.

Конларнинг бой участкаларини танлаб ишлатиш, минерал хом ашёни қазиб олаётганда ва қайта ишлашда фойдали қазилмаларни нормативдан ортиқ нобуд қилиш, фойдали қазилма конларини яроқсиз ҳолга келтириш ва фойдали қазилма захираларидан оқилона фойдаланиш талабларини бошқача тарзда бузганлик учун мансабдор шахсларга – 10 дан 30 ЭКИҲгача жарима солинади (илгари 1 дан 3 ЭКИҲгача бўлган).

Маркшейдерлик ҳужжатларини йўқотиш; тугатилаётган ёки консервация қилинаётган конларни ва бурғиланган қудуқларни аҳолининг хавфсизлигини таъминловчи ҳолатга келтириб қўйиш талабларини, шунингдек консервация вақтида конларни, қазилаётган жойларни ва бурғиланган қудуқларни муҳофаза этиш талабларини бажармаганлик мансабдор шахслар – 10 дан 30 ЭКИҲгача жаримага тортилади (илгари 1 дан 3 ЭКИҲгача бўлган).

Юқорида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни маъмурий жазо чораси қўллангандан кейин бир йил давомида такрор содир этиш:

► фуқароларга – 20 дан 50 ЭКИҲгача (илгари 1 дан 3 ЭКИҲгача бўлган);

► мансабдор шахсларга – 50 дан 100 ЭКИҲгача (илгари 3 дан 7 ЭКИҲгача бўлган).

Дарёларнинг ўзанларини тозалашга ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун маъмурий жавобгарлик жорий этилди (МЖТКнинг 70-1-моддаси). Бунинг учун фуқароларга 30 дан 50 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса 50 дан 100 ЭКИҲгача жарима солинади. Ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни (махсус техника ва ускуналар: лебёдка, экскаваторлар, бульдозерлар ва ҳ.к.) ёки унинг бевосита ашёсини мусодара қилиб фуқароларга 50 дан 70 ЭКИҲгача, мансабдор шахсларга эса 100 дан 150 ЭКИҲгача жарима солишга сабаб бўлади.

Мазкур тоифадаги ишларнинг судга тааллуқлилиги содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарлик таркибига боғлиқ. Биринчи марта содир этилган ҳуқуқбузарликлар (МЖТКнинг 70-1-моддаси 1-қисми) Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ваколатига, такрор содир этилганлари эса (МЖТКнинг 70-1-моддаси 2-қисми) маъмурий судлар ваколатига киритилди.

Бунда ҳуқуқбузарларни маъмурий ушлаб туриш ички ишлар органлари ходимлари ва Экология давлат қўмитаси органлари мансабдор шахслари томонидан амалга оширилади. Ушлаб туриш сабаблари бартараф этилгунига ва иш кўриб чиқилгунига қадар транспорт воситаларини ушлаб туриш ва кўрикдан ўтказиш ҳуқуқи фақат Экология давлат қўмитаси органлари мансабдор шахсларига тегишли.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга кадастр ҳужжатлари берилади

 

Президентнинг 20.04.2018 йилдаги ПФ-5421-сон Фармони билан фуқароларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган турар жойларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акциясини ўтказиш маъқулланди (Фармон матни «СБХ» ушбу сонининг ҳужжатлар пакетида чоп этилмоқда).

 

Фуқароларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкалари ёки иморат қуриш учун рухсатнома олмасдан қурилган турар жойларига нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш бўйича бир марталик умумдавлат акцияси эълон қилинди.

Акция 2019 йил 1 майга қадар давом этади.

Мулк ҳуқуқини эътироф этиш ва кадастр ҳужжатларини бериш учун 2 та шарт қўйилади:

► ушбу ер участкаси (участканинг бир қисми) унга қонун ҳужжатларига мувофиқ турар жой қуриш учун ажратилиши мумкин бўлмаган ер майдонида жойлашмаган бўлиши;

► ўзбошимчалик билан қурилган иморат шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари талабларини бузмаётган бўлиши, шунингдек, унинг сақлаб қолиниши бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги ёхуд фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдирмаслиги керак.

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқи эътироф этилмайдиган аниқ ҳолатлар Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланади.

 

Бу – муҳим! Фармон қабул қилингандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатлар эътироф этилмайди. Бундан ташқари, бир марталик акциянинг амал қилиш муддати тугагандан кейин ўзбошимчалик билан қурилган иморатларга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш имконияти тўғрисидаги фуқаролик қонунчилиги нормалари бекор қилинади (ФКнинг 212-моддаси).

 

Механизм ишлаши учун Вазирлар Маҳкамаси Кўчмас мулкка нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш ишларини ташкил этиш бўйича комиссияни тузади. Комиссиянинг тақдимномасига кўра туман (шаҳар) ҳокими ўзбошимчалик билан қурилган иморатни ­эътироф этиш тўғрисида қарор қабул қилади. ЭКИҲнинг 5 баравари миқдорида бир марталик йиғим тўлашга тўғри келади. Бунда умумий мулк тўғрисидаги фуқаролик ва оила қонунчилиги қоидаларига риоя этилади (масалан, эр ва хотиннинг умумий мулки тўғрисидаги).

Ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этишда мулкдорга у қурилган ер участкасига (участканинг бир қисмига) қонун ҳужжатларида белгиланган нормалар доирасида мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи берилиб, ортиқча қисми Солиқ кодексининг 121-моддасида назарда тутилган жарима солинмасдан захира ерларига олиб қўйилади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 19.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

Самир Латипов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

Муҳтож хотин-қизларга имтиёзли шартларда уй-жой берилади

 

Арзон уй-жойларни бериш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 12.04.2018 йилдаги 285-сон қарори билан тасдиқланди.

 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази томонидан Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди таъсис этилди, у шу жумладан уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож хотин-қизларга ёрдам кўрсатади.

 

Арзон уй-жойларни ажратиш шартлари

Қуйидаги муҳтож хотин-қизлар арзон уй-жойларни олишлари мумкин:

► оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган;

► ногиронлиги бўлган;

► кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган оналар.

Уларга арзон уй-жойлар Президентнинг 21.10.2016 йилдаги ПҚ-2639-сон (қишлоқ жойларда) ва 23.10.2017 йилдаги ПҚ-3350-сон (шаҳарларда) қарорларида назарда тутилган дастурлар асосида берилади. Ҳар йили ажратиладиган уй-жойлар сони Президентнинг 22.12.2016 йилдаги ПҚ-2691-сон қарорида назарда тутилган туманлар ва шаҳарлар тоифасига (I ёки II) боғлиқ бўлади.

Уй-жойлар қиймати қуйидагича қопланади:

25%и (бошланғич бадал) – Фонд, талабгор ишлаётган ташкилот, шунингдек тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига;

75%и – ипотека асосида тижорат банкларининг имтиёзли кредитлари ҳисобига.

Кредит дастур иштирокчисининг ўз маблағлари ҳисобидан тўланади. Аёл кам таъминланган оиладан бўлса ва доимий даромадга эга бўлмаса, кредит қуйидагилар ҳисобига қопланиши мумкин:

► у ишлаётган ташкилот;

► Ўзбекистон Касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши;

► «Маҳалла» хайрия жамоат фонди ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар.

 

Имтиёзли уй-жой олиш дастурида иштирок этиш тартиби

Яшаш шароитини яхшилаш мақсадида уй-жойга муҳтож хотин-қизлар доимий яшаш жойидаги ҳудудий комиссияга ариза билан мурожаат қилишлари лозим. Комиссиялар тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузурида ташкил этилган бўлиб, арзон уй-жойлар дастурида иштирок этиш учун талабгорларни танлаб олиш билан шуғулланадилар. Улар ариза ва аёлнинг яшаш шароитларини ўрганадилар, шундан кейин, ижобий қарор қабул қилинган тақдирда, имтиёзли кредит асосида уй-жой олиш учун ёзма тавсия берадилар.

Дастурга киритилган талабгорлар рўйхати ҳудудий хотин-қизлар қўмиталарига берилади, улар рўйхатларни умумлаштириб, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасига тақдим этадилар. Улар эса инжиниринг компаниялари билан биргаликда, тақдим этилган муҳтож хотин-қизларнинг умумлаштирилган рўйхати асосида уй-жойларни қуриш учун зарур маблағларни аниқлайдилар. Шундан сўнг талабгорларнинг жамғарма омонат ҳисобрақамига бошланғич бадал ўтказилиши таъминланади. Аёллар инжиниринг компанияси филиали билан дастлабки шартнома тузадилар ва тегишли тижорат банки филиалига ипотека кредити ажратишни сўраб ариза берадилар.

Яшаш шароитини яхшилашга эҳтиёжманд талабгорлар ижтимоий мезонларни баҳолаш орқали танлаб олинади. Улар орасида: бир неча оиланинг бир уйда (бир хонадонда) яшаши, икки ёки ундан ортиқ фарзанди борлиги, оиласининг даромади, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган ёлғиз аёллар ва б.

Уй-жойга муҳтожлик даражаси ҳар бир мезон бўйича қўйиладиган баллардан келиб чиқиб аниқланади.

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 13.04.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

Прочитано: 1454 раз(а)

Комментарии к статье (1)

Ошибка: Xbb_Tags_Color не найден.Ошибка: Xbb_Tags_A не найден.
2018-05-11 10:18:07, Гость_1:
Если Вы являетесь клиентом компании Norma (подписчиком годового комплекта электронной/печатной версии газет или пользователем программного продукта "Законодательство РУз", заключившим договор на 12 месяцев), Вы можете задать вопросы экономико-правовой тематики,  воспользовавшись Справочной службой «Мы отвечаем»!

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика