Norma.uz

Шартига тўғри келса

 

Меҳнат қилаётган спорт фахрийларига – 100% пенсия. Бу тартиб Президентнинг «Жисмоний тарбия ва спорт соҳасида давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонида (5.03.2018 йилдаги ПФ-5368-сон) назарда тутилган.

 

Жисмоний тарбия ва спорт ташкилотлари, шунингдек, таълим муассасалари ва спорт ташкилотларида меҳнат қилаётган спорт фахрийлари фаолиятнинг бошқа ҳақ тўланадиган турлари билан шуғулланмаганлари тақдирда пенсияни тўлиқ миқдорда олиш ҳуқуқига эга бўлдилар (ПФ-5368-сон Фармоннинг 8-банди).

 

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 6.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Маълумотлар базасини тўлдиради

 

Вазирлар Маҳкамасининг 15.03.2018 йилдаги 203-сон қарори билан Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларига тиббий-ижтимоий ёрдам кўрсатиш соҳасидаги фаолиятга ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар дастури тасдиқланди.

 

Жорий йил 1 июнгача Кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламларининг автоматлаштирилган ягона электрон реестри ишлаб чиқилиб, фойдаланишга топширилиши лозим. Унинг асосий вазифаси – давлат органлари ўртасида маълумотлар алмашишни таъминлаш, бюджет маблағлари мақсадсиз сарфланишининг олдини олиш ва суиистеъмол қилиш ҳолатларига йўл қўймаслик.

1 августга келиб бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг базасидан ва бошқа манбалардан пенсия ва нафақалар олувчилар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлари тўғрисидаги мавжуд маълумотлар унга киритилади. Октябрь ойига қадар Реестр кексалар ва ногиронларга ижтимоий хизматлар ва ёрдам кўрсатиш жараёнларида иштирок этаётган органлар ва ташкилотларнинг маълумотлар базалари билан интеграциялаштирилади.

Ушбу Реестр «Ижтимоий ҳимоя» идоралараро ахборот тизимининг бир қисмига айланади. Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш соҳасида қуйидаги интерактив давлат хизматлари ҳам у орқали кўрсатилади:

√ кекса ва ногирон кишининг электрон карточкасини юритиш, шунингдек ижтимоий хизматларнинг алоҳида дастурини ишлаб чиқиш;

√ ТМЭКда текширувдан ўтиш ва алоҳида реабилитация дастурининг электрон шаклини яратиш;

√ Миллий ва ҳудудий реабилитация марказларида реабилитация қилиш;

√ протез-ортопедия маҳсулотлари, реабилитация техник воситалари ва кресло-коляскалар билан таъминлаш;

√ санаторий-курортларда даволаниш;

√ интернат муассасаларига жойлаштириш;

√ уйда хизматлар кўрсатиш, ижтимоий хизматлар алоҳида дастурининг электрон шаклини яратиш;

√ дори-дармонларни ҳисобга олиш ва бериш;

√ қарорлар қабул қилувчи шахсларнинг мониторларида таҳлилий ахборотни акс эттирган ҳолда тақдим этиладиган хизматларнинг кўрсатилиши, ҳажми ва сифатининг мониторинги;

√ ногиронлиги бўлган шахсларни иш билан таъминлаш, қайта ўқитиш ва малакасини оширишни ташкил қилиш, шунингдек иш ўринларини захирага олиш ва ушбу иш ўринларида ишга жойлаштиришни назорат қилиш;

√ кекса ва ногирон кишининг электрон карточкаси архивини юритиш.

«Ижтимоий ҳимоя» ИАТ 2020 йил 1 июнгача ишлаб чиқилиб, босқичма-босқич жорий этилади. Ўша йилнинг августига келиб тизим «Электрон ҳукумат» тизимининг Идоралараро интеграция платформасига уланиши керак.

Дастурда кўриш қобилияти бузилган шахслар учун овозларни қайта эшиттириш бўйича ихтисослаштирилган дастурий маҳсулотларни жорий этиш ва АКТ инфратузилмасини ривожлантириш ҳам назарда тутилган.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) эълон қилинган ва 16.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

Олег Заманов, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Реабилитация билан махсус жамғарма шуғулланади

 

Вазирлар Маҳкамасининг 9.03.2018 йилдаги 190-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси тўғрисида низом тасдиқланди.

 

Ҳужжат Президентнинг «Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Фармонини (1.12.2017 йилдаги ПФ-5270-сон) бажариш мақсадида қабул қилинди.

Жамғармани ташкил этишдан мақсад:

√ ногиронлиги бўлган шахсларнинг аҳволини яхшилаш;

√ уларга тиббий-ижтимоий ёрдам бериш ва реабилитация сифатини ошириш;

√ протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилишга ва технологик янгилашга кўмаклашиш.

Жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари:

√ ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик, шунингдек уларни ишга жойлаштириш учун иш жойларининг энг кам миқдорини яратишга доир маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг қарорлари бажарилмаганлиги учун белгиланган тартибда солинадиган жарималар суммасининг 10%и миқдоридаги ажратмалар;

√ юридик ва жисмоний шахсларнинг, халқаро ташкилотларнинг ҳомийлик хайриялари ҳамда тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма молиялаштирадиган тадбирлар:

√ ногиронлиги бўлган шахсларни протез-ортопедия буюмлари, техник реабилитация воситалари ва кресло-аравачалар билан таъминлаш;

√ ногиронлиги бўлган шахсларни реабилитация қилиш, организмнинг издан чиққан ёки йўқолган функцияларини тиклаш ва уларни компенсация қилиш, ҳаёт фаолияти чекланганлигини бартараф этиш;

√ мазкур шахсларга жамият ҳаётида бошқа фуқаролар билан тенг иштирок этиш имкониятларини яратиш;

√ ногиронлиги бўлган шахслар учун йўналтирилган ихтисослаштирилган таълим муассасалари фаолиятига кўмаклашиш;

√ улар учун ихтисослаштирилган иш ўринларини ташкил этиш;

√ протез-ортопедия буюмлари ва техник реабилитация воситаларини ишлаб чиқаришни модернизация қилиш.

Жамғарма маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши Жамғарма Кенгаши томонидан назорат қилинади. Унинг таркибига ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи ва кўмаклашувчи жамоат бирлашмалари вакиллари киритилади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 12.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

 

 

Ногиронлиги бўлган шахснинг иш ўрни

 

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг буйруғи (16.03.2018 йилда 2983-сон билан рўйхатдан ўтказилган) билан Ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланувчи корхоналар, муассасалар ва ташкилотларда ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш натижалари бўйича санитария-техник ҳолатни паспортлаштириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

 

Ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларини аттестациядан ўтказиш Иш ўринларини меҳнат шароитлари ва асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилиги юзасидан аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомга (ВМнинг 15.09.2014 йилдаги 263-сон қарори билан тасдиқланган) мувофиқ амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, ногиронлиги бўлган шахслар банд бўлган иш ўринларини аттестациядан ўтказиш доирасида:

√ ногиронлиги бўлган шахсларнинг ишлаши учун махсус мосламалар мавжудлиги, ишлаб чиқариш хоналари ногиронлик аравачаларидан фойдаланувчи шахслар, кўриш қобилияти хиралашган ва эшитиш қобилияти бузилган шахслар учун тегишли қурилмалар билан жиҳозланганлиги, шунингдек иш мебелининг антропометрик талабларга мувофиқлиги баҳоланади;

√ аттестация комиссияси ҳар бир ана шундай ходимга гуруҳлар ва ногиронлик сабаблари бўйича белгиланган тартибда (тиббий-меҳнат эксперт комиссияси томонидан) берилган ҳужжатлар ва маълумотномаларни тайёрлаши шарт.

Унинг натижалари бўйича ташкилотнинг аттестация комиссияси ташкилот раҳбари томонидан тасдиқланадиган паспортни тузади. У титул варақ, 4 та жадвал ва битта маълумотлар шаклидан иборат бўлиб, улар қуйидагилар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олади:

√ ташкилотнинг номи ва манзили, идоравий мансублигини кўрсатган ҳолда (титул варақ);

√ ташкилот ходимлари, шу жумладан аёллар ва барча гуруҳдаги ногиронлар;

√ ногиронлиги бўлган шахсларнинг эҳтиёжлари учун мослаштирилган санитария-гигиена, ёрдамчи хоналар ва жиҳозлар, шунингдек улар учун яратилган қулайликлар;

√ ногиронлиги бўлган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланиладиган бўлинмалар (цехлар), ихтисослаштирилган жойлар сони ва меҳнат шароитларини кўрсатган ҳолда.

Паспортга иш жойининг меҳнат шароитлари харитаси – иш ўрнида меҳнатнинг амалдаги шароитлари, белгиланган кафолатлар ва преференциялар тўғрисидаги маълумотлар, шунингдек ушбу иш ўрнида меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича тавсиялар мавжуд бўлган ҳужжат илова қилинади.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида (lex.uz) расман эълон қилинган ва 17.03.2018 йилдан кучга кирди.

 

Ленара Хикматова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Расмий жавоб

 

ЖШДС ва суғурта бадаллари

 

Мен контракт бўйича Россия Федерациясида ишладим, бўлғуси пенсиям учун Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўламоқчиман. Бироқ солиқ органлари даромадларим тўғрисида декларация топшириб, даромад солиғини тўлашимни талаб қилмоқдалар. Улар ҳақлими? Зеро ВМнинг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорида бу ҳақда ҳеч нима дейилмаган-ку?

Х.А. Тошкент ш.

 

– Ҳа, солиқ хизмати ходимлари ҳақли. Вазирлар Маҳкамасининг 22.02.2016 йилдаги 46-сон қарорида фақат Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлаш масалалари тартибга солинган.

Даромадлар тўғрисида декларация топшириш ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш масаласи Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодекси билан тартибга солинади.

Солиқ кодексининг 189-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан ташқаридаги манбалардан олинган даромадларга жисмоний шахснинг жами йиллик даромади тўғрисидаги декларация асосида мажбурий солиқ солинади.

Декларацияни доимий яшаш жойидаги солиқ органига ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 апрелидан кечиктирмай тақдим этиш зарур.

Жисмоний шахслар – Ўзбекистон Республикасининг резидентлари даромадлар тўғрисидаги декларациянинг маълумотлари асосида ҳисоблаб чиқарилган ЖШДСни ўтган солиқ давридан кейинги йилнинг 1 июнидан кечиктирмай тўлайдилар.

Улар ҳисоблаб чиқарилган ЖШДСни хорижий давлатда жойлашган банк ҳисобварағидан чет эл валютасида тўлаши мумкин. Бунда миллий валютада ифодаланган солиқ у тўланган санада Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан белгиланган курс бўйича чет эл валютасида қайта ҳисоблаб чиқилади.

Шуни ёдда тутиш лозимки, республикамиздан ташқарида тўланган, ўзбекистонликлардан олинадиган ЖШДС суммалари Ўзбекистонда солиқ тўлашда Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳисобга олинади. Тўланган солиқ суммасини ҳисобга олиш учун чет давлат ваколатли органининг маълумотномаси ёки ушбу далилни тасдиқловчи бошқа ҳужжат асос бўлади.

 

Маълумот учун! Даромадлар ва мулкка иккиёқлама солиқ солмаслик тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасидаги Битим (Москва, 2.03.1994 йил) Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг 6.05.1994 йилдаги 1075-XII-сон қарори билан ратификация қилинган, 1995 йил 27 июлдан кучга кирган.

 

 

 

Нафақа – суднинг ҳал қилув қарорига мувофиқ?

 

Ходимимизнинг қарамоғида 2 ёшга тўлмаган фарзанди ва қонуний никоҳидаги турмуш ўртоғи бор. Улар ижарага олинган квартирада яшайдилар (квартирани ижарага олиш шартномаси бор). Ходимимизнинг қонуний никоҳидаги турмуш ўртоғи бошқа манзилда бувиси билан бирга прописка қилинган. Ходимимизнинг ҳар бир оила аъзосига тўғри келадиган даромади энг кам иш ҳақи миқдорининг 2 бараваридан паст. Маҳаллада 2 ёшга тўлмаган болани парваришлаш нафақасини тайинлашдан бош тортишган. Даромадни ҳисоблашда маҳалла камиссияси ходимимизнинг иш ҳақига қонуний никоҳидаги турмуш ўртоғининг бувисига тегишли пенсияни ҳам қўшган. Уларнинг бувилари билан бирга яшамасликлари ва биргаликда хўжалик юритмасликлари тўғрисидаги эътирозлари эътиборга олинмаган. Нафақа тайинлашни сўраб ариза берилган пайтда улар квартирани ижарага оладиган бошқа маҳалладан маълумотномаларни тақдим этганлар.

1. Киши бир манзилда прописка қилинган, квартирани ижарага олиш шартномасига кўра бошқа манзилда яшаётган бўлса, нафақа тайинлашни сўраб ёзилган ариза қайси маҳалла қўмитасига тақдим этилиши лозим?

2. Маҳалла қўмитасининг нафақа тайинлаш учун оила даромадини аниқлаш чоғида ижарадаги уйда яшаётган оиланинг даромадига улар билан бирга яшамайдиган ва ариза берувчи билан рўзғори битта бўлмаган қариндошларининг даромадини ҳам қўшиш тўғрисидаги қарори тўғрими?

3. Нафақа тайинлашда оила даромадлари қандай тартибда аниқланади?

Е.Чопорова.

 

– Болани парваришлаш нафақаларининг тайинланиши ва тўланиши Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низом (ВМнинг 15.02.2013 йилдаги 44-сон қарорига 1-илова) билан тартибга солинади.

Низомда фуқароларнинг мурожаатлари кўриб чиқилишига асос бўладиган умумий нормалар белгиланган.

Чунончи, Низомнинг 19-бандига мувофиқ, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун оила таркибига:

√ болаларнинг отаси, онаси ёки никоҳдаги ҳар икки ота-онаси (фарзандликка олувчилар);

√ ота-оналар билан бирга яшайдиган ва уларнинг қарамоғида бўлган болалар, шунингдек ота-оналар билан биргаликда яшайдиган ва ўз оилаларига эга бўлмаган 16 ёшдан катта ёшдаги болалар (шу жумладан, фарзандликка олинган болалар);

болаларнинг улар билан биргаликда яшайдиган боболари ва бувилари;

√ болаларнинг ота-оналари (фарзандликка олувчилар) билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар киритилади.

Оиланинг биргаликда яшовчи аъзолари таркиби фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи томонидан белгиланади.

Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи оиланинг биргаликда яшовчи аъзолари таркиби ҳақида чиқарган қарорига қўшилмаган тақдирда прокуратура ёки судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

Агар бир уй хўжалигида (бир почта манзили бўйича) болали икки ва ундан ортиқ оилалар яшаган тақдирда, болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олиш учун бир оила таркибига болаларнинг ота-оналари, шунингдек уларнинг боболари ва бувилари ҳамда болаларнинг ота-оналари билан биргаликда хўжалик юритувчи бошқа шахслар, улар нафақа тайинлашда бошқа болали оилада ҳисобга олинмаган бўлса, қабул қилинади.

Бундан ташқари, Низомга биноан махсус комиссия тузилади, у ариза берувчининг яшаш жойига чиққан ҳолда оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиб чиқади.

Унинг натижаларига кўра оиланинг моддий ва мулкий ҳолатини ўрганиш далолатномасини тузади.

Далолатномада:

√ ўрганилаётган оиланинг таркиби;

√ оиланинг меҳнатга лаёқатли аъзоларининг бандлиги тўғрисидаги маълумотлар;

√ шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритиш учун фойдаланиладиган ер участкаси майдони;

√ ўрганилаётган оиланинг моддий жиҳатдан таъминланганлиги даражасини баҳолаш;

√ тегишли нафақа ёки моддий ёрдамни тайинлаш бўйича хулоса кўрсатилади.

Болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлаш ёки уни тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарор фуқаролар йиғини (Комиссия) томонидан очиқ овоз бериш йўли билан қабул қилинади.

Агар фуқаролар йиғини иштирокчиларининг (Комиссия аъзоларининг) оддий кўпчилиги қарорни ёқлаб овоз берса, у қабул қилинган ҳисобланади.

Комиссиянинг болали оилаларга нафақа, бола парвариши бўйича нафақа, моддий ёрдам тайинлашни рад этиш тўғрисидаги қарорига қўшилмаган тақдирда судга мурожаат қилишга ҳақлисиз.

 

 

 

Бўш жойлар мавжуд бўлганда

 

Мен пенсионерман, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби унвонига эгаман. Пенсионерлар йилда бир марта саломатликларини тиклаш учун бепул йўлланма олишга ҳақли эканликларидан хабарим бор. Турмуш ўртоғим (у ҳам пенсионер) билан бир вақтда ушбу ҳуқуқдан фойдаланишим мумкинми? «Турон» санаторийсига йўлланма олмоқчи эдик. Бунинг учун қаерга мурожаат қилишимиз ва қандай ҳужжатларни тақдим этишимиз керак бўлади?

А.И. Тошкент ш.

 

– Санаторий-курортда даволанишга муҳтож, ишламайдиган ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар қонун ҳужжатларида ҳамда Ногиронлар ва кексаларни бепул санаторий-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномада (АВ томонидан 27.04.2012 йилда 2356-сон билан рўйхатдан ўтказилган) белгиланган тартибда туман (шаҳар) соғлиқни сақлаш муассасалари орқали бепул санаторий йўлланмалари билан таъминланадилар.

Ёшга доир пенсионерлар санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда, навбат асосида, 3 йилда 1 маротаба бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга.

Йўлланма олиш мақсадида яшаш жойидаги соғлиқни сақлаш муассасаларига навбатга қўйишлари ва санаторий-курорт картасини расмийлаштиришлари учун мурожаат қилишингиз зарур.

 

 

 

Аризага илова қилинади...

 

Яқинда 55 ёшга тўламан. Пенсияга чиқмоқчиман. Иш жойимдан берилган тақдимномадан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимига қандай ҳужжатларни тақдим этишим зарур?

О.Реутова. Тошкент ш.

 

– Давлат пенсияларини тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисидаги низомнинг (ВМнинг 8.09.2011 йилдаги 252-сон қарори билан тасдиқланган) 12-бандига мувофиқ, ёшга доир пенсия тайинлаш учун мурожаат қилган шахснинг аризасига қуйидагилар илова қилиниши керак:

√ иш стажини, шу жумладан, махсус иш стажини тасдиқлайдиган ҳужжат;

√ иш ҳақи тўғрисидаги маълумотнома;

√ ариза берувчининг жамғариб бориладиган пенсия дафтарчаси нусхаси (2005 йил 1 январдан кейин).

Бундан ташқари, зарур ҳолларда қуйидагилар тақдим этилади (ҳужжатларнинг энг кенг тарқалган турлари келтириб ўтилмоқда):

√ банд бўлган шахсга солиқ органлари томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида Пенсия жамғармаси бўлими томонидан берилган бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадаллари тўланганлигини тасдиқлайдиган маълумотнома;

√ олий таълим муассасаларида (шу жумладан, ўқиш ҳарбий хизматга тенглаштириладиган ҳарбий таълим муассасаларида, шунингдек партия мактабларида), аспирантурада (стажёрлар-тадқиқотчилар-изланувчилар институтида), докторантурада (катта илмий ходимлар – изланувчилар институтида) ва клиник ординатурада, таянч докторантурада ва докторантурада (олий таълимдан кейинги таълим институтида) кундузги ўқишни, шу жумладан, чет элда ўқишни тасдиқлайдиган диплом ёки маълумотнома;

√ болани парвариш қилиш бўйича таътил берилганлиги ва таътилдан қайтилганлиги тўғрисидаги буйруқларнинг нусхалари илова қилинган ҳолда аёл киши бола туғилганидан бошлаб у 3 ёшга тўлгунигача бўлган даврда меҳнат муносабатларида бўлган ташкилот (ташкилотлар) томонидан берилган бола 3 ёшга тўлгунига қадар уни парвариш қилиш вақтини тасдиқлайдиган маълумотнома;

√ фамилия, исм, ота исми ўзгартирилганлиги тўғрисидаги ҳужжат.

 

Зафаржон Хўжаев,

ЎзР МВ ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижроия аппаратининг пенсияларни тайинлаш
ва фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш услубияти бўлими бошлиғи.

 

 

 

Бизга мактуб йўллабсиз

 

Ўтган вақт учун

 

Холам – пенсионер. У бир ярим йил мобайнида бошқа мамлакатда яшаган. Бўлмаган бутун вақти учун пенсия олиши мумкинми?

Н.Радужная. Тошкент ш.

 

– Мамлакатдан узоқ вақтга чиқиб кетаётган пенсионер шуни ёдда тутиши лозимки, унга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги 12 ойдан ошмаган давр учун тўланади («Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги Қонуннинг 59-моддаси). Шу сабабли холангизга бўлмаган бутун вақти учун эмас, балки фақат бир йил учун пенсия тўланади.

 

 

 

Суғурта бадаллари нима учун тўланади

 

10.09.2008 йилдаги ЎРҚ-174-сон Қонун иш ҳақидан фуқароларнинг Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини ушлаб қолишга асос ҳисобланадими?

А.Умаров, координатор.

 

Ҳа, ҳисобланади.

Иш берувчилар ўз ходимлари учун бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига суғурта бадалларини тўлашлари шарт. Қонуннинг мақсади – ходимларни ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан суғурталаш («Ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар ва касб касалликларидан мажбурий давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддаси).

Иш берувчи меҳнат шартномалари тузилган барча ходимлари учун суғурта бадалларини иш ҳақидан ушлаб қолиб, Пенсия жамғармасига тўлайди. Ишлаб чиқаришда бахтсиз ҳодиса рўй берса ёки ходим (суғурталанган шахс) касб касаллигига чалинса, унга суғурта товони тўланади.

 

Саодат Усмонова, «Norma» МЧЖ эксперти.

 

 

 

Кексалик гашти

 

Ғуломжон отанинг пандлари

 

Наманган вилояти Наманган туманидаги Бешкапа қишлоғида яшовчи Ғуломжон ота Мирзажонов хонадонида бўлган киши томорқадаги манзарани кўриб, баҳри дили яйрайди. 15 сотихли томорқанинг 10 сотихидаги иссиқхонада помидор кўчатлари гулга кирган, қолган қисмидаги эртачи сабзавот ва кўкатлар барқ уриб яшнаб ётибди.

 

– Ер, сув, қуёш, ҳаво, иқлим шароити шунчалик қулай бўлган юртда деҳқончилик қилмаслик гуноҳи азим, – дейди Ғуломжон ота. – Оллоҳ берган бу неъматлардан унумли фойдаланмасдан, «Берсанг ейман, урсанг ўламан» қабилида кун кўриш динимизга ҳам, замонамизга ҳам зиддир. «Сендан – ҳаракат, мендан баракат» деган ҳикмат бежиз айтилмаган. Ким шу нақлга амалга қилмаса, бири икки бўлмайди. Уйида бир парчагина бўлса-да, томорқаси бор киши касб-коридан қатъи назар, ер умрини беҳуда ўтказмаслиги шарт. Шунда рўзғорига барака киради. Томорқасида ишлаганнинг турмуши фаровон, егани олдида, емагани ортида бўлади, болам.

Бир умр жамоа хўжалигида тракторчи бўлиб ишлаган Ғуломжон отанинг томорқасида йил бўйи иш тўхтамайди, ҳосил аримайди. Мўъжазгина иссиқхонада куз-қиш мавсумида бодринг, қиш-баҳор мавсумида помидор етиштирилади. Оралиқда эса помидор кўчати тайёрланиб, томорқачиларга етказиб берилади.

Отахоннинг таъкидлашича, ўтган йили кузда иссиқхонадан 4 тонна бодринг олган. Йил давомида олинган даромад 70 млн сўмдан ошган. Отанинг алоҳида ҳовли-жой қилиб кетган уч ўғлининг томорқасидан келаётган даромад жамланса, оиланинг томорқачилик орқасидан топаётган даромади унча-мунча ақлни шоширади.

Туманда бундай хонадонлар кўп. Масалан, Хонобод қишлоғида яшовчи Дилором Халилова 27-умумтаълим мактабида бошланғич синф ўқитувчиси бўлиб ишлайди. Шу билан бирга, турмуш ўртоғи, меҳнат фахрийси Усмонали Халилов, ўғиллари Фарҳод ва Фахриддиннинг кўмаги билан ҳовлидаги ердан ташқари, деҳқон хўжалиги сифатида тасарруфига олган 70 сотихли томорқада 5 иссиқхона қуриб, бодринг, редиска, саримсоқпиёз, карам етиштиришни йўлга қўйган. Йиллик даромади 30 млн сўмдан кам эмас.

Дарҳақиқат, Наманган туманида томорқачилик ривожланган. Бугунги кунда туманда 28 минг 366 хонадон тасарруфидаги 1 минг 389 гектар томорқа ерда пиёз, карам, картошка, кўкат, помидор, дуккакли экин сингари қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилмоқда. Ҳисоб-китобларга кўра, 19 минг тоннага яқин маҳсулот олиш кутилмоқда. Шундан 5 минг 600 тоннадан зиёдроғи оилалар эҳтиёжи учун сарф бўлади, қолган 13 минг тонна маҳсулот эса, бозорга чиқарилади.

Бундан ташқари, туманда 1 ва 1,5 сотихли арзон иссиқхоналар ташкил этиш бўйича ҳам аҳолидан таклифлар йиғилмоқда. Ҳозиргача шундай иссиқхона ташкил этиш юзасидан 53 маҳалла фуқаролар йиғини бўйича 900 нафарга яқин фуқародан ариза қабул қилинди ва уларга амалий ёрдам берилмоқда.

– Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг топшириғига асосан туманимизда «Томорқа хизмати» МЧЖ фаолиятини йўлга қўйиш бўйича ташкилий ишлар бошланган, – дейди фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари туман кенгаши бош мутахассиси Комилжон Жўраев. – Эътиборлиси, туманимизда томорқасини ўз ҳолига ташлаб қўйган хонадон йўқ. Ер майдонига нисбатан аҳоли зичлиги туфайли аҳоли ҳар бир қарич ердан унумли фойдаланади. Албатта, уларнинг ҳаммаси томорқадан миллионлаб сўм даромад қилмаслиги мумкин, лекин ҳар ҳолда, ҳеч ким бир парча ерини экин-тикинсиз қолдирмаётгани эътиборга лойиқ.

 

ЎзА.

 

 

 

P.S.

 

Ўзингизни текширинг

 

Газетамизнинг қанчалик зийрак ўқувчиси эканлигингизни текшириб кўрадиган вақт келди. Мабодо ниманидир эслолмай қолсангиз, хижолат бўлманг. «Норма маслаҳатчи»ни очиб, билимларингизни такрорлаб олишга доимо имкон бор. Омад ёр бўлсин!

 

1. Пенсиянинг базавий миқдори қанчага тенг?

а   75%га.

б   35%га.

в   55%га.

 

2. Пенсия ҳисоблаётганда армиядаги хизмат стажга киритиладими?

а   Фақат давлат хавфсизлиги органлари ва ички ишлар органларида хизмат қилганларнинг армиядаги хизмати стажга киритилади.

б   Ҳа, киритилади.

в   Йўқ, киритилмайди.

 

3. 1941–1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти қатнашчилари даволаниш учун санаторийга бориш ва келишда бепул юриш ҳуқуқига эгаларми?

а   Ҳа, эгалар, агар улар 70 ёшдан ошган бўлишса.

б   Ватан олдидаги хизматлари учун орден ва медаллар билан тақдирланганлар бундай ҳуқуққа эга.

в   Темир йўл транспортида бепул юриш ҳуқуқи, шунингдек ҳаво транспортида юришда йўл ҳақи қийматининг 50 фоизи миқдорида чегириш тарзидаги имтиёзларга эгалар.

 

4. Бошқа давлатга доимий яшаш учун кетаётганда ШЖБПҲдан жамғармаларни олиб кетса бўладими?

а   ШЖБПҲдан тўлов пенсионер фақат МДҲ мамлакатларига чиқиб кетаётганда тўланади.

б   ШЖБПҲдаги жамғарманинг 75 фоизи тўланади.

в   ШЖБПҲдан тўловлар барча зарур ҳужжатлар мавжуд бўлганда тўланади.

 

5. III гуруҳ ногиронлиги бўлган фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқига эгами?

а   Ногиронликнинг III гуруҳи белгиланган шахсларга пенсия тайинланмайди (Чернобиль ҳалокати оқибатида III гуруҳ ногиронлигини олган шахслардан ташқари).

б   Пенсия фақат I ва II гуруҳ ногиронларига тайинланади.

в   Пенсия тайинланади.

 

6. Пенсия тайинлашда меҳнат фаолиятининг қайси давридаги иш ҳақи ҳисобга олинади?

а   Охирги 5 йил.

б   Меҳнат дафтарчаси ва архив маълумотномаларидаги ёзувлар билан тасдиқланган исталган 5 йил.

в   Ишдаги танаффуслар мавжудлигидан қатъи назар, охирги 10 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет 5 йил учун (пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича).

 

Тўғри жавоблар: 1в, 2б, 3в, 4в, 5а, 6в.

 

Натижалар

 

Ҳар бир тўғри жавоб учун – 1 балл.

 

Сизнинг натижангиз:

 

6 балл – аъло даражали натижа. Сиз пенсия таъминоти масалаларини яхши тушунасиз.

3-5 баллар – кўп нарсани билар экансиз. Билимларингиз янада юқори бўлиши учун «Норма маслаҳатчи»ни ўқинг ва ҳуқуқ соҳасидаги янгиликлардан доимо бохабар бўлиб туринг.

 

1-2 баллар – афсус, сиз жуда кам билимга эгасиз. Эсдан чиқарманг, билим – куч демак. Куч-қувват айниқса пенсия ёшида сизга асқотиб қолади. «Норма маслаҳатчи» билан бирга бўлишга ҳаракат қилинг, шунда яхши натижани қўлга киритасиз.

 

Диққат! Ушбу саволларга батафсил жавоблар «Норма маслаҳатчи» газетасининг 12.12.2017 йилдаги 50, 30.01.2018 йилдаги 5, 20.02.2018 йилдаги 8 ва 13.03.2018 йилдаги 11-сонларида чоп этилган.

 

Мавзувий сонни Алла Ромашко олиб боради. 

 

Прочитано: 1200 раз(а)

В этой теме действует премодерация комментариев.
Вы можете оставить свой комментарий.

info!Оставляя свой комментарий на сайте, Вы соглашаетесь с нашими Правилами их размещения.
Гость_
Антибот:

Если Вы заметили ошибку, выделите фрагмент текста, содержащий ошибку, и нажмите Ctrl+Enter.
Сайт разработан в ООО «NORMA», зарегистрирован в Узбекском агентстве по печати и информации 01.06.2018г.
Регистрационное свидетельство № 0406.
Адрес: Узбекистан, 100105, г. Ташкент, Мирабадский р-н, ул. Таллимаржон, 1/1.
Тел. (998 78) 150-11-72. Call-центр:1172. E-mail: admin@norma.uz
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено.
© ООО «NORMA», 2007-2024 г. Все права защищены.
18+   Яндекс.Метрика